|
Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr
| |
abdulloh | Дата: Якшанба, 11.01.2009, 6:25:37 | Сообщение # 11 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Davomi... Йўқ.. Бу Билол назарида мусулмонлар устидан, уларнинг ақллари устидан безбетларча кулиш эди.. Умайя Маккада етарлича кулиб, етарлича масхара қилиб олди.. Шунчалик кулдики, бугунги кун учун, ҳозирги аянчли ҳоли учун кулиш қолмади, кулиш планини бажариб бўлди..! Билол дўсти Абдурраҳмон ибн Авф ҳимоясини бир ўзи ёриб ўтолмаслигини кўриб бор овозида бақирди: - Эй Оллоҳ ансорлари!! Куфр боши Умайя ибн Халаф!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай..!! Шунда бир гуруҳ мусулмонлар қилич яланғочлаб, Умайя ва унинг ўғлини – ўғли ҳам қурайш кофирлари сафида эди – ўраб олдилар, ўлим гирдоби уларни ўз оғушига олган эди.. Абдураҳмон ҳеч нарса қила олмай қолди.. * * * Ушбу мақомда Билолдаги раҳмдиллик, шафқат сифатларини излашга ҳақимиз йўқ бўлса керак деб ўйлайман.. Бордию Билол билан Умайя ўртасидаги учрашув ўзгача шароит, ўзгача ҳолатда рўй берганида балки Билолдан раҳм-шафқатни сўрашимиз дуруст бўлар эди.. Иймонида, тақвосида бунчалик бўлган киши бахиллик қилмаган бўлар эди.. Лекин улар уруш ичида кўришдилар, бир-бирларини йўқ қилиш учун келган майдонда учрашдилар.. Қиличлар ўйнаётган, ўликлар тутдек тўкилаётган, одамлар бошида ўлим шарпаси айланиб юрган вақт эди.. Шунда шундоққина рўпарасида бир маҳаллар баданида бир энлик ҳам жой қолдирмасдан азоб берган Умайя чиқиб қолади.. Ўзиям қаерда ва қай ҳолда учратиб қолади? Уруш майдонида, қаршисида учраган мусулмон бошини сапчадек узиб турган ерда учратди, бордию Билол ҳам учраганда унинг ҳам бошини танасидан жудо қилишга киришган бўлар эди.. Ана шундай пайтда учрашиб қолган Билолдан: кечириб қўяверсангиз бўлармиди, деб сўрашимиз адолатдан, мантиқдан бўлмаса керак.. * * * Кунлар ўтиб, Макка фатҳ қилинадиган пайт ҳам етиб келади.. Росулуллоҳ 10 000 мусулмон ичида Оллоҳга шукроналар қилиб, такбир айтган ҳолда кириб келадилар, тўғри Каъба томон йўл оладилар... Қурайш йил кунлари сонича бутларни тиқиб ташлаган ушбу покиза маконга етиб келадилар.. Ҳа... Ҳақ келиб, ботил гум бўладиган вақт етиб келган эди.. Бугундан бошлаб энди Уззо ҳам, Лот ҳам, Ҳубал ҳам бўлмайди.. Бугундан бошлаб инсон ўзининг мағрур бошини тошга ҳам, ҳайкалга ҳам эгмайди.. Энди инсонлар бутун қалблари билан фақат Оллоҳга, ўхшаши йўқ бўлган, яккаю ягона, энг буюк, энг олий зотгагина ибодат қиладилар... Пайғамбар Каъбага ўзлари билан бирга Билолни ҳам бошлаб кирадилар.. Киришлари билан чўплар орқали фол очиб турган шаклдаги араблар Иброҳим алайҳиссалом рамзи деб атайдиган бутга рўпара келиб, ғазабга миндиларда: "Ўлиб кетишсин.. Бобомиз фол очмас эдилар.. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳаққа мойил мусулмон эди, мушриклардан эмасди" дейдилар.. Билолга масжид томига чиқиб азон айтишни буюрадилар.. Билол азон айта бошлайди.. Бу ширин азон энг муқаддас макон, улуғ бир пайтда, ажойиб бир муносабатда айтилмоқда эди.. Азонни эшитиб Маккада ҳаёт гўё ҳаракатдан тўхтаган эди.. Минглаб мусулмонлар азонни Билол кетидан хушуъ билан пичирлаганча тин олган эдилар.. Мушриклар эса уйларида ишонгилари келмас: Кечагина бу ерлардан ҳайдаб юборилган Муҳаммад ва унинг қашшоқ издошлари шулармия..?? Ўн минг кишини эргаштириб келгани ростмия... Қувиб, ҳайдаб, уруш қилиб, энг азиз ва қадрдон кишисини ўлдирганимиз Муҳаммад шуми.. Ўша вақтда Каъба ҳовлисига яқин ерда қурайш зодагонларидан учтаси ўтирар, булар эндигина мусулмон бўлган Абу Суфён, ҳали мусулмон бўлмаган Аттоб ибн Усайд ҳамда Ҳорис ибн Ҳишом эди... Аттоб азон айтаётган Билолдан кўзини узмай: - Бу кўргуликларни кўрмай кетган Усайднинг (ўлиб кетган отасини назарда тутмоқда) омади бор экан... деди.. Ҳорис эса: - Мен эса, Худо ҳақи, Муҳаммаднинг ҳақлигини билганимда эргашган бўлардим, деб қўйди.. Абу Суфён бўлса: Мен ҳеч нарса демайман, гапирсам мана шу майда тош еткизса керак!! деди. Пайғамбар Каъбадан келар экан уларни кўриб, юзларига бирров назар ташлаб, кўзлари Оллоҳ нури ҳамда ғалаба нашидаси ила порлар экан: - Айтган нарсаларингизни билдим.. дедилар, ораларида бўлган суҳбатни айтиб бердилар. Шунда Ҳорис билан Аттоб йиғию зори қилганича: - Оллоҳнинг пайғамбари эканлигингизга гувоҳлик берамиз, Худо ҳақи, атрофимизда бирор киши йўқ эдики, сизга хабар берди, деб ўйласак!! дейишди.. Энди улар Билолни бошқача, янги қалблар ила қаршилар эканлар, салгина илгарироқ, пайғамбар Маккага кирган вақтда айтган муборак сўзлар акс-садоси қулоқларида янграр эди: - Эй Қурайш жамоаси... Оллоҳ таоло сизлардан жоҳилият кибрини, ота-боболар билан гердайишни кеткизди... Инсонлар барчаси Одам (а.с)дан... Одам эса тупроқдан эди... * * *
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Якшанба, 11.01.2009, 6:27:08 |
|
| |
abdulloh | Дата: Якшанба, 11.01.2009, 6:27:44 | Сообщение # 12 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| * * * Билол Росулуллоҳ билан барча ғазавотларда қатнашиб, намозларда азон айтиб, уни зулматдан нурга олиб чиққан, қулликдан озодлик сари элтган ушбу буюк динга ҳар томондан ёрдам бериб, ҳимоя қилиб яшади.. Яшар экан, Ислом шаъни улуғланиб, мусулмонлар шони ўсиб борди.. Ўз амаллари ила Росулуллоҳ қалбига қанчалик яқин бўлиб, у зотдан олқиш, "жаннат аҳлларидан бири" деган улуғ сўзни эшитишига қарамай, ўша ўша Билол бўлиб, кишилар учун ҳеч нарсани аямайдиган, камсуқум Билол бўлиб қолаверди, ўзини "кечагина қул бўлиб юрган одам" дейишдан нарига ўтмади.. * * * Росулуллоҳ Оллоҳ ҳузурига барча нарсадан кўнгиллари тўқ, хурсанд ҳолда йўл олдилар, омонатларини топширдилар.. Ортидан мусулмонлар ишини халифалари – ўринбосарлари Абу Бакр бошқара бошлади.. Бир куни Билол пайғамбар халифаси олдига кириб: - Эй пайғамбар халифаси, мен Росулуллоҳнинг "Мўмин амалининг энг афзали жиҳоддир" деётганларини эшитдим, деди. - Нима истайсиз, эй Билол? - Ўлгунимга қадар Оллоҳ йўлида рибот* қилмоқни хоҳладим.. - Бизга ким азон айтиб туради? Шунда Билол кўзи жикка ёшга тўлиб, юзига оқар экан, деди: - Росулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтиб бермоқчи эмасман.. - Қолинг, биз учун ҳам айтиб туринг.. - Сизники бўлишим учун мени озод қилган бўлсангиз, майли, сиз айтгандай бўлсин... Лекин Оллоҳ учун озод қилган бўлсангиз, менинг ўзимга қўйиб беринг... - Балки, Оллоҳ учун озод қилганман, эй Билол... Шу ерда ровийлардан икки хил ривоят келган... Баъзилар Билол Шомга сафар қилиб, ўша ерда жиҳодда, риботда қолган дейишса, баъзилар Абу Бакр илтимосига кўра охири Мадинада қолишга рози бўлган, Абу Бакр вафотидан кейин Умар халифаликка ўтирганда рухсат сўраб, Шомга жўнаб кетган, дейишади... Нима бўлганда ҳам, Билол қолган умрини Ислом ҳудудларидан бирида жанговар ҳимояда туриш учун ўтказишга азм қилган, Оллоҳ ва Расулига улар хуш кўрадиган энг яхши амал билан рўпара бўлишга қатъий қарор қилган эди.. Энди у ўзининг ширин, ширали, салобатли овозини кўтариб азон айтишдан тўхтаган эди.. Чунки азонида "ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ" – "Муҳаммад Оллоҳ пайғамбари, деб гувоҳлик бераман" ни айта бошлаши билан томоғига бир нарса келиб тиқилар, бурунги хотиралар қўзғалиб кетиб, ич-ичидан келган ҳиқиллаш олдида овози қирқилиб қолар, сўзлар давомини кўзидан селдек оқаётган кўз ёшлари айтар эди... Унинг охирги азони амирул муъминин Умар Шом диёрига борганида бўлган эди.. Ўшанда Умарга ялинишиб, Билолнинг бир мартагина азон айтиб беришини сўраб беришини илтимос қилишган эди.. Намоз вақти етиб келгач, амирул муъминин Билолни чақириб ундан азон айтиб беришни илтимос қилди.. Билол чиқиб азон айтди... Ўзи ҳам йиғлади, саҳобаларни ҳам, Росулуллоҳ вақтида Билол азонини эшитиб юрган саҳобаларни ҳам йиғлатди.. Тўлиб-тошиб, сел бўлиб йиғладилар... Умар ҳаммадан кўра кўпроқ йиғлар эди.. * * * Билол ўзи хоҳлаганидек, Шомда, Оллоҳ йўлида риботда турган ҳолда вафот этди.. Ҳозирда, Дамашқ тупроғи тагида эътиқод ва виждон эркинлигини ҳимоя қилган, башарият улуғларидан бирининг жасади ётибди.. ================= * Ribot - Ислом ва мусулмонларни ҳимоя қилиш учун жанговор ҳолда қўриқчиликда туриш. __________________
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Якшанба, 11.01.2009, 6:30:14 | Сообщение # 13 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Mus'ab ibn Umayr raziyallohu anhu Мусъаб ибни Умайр розияллоҳу анҳу Исломнинг илк элчиси Мусъаб розияллоҳу анҳу ғайрат-шижоатга тўла, ҳусндор, қурайш йигитларининг сарасидан эди.. Тарихчи ровийлар унинг ёшлигини таърифлаб, «Макка аҳлининг энг хушбўй, атрлиси эди», дейдилар. Макка йигитлари ичида Мусъабдай ота-онасининг эркаси бўлиб, ноз-неъмат ичида туғилиб ўсгани бўлмаса керак. Макка гўзалларининг орзуси, мажлис-йиғинларда оғиздан тушмайдиган бу хушрўй, келишган, эрка йигит иймон-эътиқод бобида, фидойилик майдонида донг чиқариб, афсонага айланиб қолиши мумкинми? Ё Оллоҳ! Мусъаб ибн Умайрнинг ёки мусулмонлар атаганларидай Мусъаб ул-хайр – эзгули Мусъаб воқеаси нақадар таъсирли! У ислом қолибида шаклланган, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам тарбиясини олган буюк зотлардан бири... Унинг ҳаёти бутун башарият учун шарафдир. Бир куни Макка аҳли томонидан амонатдорлиги учун ал-Амийн – ишончли лақабини олган Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: мени Оллоҳ пайғамбар қилиб юборди, ёлғиз Оллоҳнинг ўзига ибодат қилинглар, Унга бирон нарсани шерик қилманглар, деб даъват қилаётгани бу йигитнинг ҳам қулоғига чалиниб қолди. У ёш бўлишига қарамай мажлисларнинг кўркига айланган, келишган қад-қоматига яраша ўткир ақли, бамаънилиги билан танилган бўлиб, барча уни ўз суҳбатига чорлар, ҳамма уйнинг эшиги унинг учун очиқ, қалблар тўридан жой олган эди. Шу сабаб у қурайшнинг кўп йиғинларида қатнашар, мажлисдаги асосий гап, бор эътибор Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг динларига қаратилгани учун бу эрка йигит ҳам у зот ҳақдаги гапларни бошқа гаплардан кўра кўпроқ эшитар эди. Қулоғига чалинган гаплар ичида: Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга иймон келтирган мўминлар қурайшнинг гап-сўз, иғвоси, азиятидан йироқда, Сафо тоғининг устидаги Арқам ибни Абил Арқамнинг ҳовлисида тўпланишар экан, деб эшитиб қолди. Бу гапни эшитган заҳоти ҳеч иккиланмади, пайсалга солиб, кутиб ўтирмади-да, зўр иштиёқ билан, олам-олам орзулар ила тўғри Арқамнинг ҳовлисига йўл олди. Бу ҳовлида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобайи киромлар билан учрашар, уларга қуръон тиловат қилиб бериб, биргаликда Олий, қудратли зот Оллоҳ таоло учун намоз ўқир эдилар. Мусъаб мажлисдан жой олиб ўтиргач, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларидан қайнаб чиқаётган ояти карималар у зотнинг оғизларидан ўтиб қулоқ ва дилларга йўл олар экан, ўша онда Ибн Умайр учун ажиб ҳолат рўй берди.... Юраги кўкрак қафасидан отилиб чиққудай бўлиб, кутилмаган нашва билан қалби учаёзди... Лекин, алангаланаётган кўкрак, ирғиётган юрак устига Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини узатиб, силаган заҳоти Мусъаб уммонлар каби ҳадсиз, чуқур хотиржамликни ҳис қилди. Кўз очиб юмгунча ҳозиргина иймон келтириб, мусулмон бўлган йигит ўз ёшидан бир неча баробар катта кишиларнинг ақлу ҳикматига эга, тарих чархпалагини тескари айлантириб юбора оладигандай азму иродага молик йигитга айланди, қолди. *** Мусъабнинг онаси Хунос бинти Молик қаттиққўл, забардаст аёл бўлиб, унинг ҳайбатидан қўрқиб турардилар. Мусъаб мусулмон бўлган чоғида бутун ер юзида у қўрқадиган бирон куч бўлмай, фақат онасидан ҳайиқиб турарди, холос. Агар Макканинг бари, бутларию зодагонлари, тоғу тош, саҳролари ҳаммаси бир даҳшатли тус олиб у билан курашиб, беллаша бошлаганда ҳам Мусъаб уларга дов бера олган, осонликча таслим бўлмаган бўлар эди. Лекин онасига қарши турмоқ.... Бу иш тоқатдан ташқари нарса бўлиб, даҳшатга тенг, ўлим ила баробар эди. Тез ўйлаб кўргач, Оллоҳ бирон йўл кўрсатгунча мусулмон бўлганини яшириб юрмоққа қарор қилди. У Арқамнинг ҳовлисига қатнаб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларидан баҳраманд бўлар, иймон неъматига мушарраф бўлгани учун қувониб, ҳали ўғлининг мусулмон бўлганидан бехабар онасининг ғазабига учрамаганидан суюниб юрарди... Лекин, Маккада, айниқса ўша кунларда сир яширишнинг ҳеч иложи йўқ. Чунки қурайшнинг "қулоқ", "кўз"лари ҳар ерда муҳайё.... Макканинг жизғинак қилиб куйдирувчи, босилган изларни бошқаларга кўз-кўз қилиб турувчи "чақимчи" қумларидаги ҳар бир қадам излари улар назаридан четда эмас.... Бир кун Усмон ибни Талҳа Арқамнинг ҳовлисига Мусъабнинг яширинча кириб кетаётганини кўриб қолди. Яна бир бор Мусъабнинг намоз ўқиётганининг шоҳиди бўлди-да, шамол ва елларни доғда қолдирганча югуриб Мусъабнинг онасига келди ва ўғлининг мусулмон бўлганини оқизмай-томизмай еткизди. Бу хабардан онаси Хуноснинг эси оғаёзди... Мусъаб уйга қайтганида уни онаси ва қариндош уруғлари кутиб турардилар, атрофда Макка зодагонлари йиғилиб олган.... Мусъаб булар олдида ҳақиқатнинг устиворлиги, саботини мужассам қилиб, уларга қуръон тиловат қила бошлади... Қалбларни мусаффо айлагувчи, дилларни ҳикмат, улуғворлик билан, адолат ва тақво ила безагувчи қуръони каримни ўқий бошлади... Онаси бир тарсаки билан унинг овозини ўчиргани қўл кўтарди-ю, лекин Мусъабнинг юзидаги ҳусн устига ҳусн қўшган, уни виқор ва салобат билан чулғаган нур олдида донг қотди, юқори кўтарилган қўли ночор қуйига тушди... Қўл кўтариб аламини олишдан ожиз қолган бу аёл олиҳалари учун қасос олишнинг бошқа услубини қўллади. Ўғлини ҳовлининг чекка бир бурчагига қамаб қўйди. Мусъаб иймон-эътиқоди сабабли ўз онасининг қўлида тутқунликда ётар экан, бошқа мусулмонларга ҳам Макка аҳли турли озорлар бераётган эди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатлари билан мусулмонларнинг баъзилари Ҳабашистон ерига ҳижрат қилгали турдилар. Бу ишлардан хабар топган Мусъаб ҳам бир иложини топди-да, онаси ва қўриқчиларини ғафлатда қолдирганча Ҳабашистон ерига ҳижрат қилиб кетди... * * *
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Якшанба, 11.01.2009, 6:31:23 | Сообщение # 14 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| * * * У энди мусулмон биродарлари билан Ҳабашистон элида яшайди, сўнг улар билан бирга Маккага қайтиб боради. У ёқдаги оғир шаротилар туфайли яна ҳижрат қилиш буйруғини олган саҳобалар қаторида иккинчи бор Ҳабашистонга йўл олади.... У хоҳ Ҳабашистонда, хоҳ Маккада бўлсин, қаерда юрса ҳам, иймони юксак чўққиларда парвоз қилар эди... Ўзининг ҳаёт тарзини Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тақдим этган мукаммал намуна асосида шакллантириб, буюк Оллоҳ таоло учун қурбон қилишга арзигудай етукликка етказган эди.... * * * Бир кун Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларига йўл олар экан, у зотнинг атрофида ўтирган мусулмонлар Мусъабни кўриб бошларини қуйи солдилар, унга тик қарай олмадилар, баъзиларининг кўзи ёшланди... Чунки у эски ямоқ кийим кийиб олган эди... Беихтиёр кўз ўнгларида Мусъабнинг мусулмон бўлишдан олдинги ҳоли – кийимлари кўркам гулзордаги гулдай яшнаб, порлаб юрган чоғлар намоён бўлди... Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни қарши олар эканлар: «Мен Мусъабни Маккада кўриб юрар эдим, у пайтлар бирон йигит ота-онасининг олдида Мусъабдай азиз-мукаррам эмасди. У Оллоҳ ва расулини яхши кўргани учун бу нарсаларнинг баридан воз кечди», - дедилар... * * * Онаси ўғлининг диндан қайтмаслигига ишончи комил бўлганидан сўнг унга ҳеч нарса бермай қўйди. Олиҳалар юзига оёқ қўйиб, уларнинг лаънатига учраган одам менинг овқатимдан емайди, гарчи ўз фарзандим бўлса ҳам, дея онт ичди. Мусъаб Ҳабашистондан қайтганида, онаси яна ҳибс қилиш тараддудига тушган пайтларда сўнгги бор онаси билан учрашди. Унинг: «мени банди қилиш учун сизга ёрдам берадиган ҳар қандай одамни ўлдираман», деган сўзлари Хуносни шаштидан қайтарди. Зеро у ўғлининг қатъийятини жуда яхши биларди. Бу сўнгги учрашувда онанинг куфр устида оёқ тираб туриб олишидан ҳайратга тушамизми ёки ўғилнинг иймонда мустаҳкам туришиданми?! Онаси уйдан ҳайдар экан: Йўқол, энди сенга она эмасман, - деди. Мусъаб онасининг олдига яқин келиб: Онажон, мен сизга яхшилик тилайман, сиз учун кўнглим ачийди. Келинг, ҳақ динни қабул қилинг, Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Росулуллоҳ, дея шаҳодат калимасини айтинг, - деди. Онаси аччиқ билан қасам ичди: Юлдузларга қасам ичиб айтаманки, мен сенинг динингни асло қабул қилмайман! Одамларга эрмак бўлиб, устимдан кулишларини асло истамайман! Мусъаб иймон-эътиқоди йўлида ўзи яшаб келган фаровон ҳаётдан воз кечди, иймондаги қашшоқлик, камбағалликни иймонсиз тўкин-сочинликдан устун билди. Олифталик билан кийимларни чертиб-чертиб танлаб юрган бу йигит энди фақат топганини кияди, бир кун тўқ бўлса, бир неча кун оч юришга мажбур. Шундай бўлсада, эътиқод чўққисини забт этган, Оллоҳнинг нуридан баҳра олган Мусъаб дилларни ҳайбат ва ҳурмат билан тўлдирадиган бошқа бир инсонга айланган эди. *** __________________
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Якшанба, 11.01.2009, 6:32:28 | Сообщение # 15 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| *** Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни ўша вақтдаги энг масъулиятли вазифани бажаришга йўлладилар. Ақаба олдида Росулуллоҳга иймон келтириб, байъат берган ансорларга динни ўргатиш учун, қолган мадиналикларни ҳам даъват қилиб, шаҳарни ҳижратга тайёрлаш учун Мусъаб Мадинага пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиси сифатида йўл олди. Саҳобалар ичида ундан кўра ёши каттароқ, ҳурмат-эътиборлироқ, Росулуллоҳга яқинроқлари бор эди. Лекин пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтнинг энг долзарб масаласи бўлган бу ишга Мусъабул-хайрни ихтиёр этдилар. Унга яқин кунлар ичида ислом марказига айланадиган Мадина шаҳридаги даъват ишларини ишониб топширдилар. Мусъаб Оллоҳ унга инъом қилган оқиллик, ҳусни хулқ каби гўзал хислатларини ишга солиб, бу амонатли вазифани бажармоққа турди. Зоҳидлиги, ихлоси билан мадиналиклар кўнглини овлаб, улар Оллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кира бошладилар. Мадинага биринчи етиб келган кунларида бутун шаҳарда фақат ўн икки киши – Ақабада пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган кишиларгина мусулмон эди, холос. Мусъабнинг бир неча ойлик даъвати натижасида кўплари Оллоҳ ва расулига иймон келтирдилар. Ақаба байъатидан кейинги ҳаж мавсумида Мадина мусулмонлари Росулуллоҳ ҳузурларига ўз намояндаларини юборар эканлар, уларнинг сони етмиш эркак-аёлдан ошган эди. Улар пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўз муаллимлари Мусъаб ибн Умайр бошчилигида етиб келдилар. Мусъаб ўзининг зукколиги билан пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончини оқлаб, ўз вазифасини тўғри англаган, инсонларни Оллоҳ таолога иймон келтиришга чақирувчи ҳамда ҳидоятга, тўғри йўлга даъват қилувчи бир даъватчи эканлигини унутмади. * * * У Мадинада Асъад ибни Зуроранинг уйида меҳмон бўлиб яшади. Иккиси биргаликда қабилалар, маҳалла-куйларни айланишар, турли суҳбатларда қатнашиб, одамларга Оллоҳнинг каломини тиловат қилишар, жуда мулойимлик билан Оллоҳнинг калимасини айтиб, «Фақат Оллоҳ ўзи ёлғиз илоҳ – маъбуддир», деб даъват этардилар. Даъват асносида баъзан шундай ҳоллар рўй берардики, оқиллик, босиқлик қилмаганида ўзи ҳам, бошқа мусулмонлар ҳам жуда қийин аҳволда қолар эди. Бир куни Бану абдил Ашҳал қабиласининг саййиди Усайд ибни Ҳузайр қуролини қўлига олганича ёмон важоҳат билан Мусъабнинг устига бостириб келди. Шунча одамни аҳмоқ қилиб динидан чиқараётган, олиҳаларни қўйиб, қандайдир ўзининг бир илоҳига чақираётган бу йигитчанинг адабини бериб қўйгани Усайд астойдил бел боғлаган эди. Мусъабнинг атрофида унинг сўзларига қулоқ тутиб ўтирган мусулмонлар Усайднинг ғазабга минган ҳолда келаётганини кўриб қўрқиб кетдилар... Лекин Мусъаб пинагини пузмай, Усайдни очиқ чеҳра билан қарши олди. Усайд Мусъаб ва Асъад ибн Зуроранинг устига ёнганича келиб: Бизнинг маҳаллага нега келдинглар?! Бизнинг одамларимизни ҳам аҳмоқ қилмоқчимисанлар?! Жонингдан умидинг бўлса, туёқларингни шиқиллат! - деди. Тонг ёғдусидай мулойим нур билан товланаётган Мусъабул-хайр ширин тил билан: Биз билан бирга ўтириб, даъватимизни тинглаб кўрмайсизми? Сизга гапимиз ёқса бизга қўшиларсиз, бўлмаса биз ҳам сизни хафа қиладиган бирон иш қилмаймиз, - деб таклиф қилди. Усайд бамаъни, оқил киши эди. Мусъаб ҳамма ишни унинг виждонига ҳавола қилиб, ишонч ҳосил қилсанг биз билан бўласан, гапимиз сени қаноатлантирмаса, сенинг маҳаллангга қайтиб кирмаймиз, қабилида таклиф қилгани унга жуда маъқул келди. - Инсофли гап айтдинг, - деб, қуролини бир четга қўйди-да, Мусъабнинг гапларини тинглай бошлади. Мусъаб Қуръон тиловат қилиб, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган динни тушунтириб берар экан, Усайднинг юзи аста ёришиб, эшитаётган гапларидан таъсирланаётгани сезилди... Мусъаб гапдан тўхтагач, Усайд ёнидагиларга қўшилиб деди: Нақадар чиройли, рост сўзлар! Бу динга киришни хоҳлаган одам нима қилиши керак? Мусъаб: мусулмон бўлмоқни ирода қилган киши кийим, баданини поклаб, Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Росулуллоҳ, калимасини айтса, бас, - деди. Усайд уларнинг мажлисига бир оздан сўнг нам сочлари билан қайтиб келди-да, шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлганини эълон қилди.... Бу хабар бутун Мадинага тарқалди. Саъд ибн Муоз ҳам Мусъабнинг даъватларидан кўнгли таскин топиб, мусулмон бўлди. Ундан сўнг Саъд ибн Убода ҳам мусулмонлар сафига қўшилди. Шаҳарнинг бу уч саййиди мусулмон бўлганидан сўнг мадиналиклар: Усайд ибн Ҳузайр, Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убодалар мусулмон бўлган бўлса, биз нега қараб турибмиз, Мусъабнинг олдига юринглар, унинг оғзидан ҳақиқат ёғилар эмиш, деб оқиб кела бошладилар. *** __________________
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Якшанба, 11.01.2009, 6:33:37 | Сообщение # 16 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| *** Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк элчиси ўз вазифасини аъло даражада уддалаган эди.. Кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтади.. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинага ҳижрат қиладилар.. Қурайш ўз ёғига қовурилиб, адоватдан ич-этини еб, Оллоҳнинг солиҳ бандалари ортидан ҳақсиз таъқибини тўхтатмай ўз ботилини чархлагани чархлаган эди.. Бадр ғазоти келиб бор ҳушларини ҳам бошларидан учирадиган мағлубиятга учрайдилар.. Бу мағлубият аччиғида ўч олмоқ ҳиссида ёнадилар.. Уҳуд жанги келади.. Мусулмонлар жангга шайланадилар.. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мўъмин юзларга диққат билан нигоҳ қадар эканлар, улар орасидан байроқ кўтарувчиликка лойиқ яловбардорни танлайдилар.. Мусъабни чақирадилар.. Мусъаб келиб байроқни қўлга олади.. Даҳшатли уруш бошланиб, жанг қизигандан қизийди.. Мерганлар мушрикларнинг мағлуб ҳолда чекинаётганликларини кўриб, пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларига хилоф равишда тоғ чўққисидаги ерларини тарк этадилар.. Уларнинг қилган ушбу қилмишлари мусулмонларнинг ғалабасини кўз очиб юмгунча мағлубиятга айлантиради.. Қарасалар, айни ўша тоғ ортидан қурайш чавандозлари мусулмонларни ғафлатда қолдириб, улар устидан ўзларининг мажнун, қонга чанқоқ қиличларини ишга солиб келмоқдалар.. Мусулмонларнинг қўрқув ва саросимада қолганлигини кўриб, пайтдан фойдаланган мушриклар Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун У зотга бор эътиборларини қаратадилар.. Ана шунда Мусъаб ибн Умайр ғаддор хатар келаётганини сезади.. Сезадида арслонлардек ўкириб такбир айтади... Жанг майдонида жавлон уриб, ҳар тарафга ташлана бошлайди.. Бор қайғуси – душманларни ўзига қаратиб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлаштириш эди.. Дарҳақиқат, бутун бошли бир армиядек якка ўзи уриша бошлайди.. Бир қўл байроқни маҳкам тутган, яна бири эса қилич бирла шиддат-ла урар эди... Лекин кўпчилик барибир кўпчиликда.. Кўпайишиб, унинг жасади устидан ўтиш, пайғамбарга етишни истайдилар.. Келинг, шу ўринда воқеани яқиндан билган кишига қулоқ тутайлик, улуғ Мусъаб ҳаётининг шонли ниҳоясини бизга ҳикоя қилиб берсин! Ибн Саъд Муҳаммад ибн Шураҳбил деган кишидан ҳикоя қилади, у шундай дейди: Уҳуд куни байроқни Мусъаб ибн Умайр кўтарди.. Мусулмонлар саросимага тушиб қолганда Мусъаб байроқни қўлдан бермай сабот ила турди.. Шунда мушриклардан ибн Қамиа номли чавандоз келиб, ўнг қўлига қилич сермадида, билагидан узиб юборди... Мусъаб шошиб байроқни чап қўли ила олар экан: وما محمد الا رسول قد خلت من قبله الرسل.. (Муҳаммад пайғамбардан бўлак киши эмас, ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган), деган оятни такрор такрор айтар эди.. Ибн Қамиа яна бир қилич уриш билан унинг чап қўлини ҳам узиб ташлади.. Шунда Мусъаб байроққа эгилиб қон отилиб чиқаётган икки билаги ила тутдида, тушиб кетмаслик учун бағрига босди.. Ибн Қамиа учинчи бор уна найза билан ҳамла қилиб унга бор кучи билан найза санчди.. Шу пайтга қадар матонат билан турган муборак тана ноилож йиқилди.. Байроқ ҳам тушиб кетди.. Аллоҳу акбар! Тана йиқилди.. Байроқ тушиб кетди.. Шаҳидликка зийнат бўлган, шаҳидлар юлдузи бўлган киши қулади.. Фидойилик ва иймон жангида ўзини кўрсатган қаҳрамон уруш майдонида ҳам қаҳрамонларча қулади.. У қулаб тушса, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам учун қотилларга йўл очилиб қолади деб гумон қилар, у кишига бўлган чексиз муҳаббати сабаб, пайғамбар ҳаётига қаттиқ қўрққанлигидан ўз ҳаёти тамоман эсидан чиқиб ушбу оят: Муҳаммад сизларга пайғамбардан бўлак киши эмас, мазмунидаги сўзни такрорлар эди... Билмас эдики, яқин келажакда Оллоҳ унинг ушбу сўзларини қиёматга қадар тиловат қилинадиган оят қилиб нозил қилади... *** Аянчли жанг ниҳоясига етиб, бу улуғ шаҳиднинг муборак танини покиза қонларига беланиб, юзи тупроққа қоришиб ётган ҳолда топдилар.. Гўё танаси совиб, жонсиз жусса бўлиб ётганда ҳам Росулуллоҳга бирор ёмонлик етишини кўрмайин, дегандек юзини тупроқ ортига бекитган эди..! Ёки ҳали Росулуллоҳнинг аҳволи нима бўлганлигини, қутилиб қолдиларми йўқми, билмай, ўз вазифамни охиргача уддалай олмадимда, деб истиҳола қилгандек ётарди..! Ҳеҳ Мусъаб ҳазратларией! Сизни эслаш, сизнинг ёдингиз ҳаётни райҳон ҳидига тўлдирадиган бўлди!! *** Пайғамбар ва асҳоблари жангоҳни айланиб, шаҳидлар билан видолашгали келдилар.. Мусъабнинг жасадини топганларида дарёдек вафоли кўз-ёшлар тўкдилар.. Хаббоб ибн Аратт шундай дейдилар: Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оллоҳ йўлида Унинг розилиги учун ҳижрат қилдик.. Ажримиз Оллоҳга қолди... Орамизда дунёда ажридан бирор нарсасини олмай, ҳеч нарса емай кетганлар бўлди.. Мусъаб ана ўшалардан эди.. Уҳуд кунида ўлдирилганда унга кафан бўларлик ҳеч нарса топилмади.. Фақат эски бир яктак топдик.. Бошини ёпсак, оёғи очилиб қолар, оёғига тортсак, боши кўриниб қолар эди.. Шунда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Бошини ёпинглар, оёғига изхирдан (бу шакли исириққа ўхшаб кетадиган хушбўй ўсимлик) қўйинглар, дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг мушриклар томонидан жасадлари мусла қилиниб, аччиқ кўз-ёшлари тўккан, юраклари оғриган бўлишларига, ҳар бири олам-олам поклик, нур, содиқлик ила тўлиб тошган шаҳид дўстлари, саҳобалари жасадлари бирла жангоҳ тўлганига қарамай, илк элчилари жасади устида видолашиб тўхтадилар.. Ҳа... Пайғамбар Мусъаб ибн Умайр тепасида турар эканлар, уни нур, меҳр, вафога тўла кўз ила кузатдилар.. (Мўъминлар ичида Оллоҳга аҳд берган нарсалари устидан чиққанлар бор..) Кейин кафан қилинган эски яктакка ғамгин нигоҳ билан қарар эканлар: - Маккада сендан кўра юмшоқ кийим кийган, сендан кўра кўркам сочли ҳеч ким йўқ эди, энди эса бир эски кийимда сочинг тўзиб ётибди.. дедилар.. Пайғамбар жангоҳ ичида ётган, жангда қаҳрамонларча қулаган асҳобларига мушфиқ назар билан қарар эканлар, ушбу сўзларни айтдилар: - Оллоҳ пайғамбари Оллоҳ ҳузурида сизларнинг шаҳид эканлигингизга гувоҳлик беради.. Oдамлар! Келиб, буларни зиёрат қилинглар, буларга салом беринглар.. Мусъаб ҳазратлари, сизга Оллоҳнинг саломи бўлсин.. Эй шаҳидлар жамоаси, сизларга Оллоҳнинг саломи бўлсин. Сизларга Оллоҳнинг саломи, раҳмати, баракоти бўлсин.. _________________
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:29:51 | Сообщение # 17 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Саҳобалар ҳаёти номли ушбу гулшанлар мажмуасида биридан иккинчисига ўтиб, бир боғдан иккинчи бир гўзал боққа кўчар эканмиз, уларнинг ҳар биридан янги бир шуур, янги ҳиссиёт билан чиқиб, ўзгача ҳаловат, ўзгача тароватни туйиб қайтамиз.. бугун ҳам ўша гулшанлардан бир боққа разм солиб, ундаги ифорлардан маст бўлиб, тотли меваларидан тановул қилмоқчи бўлсангиз эътибор билан ўқимоғингиз, вужудингиз ила ҳикоя ичида бўлмоғингиз мақсадга мувофиқ бўлади.. Бугунги ҳикоямиз оллоҳнинг шери, шаҳидлар саййиди ҳақида.. Макка шаҳри кундузи билан ўтган чопа-чоп, ҳаракат, маросимлар, ўйин-кулгулардан сўнг ғарқ уйқуда, қурайшликлар барчаси тўшакларида хуррак отмоқдалар... фақат бир киши эрта ётиб бироз уйқу олганидан сўнг ўрнидан турган, елкаси тўшакка ошналигини бас этган.. зеро, оллоҳ билан ваъдалашган вақти етиб келган бўлиб, шу сабаб ҳужрасидаги жойнамоз устига ўтган, раббига муножот ва илтижолар қила бошлаган эди.. аёли унинг юрагидан ҳар дардли оҳлар, илтижо ва ёлворишлар чиққанида уйғониб, аҳволини кўриб раҳми келар, ўзига эҳтиёт бўлиб, мизғиб олишга чақирса, сўзларидан бурун ёш тўла кўзлари жавоб берар эди: - Энди уйқу пайти ўтди, эй Хадича...!! У зотнинг иши ҳали Қурайшни унча қизиқтириб улгурмаган, ҳали ташвишга солган эмас, гарчи у ер-бу ерда у-бу гап чиқиб қолсада, унчалик эътибор қиларли даражага етиб бормаган, эндигина даъватни бошлаб, бекитиқча, билдирмасдан оллоҳга чақириб юрган вақтлар эди.. у пайтларда иймонга келганлар жуда кам, бармоқ ила санарли... иймонга ҳали келмаганлар орасида у кишини жуда қадрлайдиган, дилдан севадиган, у зотга иймон келтиришга жуда-жуда иштиёқманд бўлган, муборак иймон карвонига қўшилишни қўмсаган бир киши бор бўлиб, ўша пайтларда катта кучга эга бўлган мавжуд урф-одат, ота-боболар удуми елкасидан тоғдек босиб, иймонга келишдан тўсиб турар, бинобарин, отаётган тонг билан, ботаётган оқшомдан қай бирини танлашга йўл қўймай келаётган эди.. Ушбу киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, эмикдош акаси Ҳамза ибн абдулмутталиб разияллоҳу анҳу бўладилар.. * * * Ҳамза жиянининг улуғлиги, етуклигини яхши билар, унинг гўзал хислатларидан хабардор киши эди.. чунки у жиянини фақат амаки ўз жиянини таниганидек билибгина эмас, балки ўз укасидек, яқин дўсти сифатида танир эди.. зеро пайғамбар ила Ҳамза тенгқур, ёшлари бир-бирига яқин бўлиб, бирга ўсган, бирга ўйнаган, бирга дўстлашган, ҳаёт ташвишлари бошланиб, тирикчилик тўрваси елкага тушгунга қадар бирга юрган кишилар эди.. Ҳа.. Ҳаёт ташвишлари бошланиб, ҳар бири ўз йўлига кетган, Ҳамза ўз тенгдошлари билан ҳаёт лаззатларидан баҳра олишга, Қурайш зодагонлари, раҳбарлари ичида ўз ўрнини эгаллашга киришган бўлса, муҳаммад а.с. ўша ҳаёт ўнқир-чўнқирларида тенгдошларидек енгил-елпи ҳаётга берилмаган, покиза руҳлари ўша пайтданоқ унга оллоҳ йўлини ёрита бошлаган, қалблари ҳаёт шовқинидан узоқда чуқур тафаккурга киришган, гўё келажакда келадиган буюк ҳақиқатга бу ҳолат уни тайёрламоқда эди.. юқорида айтганимиздек, бу икки дўстнинг ҳаёти алоҳида-алоҳида бўлиб кетган бўлсада, Ҳамзанинг ёдидан бир лаҳза ҳам ўз жияни, яқин дўстининг фазилатлари кетган эмас эди... ўша куни эрталаб Ҳамза одати бўйича кўчага отланди.. каъба атрофида Қурайш зодагонлари, оқсуякларидан бир нечтасини кўриб, улар суҳбатига қўшилди.. улар муҳаммад ҳақида сўзлашмоқда эдилар.. Ҳамза уларнинг илк бор бу ишдан ташвишга тушаётганларини, сўзлари оҳангида кўролмаслик, адоват, алам борлигини кўрди.. илгари парво қилмас эдиларми, ёки ўзларини бепарво кўрсатар эдиларми, ҳарқалай, бугунгидек ҳолат бўлмас эди.. бугун эса улар юзини ташвиш, хавотир эгаллаган, муҳаммад улар олдига келса, ҳамла қилишдан ҳам тоймайдигандек кўринардилар.. Ҳамза уларнинг бу ҳолатидан узоқ кулиб, зодагонларни муболаға қилишда, воқеани бўрттириб юбораётганликда айблади.. абу жаҳл бўлса, Ҳамзани кўрсатиб, ўтирганларга унинг муҳаммад даъват этаётган нарсанинг хатарини ҳаммадан кўра яхшироқ билиб турсада, барибир, ишни хаспўшлаётганини, Қурайш лаллайиб ухлаб, бир кун кўз очиб қараса, жияни Қурайш тепасига чиқиб олган бўлиши мумкинлигини ҳам сезиб турганлигини зўр бериб таъкидлар эди .. улар ҳеч шаштларидан тушмаган, ўша алам, ғазабда сўзларини давом эттиришар, Ҳамза бўлса бир табассум қилиб, бир дили оғрир, ўтириш тугаб, барча ўз йўлига кетгач, бўлиб ўтган суҳбатдан боши лўқиллаб, чуқур ўйга ботган, турли хаёллар уни тинч қўймас, жияни ва дўстининг ишини ўзича турли томондан таҳлил қилар эди... * * * Кунлар кетидан кунлар қувиб ўтар, ҳар бир кун ўтиши билан Қурайшнинг муҳаммад ҳақидаги минғир-минғири кўпайиб бориб, улар охири у кишига тегина бошлаган, Ҳамза эса бу ҳолни узоқдан кузатишда давом этар эди.. жиянининг сабот, матонати уни ҳайратга солар, иймон йўлида, даъват йўлида барча нарсага тайёр туриши Қурайшнинг барчаси учун – улар қанчалик матонат ва сабрда донғи кетган бўлсаларда – янгилик эди.. бордию ўша пайтларда шак-шубҳалар бирор кишини ушбу пайғамбарнинг тўғрилиги, буюк табиати ҳақида иккиланишга мажбур қила оладиган қудратга эга бўлганида ҳам Ҳамзага таъсир кучини ўтказа олмаган бўлар эди.. зеро, муҳаммадни маъсум гўдаклик чоғидан... покиза ўсмирлик пайтига довур... омонатли, улуғвор йигитлик вақтига қадар энг яхши биладиган киши ҳам шу Ҳамза эди.. У жиянини ўзини билгандек, балки – таъбир жоиз бўлса – ўзини танигандан кўра ҳам яхшироқ биларди... Ҳаётга келиб, бирга ўсгандан бошлаб, бирга овоз дўриллаб, йигитлик чоғига етдилар... кишиларнинг энг етилган даври бўлмиш қирқ ёшга ўтдилар... ушбу дамларнинг барчасида муҳаммад ҳаётининг ҳар бир куни қуёшнинг заррин нурлари каби топ-тоза, покиза бўлиб келди...!! ушбу ҳаётга озгина раҳна солгудек, ушбу нурга заррача бўлсада соя солгудек бирор шубҳали нарса бўлганини эслай олмайди.. унинг бирор кун бўлсада, бирор лаҳза бўлсада, ғазабга минганини, ёки икки қўли шалвираб ноумид ҳолга тушганини, ёхуд ўйин-кулгуга берилиб енгилтаклик қилганини, ёинки талвасага тушиб, беқарор бўлганини хотирлай олмайди... Ҳамза жисмоний жиҳатдан кучли, полвон кишигина бўлиб қолмай, оллоҳ уни ўткир ақл ҳамда кучли ирода билан ҳам сийлаган киши эди... бинобарин, шунчалик тўғрилик, шунчалик омонатни ўз дўстида билган Ҳамзадек оқил киши унга эргашмасдан қолмаслиги табиий бир ҳол эди... дўсти ҳақида юрагининг туб-тубида сақланган бир гап яқин кунларда унинг қалбидан тошиб, атрофга таралмоғи шубҳасиз эди... * * *
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 15.01.2009, 2:30:57 |
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:31:38 | Сообщение # 18 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Мана, ўша кун ҳам етиб келди... Ҳамза ҳовлисидан елкасига камонини ортқилаб юзини чўлга бурганча ўзининг севимли машғулоти, кўнглига яқин эрмаги бўлмиш – овга, сайёдликка отланди... У ушбу соҳада жуда катта маҳоратга эга эди.. Овда ўз иши ила машғул бўлиб, кун қайтгач, сайдидан қайтдида, уйига боришдан илгари йўл-йўлакай одати бўйича тавоф қилмоқ учун каъба томон юз бурди.. Каъбага етмасидан бурун рўпарасидан Абдуллоҳ ибн Жудъон чўриларидан бири чиқиб қолдида, уни кўрар-кўрмас: - Эй Абу Умора, ҳозиргина жиянингиз Муҳаммаднинг Абул Ҳакам ибн Ҳишом (Абу Жаҳлнинг номи)дан нималарни эшитганини кўрсангиз эди.!! Каъба ёнида ўтирганида келиб, шундай озор бериб, шундай сўкдики, шундай ёмон сўзлар айтиб дилини оғритдики, асти қўяверасиз..!! деди..!! Ҳамза чўрининг гапига яхшилаб қулоқ тутар экан, юзи ерга қадалган эди.. Сўнгра ўнг қўли ила камонини яхшилаб елкасига жойладида, Каъба томон шахдам қадамлар билан тез юриб кетди... У юриб борар экан, Абу Жаҳл кетиб қолмаган бўлишини умид қилар, бордию топа олмаса, топгунга қадар ҳамма ерни ағдар-тўнтар қилишга етгулик қатъият унинг юзидан ёғилиб турарди.. Лекин, бахтига Каъбани кўрар-кўрмас, ҳовлисида Абу Жаҳлнинг бир гуруҳ Қурайш зодагонлари ўртасида ўтирганини кўрди... Ҳамза мудҳиш бир хотиржамлик билан миқ этмай Абу Жаҳл томон юрдида, шартта камонини елкасидан олиб, унинг бошига чунонам урдики, пешонаси ёрилиб, қон оқа бошлади.. Ўтирганлар тўсатдан юз берган бу ҳолдан ўзларига келишга улгурмай, Абу Жаҳлга қараб ҳайқирди: - Ҳали сен Муҳаммадни шундай бўралаб сўкадиган бўлиб қолдингми, мен унинг динида бўлиб туриб!! Айтган нарсасини мен ҳам айтаман!! Қўлингдан келса ўша зўрлигингни менга қайтар!! Ўтирганлар ўша лаҳзада раҳбарлари Абу Жаҳлга етган бу хорликни, унинг бошидан оқаётган қонни эсдан чиқардилар.. Чунки, Ҳамзанинг кейинги гаплари уларни яшиндек уриб, гангитиб қўйган эди.. Ҳамзанинг Муҳаммад динида экани, у айтаётган нарсани бу ҳам айтиши уларга ток ургандек таъсир қилган эди.. Ҳамза мусулмон бўлмоқдами?!! Қурайш йигитларининг энг азиз, энг паҳлавони, энг ғайратлисия?!! Бу иш Қурайш бас кела оладиган бир иш эмасди... Энди тамом.. Ҳамзанинг мусулмон бўлиши кўпчилик сара кишиларни Исломга тортқилаши аниқ.. Муҳаммад ҳам энди ўз даъватини кучайтирадиган, белини бақувват қиладиган бир таянчга эга бўлади.. Қарабсизки, бир кун келиб Қурайш ўз бутларини, илоҳларини майда-майда қилаётган чўқморлар овозига уйғонади..!! Ҳа... Ҳамза мусулмон бўлди... Ўша юрак тубида сақланган гапни катталар даврасида эълон қилдида, эси бошидан учган жамоатни тубсиз ноумидлик жарига ағдариб, Абу Жаҳлни эса ёрилган бошидан оқаётган қонларни хорлик билан артиб олаётган ҳолда қолдириб, яна бир бор ўнг қўли ила камонини яхшилаб елкасига жойладида, ҳовлиси томон етаклайдиган кўчага яна шахдам қадамлар ила, улуғвор бир ҳайбат билан йўл олди..!
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:33:37 | Сообщение # 19 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Ҳамза ўткир ақл соҳиби ҳамда софдил, виждонли киши эди.. Уйга қайтиб, ҳордиғини олгач, бугунги бўлиб ўтган воқеалар ҳақида хаёлга чўмди.. Мусулмон бўлганини қай ҳолда ва қачон билдириб қўйди..? Ғазабга миниб, юзига қон тепган, жиянига қилган Абу Жаҳлнинг қилиғи ҳамиятини қўзғаган вақтда эълон қилди.. Етим жиянининг шундай беёрдам қолиб, озор ва калака остида қолиши унинг беҳад аччиғини чиқарган, Бани Ҳошимнинг шарафи учун ҳам юқоридагидек Абу Жаҳл бошини ёриб, мусулмон бўлганини айтиб унга бақирган эди.. Лекин... асрлар бўйи давом этиб келган ота-оналар динини ташлаб, ҳали таълимотларини унча қамраб олмаган, ҳақиқатини, кунҳини ўрганиб чиқмаган янги динга киришнинг энг тўғри йўли наҳот шу тарзда бўлса... Тўғри, у бир лаҳза бўлсада Муҳаммад (с.а.в.)нинг ростгўйлиги, нияти поклигига шубҳа қилган эмас.. Лекин, масъулиятлар, жавобгарликларга тўла бир янги динни ҳозиргина Ҳамза қилиб ўтганидек бир оний бир лаҳзада, ғазаб асносида қабул этиши мумкинмикин.. У бутун фикру зикри шу ҳақда бир неча кеча кундузни ўтказди.. Одатда, ҳақиқат ақл орқали изланганда шак-шубҳалар ўрганиш, маърифат воситаси вазифасини ўтайди.. Худди шундай Ҳамза ҳам Исломдаги изланишларига ўз ақлини ишлатиб, эски дини ва янги дин орасини тарозига солар экан, ота-оналар динига бўлган табиий интилиш, меросдан меросга ўтиб келаётган ҳар бир янгиликдан ётсираш табиати унда тағин шубҳаларни қўзғатган эди.. Каъба ҳақидаги, олиҳалари, бутлари борасидаги бор хотиралари юзага қалқиб чиққан, барча Қурайш қабилалари учун, бутун Макка аҳли учун йўнилган олиҳалари орқали келган барча ғалабаю шон-шарафлар унинг хаёлидан бирма-бир ўтар эди.. Жияни байроғини кўтарган ушбу янги даъватга қалбида чуқур эҳтиром сақлар эсада, лекин, бундай даъват издошлари, мўминларидан, ҳимоячиларидан бўлиш учун, хуллас, бу динга кириши учун энг муносиб вақт қайси вақт бўлмоғи керак эди? Ғазаб ва ҳамият оними? Ёки тафаккур этиб, обдан ўйлагандан кейинми? Шундай қилиб, унинг соф дили, пок виждони масалани ана шундай чуқур тафаккур, ўта жиддий ўйга кўндаланг қилган эди.. Уҳҳҳ... Ўтган барча тарихдан, эски, ота-боболар динидан чиқиб кетиш таги йўқ жарлик устидан сакраб ўтишдан ҳам оғир эди.. Ҳамза бу қадар енгил суратда эски диндан янгисига ўтганига ажабланиб, қилган ишига бошида афсусланди... Лекин яна ақлини ишга солди.. Бундай ҳолда ақлнинг ўзи ҳеч нарса қила олмаслигини кўргач, бор ихлосию сидқи билан ғайб оламига, Яратганга илтижо қилди... Каъба олдида осмонга юзланар экан, ҳаққа, тўғри йўлга йўллашни сўраб ёлворар, ич-ичидан сув бўлиб кетган эди.. Унинг ўзи бу ҳолатни қисқача бундай тасвирлайди: "Кейин ота-бобомлар, қавмим динини ташлаганимга мени афсус эгаллаб олди, қалбимга жуда баҳайбат шубҳа чордона қуриб олган, уйқуни бегона қилган эди.. Кейин Каъбага келиб, Оллоҳга дилимни ҳаққа очишини, шубҳалардан узоқ қилишини сўраб илтижо этдим.. Оллоҳ дуоларимни қабул этиб қалбимни ишончга, иймонга тўлдирди.. Эрта туриб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бордим, кечган кечинмаларни сўзлаб бердим, у киши динда қалбимга сабот сўраб, дуо қилдилар..". * * *
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:34:28 | Сообщение # 20 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| * * * оллоҳ исломни ана шундай Ҳамза орқали эъзозлади.. у росулуллоҳни ҳимоя қилиб, заиф-бечора асҳобларини мудофаа қилиб тоғдек куч, қоялардек матонат билан туриб бердилар.. абу жаҳл уни мусулмонлар сафида кўрар экан, энди уруш бўлиши аниқлигини сезган, ҳали улар кучаймасдан бурун пайғамбар ва асҳобларига озорни кўпайтириб, тезроқ халқ орасида уруш чиқаришга, ўз нафрат ва ҳасадларига шу йўл билан малҳам беришга киришган эди.. табиийки, Ҳамза барча озорларни қайтариб қололмади.. озорлар бир икки кучли одамнинг мусулмон бўлиши билан тўхтайдиган даражада оз эмас эди.. лекин унинг мусулмон бўлиши анчагина кишига қалқон бўлиши билан бирга, аввал унинг, кейин умарнинг исломга кириши кўпгина атрофдаги қабилаларга ўз таъсирини ўтказиб, улар исломга тўп-тўп бўлиб кира бошладилар. Ҳамза мусулмон бўлиши билан бор нарсасини – офияту тинчлик, кучу қувват, бутун ҳаётини оллоҳга ва унинг динига шундай бағишладики, ҳатто унга пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам "оллоҳ шери, пайғамбар арслони" деган ном бердилар. душманга биринчи бор чиққан қўшиннинг амири Ҳамза бўлдилар. мусулмонлар учун биринчи тикилган байроқни ҳам Ҳамза кўтардилар. бадр ғазотида икки тўп учрашган вақтда оллоҳ шери, пайғамбар арслони ғаройиб қаҳрамонликларни кўрсатди.. * * * Қурайш қўшинининг қолган қутгани шармандали мағлубиятга учраб, хору зорликда бадрдан макка томон қоқиниб, суриниб йўл олдилар.. абу суфён тамоман юраги чўккан, юзи хам ҳолда уруш майдонида Қурайш зўрларидан, зодагонларидан бир нечтасининг жасадини қолдириб қайтар эди.. абу жаҳл.. утба ибн рабиа.. шайба ибн рабиа.. умайя ибн халаф... уқба ибн абу муайт.. асвад ибн абдиасад махзумий.. валид ибн утба.. назр ибн Ҳорис... ос ибн саид.. тўъма ибн адий.. эҳҳее.. ўнлаб шундай Қурайш катталари ортда, бадрда қолиб кетди... Қурайш бундай қақшатгич зарбани, аччиқ мағлубиятни осонлик билан ҳазм қиладиганлардан эмасди.. ўзи учун, шон-шарафи учун, ўлганлар учун ўч олмоқ қасдида қаттиқ тайёргарлик кўрди, бор куч-қувватини йиға бошлади.. урушга бел боғлади... * * * Уҳуд жанги вақти етиб келиб, Абу Суфён бошчилигида Қурайшнинг барчаси йўлга чиқди, ҳатто бола-чақа, хотин-халажларни ҳам олиб олдилар, атрофдан иттифоқчи қабилалар ҳам қўшилди... Қурайш раҳбарлари бу янги урушларида асосан икки кишини – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда амакиси Ҳамза р.а.ни кўзлаган эдилар.. Ҳа... Бирор киши уларнинг урушдан олдинги маслаҳатлари, тил бириктиришларини эшитганида Росулуллоҳдан кейин Ҳамза учун қандай тайёргарлик кўрганларини билган бўлар эди.. Улар урушдан илгари Ҳамзанинг ишини тўғрилайдиган бир кишини танлаб қўйган эдилар.. У бир қора ҳабаш қул бўлиб, калта найзани отишда, нишонга уришда жуда ноёб маҳорат соҳиби эди.. Унга урушдаги бирдан бир вазифаси қилиб Ҳамзани пойлаш топширилди, фурсати етганда бир найза отиш билан унинг ишини тўғрилаш уқтирилди, уруш қандай натижа беришидан қатъи назар, қай ҳолда тугашига қарамай, бошқа нарса билан зинҳор овуниб қолмаслик таъкидланди.. Бунинг эвазига унга жуда қимматбаҳо соврин - озодлиги, ҳуррияти бериладиган бўлди.. Бу ҳабашнинг исми Ваҳший бўлиб, у Жубайр ибн Мутъимга қул эди.. Жубайрнинг амакиси эса Бадрда ҳалок бўлган эди.. Унга Жубайр қуйидаги гапларни айтди: - Одамлар билан чиқ, агар Ҳамзани ўлдиролсанг, сен озодсан. Кейин қулни Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинти Утбага ҳам жўнатдилар, у ҳам Ҳамзани ўлдиришга жуда-жуда иштиёқманд аёл эди.. Зотан, у Бадр жангида дадаси, амакиси, укаси, ўғлидан ажраган эди.. Унга: Ҳамза ўшаларнинг кўпларини ўлдирган, дейилганидан кейин, қандай бўлмасин, нима эвазига бўлсада, Ҳамзанинг боши келтирилишини, дилдаги аламига шундай таскин берилишини истар эди.. Урушга чиқишдан олдин неча кунлаб Ваҳшийни Ҳамзага қарши қайраб юрди, нима қилиш кераклигини доим таъкидлади.. Агар Ҳамзани ўлдиролса, ўзидаги бор қимматбаҳо зеб-зийнатларни беришга ваъда берди.. У қулоғидаги гавҳар кўзли сирғани ушлаб, бўйни тўла тилла мунчоқларни, шода марваридларини силкитар экан, кўзларини Ваҳшийга қадаб: "Шуларнинг бари сеники бўлади агар Ҳамзани ўлдирсанг" деди..! Ваҳшийнинг сўлаги оқди, сўнгсиз бир иштиёқ ила ўша жанг ҳақида ўйлай бошлади.. Энди урушдан сўнг у қул бўлмайди! Озод бўлиш билан бирга бой ҳам бўлади! Қурайш аёллари маликасидек бўлган Қурайш сардори аёлининг барча қимматбаҳо зеб-зийнатлари уники бўлади.!! Демак, юқоридагилардан урушдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Ҳамза эканлиги очиқ ойдин маълум бўлади.. * * *
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
Copyright MyCorp © 2024 |
|
| |
|