Бугунги мусулмон олимларининг «дунёвий» илмларда
эришаётган ютуқлари ҳар бир мусулмонда ифтихор туйғуларини уйғотиши
шубҳасиз. Бу олимларнинг Ислом зиёратгоҳларидан етишиб чиққанлиги эса
динимизнинг ҳақиқий илм дини эканлигига рамзий ишора бўлса, ажаб эмас.
Мадинада «Knowledge Economic City» лойиҳаси
Ҳали ўттиз ёшга етмаган бўлишига қарамай, доктор
Ҳаёт Синди хоним фанда кўпчилик ҳатто орзу қила олмайдиган
муваффақиятларга эришди. Муслималардан биринчи бўлиб Гарвард
университетининг нуфузли Whitesides тадқиқот марказида ишлашга
муваффақт бўлган Синди хоним кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга
ёрдам берадиган асбоб ихтиро қилди.
Синди хонимнинг ихтироси саратон (рак) касаллигини
унинг энг дастлабки босқичидаёқ аниқлашдек ноёб хусусиятга эга бўлиб,
бу дарднинг турли кўринишларини даволаш учун қайси дори-дармонлар
кераклигини ҳам белгилаб беради, деб хабар беради «Ислам Онлайн».
Нанотехнологиялар соҳасида фаолият кўрсатаётган,
асли Маккаи Мукаррамалик бўлган профессор Синди хоним ғарб
компанияларидан тушган миллионлаб долларлик таклифларни рад этиб, ўз
илмий иқтидори билан Исломга хизмат қилишни афзал кўрди. У Саудия
Арабистонида жаҳон андозаларига жавоб берадиган биотехнологиялар
маркази ташкил қилишга қарор қилди.
Қуддуси шарифдан технология кашфиётлар
Қуддуси шарифлик Даниель (Дониёл) Макхалфех эса бир
неча йил аввал бўлиб ўтган Фаластин ёшларининг технологик кашфиётлар
кўргазмаси меҳмонларини лол қолдирди. Ўн беш ёшлик бу иқтидорли йигит
ясаган ноёб робот уй юмушларини бажаришда устаси фаранг чиқиб қолди. Уч
ғилдиракли, икки моторли бу робот антенналар ёрдамида хоналарда бемалол
ҳаракатланиб, полларни супурар, гиламларни эса чангютқич билан тозалар
эди. Кўргазманинг яна бир иштирокчиси 16 ёшлик Абдуллоҳ Жародат ясаган
автомобиль эса фақат юрибгина қолмай, балки осонлик билан уча олар эди.
Кўргазмада намойиш қилинган бундай ишларнинг эътиборли жиҳати шуки,
улар маблағ ва материаллар танқис бўлган, Исроил ҳукуматининг
тазйиқлари остида қолган шароитларда ижод қилингандир.
Бироқ, Ислом дунёсининг илмий доираларида чинакам
етакчи ўрин эгаллаб турган шаҳар Мадинаи Мунавварадир. Мадинаи
Мунаввара бутун инсоният тасаввурида Ислом тимсолларидан бири бўлса-да,
бу шаҳар яқинда таъсис этилган, бутун дунёнинг энг етакчи олимлари
тўпланадиган «Нур» илмий конференцияси ўтказиладиган жой деб танланди.
Бу ерда бунёд этаётган «Knowledge Economic City» эса Ислом дунёсида
илм-фаннинг янги уйғониш даври бошланаётганлигидан далолат беради.
Манба: info.islom.uz