Рўзани бузадиган нарсалар Шайх
Муҳаммад
Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг
рўза
ҳақидаги фатволари
Тайёрловчи: «Дорул-Қосим» нашриёти.
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Рўзани
бузадиган нарсалар
Аллоҳга
ҳамдлар ва Унинг бандаси ва пайғамбари бўлган Муҳаммадга, Унинг оиласи
ва барча саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.
Савол:
Рўзани нима нарсалар бузади?
Жавоб:
оғизни очадиган барча нарса рўзани бузади. Улар:
1) жинсий
алоқа; 2) ейиш; 3) ичиш; 4) маний (сперма) нинг шаҳват билан чиқиши; 5)
ейиш ва ичиш маъноси ичига кирган нарсалар; 6) қасддан қусиш; 7) қон
олдириш; 8) ҳайз ва нифос қониниг келиши.
Ейиш,
ичиш ва жинсий алоқанинг рўзани бузишига далил
Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Энди улар билан (рўза
кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани
(фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгда оқ ип қора ипдан
(яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача
еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!»
(Бақара: 187).
Манийнинг
шаҳват билан чиқишининг рўзани бузишига далиллар: Аллоҳ
таолонинг ҳадис қудсийда келган рўзадор ҳақидаги сўзидир: «Рўзадор
таоми, шароби ва шаҳватини мен учун тарк қилади...» (Ибн Можа ривоят
қилди);
Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг этингизнинг бир парчаси
(яъни жинсий аъзоингиз)да ҳам садақа бордир»- дедилар. Саҳобалар:
«Ё Расулуллоҳ, бизларнинг биримиз жинсий алоқа қилса, савоб
бериладими?»- деб савол берганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам: «Айтингларчи, агар сизлардан бирингиз зино қилса, унга гуноҳ
бўладими? Демак, агар шаҳватини ҳалолга қўйса, унга савоб берилади»-
дедилар (Имом Муслим ривоят қилди).
«Шаҳватни
қўйиш»
- манийни шаҳват билан отилиб чиқишини қўйиш, демакдир. Шунинг учун ҳам,
мазий(*)ä
нинг, гарчи шаҳватсиз ва жинсий алоқасиз кучоқлаш билан бўлса-да чиқса,
рўзани бузмаслиги кучлироқдир.
Ейиш ва
ичиш маъносидаги нарсалар –
инсонни ейиш ва ичишдан беҳожат қиладиган ва ниналардан бериладиган
озиқлардир. Гарчи улар таом ва шароб бўлмаса-да, лекин тўқлик ўрнини
босганлари учун таом ва шароб ҳукмидадир. Зотан, бир нарсанинг маъносида
бўлган нарсанинг ҳукми, ўша нарсанинг ҳукмидир. Шунинг учун ҳам,
тананинг яшаши бу ниналар орқали бўлиб, гарчи бошқа тарафдан
озиқланмаса-да, у доимо ниналар билан озиқланади. Шуни ҳам таъкидлашимиз
керак-ки, озиқ бўлмаган ва ейиш-ичиш ўрнига берилмаган ниналар, гарчи
томир, мускул ва тананинг бошқа ерларидан қилинса-да, рўзани бузмайди.
Қасддан
қусишдан мақсад, одамнинг қорнидаги нарсаларни оғзидан чиқариб қусиши,
демакдир.
Унинг далили Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра
разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Қасддан қусган одам
(рўзасининг) қазосини тутсин. Беихтиёр қусган одамнинг
(рўзасининг) қазоси йўқдир (рўзаси бузилмагандир)» (Абу
Довуд ва имом Термизий ривоят қилдилар).
Бунинг
ҳикмати шуки, инсон қорнидаги таомини қусиб чиқарар экан, тана у
чиқарилган таом ўрнини қоплайдиган нарсани талаб қилади. Шунинг учун
ҳам, инсон қусмаслиги керак. Агар қусса, фарз бўлган рўзасини бузган
бўлади.
Қонни
олдириш сабабли рўзанинг бузилишига далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва салламнинг сўзларидир: «Қонни олган ва олдирган одамнинг рўзаси
бузилади» (Имом Бухорий ва имом Термизий ривоят қилдилар).
Ҳайз ва
нифос қони келишининг рўзани бузишига далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва салламнинг ушбу сўзларидир: «... Аёл киши ҳайз кўрса намоз
ўқимайди ва рўза тутмайди-ку?!» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят
қилдилар).
Илм аҳллари
ҳам ҳайз кўрган аёлнинг рўзаси дуруст эмаслигига қарор қилганлар. Нифос
қони кўрган аёллар ҳам ҳайз кўрган аёллар ҳукмидадирлар.
Мазкур рўза
бузувчилар учта шарт билангина кучга киради: 1) билиш; 2) эслаш; 3)
қасд қилиш билан.
Рўзадор
рўзасини мазкур бузувчилар мана шу уч шарт топилгандагина бузади.
Биринчи
шарт:
Рўзадор шаръий ҳукм ва вақт (ҳолат) ни билиши (идрок эта олиши) керак.
Агар у шаръий ҳукм ва вақтни билмаса, рўзаси бузилмагандир. Бунинг
далили Аллоҳ таолонинг сўзидир: «Роббимиз, агар унутсак ва хато
қилсак бизларни жазолама!» (Бақара: 286);
«Қилган
хатоларингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Бироқ, қалбингиз қасд қилган
нарсаларда (гуноҳ
бордир)» (Аҳзоб: 5).
Бу икки оят
умумий далилдир. Бироқ, суннатда буларга далолат қилиб келган далиллар
бўлгани учун, бу икки оят рамазонга ҳам хосдир. «Саҳиҳ» китобларда Адий
ибн Ҳотим разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган. «У
рўзадор эди. (Саҳар пайти) ёстиғининг остида туяларни чўктирилган
вақтда оёқлари боғланадиган икки: оқ ва қора ип – тушов бор эди. У оқ ва
қора ипларни ажртадиган пайтга қадар еб-ичди ва оғзини бекитди. Эрталаб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, қилган
ишини айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оятда зикр
қилинган оқ ипдан мақсад кундуз ва қора ипдан мақсад кеча эканини
тушунтирдилар. Бироқ, Адийни рўзасининг қазосини тутишга амр этмадилар»
(Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Чунки у,
ҳукмни билмас ва оятларни юқоридагидек бўлса керак деб гумон қилган эди.
Вақтни
билмаслик рўзани бузмаслигига далил Асмо Абу Бакр қизи разияллоҳу
анҳумонинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида булутли
кунда оғзимизни очганимиздан сўнг Қуёш кўринди», деб айтган
сўзларидир (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам уларни рўзаларининг қазосини тутишга амр этмадилар. Агар қазо
қилиш керак бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни
рўзанинг қазосини тутишга буюрган бўлар эдилар. Буюрсалар эди, албатта
умматга нақл қилинар эди. Чунки Аллоҳ таоло: «Бизлар зикр
(Қуръон)ни нозил қилдик ва бизлар уни ҳимоя қиламиз» (Хижр: 9)-
деган. Ишончли манбалар тарафидан нақл қилиш имконияти бўлишига қарамай,
ундай ҳукм нақл қилинмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан
нақл қилинмаганига кўра, бундай ҳолатда рўзанинг қазосини тутиш фарз
эмасдир. Масалан, бир одам саҳарликка турганини гумон қилиб еб-ичади,
бироқ, еб-ичган вақти Қуёш чиққанидан кейинги вақт эканини пайқайди. Бу
одам рўзасининг қазосини тутмайди. Чунки у, вақтни билмаган эди.
Иккинчи
шарт:
Рўзадор билади, аммо унутади-да, бирон нарсани ейди ёки ичади. Бу
одамнинг рўзаси бузилмаган ва у рўзасининг қазосини тутмайди. Бунинг
далили Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: «Роббимиз бизларни хато қилсак
ва унутсак, жазолама!» (Бақара: 276).
Абу Ҳурайра
разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
дедилар: «Рўза тутиб унутиб еган ёки ичган одам, рўзасини ниҳоясига
етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичирган»» (Имом Муслим ривояти).
Учинчи
шарт:
Рўзани қасддан бузиш. «Қасддан» дейишдан мақсад, рўзадорнинг оғзини ўз
ихтиёри билан очиши, демакдир. Агар ихтиёрсиз бўлса, унинг рўзаси
бузилмагандир. Бунда рўзадорнинг мажбурланган бўлиш ёки бўлмаслиги муҳим
эмасдир. Чунки Аллоҳ таоло куфр ишни қилишга мажбурланган одам қақида
шундай деган: «Иймон келтирганидан сўнг (куфр ишни қилишга)
мажбурланган, бироқ, қалби иймон билан хотиржам бўлган киши (кофир
эмасдир). Аммо қалбларини куфрга очган кимсаларга Аллоҳ тарафидан
ғазаб ва буюк азоб бордир» (Наҳл: 106). Расуллуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло бу умматимдан хато, унутиш ва
мажбурланган нарсаларини кечирди» (Ибн Можа ривояти).
Мазкур
далилларга биноан рўзадорнинг нафас йўлларидан кириб, таъмни ҳис эттирган
зарралар ва меъдасига тушган чанг-ғуборлар рўзани бузмайди. Чунки
рўзадор буни қасд қилмаган. Шунингдек, рўзасини очишга мажбур қилинган
ва очган рўзадорнинг рўзаси ҳам бузилмагандир. Чунки у, рўзасини
ихтиёрсиз очган бўлади.
Шу ерда
диққат этиш керак бўлган бир масала бор. У – рамазон ойининг кундузида
рўзасини жинсий алоқа қилиш билан очган одамга рўза тутиши вожиб бўлади.
Чунки унинг жинсий алоқа қилиши оқибатида беш ҳолат лозим бўлади: 1)
гуноҳ; 2) куннинг қолган қисмида рўзадор қолиш; 3) рўзасининг бузилиши;
4) қазо қилиш; 5) каффорот бериш. Бу ҳукмда унинг билиб ёки билмай
жинсий алоқа қилганлигининг эътибори йўқдир. Яъни, рамазон ойида фарз
рўзани тутиш асносида каффорот бўлишини билиб ёки билмай жинсий алоқа
қилган одамга юқорида санаб ўтилган ҳукмлар жорий қилинади. Чунки, у
рўзани бузувчи нарсани қасд қилди. Бу эса унга белгиланган ҳукмларни
жорий қилишни талаб қилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган
ҳадисда шундай дейилган: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳалок бўлдим!»- деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сени нима ҳалок қилди?»-
дедилар. У одам: «Рамазонда рўзадор ҳолатимда хотиним билан жинсий
алоқада бўлдим»- деди». (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят
қилдилар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни каффорот беришга
амр этдилар. Аслида, бу одам рамазон ойининг кундузларида жинсий алоқа
қилиш каффоротни тақозо этиши ёки этмаслигини билмас эди. Шунинг учун
ҳам, юқорида: «Рўза фарз бўла туриб» жумласини эҳтиёт нуқтаи назаридан
келтирган эдик. Чунки сафардаги рўзадор рамазон ойининг кундузида жинсий
алоқа қилса, унга каффорот вожиб бўлмайди. Масалан, эр-хотин рамазон
ойида сафарга чиқсалар ва кундуз куни, рўзадор ҳолатларида, жинсий алоқа
қилсалар, уларга каффорот вожиб бўлмайди. Чунки мусофир оғзини очса,
рўзасини ниҳоясига етказиши шарт эмас: хоҳласа ниҳоясига етказади,
хоҳламаса рўзасини очиб, кейин қазосини тутиб беради.
Тўғрисини
Аллоҳгина билади ва қайтиш Унгагинадир.
Аллоҳ
таоло Пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча Саҳобаларига салавот ва
саломлар йўлласин.
|