АБУ УБАЙДА ИБН ЖАРРОҲ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЙЛАТЛАРИ (1-кисм)
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бордир. Албатта, бизнинг амийнимиз, эй уммат, Абу Убайда ибн Жарроҳдир», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: «Амийн» сўзи ўта ишночли, омонатли одам деган маънони англатади.
Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ҳам амийн шахслар. Лекин
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу
анҳуни амийнларнинг амийни эканлигини билдирмоқдалар. У зот
алайҳиссалом ҳар бир саҳобий розияллоҳу анҳу ўзига хос сифатни берар
эдилар. Ўша сифатлар бошқа саҳобалардан ҳам бўлар эди. Лекин маълум
саҳобийга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан берилган сифат ўша
кишида мазкур сифат бошқалардан кўра ажраб турадиган даражада
эканлигидан бўларди.
Аллоҳ таолонинг охирги ва энг мукаммал дини бўлган Исломга тобеъ
умматнинг амийни бўлиш шариафига муяссар бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ
розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам
сўраймиз.
НАСАБ ВА ИЛК ҲАЁТ БОСҚИЧИ
Қаҳрамонимиз Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу
анҳунинг тўлиқ исмлари Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол ибн
Уҳайб ибн Зобба ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр ибн Моликдир.
У киши розияллоҳу анҳунинг насаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Феҳрда жам бўлади.
Кўриниб турибдики, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг асл
исмлари Омир бўлса ҳам кунялари билан машҳур бўлганлар. Оталарининг
исми Абдуллоҳ бўлса ҳам боболари Жарроҳнинг исми билан машҳур бўлганлар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Умму Ғанам бинти
Жобир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аълаа ибн Омир ибн Умайра ибн ал-Вадийъа ибн
ал-Ҳарис ибн Феҳр бўлган. Оналари мусулмонликка кирганлар. Абу Убайда
ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оталари мусулмон бўлмаган.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу дастлабки мусулмонлардан биридирлар.
Баъзи қавлларга қараганда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Абу
Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъватлари ила Исломга кирган биринчи
гуруҳда бўлганлар.
У киши ал-Арқам ибн Аби ал-Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн
ал-Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн ал-Арт, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор
ибн Ясир, Суҳайб ар-Румий ва бошқа экаклар ва аёллар Исломга
келишларидан олдин мусулмон бўлган эди.
Дину диёнат йўлида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ҳабашистонга
ҳижрат қилдилар. Аммо у киши Ҳабашистонда оз муддат турганлар.
Кейин эса Мадийнаи Мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг ёнларида туриб Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидолик қилдилар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Мадийнага ҳижрат қилиб
келганларида Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. Сўнгра Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши билан Муҳаммад ибн Маслама Ансорий
розияллоҳу анҳуни биродар қилиб қўйдилар.
БАДРДА
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу энг шижоатли
чавондозлардан эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
барча ғазотларида иймон ва ихлос билан иштирок этганлар.
Бадр урушида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар.
Кўпчилик тарихчилар ўша урушда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу
Ўзларининг мушрик оталарини ўлдирганларини айтадилар.
УҲУДДА
Уҳуд уришида эса Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша куннинг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар.
Уҳуд урушининг иштирокчиларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шундай ҳикоя қиладилар:
«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида, мен
биринчилардан бўлиб, у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг
олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда:
«Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди.
Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бориб турсам, орқамдан Абу
Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак,
Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан.
Расули акрам алайҳиссолату вассалом:
«Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар.
Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб,
дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан
чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:
«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади.
Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга
ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра
мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:
«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди.
Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўшанда тушган икки тишлари
умр бўйи у кшининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садоқатлари
нишони бўлиб қолди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни таърифлаган ҳар бир киши, у
узун бўйли, озғин, юзи очиқ, соқоли сийрак ва икки олд тиши тушган одам
эди, деб айтган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қуйидагича таърифлайдилар:
«Қурайшдан уч киши одамлар ичида энг очиқ юзли, энг гўзал хулқли, энг
собит ҳаёлидир. Улар сен билан гаплашсалар ёлғон гапирмайдилар. Сен
уларга гапирсанг сени ёлғончи қилмайдилар. Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн
Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳ».
САРИЙЯЛАРГА АМИРЛИК
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда
ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни бир неча сарийяларга амир қилиб
юборганлари турли ривоятларда келади. Бу ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг у киши розияллоҳу анҳунинг аминликларига илонганларидан,
амирлик талабларига жавоб берадиган қобилиятлари борлигидан бўлган.
Уюунул асар китобида зикр қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни қириқ кишилик сарийяга
бошлиқ қилиб Зул Қисса номли жойга юбоганлар. Ўшанда Бану Меҳроб ва
Саълаба қабилалари бирлашиб мадийналикларнинг Ҳайфаада боқилаётган
чорва молларига ғарот қилишган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам улар томон Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу
анҳу бошлиқ қирқ кишилик сарийя юбордилар. Улар уЗул Қиссага етиб бориб
мазкур қавмнинг адабини бериб қайтдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни, уч юз отлиқни Абу Убайданинг
амирлигида Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. Бас, бизга
шиддатли очлик етди. Ҳаттоки, дарахт баргларини едик. (Гуруҳимиз) барг
лашкари, деб номланди. Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни
отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга
суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди. Абу Убайда унинг бир қовурғасини
олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди. Ичимиздан бир киши очлик
шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу
ишдан) қайтарди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Ушбу маъно турли кишилар томонидан, турли шакл ва лафзлар ила энг мўътабар ҳадис китобларимизда ривоят қилинган.
Ушбу уч юз отлиқнинг юриши кўпроқ «Сайфул баҳр ғазоти» номи ила машҳур.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Аллоҳнинг йўлида
жиҳодга чиққан бу саҳобийлар гуруҳи катта қийинчиликларга дуч
келганлар.
Бошқа ривоятларда айтилишича, таомлар озлигидан Абу Убайда розияллоҳу
анҳу ҳамманинг таомини тўплаб, оз-оздан тановул қилишни йўлга
қўйганлар. У ҳам тамом бўлганидан кейин, ушбу ривоятда зикр
қилинганидек, дарахтларнинг баргини ейишга мажбур бўлганлар.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу
анҳуни амир қилиб бизларни Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар.
У зот бизни бир идиш хурмо билан таъминладилар. Бошқа нарса топа
олмадилар. Абу Убайда бизларга бир дона-бир донадан хурмо берар эди.
«Уни нима қилар эдинглар?» деб сўрадим.
«Бувак сўрганга ўхшатиб сўрар эдик. Сўнгра устидан сув ичар эдик.
Баъзиларимиз таёқларимиз ила барг қоқиб келар эдик. Кейин уни хўллаб
туриб ер эдик», деди.
Бу қийинчиликларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дини йўлида бўлгани улар учун шарафдир.
Чин дилдан «Аллоҳ» деган бандани Аллоҳ таоло қаровсиз қолдирмайди. Ушбу
гуруҳ ҳам чин дилдан «Аллоҳ» деган экан, Аллоҳ таоло Ўзи уларнинг
мушкилини кушойиш қилди.
«Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни
ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши
ҳолга келди».
Дарҳақиқат уч юз жангчига ярим ой муддат давомида таом бўлган «анбар» жуда ҳам улкан денгиз жонивори бўлган.
Бошқа ривоятларда, уни еб семириб кетдик, дейилганини эътиборга олсак,
уни тергаб-тежаб эмас, бемалоллик билан еганлари келиб чиқади.
Албатта, мазкур гўштнинг сақлаш, айниб қолмаслиги чораларини кўриш бўйича ўша вақтнинг услублари қўлланган бўлади.
Қаранг, очликдан дарахт баргларини ейишга мажбур бўлиб турган кишиларга
Аллоҳ таоло Ўзи ғойибдан ризқ ато қилиб, турар жойларидагидан ҳам яхши
ҳолатни вужудга келтириб берганини!
Ривоятнинг давомида мазкур денгиз ҳайвонининг катталигини баён қилиш учун баъзи миқёслар келтирилади.
«Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди».
Мазкур «анбар» ана шунчалик улкан экан. Албатта, у пайтларда метрлаб
ўлчаш таомулда бўлмаган ва кишилар ўз услублари билан қиёслаганлар.
«Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди».
Мазкур саҳобалар гуруҳининг очлиги кучайиб, ҳожат тушганда учтадан,
учтадан туя сўйиб турадиган қассобларининг исми, Қайс ибн Саъд ибн
Убода ал-Ансорий бўлган.
Агар ҳар куни ёки икки кунда бир туя сўйилиб турарди, деб фараз қилсак
ҳам мазкур «анбар» тахминан 25-45 туянинг ўрнини босган бўлади. Чунки у
қирғоққа тушиб, саҳобаларга таом бўлганидан кейин Абу Убайда розияллоҳу
анҳу ўз қассобларини туя сўйишдан тўхтатган эканлар.
Бунинг устига бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Убайда розияллоҳу
анҳунинг гуруҳи Мадинаи Мунавварага қайтиб келиши билан, бўлиб ўтган
нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб мазкур ҳайвон
ҳақида сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳ таоло
сизларга уни таом қилиб чиқариб берибди, гўштидан қолган бўлса, бизга
ҳам беринглар, деган маънода гап айтганлар.
Ушбу сарийя давомида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг сабр
бардошлари, Аллоҳ таоло ҳар қандай машаққатларга чидашлари, тадбиркор
раҳбар ва уста амир эканликлари намиён бўлди.
Энди зикр қилинадиган сарийяда эса у киши Розияллоҳу анҳунинг яна бошқа бир қанча нодир сифатлари намоён бўлади.
Имом Байҳақий ва Ибн Асокирлар қилган ривоятда Урва ибн Зурайр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Оссни Шомга
кираверишдаги Зотис Салосилга, Балий ва Абдуллоҳга ва уларнинг
яқинидаги Қузоаъликларга юбордилар. Бани Балий ал-Осс ибн Воилнинг
тоғаларидир. У ўша томонга боргандан кейин душманининг кўплигидан
қўрқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мадад сўраб одам
юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи муҳожирларни
жиҳодга чорладилар. Абу Бакр ва Умар каби муҳожирларнинг саралари
кўнгилли бўлиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни амир қилдилар. Улар Амрнинг
олдига борганларида у:
«Мен сизларнинг амирингизман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сизларни мададга юбориш учун одам юборган менман», деди.
«Йўқ. Сен ўз шерикларингнинг амирисан, Абу Убайда муҳожирларнинг амири», дедилар муҳожирлар.
«Сизлар мен сўраган мададсиз, холос!» деди Амр.
Буни кўргандан кейин аслида ҳусни хулқли ва юмшоқ табиатли бўлган Абу Убайда:
«Биласанми, эй Амр!. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга
охирги айтган гаплари, «қачон соҳибиннинг олдига борсанг, икковингиз
келишиб оласизлар» дейишлари бўлган, агар сен менга исён қиладиган
бўлсанг, мен, албатта, сенга итоат қиламан», деди. Бас, Абу Убайда
амирликни Амрга топширди».
Зотус Салосил сарийяси кўп кишилик бўлгани учун ғазот деб ҳам аталади.
Бу ҳодиса саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул улаа ойида бўлиб ўтган.
Бу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг яққол кўринган
фазллардан бири Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга амир
бўлишларидир. Бу жуда ҳам катта фазл. Умуман, ўша сарийяда мазкур икки
улуғ зотдан ташқари кўпгина катта муҳожир саҳобалар ҳам бўлган. Бу эса
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг эътиборлари Набий соллаллоҳу
алайҳи васалламнинг ҳузурларида қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг иккинчи фазллари ҳусни хулқли бўлганлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг учинчи фазллари юмшоқ табиат бўлганлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўртинчи фазллари ихтилофни хуш кўрмаганлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бешинчи фазллари ўз зарарларига ва кўпчилик фойдасига келишувчан бўлганлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу
анҳуни яна бошқа сарийяларга ҳам амир қилганлари ҳақида ривоятлар бор.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда розияллоҳу
анҳунинг махсус топшириқлар билан ҳам турли тарафларга юбориб турар
эдилар.
Имом Бухорий Амр ибн Авф Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни
Баҳрайнга у ернинг жизясини олиб келишга юбордилар. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли Баҳрайни билан сулҳ тузган ва уларга
ал-Аълаа ал-Ҳазрамийни амир қилган эдилар. Бас, Абу Убайда Баҳрайндан
мол ила келди. Аносрийлар Абу Убайданинг келганини эшитиб Бамдод
намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқидилар. У зот
уларга Бамдодни ўқиб берганларидан кейин қайтдилар. Улар у зотни
йўлларидан чиқдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни
кўрганларида табассум қилиб:
«Абу Убайдани бир нарса олиб келганини эшитгансиз, дейман», дедилар.
«Шундоқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.
«Суюнчилик. Сизни масрур қиладиган нарсадан умидвор бўлаверинглар.
Аллоҳга қасамки, мен сизларга фақирликдан қўрқмайман. Лекин сизларга
сиздан олдигиларга дунё кўпайгандек кўпайиб, уларни уни талашганидек
талашиб кетишингиздан ва уларни ҳалок қилганидек сизни ҳам ҳалок
қилишидан қўрқаман», дедилар у зот».
УСТОЗ
Тўққизинчи ҳижрий санада бошқа қабилалар ва
тоифалар элчилари қатори Нажрон насоролари элчилари ҳам Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. Ҳайъатни
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурмат билан кутиб олдилар.
Ривоятларда келишича, Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи
оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насороларининг элчилари
келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида ва бошқа масалалар хусусида
тортишган вақтда нозил бўлган. Улар билан бўлган тортишув бир мақомга
етиб, Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф
қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло
Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни, болалар ва аёлларни
тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон
гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга
чақиришни буюрди.
Пайғамбар алайҳиссалом мазкур насороларни мубоҳалага чақирганларида,
улар кўнмадилар. Лекин мансабларини, обрўларини, мол-дунёларини
йўқотишдан қўрқиб, Исломни ҳам қабул қилмадилар.
Улар қайтиб кетдилар. Аммо бир оз фурсатдан кейин улардан Саййид ва
Оқиб деганлари қайтиб келдилар ва мусулмон бўлдилар. Ана ўшалар
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир амийн кишини ўзлари билан
бирга юборишни илтимос қилдилар.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Нажрон аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳннг Расули, бизга бир амийн кишини юборинг», дедилар. Бас, у зот:
«Албатта, мен сизларга амийн кишини, амийн бўлганда ҳам ҳақиқий амийнни юборурман», дедилар.
Одамлар ўша шарафни кутиб турдилар. У зот Абу Убайда ибн Жарроҳни юбордилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аҳли Яман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Биз билан бизга суннатни ва Исломни таълим берадиган киши юборинг», дедилар.
Бас, у зот Абу Убайданинг қўлидан ушлаб туриб:
«Мана бу, ушбу умматнинг амийнидир», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдаги гаплар бир гаплар. Ўша Яманлик мусулмон
бўлган Саййид ва Оқиблар билан бўлиб ўтган гаплар. Чунки Нажрон
Ямандаги бир диёрдир.
Ушбу икки ривоятдан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳақиқий
амийнликларини Набий алайҳиссаломнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганларини
билиб оламиз. Айни ўша сифатлари эътиборидан Пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи васаллам у киши розияллоҳу анҳуни бошқа юртдаги янги мусулмон
бўлганларга Исломда дарс бериш учун устоз қилиб юбормоқдалар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуда устозлик қобилиятлари олий даражада эканлигини бошқа бир ривоятдан ҳам билиб оламиз.
Ибн Асокир келтирган ривоятда Абу Саълаба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени бир таълими яхши одамга юборинг» дедим.
Бас, у зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга юбордилар ва:
«Мен сени таълимингни ва одобингни яхши қиладиган кишига юбордим», дедилар».
Имом Тобароний ҳам Абу Саълаба розияллоҳу анҳу ушбу ривоятни қуйидаги зиёдаси билан келтирган:
«Борсам у билан Башир ибн Саъд Абу Нўъмон гаплашиб ўтирган экан. Икковлари мени кўриб сукут сақлашди. Мен:
«Эй Абу Убайда, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундоқ демаган эдилар», дедим.
«Сен аввал ўтир, кейин сенга гапирайлик», деди у ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «албатта, сизларда ҳозир
нубувват бор. Кейин нубувват йўлидаги хилофат бўлади. Сўнгра подшоҳлик
ва жбарлик бўлади», дедилар», деди».
Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Абу Убайда
ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг кишиларга таълим ва одоб ўргатишда
қобилияти зўр бўлган устоз эканликларини таъкидламоқдалар. Бу ҳам катта
фазлдир.
НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМ ЭҲТИРОМИ
Имом Тобароний келтирган ривоятда Абу Амома розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн
Жарроҳ розияллоҳу анҳумлар ва бир гуруҳ саҳобалар билан ўтирган эдилар.
Бир қадаҳда ичимлик келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
уни Абу Убайдага тутдилар. Шунда Абу Убайда:
«Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Набийси!» деди.
«Сен ол!» дедилар у зот.
Абу Убайда қадаҳни олди ва уни ичишидан олдин яна:
«Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Набийси!» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ич, албатта, барака улуғларимиздадир. Ким кичигимизга раҳим қилмаса ва кттамизни улуғламаса биздан эмас», дедилар».
ХАЛИФАЛАР ДАВРИДА
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рафиқи
аълога интиқолларидан кейин халифа сайлашлик ҳақида бўлган йиғилишда
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ихтилофнинг олдини олишда катта
хизмат қилдилар. У киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларида
турдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз сўзларида ўша ерда тўланганларга,
ёки Умарга, ёки Абу Убайдага байъат қилинглар, дедилар. Бу ҳам Абу
Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўша пайтда обрўлари қанчалик
юқори эканлигини кўрсатади. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу
Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида асосан
шўро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарият ишлари билан машҳур
бўлдилар. Баъзи вақтларда янги қарорлар чиқишига ташаббускорлаи
қилганлар ичида ҳам бўлар эдилар. Мисол учун халифага ойлик маош таъйин
қилиш ҳақидаги ишда у киши биринчилардан бўлганлар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша вақда асосан халифаликнинг
девонбегиси бўлганлар. Кейинроқ у кишини Абу Бакр розияллоҳу анҳу
лашкар билан амир қилиб Ҳимсга юборганлар. Davomi keyingi sahifada.
|