Чоршанба, 18.12.2024, 8:57:59

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
  • Страница 1 из 3
  • 1
  • 2
  • 3
  • »
Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:06:53 | Сообщение # 1
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Xushbo'y hidlar hamma yoqni tutib, ufurib yotgan go'zal bog'da sayr etganmisiz? Bo'gda o'sgan turli gullarni hidlab, mayin nasim olib kelayotgan burun qitiqlovchi gullar iforiga mast bo'lib, gullarning qay birini birinchi bo'lib hidlashni bilolmay, o'rtada lolu hayron bo'lganmisiz? Bog' aro shildirab, simobdek tovlanib oqayotgan kumish yanglig' sof va musaffo suvlaridan simirganmisiz? Bog'dagi qandu asal anvoi nozu ne'matlardan tatib ko'rib, tami og'zingizda qolib, necha kunlar o'sha tam kelarmikin, deb tamshanib, yutunib qo'ygan paytlaringiz bo'lganmi?

Butun olam Xojasi tomonidan indirilgan payg'ambarlar sarvari va sardori bo'lmish hazrat Muhammad Mustafo atrofidagi ixlosda tengi yo'q, fidoyilikda barchaga o'rnak bo'lgan, shijoatu matonatda o'zgalarni lol qoldirgan, ehsonu saxovatda tillarda doston bo'lgan, qo'yingki, barcha ezgu amallarda o'zgalarga o'rnak bo'lgan ulug' sahobalarning har birining hayoti ham yuqorida vasfi kelgandek tovlanayotgan gulshandir, balki undanda go'zaldir..

O'sha gulshanlarda sayr etib, qandu novvotdan shirin mevalaridan tanovul qilib, zilol suvlaridan simirmoqchi, gullar iforiga mast bo'lmoqchi bo'lsangiz, payg'ambar izdoshlari bo'lgan, saodat asrida yashab o'tgan sahobalar hayot gulshanlari bo'ylab sayrga chiqing.. Aminmanki, aql ne'matidan Olloh taolo in'om etgan ekan, siz ham ushbu sayr davomida zinhor bebahra qolmaysiz.. Darhaqiqat, sahobalarning nulri hayotidan iqtibos olib, hayotiga ko'chirgan inson juda baxtli insondir...

Parvardigor barchamizni o'sha namunali hayotlardan ibrat olishga, go'zal siyratlardan o'rnak olishga muvaffaq qilsin..


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Якшанба, 11.01.2009, 6:07:55
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:07:02 | Сообщение # 2
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Салмон форсий розияллоҳу анҳу

Ҳақиқат излаб

Xolid Muhammad Xolid

Arabchadan erkin tarjima

Бу сафар қаҳрамон форс диёридан келади..
Форс диёридан кейинчалик кўпгина кишилар мусулмон бўлиб, иймонда, илмда, дину дунёда етиб бўлмас юксакликларга кўтарилдилар..
Лекин биз ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган қаҳрамонимиз қиссаси ўзгача.. Ҳақиқат излашда ўзгаларга намуна бўлиб кўрсатишга арзийдиган қисса бу..
Мана, Мадоин шаҳридаги қуюқ дарахтлар соясида ўтирганча ҳамсуҳбатларига ўзининг ҳақни излашдаги катта саргузаштларини, ўз қавмининг дини бўлмиш оташпарастликдан қандай қилиб насронийликка, кейин қандай исломга ўтганини, руҳини, ақлини озод этиш йўлида отасининг ортиқ молу давлатини ташлаб ўзини камбағаллик, йўқчилик гирдобига ташлаганини, ҳақиқатни излар экан, қул бозорида қай ҳолда сотилганини, қандай қилиб Росулуллоҳ билан учрашиб, иймонга келганини, барча-барчасини ҳикоя қилиб бериб ўтирибди.. Келинг, у кишининг шукуҳли ўтиришига қўшилайлик.. айтаётган ажойиб ҳикоясини тинглайлик..

**

Исфаҳоннинг Жай номли қишлоғидан бўламан. Отам амлокдор киши бўлиб, мени жуда яхши кўрар эди.. Мажусийлик-оташпарастликда анча тиришиб, ўт ёқувчи вазифасини олиш шарафига ноил бўлдим, динимизда бу ўтни ҳеч ўчирмасдан доим ёниқ ҳолда тутиб туриш керак бўларди..
Отамнинг далада ерлари бўлиб, унда турли нарсалар экар эди.. Бир куни ўша жойга мени жўнатди.. Мен кетар эканман, йўлда насронийларнинг бир каниса-черкови олдидан ўтиб қолдим.. Уларнинг ибодат қилаётганлиги қулоғимга чалиниб, нима қилаётганликларини кўриш учун черковга кирдим.. Қилаётган ибодатлари менга жуда ёқиб қолди.. Ўзимга ўзим: бизнинг динимизга қараганда бу яхши экан, дедим.. Шу аҳволда кун ботгунча қолиб кетибман.. На отам ерига бордим, на уйга қайтдим.. Отам хавотир олиб ортимдан одам жўнатибди..
Менга насронийларнинг бу ишлари, ибодатлари ёқиб қолгач, ушбу дин асли қаерда деб сўрадим, улар: Шомда деб жавоб беришди..
Уйга қайтгач, отамга: Мен йўлда баъзи кишиларни кўрдим, черковларида ибодат қилишар экан, менга жуда ёқиб қолди, бизнинг диндан уларники яхши экан, дедим..
Отам мен билан тортишиб, тортишиб, охири, фикримдан қайтара олмагач, оёғимга кишан солиб, қамаб қўйди.. Бироқ ақлимга, эътиқодимга кишан урмоқнинг иложи йўқ эди.. Шунда бир иложини қилиб ҳалиги насронийларга мен уларнинг динига кирганимни, уларга Шомдан карвон келиб қолса менга албатта хабар беришларини сўраб одам жўнатдим.. Карвоннинг кетар вақти етгач кишанлардан бир амаллаб қутулиб, уларга қўшилиб олдим ва Шомга жўнаб кетдим..
У ерга боргач, энг олим кишиси ҳақида суриштирдим.. Улар: черков каттаси анави поп дейишди, мен унинг олдига бориб, ўз муддаомни билдирдим, унинг ёнида хизмат хизмат қилиб, ибодат қилиб, динни ўргана бошладим..
Бу поп динига амал қилмайдиган ёмон одам эди.. Одамлардан садақаларни тарқатиш учун йиғиб олардида, кейин ўзи бир четга босиб сақлаб қўярди..
У ўлгач, ўрнига бошқа бирини олиб келиб қўйишди, мен динига содиқликда бунчалик кишини кўрмадим, у бутунлай таркидунёчиликка берилган, фақат охират ғамида бўлган киши бўлиб, вақтини ибодат билан ўтказар эди.. Мен уни шундай яхши кўриб қолдимки, илгари бирор кишини унчалик яхши кўрганимни билмайман.. Тақдир тақозоси ила куни битгач, унга: Мана, кўриб турибсиз, бошингизга Оллоҳ тақдири билан шу иш тушиб турибди, энди нимага буюрасиз, кимга васият қиласиз? дедим.
У: эй ўғлим, менинг йўлимдаги каби инсонлардан ҳеч кимни билмайман, фақат Мавсил (Ироқ шимолида жойлашган шаҳар)да бир киши бор.. деди. Қазо қилгач, Мавсиллик ёнига келиб, бўлган воқеани айтиб, унинг олдида яшай бошладим.. Вақти келиб унинг ҳам ўз омонатини топшириш фурсати етди, мен ўша саволни унга ҳам бердим, у Рум (Византия) мамлакатига қарашли Аммурийя шаҳрида бир кишига бориб, унинг этагини тутишимни васият қилди.. Унга бориб, ёнида яшай бошладим, яшашим учун баъзи мол-қўйлар қилиб олдим..
Йиллар ўтиб, унинг ҳам бу дунёдан ўтиш вақти келганда: мени кимга васият қиласиз, дедим. У: эй ўғлим, ушбу йўлда қолган, "ёнига бор" деб айта оладиган бирор кишини билмайман, лекин Иброҳим алайҳиссалом дини бирла пайғамбар қилиб жўнатиладиган кишининг замони яқинлашиб қолди.. Икки томони қора тошлоқдан иборат хурмозор ерга ҳижрат қилади у пайғамбар.. Агар иложини топиб, ўша кишини топа олсанг, шу ишни қил, деди..
Кейин гапини давом этдириб: Унинг махфий бўлмаган белгилари бор, садақа емайди, ҳадяни эса қабул қилади, икки кураги ўртасида пайғамбарлик муҳри бор, кўрсанг танийсан, деди..
Ўшандан бошлаб фикру зикрим ўша хурмозор ерларга қандай қилиб етиш бўлиб қолди..
Кунлардан бир кун олдимдан бир карвон ўтиб қолди, юртларини сўрасам, Арабистон томондан, дейишди.. Мен уларга: ушбу молу қўйларимни берай, эвазига мени ўша жойларга еткизиб қўйинглар, дедим. Майли, дейишди.. Мени ўзлари билан олиб кетишди, Водил Қуро деган ерга етганимизда, менга зулм қилишиб, яҳудийлардан бир кишига сотиб юборишди.. Мен ўша жойларда кўп хурмозорни кўриб, менга васф этилган жой шу ер бўлишини, пайғамбарнинг шу ерларга кўчиб, ҳижрат қилиб келишини умид қилдим.. Лекин у жойлар эмасди..
Мени сотиб олган киши қўлида қул бўлиб турдим, бир куни Бани Қурайза қабиласидан яна бир яҳудий келиб, ундан мени сотиб олди, кейин мени Мадинага олиб келди.. Оллоҳга қасамки, мен Мадинани кўришимдаёқ менга васф этилган шаҳар эканлигига аниқ ишонган эдим!

* * *


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:08:46 | Сообщение # 3
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Унинг қўлида Бани Қурайзадаги хурмозорда ишлаб юравердим.. Бу орада Оллоҳ таоло ўз пайғамбарини юбориб, у киши орадан ўн йил ўтгач Мадинага келиб тушибдилар, Қубодаги бани Амр ибн Авф қабиласига келиб қўноқ бўлибдилар..
Бир куни мен хурмо устида ишлаб турар, хўжайиним хурмо тагида сояда дам олиб ўтирар эди, тўсатдан амакиваччаларидан бири келиб қолдида, унга қараб: Эээ ўлиб кетсин шу Бани Қайла (ансорийларни яҳудлар шу ном билан атар эдилар), ҳозир улар Маккадан келиб, ўзини пайғамбар деб атаётган кишининг атрофига аридек ёпишиб олишган, деб қолса бўладими!
Худо ҳақи, шу гапни тугатмасданоқ бирдан баданимда титроқ турди, хурмо дарахти ҳам қалқиб кетгандек бўлди, хўжайиним устига гупиллаб тушишимга бир баҳя қолди! Хурмодан тезда тушар эканман, ҳалиги амакиваччасига қараб: Нима дединг? Нима гап? дедим шоша-пиша.
Хўжайиним аччиғи чиқиб кетиб қўлини кўтардида, қарсиллатиб тарсак тортивориб: Сенинг нима ишинг бор?! Бор, ишингга қараее!! деб жеркиб берди.
Ночор ишимга кетдим.. Кеч киргач, ўзимдаги бор таомни йиғиштириб Қубога, Росулуллоҳ олдига бордим.. Кирсам, атрофида бир нечта издошлари-асҳоблари ўтирган экан.. Унга қараб: Сизлар эҳтиёжманд, мусофир одамсизлар, менда садақа учун атаб қўйган таом бор эди, менга сизларнинг келганингиз айтиб берилганда бу таомга сизлардан кўра ҳақлироқ кишини топмай, шу ерга олиб келдим, дедимда, таомни қўйдим.. Росулуллоҳ асҳобларга: Бисмиллаҳ, олинглар, дедилар, ўзлари қўл узатмадилар.. Шунда ўзимга ўзим дедим: Мана биттаси! Садақа емайди!
Кейин қайтиб келдим, эртаси куни яна қўлимга таом кўтариб Росулуллоҳ ҳузурига кириб бордим, у зотга: Сизнинг кеча садақа емаслигингизни кўрдим.. Бугун ҳурматингизга ушбу таомни ҳадя сифатида олиб келувдим, дея олдиларига қўйдим. Асҳобларига қараб: Келинглар, бисмиллаҳ, дедиларда, ўзлари ҳам таомга қўл чўздилар. Мен ўзимга ўзим: Мана иккинчиси! Ҳадяни ейди! дедим. Кейин қайтиб кетдим.. Орадан бир неча кун ўтди.. Фурсат топиб яна қайтиб бордим, қарасам, Росулуллоҳ атрофида асҳоблари билан бир жаноза ортидан бориб Бақеъ қабристонига киришган экан, эгнига икки матони кийим қилиб, бирини елкадан ошириб ридо, иккинчисини эса пастга ўраб, изор қилиб олган эдилар. Бориб салом бердимда, бурилиб елкаларидаги муҳри нубувватни (пайғамбарлик муҳрини) кўриш учун орқаларига ўтдим.. Менинг нима хоҳлаётганимни билиб, ридоларини елкаларидан пастга эндирдилар.. Қарасам, соҳибим менга васф этган айни муҳр кураклари ўртасида турар эди!!
Мен йиғлаганча ўзимни отиб, ўпа бошладим.. Росулуллоҳ мени чақириб, рўпараларига ўтирғиздилар, ҳол-аҳвол сўрдилар, ҳозир сизларга ҳикоя қилиб бергандек у кишига ҳам бошдан кечирганларимни айтиб бердим.
Кейин Мусулмон бўлдим.. Қуллик менинг Бадр ва Уҳуд ғазотида қатнашишимга тўғаноқ бўлди.. У муборак жангларда қатнашолмадим..
Кунлардан бир куни Росулуллоҳ : хўжайинингга бор, ўзингни сотиб олишга у билан келиш, дедилар. У билан ўзимни қудуқ суви ёрдамида уч юз хурмо дарахти ўстириб бериш ва 40 уқийя (1 уқийя қарийб 40 грамм) тилла эвазига озод қилиб олишга келишдим. Росулуллоҳ асҳобларига: биродарларингга ёрдам беринглар, деб буюрдилар. Улар баъзилари 30 кўчат, баъзилари 20, баъзилари 15тадан олиб келиб бердилар, жами 300 кўчат тўпладик. Шунда Росулуллоҳ : Салмон, бор, кўчатларни экишга ер ковла, ковлаб бўлгач, олдимга кел, кўчатларни ўзим ўтқазаман, дедилар. Мен 300 туп кўчатга ер ковлаб бўлиб, олдиларига келдим.. Бирга чиқдик, мен у кишига кўчат узатиб турдим, муборак қўллари ила ўтқазавердилар. Салмон жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ўша 300 тупдан биттаси ҳам қуриб қолмади!! Ҳаммаси кўкариб кетди..
Энди мен хурмодан қутулган, бўйнимда тиллалар қолган эди.. Бир куни Росулуллоҳ га баъзи ғазавотлардан товуқ тухумидек тилла ўлжага тушди.. Шунда у зот: хўжайидан ўзини сотиб олишга келишган форсий қани? Дебдилар.. Мени чақиришди. Бордим, менга: мана буни олиб, бўйнингдаги тиллангни уз, дедилар. Мен: Эй Росулуллоҳ, бўйнимдаги тиллалар олдида бу нима бўларди, дедим.. У киши: Ол, Оллоҳ шу билан бўйнингдагини узади, дедилар. Олдим. Уларга ушбу тилладан 40 уқийяни тортиб бердим!! Ҳамда озод бўлдим, хандақ ғазотида Росулуллоҳ билан бирга озод ҳолда қатнашдим. Шундан сўнг бирор ғазотдан қолмадим.

***


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Якшанба, 11.01.2009, 6:09:17
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:13:42 | Сообщение # 4
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ушбу жозибадор, нурли калималар ила Салмон Форсий ўзини Оллоҳга боғлагувчи, унга ҳаёт йўлини чизиб берувчи ҳақиқатни излаш йўлидаги саргузаштларини гапириб берди..
Саргузаштларига қулоқ тутар экансиз, беихтиёр хаёлга чўмасиз.. Нақадар ҳиммати кўкда бўлган, интилувчан киши бўлган экана!
Ичида сақлаётган руҳи бунчалар пок, бунчалар беғубор бўлмаса.. Тоғларни майда-майда этувчи, кескир олмосларданда ўткир, метин иродаси бунчалар мустаҳкам, бунчалар қатъий бўлмаса.!
Ҳақиқатга бунчалар берилган, бунчалар содиқ бўлмаса.. Ҳали ҳаётга тўйиб улгурмасданоқ ўз оила-аъзоларидан, отасининг беҳисоб молу давлатидан, сўлим боғ-роғлару кумуш янглиғ товланиб оқаётган ширин сувлардан воз кечиб, ҳақиқат йўлида ўзини қийинчиликларга тўла, машаққатлардан ўзга ҳеч нарсаси кўринмайдиган мажҳул ҳаётга топшириб, бир юртдан иккинчи юртга кўчиб юришнинг ўзи бўладими!!
Лекин, интилганга толе ёр, деб бекорга айтмайдилар!
Салмон ҳам ўткир зеҳни ила, ҳақни излаган беғубор, синчков қалби орқали кишилар ҳаётини, йўлларини ўрганиб, ўзининг ҳақ йўлидаги қатъий иродаси орқали, ҳаётдаги барча қийинчиликларга сабру бардош қилиб, ҳатто энг азиз мулки бўлмиш ҳуррияти, озодлигидан ҳам ажралиб, қул бўлиб сотилсада, излаган нарсасига охири етди.. Оллоҳ уни дунё сарвари, пайғамбарлар сардори ила жамлади.. Шундан сўнг Оллоҳ унга яна умр бериб, ҳақ байроқлари турли ерларда ҳилпираб, олий бўлганлигини кўришни насиб қилди!! Оллоҳнинг мусулмон бандалари бутун ер юзида башарият тарихида мисли кўрилмаган адолат низомини ўрнатиб, яшнатиб юрганлигининг гувоҳи ҳам бўлди..!! Ўшандай низом ўрнатилишига ўзининг салмоқли ҳиссани ҳам қўшди!!

Унинг ўша салмоқли ҳиссаларидан бири Хандақ ғазотида бўлган..
Бу воқеа ҳижратнинг бешинчи йилида бўлиб ўтган эди.. Ўшанда Мадина атрофида яшовчи яҳудийлар бошчиларидан бир нечтаси Макка мушриклари олдига бориб уларни Оллоҳ пайғамбари ҳамда мусулмонларга қарши гиж-гижлаган, Макка атрофидаги бошқа қабилаларни ҳам бу ишга даъват этишган, ўзлари ҳам бу янги динни таг-томири билан суғуриб ташлашда қўл қовуштириб турмасликларини, баҳодирларча жангга кириб, кўмак беришларини айтиб мақтанишган, ваъдалар қилишган эди..
Эндигина тетапоя бўлиб, оёққа туриб келаётган Исломга қарши қилинган бу мудҳиш тил бириктирув режаси қуйидагича амалга оширилиши керак эди..
Қурайш билан Ғатафон қабиласи аскарлари Мадинага ташқаридан ҳужум бошлаганда Бану Қурайза (яҳудий қабилалардан бири) ичкаридан, мусулмонлар ортидан оёққа турар, натижада мусулмонлар икки томондан зарба еб, тегирмоннинг икки тоши буғдойни қандай янчиб ташласа, мусулмонлар шундай янчилиши, уларга барҳам берилиши керак эди..
Мусулмонлар Исломга қарши қилинган бу фитнадан ҳали бехабар, яҳудийлар билан қўшничилик ришталари ила боғланиб, улардан бирор ёмонлик содир бўлишини хаёлларига келтирмай яшамоқда эдилар..
Бир куни ўша вақтдаги энг зўр, энг кучли қуроллар ила жиҳозланган минглаб аскарлардан иборат қўшин Мадина томон отланаётганини эшитиб қолдилар.. Мусулмонлар тўсатдан келмоқда бўлган бу қўшиндан жуда саросимага тушиб, уларни анча ваҳима эгаллаб олган эди.. Қуръон уларнинг ўша вақтдаги ҳолатини тасвирлаб, шундай дейди:
"Қўшинлар сизларга устингиздан ҳам, остингиздан ҳам келган вақтни эсланг, ўшанда кўзлар олайиб, юраклар ҳалқумга келиб қолган, Оллоҳга турли гумонларни қила бошлаган эдингиз"!!
Абу Суфён ва Уяйна ибн Ҳисн (Макка атрофидан қўшилган аъроб қабилаларига бошчилик қилган киши) қўмондонлигида 24 000 аскар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳобларини чилпарчин қилиб ташлаш учун Мадинага яқинлашмоқда эдилар. Ушбу армия юқорида ишора этилганидек, фақат Қурайш аскарларидан ташкил топган бўлмай, балки Исломни ўзига хатар деб билган барча қабилалар аскарлари мажмуи эди.. Аҳоли кам бўлган ўша вақтларда бунчалик аскарларнинг тўпланиши анча қийин, тўпланганда эса кишиларни қўрқув ва ваҳимага солмай қўймасди.. Пайғамбар душмани бўлган шахслар, жамоалар, қабилалар, барча-барчасининг ўз манфаатлари йўлида қилган жиддий энг сўнгги уриниши эди бу.
Мусулмонлар ниҳоятда танг аҳволда қолиб, пайғамбар уларни маслаҳатга йиғдилар. Табиийки, улар мудофаага, ҳимояга туришга бир овоздан келишдилар.. Лекин ҳимоя қай тарзда бўлади?
Шунда бўйлари узун, сочлари қуюқ, пайғамбар суядиган, эҳтиром этадиган бир киши олдинга ўтди.. Салмон Форсий олдинга ўтиб, бир тепаликка чиқдида, Мадинага синчковлик билан қараб, унинг ҳар томондан тоғлар ва тошлар билан ўралганини кўрди.. Бироқ унинг бир томонида анчагина кенг, очиқ ер бўлиб, қўшин худди шу томондангина бостириб кира олар эди..
Салмон Форс диёрида кузатган уруш услубларидан бирида ҳимоя учун хандақ қазиш ҳам бор эди.. Росулуллоҳ га яқинлашиб, арабларда ҳали учрамаган шу услубни қўллашни маслаҳат берди.. Ўша очиқ ерга хандақ қазиб, душман ўтиб кетолмаслигини таъминлаш кераклигини айтди..
Агар ўша хандақ қазилмаганида, Оллоҳ билади, воқеа нималар билан якунланар эди.. Бир ой Мадина ташқарисида қамал қилиб, кира олмагач, охирда Оллоҳ томонидан совуқ ва кучли довул туриб, уларнинг чодирларию қозон-ўчоқларини учириб кетган, ночор қолган Абу Суфён қайтишга буйруқ чиқарган эди..

Ўша ғазотда мусулмонлар хандақ қазир эканлар, барча қатори Салмон ҳам қазишда иштирок этди.. Росулуллоҳ улар билан елкама-елка туриб, қазишга ёрдам бердилар.
Салмон қўлида чўқмор (керки) ила тошларни майдалар экан, олдидан бир қаттиқ, темирдек харсангтош чиқиб қолди..
Салмон паҳлавонкелбат, бели бақувват, кучли киши эди.. Йўлида учраётган тошларни майдалаб келар, уни бирор тош тўса олмаган эди.. Лекин бу харсанг қанчалик бошига зарба тушмасин, жойидан қимирламас, бирон ери кўчмас эди..
Бошқалар ҳам уриниб, қайсар тош олдида ожиз қолишгач, Салмон Росулуллоҳ қазиётган ерга бориб, қаттиқ тош борлигини айтиб, қазиш йўлини сал ўзгартириб, тошни айланиб ўтишга рухсат сўради..
Росулуллоҳ Салмон билан ўша тошни ўзлари кўргали келдилар, кўрганларида, керкини олиб, асҳобларига узоқроқ туришни буюрдилар.
Кейин муборак икки қўлларини осмонга кўтариб "Бисмиллоҳ" деганларича, чўқморни маҳкам тутган ҳолда харсангга урдилар.. Шунда шу пайтгача зарбаларга парво қилмаган харсанг ушбу зарбадан дарз еди, атроф ёришиб кетгандек бўлди.. харсангнинг учдан бири майдаланиб кетди..
Росулуллоҳ : Оллоҳу акбар! Форс калитлари берилди менга.. Ҳийра қасрлари, Кисро (Хисрав) шаҳарлари кўринди, умматим уларга ғолиб бўлажак, дедилар.
Кейин иккичи бор кўтариб, яна бир зарба урдилар.. Ўша ҳолат такрорланиб, харсангнинг яна бир қисм майдаланиб кетди.. Росулуллоҳ нинг юзлари ёришиб кетиб: Оллоҳу акбар.. Энди Шом калитлари ҳам берилди.. Менга уларнинг қизил қасрлари ёришиб кўринди.. Умматим улар устиданда ғолиб бўлажак, дедилар.. Учинчи бор уриб, қолганини майдаладиларда: Оллоҳу акбар, менга Яман калитлари берилди.. Санъо қасрларини кўряпман, дедилар..
Оллоҳ ва пайғамбари рост сўзлади!!

Шундай қилиб, Салмон Хандақ қазиш маслаҳатини берган, ғайб асрорларидан баъзилари Оллоҳ томонидан пайғамбарига берилишига сабаб бўлган ўша харсангтошга ҳам биринчи бор дуч келган киши бўлдилар.
Пайғамбар ушбу мўъжизани айтаётганида ёнида турган, унга узоқ умр берилиб, ўша мўъжизаларнинг ҳаётда, кўз ўнгида амалга ошганини кўрган эди..
Форс ва Шом шаҳарлари очилганини кўрди..
Санъо, Сурия, Миср, Ироқ қасрларининг гувоҳи бўлди..
Салмон турли ерларнинг кўкка бўй чўзган мезаналардан таралган муборак ҳайқириқлар ила тўлган, ҳидоят, эзгулик, нурга бой бўлганини кўриш шарафига муяссар бўлди..


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:15:01 | Сообщение # 5
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ҳиммати кўкда бўлган, сидқу ихлос ила ҳаёт кечирган бу буюк инсон ўз тақволарида, заковатларида ҳам Умар ибн Хаттобга ўхшаб кетар эдилар.
Муохот – пайғамбар илк Мадинага келганларида асҳобларини бир-бирига икковора (иккита-иккитадан) қиёматлик дўст қилиб қўйганларида Абуд Дардо билан дўстлашган эди.. Абуд Дардо кечалари қиёмда туриб, намоз ўқиб, кундузлари рўза тутиб юрар эди.. Унинг бундай таркидунёчилигини кўриб, аёли ҳам ўзига қарамай қўйган эди.. Бир куни унинг нафл рўзага бўлган қатъиятидан қайтармоқчи бўлиб сўз очганида унга Абуд Дардо ўгитнамо: Раббимга рўза тутишдан қайтармоқчимисиз, деб қолди.. Шунда Салмон: Устингизда Раббингизнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам, аёлингизнинг ҳам ҳақи бор, ҳар бирининг ҳақини ўзига еткизинг, рўза ҳам тутинг, оғизни очиб ҳам юринг.. Кечалари намоз ҳам ўқинг, ухланг ҳам.. Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини беринг, деди..
Бу сўз Росулуллоҳ га етиб борганида: Салмон илмга тўла, дедилар.
Росулуллоҳ унинг ўткир заковатини, илмини қадрлар, ахлоқини ҳам мақтар эдилар.. Ўша хандақ кунида ансорлар: Салмон бизлардан, дейишса, муҳожирлар улар қаршисида туриб: йўқ, Салмон биздан бўлади, деб талашиб қолишди.. Шунда узоқдан қараб турган Росулуллоҳ уларга қараб: Салмон биздан, аҳли байтдан (пайғамбар хонадонидан)" дедилар..

Албатта, у бундай шарафга лойиқдир..
Али ибн Абу толиб р.а. уни Луқмони Ҳаким деб номлар эди.. Вафотидан сўнг унга у ҳақда савол беришганида: "У биздан, аҳли байтдан эди, Луқмони ҳакимдек киши яна берилармикин, аввалгилар илмидан, кейингилар илмидан олган эди, олдинги ва кейинги китобларни ўқиди, туганмас бир денги эди", деди..
Саҳобалар ичида жуда баланд мартабага эришган бўлиб, уни барчаси ардоқлар эдилар.. Умар р.а. халифалик қилиб турган даврда Мадинага зиёрат қилиб келдилар.. Умар шунда ҳеч кимга кўрсатмаган илтифотини кўрсатиб, ёнларидаги аъёнларни тўпладиларда: Юринглар, пешвоз чиқиб Салмонни кутиб олайлик, дедилар.. Мадина четига чиқиб, Салмон келишини кутиб турдилар.
Салмон Росулуллоҳ га учраб иймон келтиргандан бошлаб мужоҳид, обид бўлиб яшадилар, халифалари Абу Бакр, Умар даврларида ҳам шу тахлит ҳаёт кечирдилар.. Усмон халифалигида ҳам яшаб, халифалик ўрталарида омонатларини топширдилар.. Ўша йилларга келиб Ислом байроқлари барча уфқларда ҳилпирар, хазиналар ва мол-дунёлар Ислом мамлакатига ёғилмоқда эди..
Бу вақтларда Салмон қаерда эди? Ўша дунё ёғилган, роҳат-фароғат фурсатлари етиб келган пайтда Салмонни қаердан топсак экан...

* * *


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:16:24 | Сообщение # 6
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Диққат билан назар ташланг..
Ҳў анави соя тагида, хурмо баргларини (хурмо барглари узун-узун бўлади) ўриб, эшиб, саватлар, турли идишлар тўқиб ўтирган салобатли кексани кўряпсизми? Ўша киши Салмон бўладилар.. Калталигидан тиззаларигача очилай деб қолган яктакда, кексалик маҳобати, айни вақтда соддагина кийими билан қўр тўкиб ўтирибди..
Унга бериладиган тортиқ (пенсия) жуда ортиқ даражада, йилига 4 минг- 6минг орасида бўлсада, уларнинг барчасини тарқатиб берар, ундан бир дирҳам бўлсада олиб қолишдан бош тортар эдилар..
"Бир дирҳамга хурмо барглари сотиб олиб, кейин идишлар ясаб, 3 дирҳамга сотаман, бир дирҳамни яна барглар олишга олиб қўйиб, бир дирҳамни оиламга ишлатаман, яна бирини садақа қиламан.. Агар Умар ибн Хаттоб келиб бундан қайтарсада, қайтмайман", дер эдилар..
Эй Муҳаммад издошлари! Эй улуғ саҳобалар!!
Эй, барча асрлар бўйи бутун инсониятга шараф бўлган зотлар!!!
Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Абу Зарр Ғифорий сингари саҳобаларнинг ҳаёт лаззатларидан воз кечганлари, тақволари ҳақида эшитганимизда, "Ҳа энди бу зотлар Арабистон оролининг қийин, оғир табиатида ўсган кишиларда.." дер эдик.. Бу не ҳолки, бугун рўбарўмизда роҳат-фароғат, тўкин-сочинлик, дунёнинг ривожланган ери бўлмиш Форс Империясидан келган, камбағалларидан эмас, форсларнинг энг кўзга кўринган бойларидан бўлган киши ўзига ёғилиб келаётган ойликларни, моҳоналарни олмасдан ўз қўли ила тўқиган саватлар орқали келган 3 дирҳамдан биргина дирҳамига қаноат қилиб ўтирибди..
Нега энди шу қадар кенглик ва фаровонликда ўсган бул зот бу ҳолни ихтиёр этди? Нечун ўзига берилаётган бошчилик, амирликлардан қочиб, рад этганча: "Таом ўрнига тупроқ есангда, икки киши устидан бошлиқ бўлмаслик уҳдасидан чиқа олсанг, омадинг чопибди.." дейдида, барча мансаблардан, амирликлардан қочиб, жиҳодга кетаётган бўлинма бўлсагина, ёки ўзидан бошқа амирликка яроқли киши топилмай қолгандагина, чор-ночор қабул этиб, бу вазифани уддалаш учун титраб, йиғлаган ҳолда ишга тушадиган бўлиб қолди..?
Устига мажбурлаб юклатилган вазифаси эвазига келаётган ҳалол иш ҳақини олишдан нега бош тортади..??
Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасан Басрийдан ушбуларни ҳикоя қилади:
"Салмоннинг иш ҳақи 5 000 эди, қўл остидаги 30 000 кишига хутба қилар экан, унинг биргина тўни бўлиб, у ҳам кийим, ҳам тўшак вазифасини ўтар эди.. Моҳонаси чиққанида шундайича ўтказиб юборар, қўл меҳнати орқасидан кун кўрар эди..".
Неъмат қўйнида ўсган, маданият шаробидан симирган бу форсий киши нега бу қадар таркидунёликка берилди, дунёдан этак силкди?
Келинг, жавобни унинг ўзидан олайлик, беғубор, улуғвор руҳи Буюк, Меҳрибон Парвардигори томон йўл олиш вақти етиб, ўлим тўшагида ётган вақтида айтган сўзларини эшитайлик..
Саъд ибн Абу Ваққос уни кўргали келди.. Салмон Саъдга кўзи тушар экан кўзлари жиққа ёшга тўлди..
- Нега йиғлайсиз, Абу Абдуллоҳ, Росулуллоҳ сиздан рози бўлиб кетган бўлсалар..
- Худо ҳақи, ўлимдан қўрқиб ё дунёга ачиниб йиғламаяпман, лекин Росулуллоҳ кетаётганларида: "Дунёдан оладиган улушларинг мусофир-қўноқникидек бўлсин", деган эдилар.. Менчи.. мен шунча нарса ичида ётибман...
Саъд: атрофига назар ташлаб, бир товоқ, обдастадан бошқа ҳеч нарса кўрмадим, дейди..
- Абу Абдуллоҳ, бизга насиҳат қилиб кетинг..
- Эй Саъд.. Бирор ишга уринганингда ҳам, бирор ҳукмни қилганингда ҳам, бирор молни тақсимлаганингда ҳам Оллоҳни ёдда тут...
Ҳаа.. Унинг нафсини тўқ қилган, дунёнинг молларию мансабларию мартабаларидан қўл силташга олиб келган "Дунё сизларни эгаллаб қўймасин, дунёдан оладиган насибангиз мусофир оладиган насиба миқдорида бўлсин" деган Росулуллоҳ нинг марҳаматлари экан..
Салмон бу муборак сўзларга пайравликни қиёмига келтириб, аҳдида тура олган бўлсада, покиза руҳи сафарга отланар экан, "ростдан ҳам аҳдда тура олдимми, чегарадан ўтиб кетмадимми" деган ваҳимада эди.. Ён-верида эса таом ейдиган товоғию сув ичиб, таҳорат оладиган обдастаси бор эди, холос..!!
Шундай бўлсада, ўзини дунёга кўмилган, деб ўйлаётибди..
Сизга: "У Умарга жуда ўхшайди", демаганмидим!
Мадоин ноҳиясига амирлик қилиб юрган вақтида ҳам аҳволи ўзгармади.. Юқорида айтиб ўтилганидек, амирлик моянасини олишдан бош тортди, сават тўқиб кун кечириб юрди.. Кўйлаги билан тўни эса камсуқумликда бири биридан ўзар эди..
Бир куни йўлда келар экан, бир киши Шом тарафдан анжир, хурмо кўтарганича келиб қолди.. Юк уни анча эзиб қўйган эди.. Олдидан шаҳар аҳлининг оддий кишилари киядиган юпунгина кийинган кишининг ўтаётганини кўргач, "кел, шунга кўтартирай, мен ҳам дам олиб оламан, у ҳам баҳонада бир-икки мирилик бўлиб қолади", деган ўйда уни имлаб чақирди.. У келгач, "кел, буни кўтар", деди.. Йўлда уни олдига солиб, юкини кўтартириб келар экан, рўпараларидан бир тўп одамлар чиқиб қолдилар... Юк кўтариб кетаётган киши уларга салом берди.. Улар тавозеъ билан "Амиримизга ҳам салом бўлсин" дедилар..
Йўловчи ҳайрон.. "Амиримизга салом бўлсин"..?? Қайси амир?? У шу ўйга келар экан, таажжубга тушган, гаранг ҳолда қолган эди.. Ўша тўп ичидан бир нечтаси югуриб чиқиб "Амир ҳазратлари, келинг менга беринг, уят бўлади.." деб қолгани эса уни янада тонг қолдириб, оғзини ланг очириб қўйди..
Ўша юпун кийинган киши кимсан Мадоин амири Салмони Форсий эканлигини билиб довдираб қолди, югуриб келиб минг узр-ла юкни қайтиб олмоқчи бўлди.. Салмон эса "Йўқ, жойингизга етказиб бермагунимча бермайман", деб бош чайқар эди...

* * *

Бир куни ундан:
Нега бунчалик амирликни суймайсиз? деб сўрадилар. У "тотиб кўриши тотлию, ундан чиқиб кетиш аччиқ, қийинда", дедилар.
Кунларнинг бирида дўсти унинг уйига кириб қолиб, хамир қораётганини кўриб сўради:
- Хизматчи қани?
- Бир ишга юборган эдим, бирйўла икки хизматни буюргим келмади..
"Уйига" деган сўзни эшитган муҳтарамлар унинг уйи қандай эканлигини ҳам билганлари яхши.. Ўша "уй" деб аталмиш кулбани қурмоқчи бўлганда қурувчидан: "уйни қандай қилиб қурмоқчисан", деб сўради.. Қурувчи Салмоннинг зоҳидлигини, тақвосини биладиган заковатли, ақлли киши эди.. Унга жавоб берар экан: "қўрқмасинлар, бор-йўғи ёзнинг жазирамасидан, қишнинг аёзидан сақлайдиган, турсангиз бошингиз шифтига, ётсангиз оёғингиз четига етадиган қилиб қуриб берамиз", деди.. У киши хотиржам бош силкди: "Шундай бўлсин".

Унинг ушбу дунёда ардоқлайдиган, кўз қорачиғидек сақлайдиган биргина нарсаси бўлиб, аёлига уни жуда махфий жойга бекитиб қўйишини буюрган, ҳеч ким воқиф бўлмаслигини тайинлаган эди..
Ўлим шарпаси келиб, дунёдан кетиш маҳали яқинлашганини сезгач, хотинига: "Ҳалиги мен яшириб қўй, деган нарсани опкелинг", деди..
Олиб келди.. "Жалуло" ғазоти куни улушига тушган мушк (хушбўй атир кукуни) эди.. Ўлганимда сепилади, деб олиб қўйган экан..
Бир пиёла сув олиб келтириб, унга мушкни солар экан, аралаштариб аёлига деди:
- Теварагимга сепиб қўйинг, ҳозир олдимга таом емайдиган, хушбуй ҳидларни хуш кўрадиганлар келади..
Аёли айтганини бажариб бўлгач:
- Эшикни маҳкам ёпиб ташқарига чиқинг, деб буюрди.. Аёли чиқиб кетди..
Бир муддат ташқарида қолиб, қайтиб кирганида муборак руҳи жасадидан, дунёдан ажралиб, кўкка чиқиб кетган, улуғ жамоат томон завқу шавқ қанотлари ила парвоз қилмоқда эди.. Зеро, у ерда кўришишга пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан, икки ўртоғи Абу Бакр ва Умар билан, дунёни ёғду ва эзгуликка тўлдирган шаҳидлар, покиза танлар билан ваъдалашган эди..
Неча йиллаб Салмонни қадрдонларига бўлган чанқоқ иштиёқ томоғини қақратиб келган эди... Мана энди бемалол, симирса, қонса бўладиган кун ҳам етиб келди..
________________


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:21:29 | Сообщение # 7
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Билол ибн Рабоҳ

Сизларни бу улкан кишилар ҳаёти билан бақадриҳол таништиришда давом этар эканмиз, энди ўша "Саҳобалар ҳаёти" номли боғнинг яна бир гулшани ила, ўша улуғ, муборак карвоннинг, иймон, садоқат, фидойилик, шижоат, матонат, барча эзгу амаллар ортилган карвоннинг яна бир тенги йўқ фарди ила таништиришга ҳаракат қиламиз..

Умар ибн Хаттоб р.а. уни эслаганда "Абу Бакр бизнинг саййидимиз, саййидимизни озод қилган.." дер эдилар..
Кимсан ҳазрати Умардек киши "саййидимиз" деб турган зот жуда улуғ бўлишида шубҳа йўқ..
Лекин, ровийлар сифатлагандек "қоп-қора, ориқ, ўта узун бўйли, майиздек сочлари бошига ёпишиб ётган, сийраксоқол бу киши ўзларига қаратилган мақтов, олқишларни эшитишлари билан юзларини хам қилиб, кўзларини ерга қадар, ёноқларидан ёшлар думалаб: "Кечагина қул бўлган ҳабашман, холос", дейишдан бошқа гап айтмасди..
Кечагина қул бўлган бу ҳабаш ким бўлди экан? Пайқагандирсиз, гап ҳазрати Билол ибн Рабоҳ ҳақида кетмоқда.. Бутларга қирон келтирган Ислом муаззини ҳақида кетмоқда… Бу одам иймон ва садоқат, фидойилик мўъжизаларидан бири.. Улуғ Ислом мўъжизаларидан биридир.. Ислом тетапоя бўлиб бошлагандан ҳозирга довур, балки қиёматгача мусулмон болалардан хоҳлаганингизни чақириб сўранг, ўша заҳоти жавоб беришади, худди Исломдаги улуғ икки халифа Абу Бакр ва Умарни билганидек..
Хоҳ Мисрда бўлсин, хоҳ Покистон, хоҳ Малайзия, хоҳ Хитой..
Ёки Америкада бўлсин, ёки Европа, ёки Россия..
Ироқ, Сурия, Туркия, Эрон, Судан.. Тунис, Жазоир, Мағриб… Африка чангалзорлари ичида бўлсин, ё Осиё тепаликлари устида… Хуллас мусулмонлар яшаётган қайси диёрга бориб, хоҳлаган болани чақириб ўша юқоридаги саволни берсангиз: "Болакай, менга қара, Билол ким? Биласанми?" десангиз, "Ҳа, пайғамбаримиз муаззини, динингдан қайтасан, деб эгаси қайноқ тош билан азоблаганда "Аҳад, Аҳад" деб турган қора кишида", деб жавоб беради..
Ислом ато этган бу инъомнинг кўрсангиз, номининг тилларда достон, асрлар узра тарқалиб, азон исми билан унинг исми қоришиб кетганини кўрсангиз, билингки, худди шу Билол Исломдан илгари бир ҳовуч хурмо эвазига эгасининг туясини боқиб юрадиган қулдан бошқа ҳеч ким эмасди..! Ислом бўлмаганида шу зайлда беқадр ҳаёт кечириб, гумномлигича ўлиб кетган, номидан асар қолмаган бошқа миллионлаб қуллар сингари бунданда ному нишон қолмаган бўлур эди..
Лекин Иймон туфайли унда жўш урган фидойилиги, иймон келтирган улуғ Дини туфайли Ислом улуғлари, улкан, покиза зотлари ичида баланд мартабага эга бўлди.. Дунёда қанчадан қанча мартаба, бойлик, мансаб эгаси бўлганлар ўша ҳабаш қул эришган улуғ, ўчмас номнинг ўндан бирига, балки юздан бирига ҳам эришолмадилар…! Оддий кишиларни қўятурайлик, тарих қаҳрамонларидан аталмиш кўпчилик машҳурлари Билол эришган шуҳратни қўлга киритолгани йўқ..
Одамлар ўша вақтларда, ҳозирги жоҳилият тарқалган кўп ерларда ҳам, Африканинг қаеригадир мансуб бўлган, Билолга ўхшаган, ҳатто ўзининг ҳаётига ўзи ҳукмрон бўла олмайдиган, сотиб олган эгасининг бир моли ҳисобланмиш бир қул, эгасининг мол-қўй, чорвалари ичида кун кечирадиган бир қарол бирор нарсага қодир эмас, ҳеч нарса қила олмайди, деган ўйда эдилар..
Бу киши эса ўша ўй-хаёлларни тўзғитиб юбориб шундай иймонга эришдики, бошқалар бундай иймонга эришиши амри маҳол эди.. Устига устак мусулмон бўлиб, пайғамбарга эргашган барча қурайш зодагонлари орзу қиладиган "пайғамбар ва Исломнинг илк муаззини" деган шарафли номга эга бўлди..
Билол… ибн… Рабоҳ…
Келинг, бу учтагина калима ўзида жамлаган улуғ саҳобанинг ҳаётига бирров назар ташлаб ўтайлик..

* * *


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:22:24 | Сообщение # 8
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline

* * *
У қоралар уммати ҳисобланмиш ҳабаш диёридан.. Фалакнинг гардиши билан Маккадаги Қурайш зодагонларидан ҳисобланмиш Бани Жумаҳ қабиласидаги чўрилардан биридан дунёга келди..
Кунлари бошқа қуллар куни каби кўримсиз, бесамара ўтар, на бугунида бир нарса қила олар, на эртасига умид билан қарарди..
Одамлар Маккада "Муҳаммад хабари"ни қўлма-қўл қилиб, оғиздан оғизга кўча бошлаган пайтда унинг ҳам қулоғига бу янги хабар чалинган, эгаларининг, уларникига келадиган меҳмонларнинг гаплари орқали, айниқса, унинг ва ўша қабиланинг бошқа қулларининг хожаларидан бири бўлган Бани Жумаҳ саййидларидан бири бўлмиш Умайя ибн Халаф оғзидан анчагина нарса эшитган эди.. Умайянинг бу янги пайғамбар ҳақида ғазаб, нафрат билан дўстларига, қабиладошларига гапираётганлигининг кўпинча гувоҳи бўлар, бир йўсин, бир ритмда кетаётган ҳаётига бу хабарнинг янгилик бўлаётганини қалби сезиб турар, уларнинг ғазаб, таҳдид, адоватга тўла гаплари орасида Муҳаммаднинг ростгўй, покиза, амонатлилигини гапиришиб, ҳайрон бўлган ҳолда: "Муҳаммад бирор ёлғон ҳам сўйламаган киши эди, сеҳргар десак, сеҳргар эмас, жинни дейлик десак, жиннига ўхшамайди, нима бўлганда ҳам бу олиб келган нарсасига ҳеч ҳам йўл қўйиб бўлмайди, одамларни бу динга киришдан қайтариш керак", дейишаётганини кўриб юраги ҳаприқиб қўярди..
Ҳа.. Мушриклар у зот ҳақида, амонат, вафоси, мардлиги, ахлоқи, покизалиги, ақлли киши эканлиги ҳақида сўзлашар, нега бу даражада адоват қилишаётганини яширмас ҳам эдилар.. Ота-боболарининг динлари, шунча асрлар бўйи бу орқали тўпланган, ибодат, расм-русумлар маркази бўлган диний пешволик мартабаси кетиб қолишидан қўрқишар, устига устак, "нега айнан Бани Ҳошимдан пайғамбар чиқаркан" деган ҳасад уларни қамраб олган эди..

* * *
Бу воқеалар, ҳолатларни яқиндан кўриб юрган Билолга бир куни Оллоҳ нури етиб, покиза қалби, беғубор руҳига тараладида, Росулуллоҳ га бориб ўзининг иймонини эълон қилиб, мусулмон бўлади..
Унинг мусулмон бўлгани бир пасда барча ерга тарқаб, эгаларининг, хожаларининг ҳам қулоқларига етмай қолмайди..
Бу хабардан уларнинг кибру ҳаво билан шишган бошлари гир айланиб, ғуруру менсимаслик ила осмонга кўтарилган бурун катаклари кенгайиб кетади! Кимсан Бани Умайя қабиласининг арзимас, бир пулга қиммат қоравой қулларидан бирининг мусулмон бўлиши уларнинг оппоқ юзларига қоп-қора оёғини қўйиш билан тенг бўлиб, шармандаю шармисорлик эди!!
Чексиз ғазабга минган Умайя ёрилиб кетмаслик учун тишини тишига босганча: "Майли… Бугун кун ботиши билан бу нонкўр қулнинг исломи ҳам ботади.." деб хириллар эди..
Лекин ҳеч қачон Билолнинг ислом қуёши ботмади, балки бир кун келиб, барча Қурайш бутлари ботиб кетди, бутпарастлар ҳомийлари ботиб кетди.!

* * *
Билол эса, фақат Исломгагина эмас, бутун башарият учун шараф бўладиган ишни қилди..
Буюк киши сифатида, улуғлар қаторида энг қаттиқ, мудҳиш азобларга дош берди.
Бу билан гўё Оллоҳ таоло "башаранинг қора бўлиши тананинг қул бўлиши ўз иймонини топган, Раббига маҳкам боғланган, ўз ҳақини ҳимоя қилган Руҳ иродасини ҳеч ҳам бука олмайди, унинг азаматини йиқа олмайди" деётгандек эди..
Билол бу матонати билан замонасидаги, балки барча замондаги кишиларга "виждон эркинлиги, қалб ҳокимиятини олтин тўла ерга ҳам, азоб тўла ерга ҳам алишиб бўлмайди" деган дарсни ўтаётган эди..
Динидан қайтиш учун, қаноатини ўзгартириш учун қайноқ чўғ устига қўйилсада, бош тортди…
Дарҳақиқат, тенги йўқ тарбиячи бўлмиш Муҳаммад а.с. ҳамда улуғ Ислом - эгасига қул бўлган бу нотавон ҳабашдан қалб дахлсизлиги, виждон эркинлигини ҳимоя қилиш борасида бутун башариятга узтоз бўлса арзийдиган бир кишини етиштирдилар..
Саҳро темирдек, ҳаво мисдек қизиб, жаҳаннамга айланган вақтда Билолни олиб чиқиб, кийимларини ечган ҳолда чўғдай қизиб турган қайноқ тошлар устига ётқизишар, кейин бир неча киши бир бўлишиб ёниб турган бир харсангни кўтариб келишиб, кўкрагига босиб қўйишар эди..
Бу азоб ҳар куни такрорланар, узоқдан гувоҳ бўлганларнинг раҳмлари келиб юраклари сувдек оқиб турар, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмас эди.. Азобнинг қаттиқлигидан уни азоблаб турганларнинг баъзи бирлари ҳам таъсирланиб кетган эди.. Охирда улар олиҳаларини бир мартагина яхши сўзлар билан тилга олса қўйиб юборишларини айтиб, ялинишга тушишди.. Улар шундайича қўйиб юборишса, Қурайш зодагонларидан "ээ ўла, қулидан енгилипти" деган иснодга қолишдан қўрқар эдилар..
Лекин шу биргина, оғиз четидан чиқиб кетадиган сўзни ҳам Билол айтишдан бош тортар, ўрнига ўзининг кейинчалик мангуликка айланган машҳур сўзини такрорлар эди:
Аҳад… Аҳад..
Жаллодлари бир ўдағайлашар, бир ялинишар, "Лот билан Уззониям айт" дейишар, у: "Аҳад.. Аҳад…" дейишдан нарига ўтмас эди..
Улар тағин зуғум била: "Биз айтгандек айт" дейишса, ажойиб киноя билан, чақиб олувчи истеҳзо ила: Тилим айланмайди, дер эди!!

* * *

__________________


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:23:14 | Сообщение # 9
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline

Билол ўша қаттиқ азобда тегирмон орасида қолган дондек пастидану устидан қайноқ тошлар исканжасида кеч киргунча қолар, кун қайтгач, уни турғизишиб, бўйнига арқон боғлаб шаҳарга олиб қайтишар, ҳолдан бутунлай толган Билолни ёш болаларига топширишиб, Макка кўчалари бўйлаб судраб юришга буюрар эдилар.. Билол эса, ўзининг покиза хиргойиси бўлмиш "Аҳад, Аҳад"ни тилидан қўймас эди..
Тун ўз қоронғилик пардаси билан барча томонни ўраб олгандан кейин ҳам гўё улар ўзларининг Билол билан "савдоларини пиширмоқ" учун унга:
- Эртага олиҳаларимиз ҳақида бир яхши сўз айтгин, раббим Лот Уззо дегин, тинч қўяйлик сени, қайтиб сенга бир сўз демайлик. Ахир биз ҳам азоблашдан чарчаб кетдик! Азобни гўё биз кўраётгандек!, деётгандек бўларди..
У эса бош чайқар, "Аҳад, Аҳад" сўзини такрор ва такрор айтар эди..
Бундан ёрилиб, ёниб кетган Умайя ибн Халаф унга мушт туширар, қичқириб:
- Эй бахтиқаро қул! Не кўргилик бўлдинг бизга! Лот билан Уззога қасамки, сени қулларга ҳам, саййидларга ҳам баб баравар ибрат қилмасамми!! дер эди.
У эса иймонли мўъмин сифатида, улуғвор бир покизалик билан тағин:
"Аҳад... Аҳад.. " дер эди..
Шунда унга ачинган киши ролини бажарувчи киши қабила ичидан чиқиб, юзларида қайғу аломати кўриниб, яна ўша "савдо"га қайтар, Умайяга қараб:
- Қўйсангчи, Умайя, мана мен ҳам Лот билан Уззога қасам ичиб айтаманки, бугундан бошлаб Билолни азобламайсан.. Нима, Билол бегонами? Ўзимиздан бўлса, онаси жорияларимиздан, чўриларимиздан бўлса.. Билол ҳам ўзининг мусулмон бўлиши билан Қурайш олдида бизнинг гапга қолиб, масхара бўлишимизни истамайдику, тўғрими? дерди.
Билол маккор, алдоқчи юзларга боқар экан, юзига табассум югуриб, оппоқ тишлари тонг нуридек ярқираб кетар, уларни жунбушга келдирадиган ўта хотиржамлик билан яна:
"Аҳад.. Аҳад" дер эди..
Тағин чошгоҳ вақти келиб, тағин туш пайти яқинлашар, Билол яна ўша қайноқ тошлар томон судраб олиб кетилар, ундан ҳеч бир садо чиқмай, улкан сабот ва тенгсиз матонат, сабр ила яна азобни қаршилар эди..
Бир кун улар олдига Абу Бакр бориб:
- Наҳотки "Раббим Оллоҳ" деган кишини ўлдирсаларингиз! дейдида, Умайяга ўгрилиб:
- Ма, нархидан ортиғини олиб, қўйиб юбор буни, кишанларини еч! дейди.
Умайя гўё чўкиб кетаётган кишига қутқарув кемаси келса қанчалик қувонса, шунчалик хурсанд бўлиб кетади.
Абу Бакрнинг бу таклифини эшитар экан ростдан ҳам юқоридаги ҳолатга тушган эди. Чунки, уларнинг Билолни бўйсундиришга умидлари заррача қолмаган, тижоратчи кишилар бўлганликларидан ўлиб қолгандан кўра бировга сотганимиз маъқул эди, деган фикрга бориб қолган эдилар.
Улар Абу Бакрга сотган заҳотиёқ уни озод қилди, Билол ҳам энди эркин, озод кишилар қаторидан ўрин олди.
У Билолнинг қўлтиғидан тутиб озодлик томон етаклар экан, Умайя унга қараб:
- Ол, ол, Лот билан Уззога қасамки, савдолашиб-савдолашиб, охири бир тангага оламан, деганингда ҳам сотиб юборардиме! деди.
Абу Бакр бу сўзлар замирида нималар яширинганини англаб етди, бу алам билан айтилган пичингга жавоб қайтармаса ҳам бўлар эди. Лекин ўз биродари бўлган, ҳозиргина қулликдан озодлик томон қадам қўйган кишининг ҳурмати қай даражада эканлигини билдириш учун Умайяга қарата шундай деди:
- Оллоҳга қасамки, юз тиллога бераман, деб турганингда ҳам иккиланмай тўлаган бўлар эдим!!
Шу гапларни айтар экан, дўстини етаклаб Росулуллоҳ томон унга ушбу севинчли хабарни етказиш учун ошиқди. Ушбу кун мусулмонлар учун байрамдек бир кун бўлди.

* * *
Росулуллоҳ ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишиб, у ерда жойлашганларидан сўнг, пайғамбар намозга азон айтишга буюрадилар..
Ҳар куни беш маҳал намозга чақириб, уфқлар оша такбирларию таҳлиллари тарқаладиган бахтли киши ким бўлса экан...?
Бу киши ҳазрати Билол бўладилар.. Ҳа.. Ўн уч йил илгари қийноқда қолиб қайноқ тошда азоб тортар экан: "Аҳад.. Аҳад.. Аллоҳ яккадир.." деб нола қилган зот бугун ўша Аллоҳ яккадир деб айтган ноласини "Аллоҳу акбар", "Аллоҳ Буюкдир" ҳайқириғига улайдиган киши бўладилар..
Унга пайғамбар назари тушиб, ушбу муҳим вазифага лойиқ деб топилган эди..
У ўзининг соф, жарангдор, ёқимли, ширали овози билан юракларни иймонга тўлдириб, қулоқларга ажиб бир оҳанг инъом бағишлар эди:
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Ла илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ)

* * *


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Якшанба, 11.01.2009, 6:24:26 | Сообщение # 10
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
* * *
Мусулмонлар билан Қурайш ўртасида уруш оёққа туради... Бўлиб ҳам анча кескин, ўша давр урушларига мос, бошлар сапчадек узиладиган, қўллар кесилиб, оёқлар қирқиладиган аёвсиз жанг бошланади.. Ўша жангда, Исломнинг аввалги ғазоти бўлмиш бадр жангида Билол ҳам қатнашиб, қаҳрамонларча жанг қилади..
Ушбу урушда Қурайш ўзининг энг аслзодаларини, жигарбандаларини урушга ташлаган, барча зодагонлар ўз ҳалокатли чоҳларига ўзлари қадам қўйган, ўз қабрлари томон ўзлари қадам босиб келган эдилар.
Билол хожаси бўлган, уни ваҳшийларча азоблаган Умайя ибн Халаф урушдан қолмоқчи бўлган, лекин уни бир воқеа урушга чор-ночор чиқишга мажбур қилган эди:
Яқин дўсти бўлган Уқба ибн Абу Муъайт унинг уришдан қолмоқчи бўлаётганини эшитиб қолиб қўлига атир-упалардан бири (аёллар ишлатадиган пардозлардан бири) ни олиб келиб, уни ва атрофида ўтирган қавмини ҳайрон қолдирганича Умайя олдига тап этиб ташладида:
- Ўўв Абу Али, мана шуни ишлатавер, энди сени эркак эмас, хотин десак ҳам бўлаверади, деди!!!
Умайянинг ўз қавми олдида қандай аҳволга тушганини сўрамай қўяверинг.. У аччиқ ва уятдан бир оқарган, бир кўкарган, бир қизарган, охирда қорайиб қулоғи шанғиллаб, тили ҳам калимага айланмай қолган эди.. Ва ниҳоят, бироз ўзига келиб:
- Олиб келган нарсанг ҳам қуриб кетсин... Ўзинг ҳам қуриб кет..!! дея олган эди..
Шундай қилиб оёғи тортмасада андиша ва уятнинг зўридан ночор урушга чиқди..
Тақдирнинг ажиб ўйинлари, сир-асрорлари, баланд-пастликлари борда...
Уқба ибн Абу Муъайтнинг ўзи Умайяни Билол ва Билол сингари бечораларни азоблашга ундар эди..
Бугун эса айнан шу Уқба Умайянинг ҳалокати бўладиган, ўзининг ҳаб қабристони ҳисобланмиш Бадрга чиқишга ундаб ўтирибди..
Уни юқоридагидек тезламаганда Умайя урушга бормаслиги турган гап эди.. Лекин.. Ҳикматли зот Аллоҳ амрини қилиб бўлган... Умайя чиқсин.. Зеро, у билан Оллоҳ бандаларидан бири орасида ҳали тугалланмаган бир масала бор.. Орани очиқ қилиш вақти етди.. Жазо бергувчи ҳаргиз ўлмагай.. Қандай нарса қилган бўлсанг ўшандай жавоб оласан.. Экканингни ўрасан..!!
Кечагина бегуноҳ бандаларни, ҳимоячиси йўқ бечораларни аёвсиз калтаклаб, қамчи ўйнатган Умайя бугун ўша бечоралардан бири қўлида, одам ўрнида кўрмайдиган бир киши зарбаси остида жон беради... Билол қўлида ўлим топади.. Яқиндагина ўша қўлларни занжирда тутиб, суғурилиб кетгунча судраган, қўл соҳибини мисли кўрилмаган азоблар билан қийноққа солган эди..
Уруш бошланиб қиличлар, камонлар, найзалар ишга кирган, атрофни қичқириқлару чанг тўзон тутиб кетган, кимлар ўлиб, кимлар ярадор бўлган эди.. Умайя ҳам қолган мушриклардан қолишмай мусулмонларга иложи борича кўпроқ талафот етказишга интилар, ҳаёт ширинлигини ҳар лаҳзада ёдлаб жон ҳолда қилич сермар эди.. Шу зайлда урушнинг ниҳоясини кута бошлади.. Уруш дами пасайиб бошлаган вақтда пайғамбар издошларидан бири, Умайяни яхши танийдиган, Умайя ҳам яхши биладиган Абдураҳмон ибн Авфни кўриб қолдию қувониб кетди.. Урушнинг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлаётганини ўз кўзи билан кўриб турган Умайя жонини сақлаб қолиш умидида Абдураҳмоннинг қўлига асир бўлиб тушишни таклиф қилиб ундан илтимос қилди..
Абдураҳмон ҳам унинг бу ҳийласидан хабари йўқ "майли" деб кўнди.. Уруш ҳали давом этар, аввалги шиддатида бўлмаса ҳам, қиличлар ярқираши, камон ўқлари визиллаши, найзалар шувиллаши эшитилиб турар эди.. Йўлда кетишар экан, Умайяни Билол илғаб қолдида:
- Куфр боши Умайя ибн Халафми?!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай.. деганча қичқириб келиб, қилич сермаб доим кибр ва мақтанчоқлик ила бурни осмонда бўлган бошни сапчадек узиб ташламоқчи бўлди..
Шунда уни Абдураҳмон тўхтатар экан:
- Билол, ахир бу менинг асирим, деди.
Асир? Қанақасига асир бўлсин? Уруш ҳали тугагани йўқку.. Қанақасига асир бўлсин ахир.. Ҳозиргина мусулмонлар жасадларини тилка қилган қиличидан қон томиб турибдику..
Йўқ.. Бу Билол назарида мусулмонлар устидан, уларнинг ақллари устидан безбетларча кулиш эди.. Умайя Маккада етарлича кулиб, етарлича масхара қилиб олди..

Davomi 2-betda


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
  • Страница 1 из 3
  • 1
  • 2
  • 3
  • »
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024