11 апрел куни соат 11:50 да «Саратов» телевидениесида мусулмонлар учун
«Ранг баранг Ислом» туркум кўрсатувлар намойиши бошланади.
«Волга-фильм» ижодий студияси Волгабўйи мусулмонлар
диний идораси матбуот хизмати билан ҳамкорликда телетомошабинларга
Саратов мусулмонлари ҳаётидан икки лавҳани Пайғамбаримиз соллаллоҳу
алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳамда «Шайх Саид» мадрасасининг
болалар гуруҳи ҳақидаги кўрсатувни намойиш этади.
«Исломий тўй», «Исломда фарзанд тарбияси»,
«Замонавий муслима қандай бўлиши керак?», «Серфарзанд оилалар», «Машҳур
мусулмонлар», «Инсоннинг, қадриятларнинг ўзгариши», Саратов вилояти
туманларидан репортажлар, маданий-маърифий тадбирлар ҳақидаги лавҳалар,
амалий маслаҳатлар ҳамда томошабинларнинг саволларига жавоблар – янги
кўрсатувларнинг мавзу ва рукнлари ана шулардан иборат бўлади.
«Ранг-баранг Ислом» кўрсатувининг муаллифи ва
бошловчиси Лилия Яруллинанинг айтишича, бу мавзуга мурожаат қилишга
телевидениеда Ислом ва мусулмонлар тўғрисидаги саҳих маълумотларнинг
танқислиги сабаб бўлган.
«Биз Ислом ҳақидаги салбий тушунча ва қарашларга
барҳам бериб, динимиз ва замондош мусулмонларимиз ҳақидаги объектив
ахборотни етказмоқчимиз. Бизнинг асосий мақсадимиз – маърифат тарқатиш,
биз мусулмонларга кескин ўзгариб бораётган дунёда ҳақ йўлни топишнинг,
иймон-эътиқодга асосланган турмуш тарзининг, Исломнинг абадий
қадриятларининг афзалликларини етказмоқчимиз», - дейди у Саратов
вилояти мусулмонлар диний идорасининг матбуот-котиби билан суҳбатда.
Ўн дақиқа давом этадиган ушбу дастур ҳар ойда икки
марта шанба кунлари эфирга чиқади ва «Вести 24» ахборот каналида ҳамда
«ДУМСО» сайтида такрорланади, деб хабар беради Ислам.ru.
|