Чоршанба, 18.12.2024, 6:49:11

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Мақолалар | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
Сайт менюси
Бўлимлар
Сахобалар (РА) [2]
Янгиликлар [20]
Маколалар [19]
Ислом [10]
Yusuf (A.S)
Онлайн таржимон
Im Translator, Online translator, spell checker, virtual keyboard, cyrillic decoder
Tavsiya qiling
Oy to'lishi
CURRENT MOON
Bog'lanishlar
Поделиться социальных сетей
Mitti chat
SMS jo'nating
Yangilik va makola
[26.07.2012][Ислом]
Каъба ернинг маркази (0)
[01.06.2012][Ислом]
Фатх сураси (The Victory) - سورة الفتح (0)
[04.03.2012][Маколалар]
Такими будут наши халифы: Умар ибн Абдуль Азиз (0)
[02.01.2012][Маколалар]
Узбекистан: практический обзор и фотографии (0)
[06.10.2011][Маколалар]
20—30-йилларда жадид адабиёти (0)
Site map
So'rovnoma
Сайтга фикрингиз
Всего ответов: 755
Baham ko'ring
Поделиться социальных сетей
Статистика

Хаммаси булиб сайтда: 4
Мехмонлар: 4
Фойдаланувчилар: 0
Siz haqingizda
Hush Kelibsiz
Mehmon
3.137.165.200
Главная » 2011 » Октябрь » 6 » 20—30-йилларда жадид адабиёти
8:22:25
20—30-йилларда жадид адабиёти

1956 йилда шахсга сиғиниш фош қилингач, қатағон қилинган кўпгина одамлар оқланди. Улар қаторида атоқли адиб Абдулла Қодирий ҳам бор эди. Орадан кўп ўтмай, унинг "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан чаён" романлари қайта нашр қилинди. Кейин одатдагидек романларга тақризлар битилди, адиб тўғрисида мақолалар эълон қилинди, китоблар ёзилди, диссертациялар ҳимоя қилинди. Ишлар бир маромда кетаётганида бир масала кўндаланг бўлди-ю, унинг атрофида қиз-ғин баҳс қўзғолди — Абдулла Қодирий романлари қайси ижодий метод асосида ёзилган? Уларни социалистик реализм методига мансуб деб бўладими? Савол қалтис эди — чунки "йўқ" деб жавоб берса, яқиндагина оқланиб, душманлик белгиларидан халос бўлиб келаётган адибни тўлақонли совет ёзувчилари қаторига киритиб бўлмай қоларди. "Ҳа" деб жавоб берса, романларда социалистик реализм белгиларини топиш амри маҳол. Ўшанда айрим адабиётшунослар тузукроқ далил-исботсиз Абдулла Кодирий асарларини социалистик реализм намунаси деб эълон қилдилар-да, шу билан баҳсга чек қўйилди. Чек қўйилди-ю, лекин, барибир масала ҳал бўлмай қолаверди. Бу, албатта, зўрма-зўраки ҳукм эди — ўшандан кейин бирорта адабиётшунос бу муаммони қайта қўзғагани йўқ.
Аслида эса, тузукроқ ўйлаб кўрилса, "Ўткан кунлар" ҳам, "Меҳробдан чаён" ҳам ва ҳатто "Обид кетмон" ҳам жадид адабиётига мансуб асарлар деган хулосага келиш мумкин эди. Аммо шўро замонида бундай хулосага келинса ҳам уни ошкора айтиб бўлмас эди, ошкора айтган одам балога қолар эди, чунки бундай хулоса ҳукмрон мафкура ақидаларига мутлақо зид бўларди, бинобарин, унинг яшашга ҳақи йўқ эди.
Маълумки, шўролар замонида ҳамма нарсага коммунистик мафкура кўзи билан қараларди. Ижтимоий фанлар ҳам шу мафкура чилдирмасига ўйнашга мажбур эдилар — бу соҳадаги тадқиқотлар холислик ва ҳаққонийликдан маҳрум бўлиб, ҳукмрон мафкура "пролетар манфаатидан келиб чиқиб" яратган қолипларни тасдиқлашга хизмат қилмоғи лозим эди.
Жадидлар масаласида ҳам ана шундай ғайри илмий ва ўта субъектив концепция мавжуд эди. Унга кўра жадидлар миллий буржуазия манфаатларига хизмат қилган реакцион оқим бўлган. Инқилобдан кейин улар уч гуруҳга бўлиниб кетган. Большевикларнинг марказий органи бўлмиш "Коммунист" журналида (1928 йил 10-сон) "Октябрь ҳам жадидлар" деган мақола эълон қилган М.Ғиёсов бу гуруҳларни қуйидагича белгилайди:

1) тугал аксил ҳаракатчилик лагерида қолувчилар;
2) эски маслакларидан қайтиб, фирқа ва шўроларга кириб ишлаб кетувчи сўллар;
3) бетараф қолувчилар — буларнинг кўплари эски жадид муаллимлари бўлиб, булар шўролар ҳукуматининг мустаҳкамланганини кўрган сари унга яқинлашадирлар.

Бу таснифдан кўриниб турибдики, Шўро ҳокимияти йилларида, айниқса, 20-йилларда маориф ва маданият соҳасида жадидлар фаолият кўрсатишда давом этганлар. Аммо бу гал ҳам ўзларининг ақидаларига содиқ қолганлар, яъни уларнинг гапи бошқа, иши бошқа — бир-бирига зид бўлган. Большевиклар айрим жадидларнинг шўролар томонига ўтганини оғизда тан олсалар-да, амалда уларнинг ҳаммасига ашаддий душман сифатида муносабатда бўлганлар. Натижада 20-йилларнинг бошиданоқ уларни кескин қоралай бошлаганлар. "Синфий кураш" ҳаддини олган большевиклар уларга қарши "даҳанаки" жанг билан чекланмай, 20-йилларнинг ўрталаридан жадидларга қарши репрессив тадбирларни қўллашга киришганлар. Бу кураш 30-йилларда ҳам шундай шиддат билан давом этди ва 40-йилларга келиб жадидларнинг деярли ҳаммасини жисмонан маҳв этиш билан якунланди. Аммо бундан кейин ҳам жадидлар ҳақида илиқ гап айтиш имкони бўлмади. Аксинча, авваллари бирда-ярим мақолаларда жадидларнинг маърифатпарварлик соҳасида жиндай ижобий роль ўйнагани ҳақида ўқиш мумкин эди. 60-йиллардан кейин эса улар фақат қора бўёқларда тилга олинди.
Шундай қилиб ҳукмрон мафкура ўзбек совет адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиши тўғрисидаги концепцияни ишлаб чиқди. Бу концепцияга кўра янги адабиёт Октябрь инқилоби билан бирга туғилган; у биринчи қадамлариданоқ "Яша, Шўро!" деб ҳайқирган, большевикларнинг ҳамма ишини қўллаб-қувватлаган, коммунизм ишига сидқидилдан хизмат қилган. Бу адабиёт, табиийки, мафкуравий соғлом бўлган, ҳар қандай ёт мафкураларга қарши курашган ва шак-шубҳасиз биринчи қадамлариданоқ социалистик реализм адабиёти сифатида кўринган. Албатта, бундай адабиёт сафида жадидларга ҳам, жадидчилик ғояларига ҳам ўрин йўқ эди.
Афсуски, биз ўзбек адабиётшунослари кўп йиллар мобайнида шу ёлғон "ҳақиқат"га ишониб яшадик. Ишондиккина эмас, уни фаол тарғиб қилиб, халқни ҳам шунга ишонтиришга уриндик. Ҳолбуки, ҳақиқий аҳвол бутунлай бошқача эди. Аслини олганда, "совет адабиёти" деб аталмиш адабиёт Октябрь тўнтаришининг эртасигаёқ ёки дастлабки ойлардаёқ бирдан пайдо бўлиб қолган эмас — бунинг учун ҳаётда реал асос ёхуд бирор ишончли замин йўқ эди. Тўғри, айрим тадқиқотчилар Ўзбекистонда 1905 йилдан кейиноқ инқилобий адабиёт шакллана бошлаганини таъкидлашади, бироқ бу фикрнинг исботи учун келтириладиган фактлар моҳият эътибори билан жадид адабиётининг намуналаридир. Аслини олганда эса ўзбек совет адабиёти 20-йилларнинг ўрталаридангина — Ғайратий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Боту, Миртемир, Шокир Сулаймон каби ижодкорларнинг майдонга чиқиши билан боғлиқ тарзда шакллана бошлаган. Тўғри, ундан аввал Октябрни қутлаган, шўроларни мадҳ этган айрим шеърлар, маршлар, ғазаллар ёхуд бошқа жанрлардаги айрим асарлар бўлган. Бироқ улар бадиий савияси ғоятда ночор бўлиши билан бирга сон жиҳатдан ҳам кам бўлган. Шунинг учун улар бирлашиб, яхлит бир адабиётни ташкил этадиган қувватга эга бўлган эмас.
Амалда эса 20-йилларда жадид адабиёти яхлит адабиёт сифатида фаолият кўрсатган. Қолаверса, бу адабиёт ўзининг аср бошидаги 20 йиллик ривожланиш тажрибасига таянган ҳолда тараққиётининг янги босқичига кўтарилган, ҳам шаклан, ҳам мазмунан барка-моллик касб этган ва миллатнинг маънавий ҳаётида жуда чуқур из қолдирган. Бинобарин, кейинчалик, яъни 30-йилларда айрим "марксист" адабиётшуносларнинг "жадидлар бирор салмоққа эга бўлган адабиётларини ярата олмай тарих саҳнидан ғойиб бўлдилар" деган даъволари ҳам мутлақо асоссиз бўлиб чиқади. Қуйи-роқда буни биз конкрет далиллар билан исботлашга ҳаракат қиламиз.
Ҳозир эса шуни таъкидлаш жоизки, Октябрь тўнтарилишидан кейинги дастлабки кунлариданоқ Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамза Ҳакимзода, Садриддин Айний, Сидқий Ажзий, Сидқий Хондайлиқий, Тавалло ва бошқа кўплаб атоқли жадидлар Октябрь инқилобига қандай муносабатда эканликларидан қатъи назар маданият ва маориф соҳасидаги самарали фаолиятларини давом эттирганлар. 20-йилларнинг биринчи ярмида улар ўнлаб янги мактаблар очадилар, бу мактаблар учун турли-туман қўлланмалар ва дарсликлар яратадилар, нашриётлар ташкил қиладилар, газета ва журналлар нашр этадилар, театр санъатини ривожлантириш борасида жонбозлик кўрсатадилар, турли-туман маърифий-маданий тўгараклар уюштирадилар. Албатта, зиёлиларнинг бундай фаолияти мутлақо большевикларнинг рағбатига сазовор бўлган эмас, аксинча, улар жадидларнинг ҳар бир қадамини синчиклаб кузатишган, тўгараклар ва жамиятлар ишини таъкиб остига олишган, нашр ишлари устидан қаттиқ назорат ўрнатишган. Абдурауф Фитрат "Чиғатой гурунги"нинг айрим мажлислари қуролли қизил гвардиячиларнинг назорати остида ўтганини ёзади. Ёҳуд Заки Валиди хотираларида 20-йилларнинг бошида зиёлилар устидан қаттиқ назорат ўрнатилгани важидан Бухорода Чўлпон билан учраша олмаганини эслайди. Аммо бундай таъқиб ва тазйиқлар жадидларни фаолиятдан тўхтата олмайди — улар матонат билан ишларини давом эттириб, 20-йиллардаёқ маориф ва маданият соҳасида анча салмоқли ютуқларга эришганлар.
Энди бевосита жадид адабиётига ўтадиган бўлсак, унинг кўзга яққол ташланадиган биринчи хусусияти шундаки, у инқилобдан кейин бирданига кўп жанрли адабиёт тарзида ривожлана бошлади — жадид ёзувчилари шеъриятида ҳам, драматургияда ҳам, насрда ҳам, публицистикада ҳам бирдай муваффақият билан қалам тебратди. Мана, масалан, публицистикани олайлик. Айтиш керакки, публицистика умуман ўзбек адабиёти учун батамом янги жанр бўлиб, унинг илк намуналари ўзбек матбуотида 1900 йилдан кейингина пайдо бўлган эди. Лекин бу соҳадаги тажрибаларнинг ғоят камбағаллигига қарамай, янги ўзбек публицистикаси 20-йилларнинг бошида ўз ривожининг энг юксак чўққиларига кўтарилди. Бу даврий публицистиканинг ўсиши, биринчи навбатда, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон номлари билан боғлиқ. Улар вақтли матбуотда ўнлаб мақолалар эълон қилдилар ва уларда бениҳоя ўткир эҳтирос билан, сўнмас бир жўшқинлик билан миллат ҳаётининг энг муҳим масалаларини кўтариб чиқдилар. Бу масала, албатта, биринчи навбатда миллий озодлик масаласи эди. Фитрат кўп мақолаларида халқнинг миллий онгини уйғотишни истайди, унга ўзлигини танитмоқни орзу қилади. Шу ниятда у бевосита миллатга мурожаат қилади, унинг ўтмиши буюклиги ҳақида гапиради ва бу миллий қадриятлардан ифтихор қилиш лозимлигини уқтиради. Буларнинг бари 18—19 йилларда ёзилганини, яъни ҳали Кўқон жароҳатлари эскимай туриб, унинг фожиалари хира тортмай туриб ёзилганини ҳисобга олсак уларнинг қиммати янада ортади. Бунга амин бўлмоқ учун биргина кичик парча келтиришнинг ўзи кифоя. Фитрат 1917 йилда "Ҳуррият" газетасида 5 декабрда эълон қилинган "Мухторият" деган мақоласида ёзади:
"Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қонланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурилди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимлик турдик, сабр этдик, кучга таянган ҳар бир буйруққа бўйсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, ялинтирдик, имонларимизни авайлаб сақладик:
"Туркистон мухторияти!"
Нақадар эҳтиросли, оташин мисралар! Унда ярим асрлик мустамлака даврининг тарихи ҳам, бу даврда тортилган алам-изтироблар ҳам, халқ қудратига ишонч ҳам мана ман деб кўриниб турибди!
Жадид публицистикасининг ривожини яна шу факт билан тасдиқлаш мумкинки, инқилобдан аввал унда кўтарилган масалалар фақат миллатнинг ички ҳаёти билангина чегараланиб қолганди, энди эса тематика кенгаяди, мазмун чуқурлашади, муаллифлар дадиллик билан халқаро сиёсий ҳаёт ҳодисаларига мурожаат қила бошлайдилар. Бироқ бунда ҳам улар ўзларининг бош мақсадларини унутмайдилар — "улуғ" давлатларнинг шовинистик сиёсатларини фош қилиб, мустамлакачи-ликни кескин рад қилиш йўлидан борадилар. Бу жиҳатдан яна Фитрат фаолияти диққатга сазовор — у бу йилларда "Инглиз ўйинлари" ("Ҳуррият", 1918 йил 64-сон), "Инглиз ва Туркистон" ("Ҳуррият", 1918 йил 82-сон), "Афғонистон ишлари" ("Иштирокиюн, 1919 йил 30 апрель), "Афғон ва инглиз сулҳи" ("Иштиро-киюн", 1919 йил 23 сентябрь), "Шарқ сиёсати" ("Иштирокиюн" 1919 йил 25—26 сентябрь) каби мақолаларини эълон қилдики, уларда империалистик кучларнинг мустамлакачилик сиёсатларини кескин фош қилди. Масалан, "Шарқ сиёсати" мақоласида ёзади:
"Уларнинг тилаклари бизга маданият бериб, бизда маориф тарқатиш, бизни тараққий эттириш эмас, турли фоҳишахоналар, майхоналар очиб, бизнинг ахлоқимизни бузмоқ, бизнинг соғлиғимизни хароб этмоқ ва уруғимизни қуритиб, бизни ишдан чиқармоқ ва қўлларига муҳтож қилиб қўймоқдир. Улар шарқ халқини бутун йўқ қилиб, Шарқни ўзларига моя қилмоқчи эрурлар".
Бу парча ҳеч қандай изоҳга муҳтож эмас — унинг салмоғи ва теранлиги бугун ҳам яққол кўриниб турибди.
Чўлпон ҳам ўзининг 20-йиллардаги публицистикасида ички муаммолар ҳақида ёзиш билан бирга, халқаро долзарб сиёсий мавзуларда ҳам қалам тебратиб, мустамлакачилик сиёсатини фош қилишга катта ҳисса қўшди. Фақат унинг ўзига хослиги шунда эдики, у Фитратга ўхшаб умуман Шарқ ҳақида эмас, балки муайян мамлакатлар, муайян халқларнинг кураши ҳақида ёзди, жумладан, унинг 20-йиллардаги анча-мунча мақоласи бевосита турк халқининг миллий озодлик ҳаракатига бағишланган. Чўлпон туркларнинг чет эллик босқинчиларга қарши кураши ҳақида ёзар экан, унинг "истиқлол эрларига" самимий муҳаббати ҳар бир сатрдан мана ман деб кўриниб туради.
Жадидларнинг ана шу ва шуларга ўхшаш яна бош-қа ўнлаб публицистик асарлари ўша кезларда ўзбек халқининг миллий онгини уйғотишда катта роль ўйнади ва унинг қалбида миллий ифтихор туйғуларини жўш урдирди.
20-йиллар бошидаги жадид публицистикасининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у жадид адабиётининг мазмуни янгиланиб бораётганидан далолат беради. Масалан, аввалги даврларда асарлар мавзуининг торлиги сезиларди, кўп ҳолларда бевосита тасвир ўрнини дидактизм, қуруқ насиҳат эгалларди, айтилмоқчи бўлган фикрни китобхоннинг оғзига чайнаб солиб қўйишга интилиш кучли эди. Энди бўлса, улар камаяди, бадиият кучаяди ва мазмундаги ҳаётийлик янги босқичга кўтарилади.
Бу хусусият нафақат публицистикада, айниқса янги жадид шеъриятида ҳам яққол кўзга ташланади. Тўғри, 20-йилларда ҳам айрим шеърларда асрий уйқудан уйғонишга, янги тонг ҳаволаридан тўйиб нафас олишга чақириқ мавжуд. Масалан, Садриддин Айний шеърларида биз шу ҳолни кўришимиз мумкин:

Баҳор келди, ётма, тур,
Эшит, бу саслари надир!
Баҳор қумлари ўқир
Баҳорнинг ҳаволари.
("Меҳнаткашлар товуши", 1919, 22 март)

Ёхуд шу 1919 йилда ёзилган "Турон марши" шеърида шоирнинг анъанавий тарзда Туронни уйғонишга чорлаганини кўрамиз:

Уйғон! Турон эли, уйғон!
Тўлқинланди бутун жаҳон!
Бошқалашди бутун даврон,
Бошқа даврон, бошқа замон!
Ухлама, юр, сайра жаҳон!
Ётасанми, жоҳил, нодон?
("Меҳнаткашлар товуши", 1919, 1 октябрь)

Шўро замонида баъзи бир адабиётшунослар бу шеърларни совет поэзиясининг намунаси сифатида талқин қилиб келдилар. Бироқ унинг мазмунидан кўриниб турибдики, унда шўровий белгилар эмас, жадидлар қарашларига яқин масалалар, яъни жаҳолат ва нодонликни рад этиш, асрий уйқудан уйғониб, "бошқа даврон, бошқа замон"да жавлон уришга чақириқ мавжуд.
Янги шеъриятда бадиий шакл соҳасида ҳам жиддий изланишлар давом этган. Унда анъанавий шакллар — ғазал, мурабба, мухаммаслардан кенг фойдаланилган бўлса-да, улар билан бир қаторда бармоқ вазнидаги жанрларга ҳам кенг мурожаат қилинган. Айни чоғда айрим шоирлар аруз имкониятларини кенгайтириш йўлларини ҳам излаганлар. Бунда улар шеърга ярим мутойиба оҳангларини ҳам олиб кирганлар. Бу ўринда шоир Таваллонинг бир тажрибаси диққатни жалб қилади. Тавалло — инқилобдан аввал маданий-маиший ҳаётни тубдан янгилаш тарафдори сифатида кўринган ва "Равнақ ул-ислом" каби бақувват шеърий тўпламларнинг муаллифи тарзида танилган эди. Инқилобдан кейин у янги матбуот органларида хизмат қилди, лекин ижодининг моҳиятига кўра жадидлик мавқеини сақлаб қолди. У кўпроқ ҳажвий характердаги шеърлар битди, айрим шеърларида эса жуда зўр муваффақият билан янги тасвирий имкониятлар излади. Масалан, классик адабиётда ширу шакар деган жанр мавжуд. Бунда шеър бир вақтнинг ўзида икки тилда — кўпинча форсча ва ўзбекча ёзилади. Тавалло Ҳамза тажрибасини давом эттириб ғазални ўзбек ва рус тилида ёзади. Бунинг қийинлиги шундаки, рус тили ўзининг фонетик хусусиятларига кўра аруз қонунларига бўйсунмайдиган тиллардан. Аммо Тавалло бу қийинчиликнинг уддасидан чиқа олган. Таваллонинг "Вот шеър" деб аталган ҳазил шеъри "Муштум" журналига мурожаат шаклида ёзилган бўлиб, шу журналнинг 1928 йил 3-сонида босилган:

"Муштум" чироғим, сўйлачи: как ти поживаешь?
Ҳар кимни сўкиб сам себе душман наживаешь.
Текканга тегиб, тегмаса шутишь, почему так?
Хуллас, жим ўтир, мунча всегда задеваешь.
Если попадет сенга биров мулла қилурсан,
Ҳар қандай асов бўлса-да узда надеваешь.
Бир кун чиқасан черньш кийиб, эртага бошқа,
Откуда чопон ҳафтада турли надеваешь?
Ҳеч бир сожалеть этма, ёзиб тур нима кўрсанг,
Иначе бугун вақти ғаниматни теряешь.
Майли, хорошо, разний қилиқларни ёзиб тур,
Бизлар биламиз, везде, всюду бьшаешь.
Вот энди бугун ман ёзаман, сан смотри,
Сен дела мани "Мағзава " тездан забьшаешь.

Албатта, бундай шеърлар адабиёт ривожининг катта йўлига унча дахлдор бўлмаса-да, адабиёт рангларини турфа хил қилиши, жилоларини кўпайтириши, жозибасини ошириши билан характерлидир.
Жадид поэзиясининг 20-йиллардаги равнақи, албатта, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон номи билан боғлиқдир. 20-йилларда у "Уйғониш", "Булоқлар", "Тонг сирлари" деган китобларини эълон қилди. Унинг кўпгина шеърлари "Ўзбек ёш шоирлари" тўпламида, "Адабий парчалар", "Гўзал ёзғичлар" каби китобларда чоп этилди ва улар ўзбек шеъриятининг гултожи бўлиб қолди. Лекин бу шеърлар совет руҳидан мутлақо узоқ эди, аксинча, улар жуда ошкора тарзда аксилшўравий оҳанглар билан суғорилган шеърлар эди. Чўлпоннинг 20-йилларда яратган шеърлари инқилобдан аввалги жадид шеъриятидан тубдан фарқ қилади. Бу шеърият қуруқ насиҳатдан, яланғоч дидактикадан бутунлай узоқ, энди унда инсон ҳаётининг энг асосий муаммолари — ҳаёт-мамот масалалари кўтарилади. 20-йиллардаги Чўлпон шеъриятининг бош масаласи — инсон эрки, миллатнинг озодлиги масаласидир. Шоир эҳтиросли ёниқ қалб билан мустамлака кишанларига қарши бош кўтаради, инсонни таҳқирловчи, оёқ остида кўрувчи "афандиларни" қоралайди. Унинг шеърларида жуда зўр ғурурга эга бўлган, қамчилар ва кишанлар зулми остида иродасини, эркка ташналигини йўқотмаган инсоннинг қалби уриб туради. Шоир кишанлар билан дўстлашган ва шунинг учун сустлашган юракка мурожаат қилади, уни мағрур бўлишга, кишан киймасликка, бўйин эгмасликка чақиради, чунки шоир ҳар қандай инсонийликнинг бирламчи шарти деб эркинликни билади:
Бўйин эгма, кишан кийма!
Ки, сен ҳур туғилгансен.
Чўлпоннинг 20-йиллардаги шеърияти том маънода озодлик қўшиқлари даражасига кўтарилди — бу қўшиқлар миллат қалбида милтираб ётган эркинлик чўғларини алангалантирди. Миллатнинг бўйининг анча ўсишига, қадди-қоматини ростлашига ёрдам берди. Шунинг учун ҳам шўролар ҳукумати бу шоирни кўра олмади, унинг атрофида мафкуравий ур-йиқитлар уюштириб, овозини ўчиришга ҳаракат қилди. Шу тарзда 20-йилларда Чўлпон яратган шеъриятни ҳеч иккиланмай янги босқичдаги жадид шеърияти деб атаса бўлади.
20-йилларда жадид драматургияси ҳам жуда самарали тарзда дадил қадамлар билан ривожланди. Янги пайдо бўлган ўнлаб драматик асарлар миллий театрнинг мислсиз ривожини вужудга келтирди ва бу икки ҳолат бирлашиб, 20-йиллардаги маънавий ҳаётнинг узвий қисмига айланди.

20-йилларда жадид драматургиясининг энг фаол, энг атоқли намояндалари Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ва Ҳамза Ҳакимзодалар бўлган эди.
Абдурауф Фитрат қисқа муддат ичида "Темур сағанаси", "Абулфайзхон", "Чин севиш", "Ҳинд ихтилочилари", "Арслон", "Зоҳоки морон" каби фожиа ва драмалар яратди. Буларнинг ҳаммаси ўша йилларда ўзбек саҳнасида муваффақият билан қўйилди. Табиийки, бу асарлар ҳам Фитратнинг публицистикаси каби, биринчи навбатда, аксил мустамлакачилик руҳи билан суғорилган эди. Фитрат ўтмишга мурожаат қилади, буюк соҳибқирон Амир Темур образини яратади, уни ўз юртининг фаровонлиги, мустақиллиги, яхлитлиги учун курашган, маданият ва маънавиятни юксалтиришга, адабиёт ва санъат ривожига катта аҳамият берган давлат арбоби сифатида кўрсатади.
20-йилларнинг бошидаёқ саҳнага қўйилган "Чин севиш" драмасида ва кескинроқ яратилган "Ҳинд ихтилолчилари" драмасида қўшни ҳинд халқининг тақдири тимсолида мустамлака сиёсатининг даҳшатини очади ва эрк учун, мустақиллик учун курашган одамларни том маънода идеал қаҳрамонлар тарзида кўрсатади. Фитратнинг бу асарлари айрим бадиий қусурлардан холи бўлмаса-да, миллат тақдири учун куйиб-ёниб ёзилган асарлар сифатида донг қозонди. Худди шу сифатлари учун бу асарларни шўро мафкураси қабул қилмади ва биринчи қадамларданоқ уларни муттасил қоралаш билан шуғулланди.
Жадид драматургиясининг ривожига Чўлпон ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Бу жиҳатдан, айниқса, унинг 20-йиллардаёқ саҳнага қўйилган "Ёрқиной" драмасй диққатга сазовор. Бунда ҳам Чўлпон ўзининг шу йил-лардаги эътиқодидан келиб чиқади — у инсон ҳаётининг моҳияти ҳақида ўйлар экан, инсон учун энг ардоқли қадрият сифатида, ҳатто муҳаббатдан ҳам юқори турадиган омил сифатида эрк ва адолатни тасдиқлайди. Драма қаҳрамони Пўлат вазирнинг қизи Ёрқинойни севади, лекин зарур бўлса адолат учун кураш йўлида у ҳузур-ҳаловатидан, фароғатидан, муҳаббатидан ҳам воз кечади. Ҳаётдаги адолатсизликка, зулмга қарши кураш, адолат, инсоф ва диёнатни тасдиқлаш Пўлат учун энг улуғ аъмолдир. "Ёрқиной" драмаси саҳнага қўйилган кезларда Туркистонда, Фарғона водийсида ва ўлкамизнинг яна бошқа кўпгина жойларида фуқаролар уруши давом этмоқда эди ва бу жараёнда ҳар қадамда, ҳар сонияда юзлаб, минглаб зўравонликлар, адолатсизликлар, қатлиомлар содир бўлмоқда эди. Бошқача айтганда, зулм олови гувиллаб ёнмоқда эди. Шундай шароитда "Ёрқиной" драмаси катта аҳамиятга эга бўлди.
20-йилларда Ҳамза ҳам жадидона руҳдаги драмалар яратди. Булар "Қаҳрамон ўғиз", "Фарғона фожиалари", "Мухторият" каби асарлардир. Улар мазмунан шўро адабиётининг қолипларига тўғри келмайди, шунинг учун шўро адабиётшунослиги бу асарларга кам аҳамият берди, уларни ғоявий чалкашликда, ўтмишни идеаллаштиришда айблаб, шу билан таҳлилни мухтасар қилиб кетаверди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, негаки объектив таҳлил давом эттирилса, Ҳамзанинг совет адабиётининг асосчиси тарзидаги образига доғ тушиб қоларди.
Бу ўринда яна шуни таъкидлаш керакки, Ҳамзанинг "Туҳматчилар жазоси", "Ким тўғри?", "Майсаранинг иши", "Холисхон" каби машҳур асарларини ҳам совет драматургиясининг эмас, жадид драматургиясининг намуналари деб қараган маъқул, чунки уларда ҳам социалистик реализмни ташкил қилувчи бирон белгини кўрмаймиз — драматург ҳаёт ҳодисаларини холислик билан атрофлича тасвирлайди, зўрма-зўраки ва сунъий характерлар яратмайди, инсонни инсоний жозибадан маҳрум қилувчи синфий сифатларга ва характеристикаларга мурожаат қилмайди.
Кўринадики, 20-йилларда жадид драматургияси кенг кўламда катта қадамлар билан ривож топди. Эндиги вазифа публицистика, шеърият каби унинг ҳам жамики хусусиятларини атрофлича тадқиқ қилишдир.
Энди наср масаласини кўриб чиқайлик — 20-йилларда жадид насри ҳам жуда тез суратлар билан ўсди ва жаҳон миқёсидаги етук наср даражасига кўтарилди. Юқорида эслатганимиздек, унинг ривожи адиб Абдулла Қодирийнинг номи билан боғлиқ. 1920 йилдан бошлаб у "Уткан кунлар" романини эълон қила бошлади.

20-йиллар ўртасига келганда роман алоҳида китоб бўлиб чиқди. Кейин кўп ўтмай "Меҳробдан чаён" эълон қилинди. Бу икки роман ўзбекларнинг маданий ҳаётида катта воқеа бўлди ва халқ маънавиятининг ривожига катта ҳисса кўшди. Савол туғилиши мумкин — нега сиз "Ўткан кунлар"ни совет адабиёти намуналарига қўшмаяпсиз? Умуман, асарларни жадид ёхуд совет адабиёти намуналарига ажратганда қандай меъёрга асосланяпсиз? Асарларнинг қайси сифатларига таяняпсиз? Бу ўринда фақат битта меъёр бор — совет адабиётига мансуб асарларда муаллиф воқеликни акс эттиришда синфий нуқтаи назарга асосланади, у нимани тасвирламасин, ҳар гал, албатта, воқеаларни, одамларни "пролетар синфи"нинг манфаатларидан келиб чиқиб баҳолайди. Бунинг оқибатида тасвирда торлик пайдо бўлади, асарда фақат икки хил ранг — оқ ва қора устун бўлиб қолади, бошқа рангларнинг роли йўқолади, асарда инсоний жозиба сусаяди, схематизм биринчи ўринга чиқа бошлайди. Жадид адабиётида эса ундай эмас. Бу адабиёт вакиллари қайси жанрда ижод қилишларидан қатъи назар воқеликка умумбашарий категориялар нуқтаи назаридан ёндошади, бу эса маънавий ва бадиий жиҳатдан етук асарлар яратишга имкон беради. Шунинг учун ҳам китобхон "Ўткан кунлар"ни ўқир экан, Отабекнинг савдогар бўлганидан эмас, умумбашарий идеалларни ўзида мужассам этганидан завқ олади.
Энди юқорида айтилганлардан баъзи хулосалар чиқарайлик:
1) XX аср бошида майдонга келган жадид адабиёти Октябрь тўнтаришидан кейин ўз-ўзидан ғойиб бўлиб кетгани йўқ, аксинча, у янги тарихий шароитда шўроларнинг таъқиб ва тазйиқига қарамай ўсишда давом этди.
2) Жадид адабиёти 20-йилларда ўз ривожининг анча баркамол даражасига етди. Бу адабиёт — кўп жанрли, мазмунан янгиланган, умуминсоний қадри-ятларни тараннум этувчи, айниқса, эрк ва озодлик, адолат ва виждонийлик ғояларини олға сурувчи адабиёт бўлди. 20-йиллар сўнгида большевиклар амалга оширган мафкура соҳасидаги кескин кураш, пролетар адабиётининг гегемонлиги учун кураш, нопролетар ёзувчиларига нисбатан қўлланган репрессив чоралар жадид адабиётининг бемалол ривожи учун ҳамма имкониятларга барҳам берилган эди. Шунинг учун 30-йилларда Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" романидан бошқа жадид адабиёти намунаси деб кўрсатишга арзийдиган асар майдонга келмади.
3) 20-йиллардаги жадид адабиёти изсиз йўқ бўлиб кетмади. Масаланинг пародоксал томони шундаки, шўролар томонидан қораланган ва таъқиб қилинган жадид адабиёти 20-йилларнинг ўрталарида янги пайдо бўлаётган ўзбек совет адабиёти учун замин бўлиб хизмат қилди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Ғайратий, Миртемир, Абдулла Каҳҳор, Ҳамид Олимжон каби навқирон авлодга мансуб ёзувчилар жадидларни мафкура жиҳатидан ошкора ёқтирмасалар-да, улардан санъатнинг моҳиятини тушунишда, маҳорат сирларини эгаллашда кўп нарса ўргандилар.

Озод Шарафидинов. 1996

 

 

 

Категория: Маколалар | Просмотров: 6106 | Добавил: abdulloh | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Форма входа

Кидириш
Quroni Karim
Qurondan 33 duo
Афзал Рафиков
Курон тиловоти

Bulutli sarlavha
Соатимиз
SMS жунатиниг
Forum yangiliklari
  • 100% взлом почтына заказ (33)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • Rasmlar
    Copyright MyCorp © 2024