Чоршанба, 18.12.2024, 12:48:51

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Мақолалар | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
Сайт менюси
Бўлимлар
Сахобалар (РА) [2]
Янгиликлар [20]
Маколалар [19]
Ислом [10]
Yusuf (A.S)
Онлайн таржимон
Im Translator, Online translator, spell checker, virtual keyboard, cyrillic decoder
Tavsiya qiling
Oy to'lishi
CURRENT MOON
Bog'lanishlar
Поделиться социальных сетей
Mitti chat
SMS jo'nating
Yangilik va makola
[26.07.2012][Ислом]
Каъба ернинг маркази (0)
[01.06.2012][Ислом]
Фатх сураси (The Victory) - سورة الفتح (0)
[04.03.2012][Маколалар]
Такими будут наши халифы: Умар ибн Абдуль Азиз (0)
[02.01.2012][Маколалар]
Узбекистан: практический обзор и фотографии (0)
[06.10.2011][Маколалар]
20—30-йилларда жадид адабиёти (0)
Site map
So'rovnoma
Сиз хозир кайси давлатдасиз?
Всего ответов: 2142
Baham ko'ring
Поделиться социальных сетей
Статистика

Хаммаси булиб сайтда: 3
Мехмонлар: 3
Фойдаланувчилар: 0
Siz haqingizda
Hush Kelibsiz
Mehmon
3.145.74.89
Главная » 2009 » Октябрь » 31 » Қуръони карим тиловати
8:17:32
Қуръони карим тиловати
 Қуръони карим тиловати


Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг тиловати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта тасири бор омилдир.
Қуръони Карим тиловати деганда уни ҳарфларини жойига қўйиб аниқ ва тажвид қоидаларига мувофиқ қилиб шошилмасдан ўқиш тушунилади.
Қуръони Каримда унинг тиловати ҳақида олтмиш еттита оят келган. Қуръони Карим тиловати жуда ҳам фазилатли амал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида:
«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир», деган (29–30-оятлар).
Яъни, Аллоҳ таоло ўта мағфиратли Зотдир. Қуръон тиловат қилган, намозни тўкис адо этган, инфоқ-эҳсон қилганларнинг гуноҳларини мағфират этади.
Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.
Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам, оятда мўминлар сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда. Аввал айтиб ўтилганидек, ҳақиқий тиловат, ўзидаги зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирурлар. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ўзлари ютқазганлардир», деган (121-оят).
Кимки Қуръони каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади. Бу улкан ҳақиқатни ушбу ояти кариманинг биринчи жумласидан тушуниб оламиз.
«Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирурлар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «ўрнига қўйиб тиловат қилиш»ни: «Ҳалол деганини, ҳалол билиб, ҳаром деганини, ҳаром билиш; Аллоҳ қандай туширган бўлса, шундай ҳолда ўқиш, маъноларини бузмаслик, ўзича нотўғри таъвил қилмаслик», деб таъвил қилган.
Шу ва шунга ўхшаш шартларга амал қилиб, инсоф билан тиловат этганлар иймонга келиб, икки дунё саодатига эга бўладилар.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз», деган (204-оят).
Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда жим туриб қулоқ солиш вожиблиги ҳақида ҳукм чиқарганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ солиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар.
Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръони карим фазли ҳақида айтган ҳадиси шарифларидан баъзиларини ўрганишга Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда ҳаракат қиламиз.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳо.дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Бас, у зот: «Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақийққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб кела олади?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик.
«Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», дедилар у зот
».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар». Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қуръон соҳибига: "Қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятингнинг маконидан бўлади”, дейилади».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қуръон қиёмат куни келиб: «Эй Роббим, унга сарпо бер», дейди.
Бас, унга каромат тожи кийдирилади.
Сўнгра у яна: «Эй Роббим, зиёда қил», дейди.
Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.
Сўнгра у яна: «Эй Роббим, ундан рози бўл», дейди.
Бас, У зот ундан рози бўлади.
Сўнгра унга: «Қироат қил ва кўтарилавер. Сенга ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади
».
Термизий ривоят қилган.

Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.

ҚУРЪОННИ КЎТАРГАНЛАРНИНГ СИФАТЛАРИ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: «Қуръонни кўтарувчи одамлар ухлаганда кечаси бедорлик билан, одамлар оғзи очиқ юрганда кундузи рўзадорлик билан, одамлар кулганда йиғиси билан, одамлар хурсанд бўлганда маҳзунлиги билан, одамлар маҳмадоналик қилганда жим туриши билан, одамлар гердайганда хушуъси билан танилмоғи лозим. У ғофил, бақироқ ва тез бўлмаслиги керак».
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Қуръонни кўтарувчи Ислом байроғини кўтарувчидир. У Аллоҳ таолони улуғлаш учун беҳуда сўзловчи билан беҳуда сўзламаслиги, унутувчи билан унутмаслиги, бемаза ила бемазалик қилмаслиги керак. Унинг бировда ҳожати бўлмасин. Бировларнинг унда ҳожати бўлсин».

ҚУРЪОН ТИЛОВАТИ ОДОБЛАРИ

Қуръони карим қироатининг ўзига яраша одоблари бор. Улардан баъзиларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан билиб оламиз.

Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар.
Мен: «Ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.
Охири бориб у зот: «Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар
». Бухорий ривоят қилган.
Шундан, оддий мўмин-мусулмон киши Қуръони каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.
Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар яхши бўлади.
Чунки номига хатм қиламан деб шошилиб ҳарфларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
– Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай? – дедим.
– Уни бир ойда хатм қил, – дедилар.
– Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади, – дедим.
– Уни йигирма кунда хатм қил, – дедилар.
– Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади, – дедим.
– Уни ўн беш кунда хатм қил, – дедилар.
– Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади, – дедим.
– Уни ўн кунда хатм қил, – дедилар.
– Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
– Уни беш кунда хатм қил», дедилар.
– Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади, – дедим.
У зот менга рухсат бермадилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса яхши англамабди», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Қуръони каримни хатм қилиш муддатларининг энг ози етти, беш ёки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади.
Қуръони каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам уч кундан озга рухсат йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар.
Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:
1. Қуръони каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
1. Қуръони каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
2. Қуръони каримни қироат қилувчи чўкка тушиб тавозуъ билан ўтириши керак.
3. Қуръони каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
4. Қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
5. Қуръони каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганида қироат қилади.
6. Қуръони каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
7. Қуръони каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак.
8. Қуръони каримни қироат қилувчи оддий шахс бўлса ҳар куни бир порадан ўқиб бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
9. Қироатни кўп қилмоқчи бўлса уч кунда бир марта хатм қилиши керак.
10. Хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръони каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир», деган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилса, аҳли аёлини жамлаб дуо қилар эди.
11. Қуръони каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
12. Қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
13. Баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
14. Қуръони каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
15. Қуръони каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
16. Қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.

ҚУРЪОН ҚИРОАТИ САМАРАЛАРИ

Қуръон қироати самаралари ҳаддининг ҳисоби йўқ. Улар жуда ҳам кўп бўлиб, ҳадисларда ўз аксини топгандир. Уламоларимиз уларни жамлашга ҳаракат қилганлар. Ижозатингиз ила баъзиларини эслаб ўтсак.
1. Қуръон қориси улуғлар сафида бўлиб, энг афзал одамлардан ва даражаси олийларидан ҳисобланади.
2. Қуръон қориси ҳар бир ҳарф учун бир савоб олади. Бир савоби ўн мартага кўпайтирилади.
3. Қуръон қориси бошида раҳмат сояси бўлади, уни фаришталар ўраб олади ва устидан сакийна тушади.
4. Қуръон қироати сабабли Аллоҳ қорининг қалбига зиё ёғдиради, қиёмат куни зулматларидан асрайди ва ундан шиддатларни йироқ қилади.
5. Қуръон қорисини қиёмат қўрқинчи хафа қилмайди. Чунки у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади ва Қуръон уни шафоат қилади.
6. Қуръон қориси ота-онасига раҳмат етишига, уларнинг неъматга ғарқ бўлишларига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло уларга фарзандининг қироати туфайли ярқираган нурни ато қилади.
7. Қуръон қориси жаннатда энг юқори мартабалардан бирига ва неъматларнинг энг яхшисига эга бўлади.
8. Қуръон қориси ҳаққига мукаррам фаришталар раҳмат ва мағфират сўраб дуо қиладилар.
9. Қуръон қорисига солиҳлар ҳавас қилади ва Аллоҳ таолонинг ҳузурида уларнинг даражасида бўлишни орзу қилади.
10. Қуръон қориси ишонч ҳалқасини маҳкам тутувчи, асл шифодан ҳузурланувчи, тойилишдан сақланувчи ва шиддатли балолардан нажот топувчи бўлади.
11. Қуръон қориси Аллоҳ таолонинг аҳли ва Унинг хос яқинларидан саналади.
12. Қуръон қориси Аллоҳ таолонинг ҳузурида зокир ва обидлардан деб ёзилади.
13. Қуръон қориси қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик берадиган тоифалардандир.
14. Қуръон қорисидан шайтонлар узоқ бўлади ва унинг уйидан чиқиб кетади.
15. Қуръон қорисининг ақли мунаввар, қалби ҳикматга тўла бўлиб, ундан илм булоқлари отилиб чиқади.
16. Қуръон ила қалблар ва уйлар обод бўлади ҳамда уларни хайр-барака ўраб олади.
17. Қуръон қироати қалбга хушуъни, нафсга покизаликни етказади.
18. Қуръон Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Ким уни маҳкам тутса ва яхшилаб тиловат қилса, бу дунё ва охират неъматларига эришади.
19. Қуръон тиловати мўминни сироти мустақиймга ҳидоят қилади ва мўмин қавмларнинг кўксига шифо бўлади.
20. Ким Аллоҳ таолонинг розилиги учун Қуръон тиловат қилса, нажот топувчилардан бўлади.

ҚУРЪОН ҚИРОАТИНИНГ НОЗИК СИРЛАРИ

Қуръони карим қироатининг ўзига яраша ички – қалбга, ҳис-туйғуга боғлиқ бир қанча сирлари бордир. Улардан баъзиларини қисқача ўрганиб чиқишга Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда ҳаракат қиламиз.
1. Қуръони каримнинг улуғлигини ва олиймақомлигини англаб етиш. Қуръон Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган фазли ва лутфи карами ила нозил бўлганини тушуниб етиш. Қуръони Каримни қироат қилувчи ҳар сафар қироатни бошлаганда мазкур маъноларни чин қалбдан ҳис этмоғи лозим.
2. Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва ўша Зотнинг улуғлигини англаб етиш. Қуръони карим оддий калом эмас. У Аллоҳ таолонинг каломидир. Аллоҳ таоло билан ожиз банда орасида қандай фарқ бўлса, Қуръони карим билан банданинг каломи орасида ҳам шундай фарқ бор. Қуръони карим ёзилган мусҳафни таҳоратсиз ушлаб бўлмаганидек, таҳорати – поклиги бўлмаган қалб ва тил ила унга яқинлашиб бўлмайди.
Каломни улуғлаш, калом эгасини улуғлашдир. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг улуғлигини англаб етиш орқали Қуръони Каримнинг улуғлигини англаб етиш мумкин бўлади. Ҳар бир қироат қилувчи бу маъноларни билиши ва уларга амал қилиш пайидан бўлиши лозим.
3. Қалб ҳозир бўлиши ва хаёл жамланиши лозим. Бундан қироат қилиш пайтда жиддий бўлиб, барча ҳимматни шу ишга буриш ва ундан бошқа нарсадан бутунлай ажраб чиқиш кўзда тутилади.
Салафи солиҳлардан бирларига: "Қуръонни қироат қилаётганингизда ўзингиз ўзингизга гапирасизми?” дейилганда у киши: "Мен учун Қуръондан бошқа нима ҳам маҳбуб бўлиши мумкин, токи мен ўша нарсани гапирсам?!” деган экан.
4. Қуръони каримни тадаббур қилиш.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?!» деган (82-оят).
Қуръонни тадаббур қилиш, яъни уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.
Қуръони каримни қалби ҳозир бўлган ҳолда тиловат қилиш мумкин. Аммо уни тадаббур қилиш учун яна ортиқча ҳаракат керак. Қироатдан кўзда тутилган асосий мақсад уни тадаббур қилишдир. Қироатнинг ўзи сиртқи ҳолат бўлса, тадаббур ички ҳолатдир.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Фиқҳи йўқ ибодатда ва тадаббури йўқ қироатда яхшилик йўқдир», деган.
1. Қуръони карим қироатида тараққий этиш.
Қуръони карим тиловатининг даражаси учтадир.
Биринчи даража: Қироат қилаётган банда ўзи Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб ўқиётгани ва У зот унга назар солиб, эшитиб турганини ҳис қилиш даражаси. Бу даражадаги банданинг ҳоли сўраш, ялиниш, тазарруъ ва илтижодан иборат бўлади. Ушбу даража ўнг тараф соҳибларининг даражасидир.
Иккинчи даража: Қироат қилаётган банда қалби ила Аллоҳ таолонинг кўриб турганига, Унга лутфи ила хитоб қилаётганига, инъоми ва эҳсони ила муножот қилаётганига шоҳид бўлиш даражасидир. Бу даражадаги банданинг мақоми ҳаё, улуғлаш, қулоқ осиш ва фаҳмлаш узра бўлади.
Учинчи даража: Каломда мутакаллимни сифатларини кўриш даражаси. Бу даражага эришган банда ўзига ҳам, қироатига ҳам, берилган инъомларга ҳам қарамайди. У ҳимматини фақатгина Мутакаллимнинг ўзига хослайди. Фикрини У зотга боғлайди. Худди У зотни кўришга ғарқ бўлган ҳолга келади. Бу муқаррабларнинг даражасидир.
Ушбу олий даража ҳақида Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларида баҳс юритилади: «Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, Аллоҳ азза ва жалла халойиққа Ўз каломида тажаллий қилгандир. Лекин улар кўрмаслар».
Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу намозда ҳушдан кетиб йиқилди ва ўзига келганида бу ҳолнинг сабабини сўрашди. Жавоб қуйидагича бўлди: «Бир оятни қалбимда шунчалар такрорладимки, охири уни ўз Эгасидан эшитдим. Шунда жисмим бу ҳолни кўтара олмади».
Ана ўша даражага етганда қироат ҳаловати кучаяди ва муножот лаззати ўз чўққисига чиқади.
Бу ҳақда ҳукамолардан бирлари қуйидагиларни ҳикоя қилган: «Қуръони каримни тиловат қилардим-у, ҳаловатини топмас эдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига тиловат қилиб бераётганларини эшитгандек бўлиш даражасига чиқдим.
Кейин яна юқори даражага кўтарилиб, тиловат қилганимда худди Жаброил алайҳиссаломнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилаётганларини эшитаётгандек бўлишга эришдим.
Сўнгра Аллоҳ менга бир даражани бердики, ҳозир уни Мутакаллимнинг Ўзидан эшитаётгандек ҳолга сазовор бўлдим. Ана шунда фироқига чидай олмайдиган даражада ҳаловат ва лаззатга эришдим”.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг «Агар қалбларимиз пок бўлса, Роббимизнинг каломидан тўймайди», деганлари ҳам бежиз эмас.

Mанба :Islom.uz

Категория: Маколалар | Просмотров: 3274 | Добавил: abdulloh | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Форма входа

Кидириш
Quroni Karim
Qurondan 33 duo
Афзал Рафиков
Курон тиловоти

Bulutli sarlavha
Соатимиз
SMS жунатиниг
Forum yangiliklari
  • 100% взлом почтына заказ (33)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • Rasmlar
    Copyright MyCorp © 2024