Абдулвали қорининг ҳаётлари, илм ва даъват йўлидаги фаолиятларидан бир лавҳа Кириш
Ҳар йилнинг 29 август куни Ўзбекистон мусулмонлари учун унутилмас қайғули хотирани ёдга солади. Бундан роппа-роса 10 йил муқаддам (1995 йил, 29 август) собиқ КГБнинг давомчиси - Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати томонидан ниҳоятда мудҳиш ва пасткаш жиноят амалга оширилди. Андижон жоме масжидининг имоми Абдулвали қори домла Тошкент халқаро аэропортидан ўғирлаб кетилди. Ўшанда у киши яқин шогирдларидан бири Рамазон Маткаримов ҳамроҳлигида Москвада ўтказиладиган халқаро анжуманда иштирок этиш учун сафар қилаётган эди. Абдулвали қори домла шериклари билан божхона ва чегара текширувларидан ўтиб, барча йўловчилар қатори самолёт томонга қараб юра бошлаган пайтларида фуқаро кийимидаги бир гуруҳ кимсалар томонидан тўхтатиладилар ва аэропорт биносидаги хоналардан бирига олиб кириб кетиладилар... Шундан бери мана орадан 10 йил ўтибдики, Каримов ҳукумати Абдулвали қори домланинг тақдирларини халқдан яшириб келмоқда. Ўзбекистон шарқида жойлашган Андижон шаҳри Фарғона водийсининг аҳолиси зич шаҳарларидан биридир. Бу шаҳар қадим-қадимдан бутун жаҳонга олиму шоирлар, подшоҳу саркардалар, ҳунарманду соҳибкорлар ватани бўлиб танилган. Бу шаҳарни шу кунгача яхши танимаганлар ҳам бундан уч ойгина аввал (2005 йил, 13 май, жума) ўзбек диктатори ва жаллоди қўлидан тўкилган қонлар туфайли энди уни жуда яхши танийди. Бугун Андижон дейилса, дунёнинг қайси бурчагида яшаётган бўлмасин, ҳар битта инсон боласининг кўз ўнгида аёвсиз қирғинга учраган мазлум шаҳар гавдаланади. Биз бугун ана шу мазлум шаҳарнинг мазлум имоми ҳақида сўз юритаяпмиз.
Абдулвали қорининг ҳаётлари, илм ва даъват йўлидаги фаолиятларидан бир лавҳа
Аллома Абдулвали қори Ашур ўғли Мирзаев 1950 йили Андижонда дунёга келганлар. У киши Совет Иттифоқи деб аталадиган мамлакатда, Ислом билимларини ўрганишдан, диний ибодатларини бемалол адо этишдан маҳрум этилган оилалардан бирида ўсиб ундилар. Ақлларини таниган чоғларидан бошлаб дўстлари Раҳматуллоҳ (Аллоҳ раҳматига олсин) билан бирга ўша замоннинг муаллимлари қўлида ниҳоятда сирли равишда Ислом билимларини ўргана бошладилар. Улар Аллоҳ насиб этганича тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ фанларидан ҳанафий мазҳаби бўйича битилган китоблардан дарс қилишар эди. Кейинчалик араб тили сарф-наҳв қоидалари ва балоғат илми бўйича тожикистонлик Муҳаммад Домлада (Домла Ҳиндистоний) таълим олишди. Бурҳониддин Марғилонийга ҳамшаҳару ҳаммаслак бўлмиш устоз Абдулҳаким қори отанинг ҳузурларидаги узоқ йиллик муборак дарслар ҳам Абдулвали қорининг ҳаётларида ўчмас из қолдирди. Қори ака умрларининг энг бахтли кунларидан саналган ана шу дамлар олтмишинчи, етмишинчи йилларга тўғри келади. Биродарларнинг эслашларича, ўша пайтлари Қори ака 8 ой ичида Қуръони каримни ёд олган эдилар. Етмишинчи йилларда Андижон ва унинг атрофидаги шаҳарларда мусулмон талабалар ўртасида Абдулвали қорининг ҳамдарслари ва дўстлари Раҳматуллоҳ қорининг ўзига хос даъватлари кучаяди. Ўша вақтларда мусулмонлар, айниқса ёш талабалар орасида "Раҳматуллоҳ аллома” деган ном кенг тарқалган эди. Жуда кўп ёшлар Абдулвали қори ва Раҳматуллоҳ алломанинг дарсларидан яширин равишда баҳраманд бўлиш учун Андижонга интилар эдилар. Раҳматуллоҳ аллома ўз даъватларини ғайриоддий журъат билан олиб борарди. Абдулвали қори эса Раҳматуллоҳ билан келишган ҳолда ўз дарслари ва ҳаракатларини нисбатан оҳисталик билан амалга оширар эдилар. Нурни пуфлаб ўчириб бўлмайди Раҳматуллоҳ қорининг жамиятга алоҳида таъсири, мусулмон ёшлар ўртасидаги обрўси коммунистларни жиддий хавотирга сола бошлади. Худосиз давлат томонидан динга ва мусулмонларга қарши олиб борилаётган қизил сиёсатнинг аслида таги пуч ва қип-қизил ёлғон нарса экани халққа тобора маълум бўлиб бораётган эди. Кофир тузум ҳар қанча уринмасин, Ислом йўлига минг хил тўсиқлар қўймасин, омма орасида, айниқса ёшлар ичида Исломга қизиқиш кучайиб борар, яширин ва янги-янги ҳужраларнинг сони ортаверар эди. Одамлар барибир ўз фарзандларига Ислом эътиқоди ва ахлоқини таълим бериш, намоз ва Қуръон ўқишни ўргатиш йўлларини ихтиро қилаётган эдилар. Жамиятдаги бундай ривожланишдан Ислом душманлари ҳам албатта бехабар қолмас, мусулмонлар билан изма-из "қувлашиб” борар эди. У пайтларда "одил судлов” тизимида ҳали бугунгига ўхшаган "норасмий равишда динга ўқитиш”, "ноқонуний уюшма тузиш”, "конституцион тузумга тажовуз”, "159-модда”, "наркотиклар сақлаш” деганга ўхшаган тутуриқсиз атамалар таомилга кирмаган эди. Ҳукумат норасмий равишда Ислом динини ўрганаётганларга қарши жиноий иш очиб ўтирмасди. Бироқ пайтини пойлаб туриб ундан баттарроғини қўллар эди. Шундай қилиб, Ўзбекистон КГБси 1980 йили Раҳматуллоҳ алломага қарши суиқасд уюштирди ва у киши ўзининг бир неча ҳамроҳи билан водий йўлларидан бирида автоҳалокатга учраб шаҳид бўлди. Шунда у киши 30 ёшларда эди.
(Бақара сураси, 154-оят). Аллоҳ душманлари ўзбек халқидан Аллоҳнинг раҳматини кесиб ташлашга уриндилар. Раҳматуллоҳни ҳалок этдилар. Бироқ бу ҳаракат Аллоҳнинг нурини пуфлаб ўчиришга уринишдан бошқа нарса эмасди. Ахир қуёшни пуфлаб ўчириб бўладими?! Бу мусибатлардан кейин ҳам Абдулвали қорининг исломий таълим йўлидаги ҳаракатлари, даъватлари тўхтамади. Абдулвали қори домла дўстлари Раҳматуллоҳ алломадан сўнг даъват ва таълим жиловини қўлга олдилар. Аллоҳ бирнинг ўрнига ўнни, юзни ато қилгани каби, домланинг қўлларида минглаб янги устозларни, Ислом йўлига жонини беришга тайёр ўн минглаб ёш талабаларни чиқарди. Ҳужраларда, мусулмонларнинг уйларида яширин мактаблар, айтиш мумкин, мадрасалар, институтлар ўз фаолиятини яна ҳам кучлироқ суръатларда давом эттирди... Ниҳоят, Аллоҳ миллионлаб мусулмонларнинг ёстиғини қуритган кофир давлатни дунё харитасидан ўчириб ташлайдиган вақт яқинлашди. СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв "ошкоралик” ва "қайта қуриш” сиёсатини эълон қилиб, мусулмонларни қисман ўз эркларига қўйиб беришга мажбур бўлганидан сўнг Ўзбекистонда ҳам минглаб қулфланиб ётган масжидлар ўз эгаларига қайтарилди. Ана ўшандай илм ва ибодат даргоҳларидан бири Андижон жоме масжиди эди. Қадимий Жоме очилгандан сўнг бирмунча вақт ўтгач, мусулмонлар шайх Абдулвали қорини шу масжидга имом ва хатиб қилиб тайинлашни талаб қилиб чиқдилар. 1989 йилдан Қори домла имомликка ўтиб, масжидда ваъз ўқий бошладилар. Қори ака масжид минбаридан туриб, халққа Ислом таълимотларини соф ҳолида етказишга, 70 йиллик ташна қалбларни Аллоҳнинг ҳидояти билан суғоришга киришдилар. У киши маломатчиларнинг гап-сўзларидан заррача чўчимасдан даъват йўлига бор кучларини сарфлар, Аллоҳ ҳам шунга яраша Ўз ёрдамини ато этар эди. Абдулвали домланинг мухлислари ҳар жума куни бир неча соатлик умрларини иймон, ибодат ва илм лаззати ичида ўтказиш учун Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан, қўшни жумҳуриятлар шаҳарларидан узоқ йўлларни босиб, Жоме сари келар эдилар. Қори домланинг шогирд ва мухлислари жума ваъзлари ва бошқа кунлардаги дарслар ёзилган аудиокассеталарни ўз вақтида оммага етказиб беришар, минглаб кассеталар Ўзбекистон ва қўшни юртлар мусулмонлари орасида яшин тезлигида тарқаб кетар эди. Ҳозирги кунгача ҳам ўша ваъзлар ёзилган дисклар ва кассеталарни жуда кўплаб мусулмонлар суйиб эшитадилар, ўзларига керакли фойдаларни ҳосил қиладилар. Куфрнинг навбатдаги хуружи Муҳтарам Шайх Аллоҳнинг ҳақ йўлидаги очиқ даъватларини 1989 йилдан 1995 йилгача давом эттирдилар. Охири Аллоҳ Қори акамизга ёзган оғир синов соатларидан бири етиб келди. Ислом ва куфр, иймон ва нифоқ ўртасидаги қадимий курашнинг вақти-вақти билан зоҳир бўлиб турадиган авж паллаларидан яна биттаси намоён бўлди. Суяги Исломга қарши душманлик билан қотган, руҳи мусулмонларга нафрат кайфияти билан суғорилган, динга қарши гоҳ яширин, гоҳ ошкор уруш олиб бораётган кофир ўз ишини қилди. Бу сафар куфр ўз жиноятини "мустақил” Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати уясидаги тўдалар тузган режа бўйича амалга оширди. Абдулвали қори 1995 йил 29 август куни Тошкент халқаро аэропортида МХХ ходимлари томонидан ғайриоддий, ғайриинсоний ва ғайриқонуний равишда қўлга олиниб, сирли равишда омма кўзидан ғойиб этилдилар. Ўша соатларда у киши Москвага сафарга отланган бўлиб, у ерда ўтказиладиган халқаро анжуманда иштирок этишлари ва Ўзбекистон мусулмонларининг аҳволи ҳақида маъруза қилишлари кутилаётган эди. Мусулмонлар имомининг коммунист сарқитлар томонидан ўғирлаб кетилиши ўзбек халқи устига бундан буёғида энг ёмон мусибатлар келаётганидан дарак берар эди. Ўзбекистон дунё харитасида ёки ҳукумат қоғозларида мустақил бўлган эса-да, аммо айрим содда одамларнинг "истиқлол-истиқлол” дея қўлларига нимани ушлаб олганлари ана ўша кунларда анча маълум бўлиб қолган эди. Бир ҳикояда айтилишича, кўзи ожиз одам қўлидан тушиб кетган қамчинни қидириб, илонни ушлаб олган экан. Унга: "Бу қамчин эмас, илон, ташла!” десалар ҳам, ҳеч ишонмас эмиш. Охири илон уни чақиб олгандан кейин у ожиз одамнинг ўзи ўлган, аммо қўлидаги "қамчин"ни ҳамон қўйвормас эмиш. Ҳа, кўр тутганини, кар эшитганини қўймас, деб шунга айтадилар. Аммо бизнинг халқимиз, мусулмонларимиз кўр ёки кар эмаслар, алҳамдулиллоҳ. Ким дўсту ким душман эканини яхши ажратадиганлар халқимиз ичида жуда кўп. 1995 йили содир бўлган воқеа мусулмонларнинг, қолаверса ўзбекларнинг душмани ким эканини кўпчиликкка кўрсатиб қўйган эди. Аммо энди ҳаммамизга маълумки, буни яхши англамаган инсонлар учун орадан 10 йил ўтиб, 2005 йили Андижонда содир этилган қирғин мазкур ҳақиқатни бор бўйи билан ошкор этди. Абдулвали қори домланинг йўқолишлари хабари қатор Ислом мамлакатларининг уламолари ва мусулмонлари томонидан катта қайғу ва ташвиш билан қабул қилинди. Кўпгина уламолар, имом ва даъватчилар бу воқеани кескин қоралаб чиқдилар. Айниқса Андижон Жомесининг 15-20 минглик намозхонлари масжидда бир неча ҳафта давомида йиғилишлар ўтказиб, ўз норозиликларини ҳукуматнинг турли идораларига йўлладилар. Қори домланинг оила аъзолари, қариндошлари содир этилган жиноятда ҳукуматнинг қўли борлиги ҳақидаги шикоятларини президент Каримовдан тортиб, МХХ, ИИВ, бош прокуратура ва бошқа идораларга такрор-такрор юбордилар. Қори акани зудлик билан озод этишни талаб қилдилар. Аммо бу мурожаатларнинг барчаси самарасиз кетди. Халқаро жамоатчиликка қилинган хитоблар ҳам фойда бермади. Ҳукумат мазкур хатларга на жавоб қайтарди, на бу иш юзасидан жиноий иш қўзғади. Аксинча, ўша таҳликали кунларда МХХ Жомеда йиғилган халойиқни алдаб, уларни тарқатиб юбориш учун ўзининг айғоқчилари орқали масжидга қўнғироқлар қилиб, "Қори ака топилдилар, озод қилиндилар, ҳозир уйларига кетдилар” қабилидаги миш-мишларни тарқатиб турди. Ҳафталар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтди. Жоме ҳукумат томонидан яна тортиб олинди. У ерда хизмат қилган мутавалли ва бошқа ходимлар бирин-кетин турли тўқима айб, баҳоналар билан қамоққа олиндилар. Уларнинг бир қанчалари қамоқхонада қийноқлар остида жон бердилар. Қўрқоқ кофирнинг йўли шундай. У ҳеч қачон тўғридан-тўғри ўзининг Ислом ва мусулмонларга душманлигини очиқ айта олмайди. Содда одамларни алдаб ўзига оғдириб, ўз манфаати йўлида ишлатиб кун кўради. Аммо қилаётган ишини кўрсангиз, унинг ким эканини аниқ била оласиз. Бунинг учун сизнинг қалб кўзингиз очиқ бўлса кифоя. Қалб кўзи кўр ёки хира бўлса, бундан ортиқ мусибат йўқ. أَفَلَمْ يَسِيرُواْ فِي الأَرْضِ فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَآ أَوْ آذَانٌ يَسْمَعُونَ بِهَا فَإِنَّهَا لاَ تَعْمَى الأَبْصَارُ وَلَـكِن تَعْمَى الْقُلُوبُ الَّتِي فِي الصُّدُورِ Ибн Касир Ҳаж сурасининг юқоридаги 46-ояти тафсирида айтадилар: "Кўрлик кўзнинг кўр бўлгани эмас, ҳақиқий кўрлик қалб кўрлигидир. Агар кўзнинг қуввати кучли бўлса ҳам қалб кўр бўлса, у кўрган нарсасидан, эшитган хабарларидан ибрат ола билмайди”.
Андижон жомеси Андижон жоме масжиди. 90-йилларнинг бошида Исломга қисқа фурсат йўл очилган муддат ичида бу ерда неча ўн минглаб одам ҳидоят топди, имом Абдулвали қори домланинг қўлларида иймон ва Ислом сабоғидан баҳраманд бўлди. Масжид ходимлари Жомени расмий рўйхатдан ўтказиш учун бир неча йил тинимсиз ҳаракат қилганлар. Аммо аввалдан нияти бузилган ҳукумат турли баҳоналарни рўкач қилиб, масжидни рўйхатга олмади. Ҳатто маҳаллий ҳокимият томонидан берилган рухсатни бекор қилдирди. Масжиддан таралаётган ибодат нури ниҳоят 1997 йилда ўзбек ҳукумати томонидан бўғиб тўхтатилди. Масжид хозирги кунда худди Совет давридаги каби музейга айлантирилган.
Замондош уламоларнинг шайх Абдулвали қори ҳақларидаги хотираларидан Шайх Абдулвали қорининг овозалари хорижда кўпгина ислом мамлакатларига етиб борган, уламолар Шайх Абдулвали қори ҳақларида фақат яхши сўзларни айтиб келишган. Жумладан, ҳиндистонлик машҳур аллома шайх Абулҳасан Надавийнинг қори ака ҳақларидаги таассуротлари айрим китобларда босилиб ҳам чиққан. Қори домла 90-йилларнинг бошларида ҳаж фарзини адо этиш учун сафарга борганларида Саудия Арабистони муфтиси марҳум шайх Абдулазиз бин Боз раҳимаҳуллоҳ билан учрашиб суҳбатлашган эдилар. Кейинчалик у зот ва бошқа уламолар Абдулвали қорининг мусибатларидан қаттиқ таъсирланишганини билдириб, дуолар қилишган. Яна Арабистон олимларидан шайх Солиҳ Садлон, шайх Абдуллоҳ Ғунаймон, шайх, доктор Абдуллоҳ бин Абдулмуҳсин Туркий, шайх Сафар Ҳаволий ва бошқалар ҳалигача ўз суҳбатларида Қори акани тез-тез эслаб, у киши ҳақидаги ажойиб таассуротларини зикр қиладилар. Абдулвали қори домла ғойиб бўлган кунлари юртимиз мусулмонлари ва уламолари учун ҳам оғир дамлар бўлган. Тошкент шаҳар Тўхтабой масжидининг имоми Обид қори домла жума маърузаларидан биттасини тўлалигича Абдулвали қори акага бағишлаган эдилар. Ўша мавъизада уламоларни беҳурмат қилишнинг хатари ҳақида гапирилиб, бундай пасткаш ишга фақат қалби Исломга, унинг аҳлига ва уламоларига нафрат билан тўлган мунофиқгина қўл ура олиши айтилади. Акс ҳолда инсон нима учун ва қандай қилиб, ҳеч қандай жиноятда айбланмаган бир олимга нисбатан бундай яширин суиқасдни содир эта олади?! Ўша маърузада яна мана бу сўзлар айтилади: "Бу каби даҳшатли жиноятни ўз даврида Совет Иттифоқи пайтидаги золим коммунистлар ҳам қилмаган эдилар. Тўғри, улар уламоларни, даъватчиларни, мусулмонларни қамоққа олганлар, ўлимга ҳукм қилганлар, ҳатто очиқчасига отиб ташлаганлар, аммо ҳеч қачон уламоларни ўғирлаб кетмагандилар!” Шайх Обидхон ҳам шайх аллома Абдулвали қори каби мусулмонларнинг холис хизматидаги имом-хатиб, ҳақ йўл устида Қори домлага ҳамроҳ ва сафдош эдилар. У киши Тошкентдаги Тўхтабой масжидида 1995 йилнинг охиригача ишладилар. Ҳукумат Абдулвали қори домладан қўлини бўшатгач, Обидхон қорига ташланди. Диний идорага буюриб, у кишини аввал ишдан бўшаттирди, кейин шаҳардан ҳайдаб чиқаришга уринди. Охири ҳукумат 1998 йилда Обидхон қорини қамоққа олишга жиддий ҳаракат бошлагач, у киши бутунлай ғойиб бўлди. Баъзилар Обидхон қорини ҳам ўғирланганлар қаторида зикр қилади, айримлар бу фикрга қўшилмайди. Биз улуғ Аллоҳдан ҳар икки шайхимизни ҳам, бошқа мазлум мусулмонларни ҳам Аллоҳ ўз нусрати билан азизу мукаррам қилишини сўраймиз. Аллоҳ уларнинг душманларини, демакки, Исломнинг ва бизнинг душманларимизни албатта мағлуб этажак. Устозларимизнинг ўзлари орамизда бўлмасалар ҳам, уларнинг оташин сўзлари, даъватлари ҳар куни қулоқларимиз остида жарангламоқда, қалбларимизда яшамоқда. Бу ҳолатнинг ўзи ҳам Аллоҳ ваъда қилган нусрат-ғалабанинг бир қисми ёки дебочасидир. إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُواْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الأَشْهَادُ "Биз шубҳасиз, Ўз элчиларимизга ва иймон келтирган инсонларга бу дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар қоим бўладиган (Қиёмат) кунда ҳам ёрдам-ғалаба ато қилажакмиз”.
(Ғофир сураси, 51-оят). Ўзбек ҳукумати ўғирлаб кетган уламолар ва толиби илмлар Биз қуйида Каримов ҳукумати томонидан ўғирлаб кетилган мусулмонлардан баъзиларининг рўйхатини келтирамиз. Токи муҳтарам ўқувчилар Каримовнинг террорга қарши олиб бораётган кураши аслида оддий халққа қарши қаратилганига яна бир иқрор бўлсинлар: 1. Шайх Абдуллоҳ Ўта, Ўзбекистон ислом уйғониш партиясининг раиси. Бу киши 1993 йили Тошкентда ўз уйи олдидан ўғирлаб кетилган. 2. Шайх Абдулвали қори, 1995 йили Тошкент аэропортидан ўғирланган. 3. Рамазон Маткаримов, 1995 йили шайх Абдулвали қори билан бирга ўғирланган. 4. Неъматуллоҳ Парпиев, Андижон Жоме масжидида шайх Абдулвали қоридан сўнг бирмунча муддат имомлик қилган, 1997 йили ўғирланган. 5. Содиқжон қори, Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида яшаган таниқли толиби илмлардан. 2003 йили ўғирланган. 6. Ҳусниддин Назаров, Обидхон қори ўғли, 2004 йили 16 май куни Тошкентда ўз уйи олдида ўғирланган. У отасидан сўнг жуда эхтиёт бўлиб юрган ва ўзига ҳукумат томонидан бирор суиқасд уюштирилиши мумкинлигини айтиб, оиласини огоҳлантирар эди. Онаси ва оила аъзолари ҳам доимо ҳадик остида яшар эдилар. МХХ Ҳусниддинни отаси Обидхон қоридан ўч олиш учун ўғирлади. 7. Оқил Юнусов, Тошкент шарқшунослик институти ва Мадина Ислом университети битирувчиси, ўзининг намозхонлиги ва тақводорлиги билан МХХ назоратига тушган. Йўқолишидан бир неча кун аввал кетидан номаълум кишилар машинада кузатаётганлигини сезган ва бу ҳақда оиласига айтган. 2004 йил, 28 май куни ўғирланган. 8. Фаррух Ҳайдаров, Тошкент шарқшунослик институти ва Мадина Ислом университети битирувчиси. Миср элчихонаси маданият маркази қошида очилган араб тили курсида дарс бериб юрган. Исломдаги ҳар қандай гуруҳларга қарши экани маълум бўлса ҳам, бироқ доимий намоз ўқиши ва қидирувдаги имом Руҳиддиннинг куёви бўлгани учун ҳукуматга ёқмай қолган. МХХ Фаррухни 2004 йил, 25 июн куни Руҳиддин учун қасос сифатида ўғирлаган. 9. Абдурасул Раҳимов, 2004 йили ёз ойида ўғирланган. Оддий намозхон бўлгани ва Қуръон ўқишни ўрганиб юргани учун ўғирланган. 10. Равшан Исманходжаев, Абдурасул Раҳимовнинг дўсти, иккиси битта машинада кетаётган бўлгани учун бирга ўғирланган. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. "Мазлум” инсон ҳуқуқи ташкилоти раиси Отаназар Ориповнинг ёзишича, уларнинг ташкилотида 70 дан ортиқ кишининг ўғирлангани ҳақида маълумотлар бор ва аслида Ўзбекистон бўйича ўғирланганларнинг сони бундан анча кўп. Кўпчилик мусулмонлар бу ҳақда гапиришга қўрқадилар. Аллоҳдан барча мазлумларга ёрдам ва ёруғлик ато этишини илтижо қиламиз.
Ўзбек ҳукуматининг минтақадаги ўрнига бир назар
Каримов бошчилигидаги жиноий ҳукуматнинг одам ўғирлаш сиёсати бугун бутун дунё олдида фош бўлган. Динга қарши курашнинг нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё республикаларида аввалда эшитилмаган бундай аҳмоқона кураш усулининг ихтирочиси Каримов ва унинг атрофини ўраб турган одам қиёфасидаги ваҳший маслаҳатчилардир. Ижрочилар эса МХХ ва ИИВдаги малайлар. Улар бундай қилиқлари билан фахрланиши аниқ. Зеро, аҳмоқлар ҳеч қачон ўзининг аҳмоқлигидан хафа бўлган эмас. Агар хафа бўлганда, ақлли бўлиб қолган бўларди. Аммо энг ачинарлиси, бундай зўравонларнинг қўлидан ушлаб тўхтата оладиган ақлли кучнинг на халқаро майдонда ва на минтақада йўқлигидир. Аҳвол шу даржага бориб етганки, Каримовчиларга ҳозир Ўзбекистон торлик қилиб қолган. МХХ ва ИИВ айғоқчилари гоҳ Қирғизистонга, гоҳ Қозоғистонга, гоҳ Тожикистонга ўтиб изғиб юришади ва хоҳлаган ифлос ишларини қилиб келаверишади. Ўтган йиллар мобайнида қирғизистонликлар ўз юртларига рухсатсиз равишда суқилиб кириб, одамларнинг ҳуқуқларини поймол этаётган ўзбекистонлик орган ходимларини бир неча бор ушлаб олишган. Бироқ қирғиз ҳукуматининг ожизлигидан фойдаланиб Каримовчилар ҳар сафар сувдан қуруқ чиқиб кетаверадилар. 2003 йили ўзбек махфий хизматлари Қирғизистон фуқароси Содиқ қори исмли шахсни ўғирлаб кетган бўлса ҳам бунга қирғиз ҳукумати ҳеч қандай эътироз билдира олмади. 2005 йили Тожикистон ҳукумати ўз ҳудудида айғоқчилик қилиб юрган ўзбек МХХчиларидан бир нечасини қўлга олиб қамоққа ҳукм қилди. Бундай ҳолат Тожикистонда авваллари ҳам содир бўлган. Ўзбек махфий хизматлари Каримов терроридан қочиб жон сақлаб юрган мусулмонларнинг бир қанчасини Русия ва бошқа давлатлар ҳудудидан қонуний йўллар билан олиб келишга кўзи етмагач, ўғирлаб келган ёки ўша ерда ўлдириб кетган. Жумладан, ўзбек ҳукуматига ёлланган жаллодлар Қўқон шаҳридаги "Камолот” мадрасасининг асосчиси ва биринчи мудири шайх Мухторхонни Москва шаҳрида ўлдириб кетган. Агар таъбир жоиз бўлса, ўзбек ҳукуматининг минтақани нотинч қилаётган ҳатти-ҳаракатларини бир маҳаллада яшаб туриб, бутун бошли маҳаллага тинчлик бермаётган уч-тўртта безори йўлтўсар ва чўнтаккесарлар тўдасининг ишига ўхшатиш мумкин. У безориларни тийиб қўйиш на маҳалла аҳлининг, на оқсоқолларнинг қўлидан келади. Агар оқсоқоллар бирор нарса десалар, безорилар уларнинг соқолларини битталаб юлади. Нима учун? Чунки маҳалланинг шарқ томони билан шимол томонида жойлашган қўшни маҳаллада яшайдиган энг ёмон зўравонлар бу безориларни рағбатлантириб, булардан улуш олиб туради... Ислом олами ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат Қайғули 29 август муносабати билан "Мусулмон Ўзбекистон” сайти ходимлари Ўзбекистон халқига, Ислом оламига ва дунё жамоатчлигига мурожаат қилиб, Абдулвали қори домла ва улардан бошқа барча ўғирланган мусулмонлар тақдирига яна ҳам жиддийроқ аҳамият қаратишга чақиради. Қамоқхоналарда азоб чекаётган неча минглаб мусулмонлар, диний ва сиёсий маҳбусларга ҳамма томонлама ёрдам беришга, уларни қутқариш йўлидаги ҳаракатларни кучайтиришга даъват қилади. Қўлидан ҳеч нима келмаган одамнинг ҳар куни мазлум биродарларини номма-ном эслаб дуо қилиши, уларга Аллоҳдан сабр, нажот ва нусрат сўраб туриши ҳам катта ёрдамдир. Бугун инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва баъзи Ғарб давлатлари Ўзбекистон қамоқхоналарида 7000 диний ва сиёсий маҳбус борлигини айтсалар-да, бу рақам Андижон фожеасидан сўнг бир неча мингга ортган бўлса ортганки, аммо камайган эмас. Биз барча мусулмонлардан, яхши ниятли инсонлардан, Шарқу Ғарбдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, турли ҳаракат ва партиялар, ҳамда хорижий давлатлар ҳукуматларидан ўзбек диктаторига яна ҳам қаттиқроқ ва кўпроқ босим ўтказишларини сўраймиз. Бу юртда адолат ва ҳақиқат тантана қилиши лозим. Ҳукуматни эгаллаган золимларнинг йўли тўсилиши, тутқунликдаги мусулмонлар озод этилиши, Ислом аҳлининг ўз динларига тўла амал қилишлари учун барча шароитлар яратилиши зарур. "Мусулмон Ўзбекистон” таҳрир ҳайъати 2005 йил, 29 август 1426 ҳижрий, 25 Ражаб.