Шанба, 20.04.2024, 1:10:37

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | АЛЛОҲ ФАҚАТ ИСЛОМ ДИНИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИ - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Islom » АЛЛОҲ ФАҚАТ ИСЛОМ ДИНИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИ
АЛЛОҲ ФАҚАТ ИСЛОМ ДИНИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИ
MoniKaДата: Якшанба, 10.05.2009, 1:21:15 | Сообщение # 1
Eng tajribali
Группа: Foydalanuvchi
Сообщений: 335
Статус: Offline
Аллоҳ таоло: «Ким Исломдан бошқани дин тутса, ундан зинҳор қабул қилинмас. У охиратда зиёнкорлардандир»-деган.
Муаллиф фаслнинг аввалида ушбу ояти каримани келтириб, Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилиши, Қуръонда зикр қилинган ҳақиқат эканлигини эслатмоқчи. Аллоҳ таоло Исломгача маълум муддатга, маълум миллатга дин юбориб келди. Шу йўл билан инсониятни аста-секин ёш болани тарбиялагандек, тарбия қилиб келди. Бу шариатлар ўз вазифасини ўтаб бўлгандан кейин, ортдан улардан мукаммалроғини юбориб турди. Охири келиб, инсоният вояга етди, камолотга эришди. Энди вақтинчалик, маҳдуд шариатлар талабга жавоб бера олмайдиган ҳолатга келди. Камолга етган инсониятга, баркамол дин керак эди. Бу дин инсониятнинг барча талабларига жавоб бериши, эҳтиёжларини доимий равишда қондириб бориши керак эди. Аллоҳ Исломни ана ўша талабларга жавоб берадиган, қиёматгача боқий қоладиган дин қилиб юборди. Бошқа динлар аллақачон амалдан қолган эди. Биргина Масиҳий дини Исломдан олдинги дин сифатида ҳукми жорий эди. Лекин, у ўзининг асл ҳолини Исо алайҳиссаломдан кейиноқ йўқотган эди. Ислом келиши билан у ҳам насх қилинди (амалдан қолдирилди). Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи қилди. Ушбу оят билан Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини эълон қилди. Чунки битта Аллоҳнинг битта ерида, инсон номли битта махлуқига, иккита ёки бир нечта дини бўлиши мумкин эмас. Охирги дин, мукаммал дин, боқий дин–Ислом қиёматгача барча бандалар эътиқод ва амал қилиши лозим бўлган дин бўлиб қолди. Бошқа динлар амалдан қолди. Уларга эргашганларнинг амали қабул қилинмайди. Бошқа динларнинг ҳозирги бузуқ ҳолида ҳам, уларнинг охирги дин эмаслиги айтилган. Кейин яна дин келиши собит. Улар ўша ўз китобларида келиши айтилган Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам эканликлари, ўша ваъда қилинган дин Ислом эканини тан олмаяптилар, холос.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен одамлар билан токи улар «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларигача, намозни тўкис адо қилгунларича ва закотни берадиган бўлгунларича урушга амр қилиндим. Қачонки, шуни қилсалар мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар). Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасидадир»-дедилар. (Бешовлари ривоят қилишган).
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан юқорида танишиб ўтдик. Муаллиф бу ҳадисни Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб Исломни қабул қилгунча, намоз ўқиб, закот бергунча уруш қилишни буюргани, У зот азза ва жалланинг Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигига далилдир, деган маънода олиб келмоқда. Ҳолбуки, бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни бошқа бобда келтирганлар.
Бу ҳадиси шарифдан жуда кўп маънолар чиқади. Буни асосан «Жиҳод боб»ида кўрилади. Ҳозир эса, бобга мос масалаларни кўриб чиқамиз. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга амр қилинди» деганлари, Аллоҳ менга амр қилди, маъносида бўлади. Чунки, У зотга Аллоҳдан бошқа амр қиладиган йўқ.
«Одамлар», деганлари эса, кўпчилик уламоларнинг иттифоқи қилишларича, бутпараст-мушрикларни билдиради.
Имом Насаий қилган ривоятда «Мушриклар билан уруш қилишга амр қилиндим» дейилган экан. Сўнгра, Қуръон ҳукми билан аҳли китоблар жизя берсалар, улар билан уриш қилинмаслиги маълум ва машҳур. Демак, бу ҳадисдаги «одамлар» сўзидан барча одамлар тушунилмас экан.
Дарҳақиқат, бу ҳукм Арабистон ярим оролида ҳамма мушрикларга нисбатан қўлланилган. Улардан жизя ҳам олинмаган, улар билан сулҳ ҳам қилинмаган. Ислом ёки урушдан бирини танлаш таклиф қилинган. Тавҳид калимасини айтиб, Исломни қабул қилсалар, намозни тўкис адо этиш, закот бериш ва бошқа амалларни қилиш талаб қилинган. Закотни беришдан бош тортган баъзи қабилаларга Абу Бакр Сиддиқ даврларида уруш эълон қилинган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида:
«Қачонки шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар», дедилар.
Яъни, қачонки, шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот берсалар, улар мўъмин-мусулмон бўлиб, уларнинг қонини тўкиш, молини ўлжа қилиш ҳаром бўлиб қолади, дейилганидир.
«Магар Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайди лар)», деганлари.
Исломда диний ҳақ сифатида ҳукм қилинган нарсалар бўлса, қонлари ва моллари сақланмайди. Мисол учун, мусулмон бўла туриб, бировни қасддан ўлдирса, уйланган бўла туриб, зино қилса, жазо учун ўлдирилади. Моли закот нисобига етса, закот олинади.
«Ҳисоблари эса, Аллоҳнинг зиммасидадир» деганлари.
Мен сиртига қараб, яъни тавҳид калимасини айтишига, намоз ўқишига, рўза тутишига қараб ҳукм ва муомала қилавераман. Ичида нима бор бўлса, ҳисоб-китобни Аллоҳнинг ўзи қилади, деганларидир.
Бу ҳадиси шарифдан келиб чиқадиган ҳукм ва фойдалар ҳақида уламоларимиз кўп нарсаларни айтганлар, шуларни баъзиларини келтирамиз:


Gul bo'lsayu, hid bo'lmasa chaman hayf
Rabbisiga ishq bo'lmasa tana hayf
Peshonasi sajda ko'rmay o'lib ketsa
U bandaga janozayu, kafan hayf.


Сообщение отредактировал MoniKa - Якшанба, 10.05.2009, 1:23:56
 
MoniKaДата: Якшанба, 10.05.2009, 1:24:32 | Сообщение # 2
Eng tajribali
Группа: Foydalanuvchi
Сообщений: 335
Статус: Offline
1. Ким мусулмонликни изҳор қилиб, дин арконларини бажарса, унга тегилмайди.
2. Бировнинг мусулмон эканлиги ҳақида ҳукм қилиш учун шаҳодат калимасини айтиши шарт. Агар шаҳодат калимасини айтмаса мусулмон, деб ҳукм қилинмайди.
3. Исломнинг зоҳирий амалларини қилиб юрган одамлар, мусулмон ҳукмида ҳисобланади.
4. Аҳли шаҳодат бўлган одамларни, яъни шаҳодат калимасини айтиб юрганларни кофир, деб бўлмайди.
5. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам, халифалар ҳам зоҳирга қараб ҳукм қилганлар. Одамларни ичида нима борлигини фақат Аллоҳгина билади.
6. Биров шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот бериб, ўз жони ва моли дахлсизлигини таъминлаган бўлса ҳам, исломий жазога тортилиши мумкин. Мисол учун: қасдан одам ўлдирса, қасос олиш учун уни ҳам ўлдирилади.
Демак, Аллоҳ Исломдан бошқа динни қабул қилмайди. Исломни эса, ушбу ҳадисда келган нарсаларни қилгандагина, қабул қилади. Бир кишининг номи мусулмонча бўлгани учунгина, мусулмон, деб қабул қилмайди. Ота бобоси мусулмон бўлиб ўтгани учун ҳам, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Балки, ҳар бир вояга етган одамнинг шаҳодат калимасини нутқ қилиши, Ислом ақийдасини жазм ила дилида тасдиқ қилиши билан, намоз, закотга ўхшаш фарзу вожиб амалларни адо этиши билан, мусулмон шахс сифатида қабул қилинади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга, мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди; Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди. Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат берилди. Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим». дедилар. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ нима учун бу ҳадисни «Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилади», деб номланган фаслда келтирди? Чунки, бу ҳадиснинг охирида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди. Мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим»-демоқдалар. Демак, Аллоҳ таоло барча бандаларига битта пайғамбар–Муҳаммад саллоллиоҳу алайҳи васаллам–бўлишини ирода қилган. Ҳамма шу зотнинг шариатларида бўлиши керак. Бошқа дин эса, қабул қилинмайди.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа пайғамбар алайҳиссаломлардан фарқли ўлароқ, ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган бешта ортиқча хусусият ҳақида сўз юритмоқдалар:
1. «Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди».
Яъни, Аллоҳ менга бир ойлик узоқдаги масофада турган душманим қалбига кучли қўрқинч солиш билан нусрат берди. Бу Аллоҳ таоло томонидан, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга берилган катта неъмат эди. Ўша вақтдаги юриш тезлиги билан ўлчанганда бир ойлик йўл босгунчалик масофада турган душман қалбига ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан қаттиқ қўрқиш тушар эди. Бу жуда ҳам маълум ва машҳур нарса. Ушбу ҳақиқатни душманларнинг ўзлари ҳам тасдиқлаганлар. Агар Аллоҳ таолонинг бу ёрдами бўлмаганда, яхши қуролланмаган, оз сонли одамларга ўша вақтнинг энг кучли қўшинлари устидан ғолиб келиш мумкин эмас эди.
2.«Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди».
Аллоҳ таоло бутун ер юзини Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг умматлари учун масжид қилиб қўйган. Ернинг қайси бир нуқтасида бўлсалар, намозни ўқийверадилар. Намозлари қабул бўлади. Бошқа дин ва умматларга бу улуғ неъмат берилмаган эди. Улар махсус ибодатхона ва жойлардагина ибодат қилсалар қабул бўлади, бўлмаса йўқ.
Аллоҳнинг Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга берган улуғ неъматларидан бири ерни покловчи нарса қилиб қўйганидир. Асл покловчи нарса–сув. Сув бўлмай қолса, ер-тупроқ ҳам покловчи бўлаверади, мусулмон киши у билан покланиши, таяммум қилиб, таҳорат олиши мумкин. Бу ҳам улкан неъмат. Сув бўлмаганда, сувни ишлатиш имкони йўқ бўлганда, тупроқ ишлатилаверади. Бу ҳам бошқа дин ва умматларга берилмаган нарса. Аллоҳ таоло нима учун Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ерни масжид ва покловчи нарса қилиб берди? Албатта таяммум ила таҳорат олиб намоз ўқиш учун. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларининг давомида:
«Бас менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин», демоқдалар.
Бу намознинг нақадар аҳамиятли эканини, уни тарк қилишга ҳеч қандай узр йўқлигини кўрсатади. Ер таяммумдан бошқа ҳолатларда ҳам покловчи бўлиб хизмат қилади. Оёқ кийимларини поклаш, баъзи ювиш қийин нарсаларни поклаш ҳам ерга ишқаш билан бўлади.
3. «Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди».
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан олдинги пайғамбарларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўлолмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. Кейинчалик баъзи пайғамбарларнинг умматлари ўз динлари, пайғамбарлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олишган бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло бу масалада ҳам, Ўзининг Пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга лутфи карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди. Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг «Анфол»–(«Ўлжалар») сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири, Алоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса, мужоҳидларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.
4.«Менга шафоат берилди».
Бошқаларга, жумладан, бошқа Пайғамбарларга чегараланган шафоат ҳаққи берилган. Аммо, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга улкан шафоат ҳаққи марҳамат этилган. Бу қиёмат кунининг энг буюк мартабаларидандир. Бу у кишининг умматлари учун ҳам улкан бахт-саодатдир.
5.«Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди. Мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим».
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар Аллоҳ томонидан ўз қавми учун хос қилиб юборилар эди. Уларнинг даъвати бошқа қавмларга қаратилмаган эди. Ҳозирги кунимизда самовий динлардан иккитаси қолган. Яҳудий дини ушбу ҳақиқатни ўзида сақлаб қолган. Бу динга фақат яҳудий бўлиб туғилганларгина кира олади. Бошқалар бу динга киришлари мумкин эмас.
Масиҳий дини ҳам аслида Бани Исроилга аталган. Аммо улар Масийҳ алайҳиссаломга қарши турганларидан, У зот алайҳиссаломни ўлдирганликни даъво қилганларидан кейин, бу динга бошқалар кирганлар. Ана ўша бошқалар ўзларича Масийҳнинг таълимотлари ҳаммага қаратилган, деган даъво билан чиққанлар. Ислом дини охирги дин бўлгани, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар бўлганлари учун Ислом бутун олам аҳлига дин ва Муҳаммад алайҳис салом ҳамма халқларга пайғамбар қилинганлар. Энг мукаммал дин сифатида Исломга амал қилиш, Аллоҳ таолонинг ер юзи аҳлига бўлган амри илоҳийсидир. Шу амрга биноан, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ер юзидаги барча одамлар учун Аллоҳнинг Расулидирлар. Бу гапни Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ёки мусулмонлар ўйлаб чиқаргани йўқ. Бу Аллоҳ таолонинг амридир.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг, Исломнинг ва мусулмон умматининг афзаллиги.
2. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга душман қалбига қўрқинч солиш ила нусрат берилганининг ҳақлиги.
3. Бутун ер юзи мусулмонлар учун масжид эканлиги.
4. Ер покловчи нарса эканлиги.
5. Намознинг аҳамияти катта эканлиги.
6. Ўлжа мусулмонлар учун ҳалоллиги.
7. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳақлиги.
8. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча одамларга Пайғамбар эканлари.



Gul bo'lsayu, hid bo'lmasa chaman hayf
Rabbisiga ishq bo'lmasa tana hayf
Peshonasi sajda ko'rmay o'lib ketsa
U bandaga janozayu, kafan hayf.
 
MoniKaДата: Якшанба, 10.05.2009, 1:24:50 | Сообщение # 3
Eng tajribali
Группа: Foydalanuvchi
Сообщений: 335
Статус: Offline
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси: яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта дўзах эгаларидан бўлади»-дедилар. (Муслим ривоят қилган).
Шарҳ: Ровий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан танишмиз. Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадисни Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилиши ҳақидаги фаслда келтиришининг сабаби, очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ким бўлса бўлсин, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам келтирган динга иймон келтирмаса, албатта дўзахий бўлиши айтилмоқда.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни,
«Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зот билан қасамки»,
деб Аллоҳ таоло билан қасам ичиб бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканини кўрсатади. Чунки, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ билан қасам ичмайдилар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг,
«ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бир оз изоҳ лозим бўлади.
«Уммат» Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади.
Биринчиси умумий маънодаги уммат. Уни «Уммати даъват», дейилади. Яъни, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат. Бу уммат, ер юзининг барча аҳолисидир. Чунки, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган.
Иккинчиси хос маънодаги уммат. Уни «Уммати ижобат» дейилади. Яъни, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, динларини қабул қилган уммат, дегани. Булар-барча мусулмонлардир.
Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват»– бутун ер юзи аҳолиси ҳақида кетмоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, ўша одамнинг Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириши лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади. Ҳадисда, «яҳудийсими, насронийсими» деб икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг сабаби бор. Яҳудий ва насроний динлари ушбу ҳадис айтилган пайтда ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Уларга Аллоҳ таоло Мусо ва Исо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган ва Тавроту Инжил китобларини туширган эди. Булар «Аҳли китоб», деб аталади. Уларга алоҳида муносабатта бўлинади. Чунки, ер юзидаги бошқа динлардан буларнинг фарқи бор. Бошқа динлар, илоҳий-самовий дин эканлиги маълум эмас. Уларга Аллоҳ пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Демак, яҳудий ва насроний бўлган одамлар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳақида эшитганларида иймон келтиришлари лозим бўлганидан кейин, динларининг самовий эканлиги маълум бўлмаган, умуман дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганлар иймон келтириши лозимлиги турган гап.
Яҳудий дини-самовий дин бўлган. Аллоҳ Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғамбарлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб туширган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканини, кейин яна дин келишини айтган. Охири Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни Ислом дини билан келишларини ҳам башорат берган.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, У зотга Инжилни тушуриши билан Яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо, бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Исо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у кишига душманлик қилдилар, Тавротда башорати берилган пайғамбар бу эмас,бошқа, дедилар.
Исо алайҳиссаломга иймон келтириб, Масийҳий–Насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам бари-бир ўзларини «Насроний» деб, «Аҳли Инжил», деб юрдилар. Уларга ҳам Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни Ислом дини билан келишлари ҳақида Аллоҳ башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда Аллоҳ хоҳласа батафсил бу тўғрида гапирамиз ҳам.
Аллоҳ таоло вақти-соати келганда, Ўз ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги Пайғамбари–Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин–Ислом дини ила барча одамларга юборди. Насроний дини ва Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва насронийлар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан У зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса, яна нотўғри таъвилга ўтиб,Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа, деб иймон келтирмади.
Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси, шу. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
«Ушбу умматдан бирортаси; яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта дўзах эгаларидан бўлади», дедилар.
Шунга биноан, ер юзи аҳолисидан кимга Ислом даъвати етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади.
Ислом даъвати етмаган кишилар эса, «аҳли фитрат» дейилади. Даъват етмагани учун уларни кофир, деб ҳукм чиқарилмайди. Дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар, аҳли фитрат, деб номланадилар ва қиёматда бошқа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, бизларни Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқлардан қилди. Халқимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам уламоларидан қилди. Ушбу китобда ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эканмиз, деярли ҳар бир ҳадисда Бухорий, Насаий, Термизий каби имомларимизнинг хизматлари борлигини билиб, фахрланиб турибмиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар очиқ-ойдин билиниб турибди. Уларни такрорлашнинг ҳожати йўқ. Фақат ўрганиш, тушуниб етиш, унга амал қилиш керак. Биз ҳақ йўлда эканимизни, ҳақ динда эканимизни англаб етишимиз даркор. Ва бу ҳақиқатни билганимизча бошқа кишиларга ҳам англатишимиз керак.

www.islom.uz



Gul bo'lsayu, hid bo'lmasa chaman hayf
Rabbisiga ishq bo'lmasa tana hayf
Peshonasi sajda ko'rmay o'lib ketsa
U bandaga janozayu, kafan hayf.
 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Islom » АЛЛОҲ ФАҚАТ ИСЛОМ ДИНИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИ
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024