Пайшанба, 28.03.2024, 12:59:50

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | ИМОМИ АЪЗАМ ҲАЁТИ - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Ислом Уламолари (Олимлар) ,Таникли одамлар » ИМОМИ АЪЗАМ ҲАЁТИ (Аъзам Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит ҳазратлар)
ИМОМИ АЪЗАМ ҲАЁТИ
AbdulazizДата: Пайшанба, 24.04.2014, 8:54:45 | Сообщение # 1
Super Master
Группа: Администраторы
Сообщений: 231
Статус: Offline
ИМОМИ АЪЗАМ ҲАЁТИ

Имом Абу Ҳанифанинг исми Нўъмон ибн Собитдир. Ҳижрий 80-йилда (699 м.й)
Куфада туғилдилар. Ҳижрий 150-йилда (767 м.й)Бағдодда вафот этдилар.  Ислом оламида кенг тарқалган  Ҳанафий
мазҳабининг асосчисидирлар. Имом Аъзам шундай дердилар: «Биз бу
масалада фақат зарурат бўлгандагина қиёсга ўтамиз. Бу шундай: Китоб ва
Суннатда,  саҳобаларнинг
ҳукмларида далил тополмасак, саҳобалар иттифоқ бўлган масалага амал
қиламиз. Агар саҳобалар ихтилоф қилишган бўлса, иллати муштарак бўлган
икки ҳукмни бир-бирига  қиёслаймиз. Саҳобалардан бошқалар эса бизлар кабидир».

«Сен динда кўп қиёс қилмоқдасан. Илк қиёс этган иблисдир», деган кишиларга Имоми Аъзам жума куни Куфа масжидида  мазҳабининг моҳиятини тушунтириб бундай дедилар: «Мен Аллоҳнинг китоби билан, сўнг
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) суннатлари билан, ундан кейин эса саҳобаларнинг
қарашлари билан амал қиламан, агар улар ихтилоф қилишган бўлсагина
қиёсга ўтаман».

Шунда жамоат Имомнинг қўлини ўпиб: «Сиз олимлар сарварисиз, сиз ҳақингиздаги
олдинги ёмон гумон гап-сўзларимиз учун бизни афв этинг», дедилар.  Имоми Аъзам: «Аллоҳ таоло бизни ва сизни кечирсин!» дейишди. («Уқудул жавоҳирул-мунифа», 1-5-бетлар).


ИМОМНИНГ ЗУҲДИ

Имом Аъзам жуда кўп ибодат қилар эдилар. Таҳажжуд намозини қолдирмасдилар, Қуръони каримни кўп  тиловат этар эдилар. Ҳалол ишлаб, ҳалол пул топардилар. Куфа ва Бағдод уламоларига  дарс берганлар. 55 марта ҳажга борганлар.

ИМОМ АЪЗАМНИНГ ЭНГ МАШҲУР ТАЛАБАЛАРИ

Муҳаммад ибн ал-Ҳасан, Имом Абу Юсуф, Зуфар, Рабиа, Вакеъ ибн Жарроҳлар.

АСАРЛАРИ

Имом Аъзамдан талабалари ривоят қилган қуйидаги: «Фиқҳи акбар»,  «Ал-олим ва мутааллим», «Қадариййага раъддия», ҳадис борасида «Муснад» номли асарлари мавжуд.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган бир ҳадисда: «Илм Сурайё юлдузида бўлса, уни форс кишилари олажак», дея марҳамат қилинган.
Имом Суютий айтадики: «Бу ҳадиснинг асли саҳиҳдир. Унда Абу Ҳанифага ишора
бор. Ҳадиснинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳдир» («Зужожатул  масобиҳ», 1- жилд, 62-бет)


ВАФОТИ

Имоми Аъзам қамоқхонада вафот этдилар. Қозиликни қабул қилмаганлари учун
қамалган эдилар. Имом Аъзам вафот қилган куни Имом Шофеъий туғилдилар.

Имом Аъзамнинг жасадларини Бағдод қозиси Ҳасан ибн Аммора ювди. Ислом
динига, унинг усулига ва фиқҳда катта хизматлар қилган Имом Аъзамдан
Аллоҳ таоло рози бўлсин.

Имоми Аъзамнинг: «Улар ҳам, биз ҳам одам», деган сўзларининг моҳиятини
англамай мужтаҳидликни даъво қилувчилар учун барча уламолар якдиллик ила
эътироф этган мужтаҳид даражасининг шартларини келтирамиз. Улар
қуйидагилар:


1. Мужтаҳид араб тилини барча лаҳжалари билан билиши.
2. Ўзидан олдин ўтган уламо ва фуқаҳолар ихтилоф қилган масалаларни  жуда яхши билиши.
3. Қуръони каримни тўла ёд олиб уни яхши тушуниши. Унинг турли қироатларини билиши, тафсир илмини ўрганиб,  муҳкам,  муташобиҳ, носиҳ ва мансуҳ оятларни ажрата олиши, Қуръон қиссаларини  батафсил билиши.
4. Ҳадис илмини эгаллаб,  саҳиҳ, саҳиҳбўлмаган,муттасил, мунқотеъ, мурсал, муснад, машҳур ва мутавотир ҳадисларни  билиши.
5.Тақводор бўлиб ўз равшини Қуръони  Карим ва суннати набавияга асослаган бўлиши лозим.
Бу фазилатларга эга кишининг ижтиҳод қилиши ва унга кишиларнинг эргашиши дурустдир.
Ибн Қайим Жавзия айтадилар: Ижтиҳод шартлари бўлмаган кишига Қуръони Кариим
ва ҳадислардан тўғридан тўғри масала чиқариши мумкин эмас

Имоми Аъзам ҳазратлари муснадларида ривоят қилган ҳадислар келтирилган
манбалар таржимага илова қилинди. Унда ҳадис истилоҳлари ҳақида қисқа
маълумот бердик.  Мазҳабимиз
масалалари манбаасини билишга муваффақ этган Аллоҳ таолога беадад
шукрлар айтамиз. Имоми Аъзамнинг жойлари жаннат бўлсин. Омийн.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Абу Ҳанифа (р.а.), Яҳёдан, у Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймийдан у Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан у  Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилади: Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)
айтдилар: «Амаллар фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар кимга ният қилгани
бўлади. Аллоҳ ва Расули (с.а.в.) учун ҳижрат қилган кишининг ҳижрати
Аллоҳ ва Расулигадир. Дунё учун ҳижрат қилган киши дунёга эришади, аёл
учун ҳидрат қилган киши унга уйланади, демак, кишининг ҳижрати ҳижрат
қилган нарсаси учун бўлади


O'zbekiston - inhsa Alloh kelajagi buyuk davlat!

 
AbdulazizДата: Пайшанба, 24.04.2014, 8:58:06 | Сообщение # 2
Super Master
Группа: Администраторы
Сообщений: 231
Статус: Offline
Бисмиллаҳир Роҳманир-Роҳийм

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса
уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Ҳадисдан


АБУ ХАНИФАНИ СЎКМАНГ
ёҳуд Имом Аъзам ҳаётидан ибратли ҳикоялар


Улуғ имом, мужтаҳидлар султони, зоҳид, ориф зот бўлмиш Имом Аъзам Абу Ханифа
Нўъмон ибн Собит ҳазратларининг фазлу-фазоиллари тўғрисида ҳар қанча
гапирилса шунча оз. Барча мужтаҳидлар, фақиҳлар у зотнинг исмини ҳурмат
ва эҳтиром билан тилга оладилар. Шофеъий мазҳаби асосчиси Имом
аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ у зот ҳақида айтган гапларининг ўзиёқ улуғ
имомнинг нафадар юксак илм ва тақво соҳиби эканликларига яққол
далилдир.
Шофеъий ҳазратлари айтадилар: “Фиқҳ илмида барча одамлар Абу Ханифанинг боқимандаларидир”. Бу тавсиф улуғ имомнинг фиқҳий
салоҳиятларига берилган юксак баҳодир.
Имом Аъзам Абу Ханифа ўрта бўйли, келишган қоматли, катта бошли, пешоналари кенг, буғдой ранг, очиқ
чеҳрали, мулойим бир зот эдилар. Хушхулқли, одамларга меҳр-муҳаббат,
матонат бахш этувчи оҳангдор сўзли эдилар.
Мўътабар манбаларда у зотнинг шаклу-шамоиллари, фазилатлари, ҳаёт ва илм йўллари зиёда таъриф
этилган. Бу таъриф ва тавсифларни бир неча саҳифаларни қоралаб ҳам адо
қилиб бўлмайди.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Абу Ханифа мурувватли эди, кўп намоз ўқирди”.
Ибн Журайж: “Менга сизларнинг Куфангиздаги Нўъмон ибн Собитнинг Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрқувчи экани хабари келди”, деганлар.
Шарик ан-Нахаий: “Абу Ханифа узоқ сукунатли, доимий тафаккурда бўлган ва
одамлар билан кам сўзлашувчи киши эди”, деганлар. Ушбу сифатлар у
кишининг ботиний илмга ва дин ҳикматлари билан машғул бўлганларига
равшан аломатдир.
Имом Аъзамни уламоларимиз ана шундай фахр билан тилга олишган. Қолган уч мазҳаб соҳиблари раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам у
зотни ўзларига устоз билиб, ҳурмат билан ёдга олишар эди.
Ҳозирда айрим дин номидан гапириб, ўзларини Қуръон ва Суннат аҳлиданмиз деб бонг
ураётган тоифалар томонидан муҳтарам зот, улуғ имом таърифларида ислом
аҳлига тўғри келмайдиган, ниҳоятда хақоратли сўзларнинг айтилаётганлиги
мулоҳаза қилинмоқда.
Мўътабар китобларда келтирилган улуғ имомнинг ҳаёт йўллари, фазилатлари, айтган панд-насиҳатлари ҳақидаги ривоятларни
ўрганиш билан оз бўлсада у зотнинг нақадар юксак фазилат соҳиби
эканликларини билиб олсак бўлади. У зотга нисбатан айтилган таҳқиромуз
сўзларнинг нафратга сазовор даражада катта туҳмат эканлиги барчага
маълум бўлмоғи лозим. Ислом душманларининг бу каби фитна қўзғовчи
бўҳтонлари, улуғ мазҳаббоши имомга таҳқир назари билан айтган
хақоратлари уларнинг нақадар улкан ва халок қилувчи хатар остида
эканликларидан нишонадир.
Биз тубанда улуғ мужтаҳид, фазилатли имом ҳақларидаги ибратли ҳикояларни келтиришни лозим топганлигимизнинг сабаби
ҳам у зотнинг шахсиятларига яна бир бор разм солиш, ҳаётлари билан
яқиндан танишиш, ҳамда ўрни келса у зот ҳақларида бўҳтон сўзларни
айтишга жазм этганларга ўз раддиямизни билдиришдир.
Улуғ имом Абу Ханифа ҳазратларининг фазилатлари, ҳаёт йўллари ва айтган
панд-насиҳатлари ҳақида кўплаб ривоятлар ворид бўлган. Қуйида
келтириладиган ривоятларни ўқиш асносида у зотнинг улуғ шахсияти оламига
саёҳат қиламиз.

“ДУНЁГА БЕРИЛИШ ЭМАС, МЕҲМОНДЎСТЛИК ХИСЛАТИ”

Имом Аъзамнинг Куфадаги уйлари баланд қилиб қурилган эди. Бу билан у
муҳташам саройларни эсга соларди. Кунлардан бир кун бир киши у зотнинг
ҳузурларига келиб:
- Эй имом, ўзингиз олим бўла туриб яна дунё дабдабасига мойил бўлибсиз, бу қандай бўларкин? – деди.
- Биномнинг кўркам ва муҳташам бўлишининг сабаби Куфага ташриф буюрган
фақир кишилар энг аввал менинг уйимга кўзлари тушиб, шаҳарнинг бой одами
экан деб ўйлашлари ва тўғри менинг уйимга меҳмон бўлишлари учундир, -
дедилар улуғ имом.
Савол сўраб келган киши имомнинг доноликларига тан берди. Ҳурмат ва эҳтиром билан қўлларини ўпиб, у зотга талаб бўлди.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Абу Ханифа ҳазратлари ғоятда очиқ кўнгил,
меҳмондўст ва камбағалпарвар зот бўлганлар. Бу шундан далолатки, у зот
умрлари давомида пайғамбаримиз (с.а.в)нинг “Ким Аллоҳга ва охират кунига
имой келтирган бўлса меҳмонини икром қилсин” деган муборак ҳадисларига
оғишмай амал қилганлар.

“БОЛАЛАР ГАПИНИНГ РИОЯСИ ЁҲУД ТУНГИ ИБОДАТЛАРИ”

Болалар Имом Аъзамни кўчада кўришлари билан бир-бирларига:
- Анови келаётган зот тонггача ухламасдан Аллоҳга ибодат қилади, келинглар у кишини ҳурмат билан қаршилайлик,- дейишди.
Имом ўша кунгача кечанинг маълум бир қисминигина ибодат қилиб ўтказардилар,
болаларнинг бу сўзларини эшитгач, гўёки юракларига ўт тушди, кўзлари
беихтиёр намланди, сўнг шундай дедилар:
- Эй Аллоҳим! Болаларнинг кўнглига бу илҳомни солган ўзингсан! Сенга аҳд бераманки, умрим
сўнгигача ухламасман ва Ўзингга ибодат қиламан!
Имом Аъзам бу ҳодисадан сўнг тунлари ухламадилар. Баъзи ривоятларда қирқ йил хуфтон
намози учун қилинган таҳорат билан бомдод намозини ўқидилар.
Дарҳақиқат тунлари бедор бўлиб ибодат қилиш солиҳлар одати, Расулуллох (с.а.в)нинг
муборак суннатларидир. Аллоҳ таоло Қуръони Карим “Сажда” сурасининг
16-оятида: “Уларнинг ёнбошлари ётар жойларидан йироқ бўлур”-деган.
Ҳазрат Абу Ханифа Аллоҳнинг бу оятига ва Расулининг суннатларига лаббай
деб жавоб берганлар.

“СУННАТГА РИОЯ ЁҲУД ҲАДЯ БЕРГАННИ МУКОФОТЛАШ”

Имом Аъзам ҳадя берган кишига ҳадя беришни жуда хуш кўрардилар. Қандай ҳам
хуш кўрмасинлар, ахир бу суюкли пайғамбаримизнинг одати шарифлари эди.
Бир кун бир киши гўзал ҳадя билан у зотнинг ҳузурларига келди. Имом ҳам
унга ҳадя бериб, уни иззат-икромини ўрнига қўйдилар. Ҳадя билан келган
киши бундан хижолат бўлди. Таъсирланиб шундай деди:
-  Агар бундай қилишингизни билганимда сизга ҳадя келтирмаган бўлардим.
Имом унга лутфан:
- Эй биродар, сиз мендан олдин хадя бериб, менга фазилатингизни намоён
этдингиз. Пайғамбар (с.а.в): “Сизга яхшилик қилганни мукофотланг!” деб
марҳамат қилганлар. Мен ҳам бу амрга амал қилароқ сизга ҳадя тортиқ
қилдим, буни қабул қилгайсиз, - дедилар.
У киши бу сўздан ғоятда хушнуд бўлди.

“ОҚИЛОНА ЖАВОБ”

Имом Аъзам бир куни от устида султонлардек дабдаба билан кетиб борардилар.
Ўзлари ҳам чиройли зийнатланиб олган эдилар. У кишининг зийнатланишлари
фахр ва кибр учун эмасди. У зот уламоларга қарата: “Саллаларингизни
каттароқ қилинглар, токи кўрганлар сизларнинг олим эканлигингизни
билишсин”- деб айтардилар. Бу билан у зот илм ва илм аҳлини
улуғлардилар.
Йўл четида бир насроний чуқурда ахлат тозалар экан, кўзи имомга тушиши билан тезда чуқурдан чиқиб, отнинг жиловидан
ушлаганча имомни саволга тутди:
- Эй мусулмонларнинг имоми, шошманг, сизда саволим бор, - деб бақирди.
Абу Ханифа отларини тўхтатиб:
- Сўрачи, кўрамиз,- дедилар.
- Эй имом! Сизларнинг пайғамбарингиз “Бу дунё кофирларга жаннат, мўминларга зиндон” деган, шу тўғрими?- деди насроний.
- Ҳа, тўғри, - дедилар Имом Аъзам.
- Энди инсоф билан айтинг, бир менга ва бир ўзингизнинг аҳволингизга
боқинг, қайсимиз жаннатда-ю, қайсимиз зиндонда? – деди насроний.
- Эй кофир! Агарда сен жаҳаннамни кўрганингда эди, бу ҳолингга кўп шукр
этардинг, агар мўминлар ҳам жаннатни кўрсалар эди, бу безаклар,
зебу-зийнатлар уларга ортиқча юк, дунё уларга зиндондай бўларди –
дедилар улуғ имом.
Насроний бу сўзларни эшитгач ҳеч нарса дея олмай қолди. Маюс ва мулзам бўлиб, отнинг жиловини қўйиб юборди.


O'zbekiston - inhsa Alloh kelajagi buyuk davlat!

 
AbdulazizДата: Пайшанба, 24.04.2014, 8:58:25 | Сообщение # 3
Super Master
Группа: Администраторы
Сообщений: 231
Статус: Offline
“АҚЛ ВА ФАРОСАТ БИЛАН БЕРИЛГАН ЖАВОБ”

Бир киши имом ҳузурларига ўз мушкулотини баён қилиш учун келиб, деди:
- Мен аёлим гапирмагунича унга гапирмайман, деб қасам ичдим. Аёлим ҳам
токи ўзингиз сўзламагунингизча сўзлашмайман, деб қасам ичди. Бу масалага
чора излаб сизнинг ҳузурингизга келдим. Нима қилишни буюрасиз?
- Борингда, аёлингиз билан гаплашаверинг, ҳеч қандай чора лозим эмас сизларга, - дедилар имом.
Бундай ҳукмни эшитган Суфён Саврий:
- Нимага асосланиб бундай ҳукмни чиқардингиз? – дея сўрадилар.
Имом Аъзам сўзларини шундай изоҳладилар:
- Аввал эр қасам ичган, унинг қасамидан сўнг аёли сўз бошлаб қасам ичган.
Бу ҳолатда эрнинг қасами ўрнига тушган, яъни аёл эрининг ичган
қасамидан кейин гапириб қўйган. Шундай қилиб каффоротни лозим қиладиган
ҳолат содир бўлмаган.
Бу изоҳни эшитган Суфён Саврий ҳазратлари:
- Илмда сиз эришган кашфлардан бизлар ғафлатдамиз – деб имомни мақтадилар.

Имом Аъзам юксак ақл ва фаросат соҳиби эдилар. Бу зотга Аллоҳ таоло кўпгина яхшиликларни ато қилган эди.
Набий (с.а.в) ўз ҳадисларида: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динни
теран тушунадиган қилиб қўяди” – деб марҳамат қилганлар.

“БИЗЛАРНИНГ ҚИЁСИМИЗ ҚУРЪОН ВА СУННАТ АСОСИДАДИР”

Бир дарсда “қиёс” мавзусида музокара ва мунозара этиларди. Бир киши туриб шундай деди:
- Ҳаммадан олдин Иблис қиёс қилган эди. Аллоҳ таоло малоикаларга Одамга
сажда қилинглар, деб буюрганда Иблис ўзнинг оловдан яратилганини,
тупроқдан яратилган махлуқдан афзал эканлигини қиёс қилиб Аллоҳнинг
амрига қарши чиқди.
Ҳазрат Абу Ханифа унга қараб:
- Эй Аллоҳнинг бандаси, ўринсиз сўзни сўзладингиз. Иблис Роббисининг амрига қарши
чиқди. Биз эса Китоб ва Суннатга бир масалани мувофиқ келтириш учун
қиёслаймиз. Худонинг амрига буйсуниш учун! – дедилар.

Улкан илм соҳиби бўлмиш имом Абу Ханифа диний масалаларда ҳукм чиқаришда Қуръони
карим, Расулуллоҳнинг суннатлари, ижмоъ, қиёс ва саҳобаларнинг
қавлларига таянар эдилар.
Имом Абу Ханифа шундай дердилар:
“Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, ким бизни қиёсни ҳадисдан устун қўяди, деса,
ёлғон гапирибди ва бизга туҳмат қилибди. Ҳадис бўла туриб, қиёсга ўрин
қолармиди?!”
Абу Ханифа фақат ўз раъйи билан ҳукм чиқаради, деганлар катта хато қиладилар.

Фаридиддин Атторнинг “Тазкиратул авлиё” асарида Имом Аъзам хақларида айрим ривоятлар келтирилган.
Ривоятларда келишича, бир кеча имом тушларида ҳазрати Пайғамбар (с.а.в)
суннатларидан яхши кўрганларини тўплаб, бир-бир саралаб, танлар эдилар.
Бу тушларининг таъбирини Ибн Сийрин шогирдларидан сўрадилар. Айтилдики,
“Илм ва амал бобида Пайғамбар суннатларини сақлаб, мухофаза этишда юксак
мартабаларга эришгайсиз”.
Дарҳақиқат Абу Ханифа ҳазратларини барча аҳли илмлар, бутун ислом уммати “Имом Аъзам” – “Улуғ имом” деб
аташганлиги бежизга эмас.

“ҲАЁЛИ ЗОТ”

Довуд Тойи ҳазратлари ҳикоя қилишларича у зот йигирма йил Абу Ханифа ҳазратларига
шогирд бўлдилар. Шу вақт давомида бирор марта имомнинг оёқларини узатиб
ўтирганларини кўрмаган эканлар. Бир куни хилватда у киши устозларига
шундай дедилар:
- Эй мусулмонларнинг имоми! Бу ер хилват экан, оёқларингизни узатиб, дам олсангиз нима бўлади?
У зот эса шундай жавоб бердилар:
- Адаб Аллоҳ таоло учун мақбулдир.

Ҳазрати Абу Ханифа нафақат илмда балки тақво ва ҳусни хулқда ҳам беназир зот
бўлганлар. “Ҳаё иймондандир” ҳадисига эҳтимом билан амал қилганликлари
яққол кўриниб турибди.

“БУ ТАҚВОДАНДИР”

Бир куни имом ирмоқ ёқасида ўтириб олиб бир зарра миқдоридаги нажосатни тозалар эканлар, ногаҳон бир одам у кишига сўз қотди:
- Эй имом! Нажосат дирҳам миқдорида бўлса, намозни бузмайди.
Имом эса унга жавобан:
- Албатта у – фатво, бу эса – тақводандир, - деб жавоб бердилар.

Бу муҳтарам зот шундай азимат билан амал қилар эдилар. У зотнинг чиқарган
фатво ва ҳукмларида ҳам эҳтиётли жиҳатлари кўзга ташланади.

“СОФ ТУШЛАР СОҲИБИ”

Имом Аъзам ҳазратлари марҳамат қиладиларки: “Роббул иззатни тушимда тўқсон
тўққиз марта кўрдим. Яна бир бор кўришим билан юз мартага етди”.

Абу Ханифа ҳазратлари авлиёуллоҳлардан эдилар. Уламоларимиз
таъкидлайдиларки, мужтаҳид бўлиш учун аввало Аллоҳнинг дўсти бўлиш
керак. Олимда бу сифат мавжуд бўлса, ижтиҳод қуввати унга Аллоҳ таоло
томонидан ато этилади.
Улуғ имомимиз ҳам шундай сифат соҳиби эдилар. Муболаға билан айтилган бўлсада айрим уламолар шундай нақлни келтиришган экан:
“Эртага Исо алайҳиссалом ҳазратлари нозил бўлурлар. Абу Ҳанифа мазҳабига амал
қилсалар керак. Чунончи, Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу “Фусули
ситта” асарида шундай деганлар. У зотнинг (Имоми Аъзамнинг) улуғлигига
мана шу кифоя қилурки, улул азм бўлган бу Пайғамбар унинг мазҳабига амал
қиладилар. Бошқа юзлаб улуғлик ушбу улуғликка тенг ва баробар
келмагай.”
Албатта бу нақл муболаға билан айтилган бўлсада, Абу Ханифа ҳазратларининг мазҳаблари тўғри ва мўътадил мазҳаб эканлиги
таъкидланади. Бу ҳам бўлса ислом умматининг у зотга бўлган ишончлари,
чексиз эҳтиромлари натижасидир.
Ҳар бир у зотга эргашувчи олим бўлсин, талаба бўлсин ёҳуд оддий мусулмон бўлсин ўзида фиқҳ илмини
мужассам қилиш билан бир қаторда тақво ва парҳезкорликда ҳамда
хулқу-одобда улуғ мазҳаббоши имомга иқтидо қилишлари лозимдир.
Ривоятлардан чиқарадиган хулосамиз шуки, улуғ имомнинг сийрати – Қуръон ва Суннатни
маҳкам ушлаган, мусулмонларга исломга қандай амал қилиш йўлларини таълим
берган, ҳаёти давомида барчага ўрнак кўрсата олган, тақво ва ҳусни хулқ
соҳиби бўлган, ўзидан кейин ислом умматига улкан маънавий мерос
қолдирган муҳтарам зот сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади.

Ўрни келганда улуғ имомнинг ҳикматли панду-насиҳатларини келтиришни лозим топдик.

Ҳазрат Абу Ханифа айтардилар: “Дунё учун илм ўрганувчи кишининг қалбига илм
ўрнашмайди ва ундан фойда олмайди, у илмнинг барокатини ҳам кўрмайди.
Ислом муҳофазаси ва уни ёйиш учун илм ўрганувчиларнинг илмларидан ўзлари
ҳам ўзгалар ҳам фойда топадилар”

***
“Инсон билган нарсасини гапирса, зарар бўлмайди. Гуноҳ қатъий билмаганини гапиришдадир”.

***

“”Вақти-соатидан олдин илмда бош бўлишни истовчи киши умрининг қолганини доимий хато билан кечиради”.

***

“Фиқҳ аҳлининг ва фиқҳнинг қадрини билмаганлар мажлисида ўтириш инсонга оғирлик қилади”.

***

“Агар уламолар бу дунёда ва охиратда авлиёи киромдан саналмайдиган бўлса, Аллоҳнинг валий қуллари бўлмас эди”.

***

“Инсонларнинг энг билувчиси – инсонларнинг диндаги эҳтиёжларини энг яхши билувчи кишидир”

***
“Мусибатларнинг энг каттаси – вақтни беҳуда ўтказмоқдир”.

***
“Менинг сўзим Китоб ва Суннатга мувофиқ бўлса қабул қилинг, агар мухолиф бўлса қабул қилманг”.

***

“Далилимни билмаган одамнинг менинг номимдан фатво бериши ҳалол бўлмайди”.

***

Ҳазрат Абу Ханифа шоирнинг икки мисрасини тез-тез такрорлардилар:
“На сафо узра тўла яшолдик, на Аллоҳ рози бўлажак амал қилолдик. Шунинг ўзи ғам чекмоққа кифоя”

Аллоҳ таоло фақиҳлар қуёши, олими раббоний Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит
ҳазратларини Ўз раҳмати соясида қилсин! Аллоҳ бизларга ҳам улуғ
мазҳаббоши имомимизга эргашган ҳолда Китоб ва Суннатга оғишмай амал
қилиш неъматини зиёда айласин!

Умиджон Турсинов, Наманган вилояти


O'zbekiston - inhsa Alloh kelajagi buyuk davlat!

 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Ислом Уламолари (Олимлар) ,Таникли одамлар » ИМОМИ АЪЗАМ ҲАЁТИ (Аъзам Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит ҳазратлар)
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024