Якшанба, 22.10.2017, 8:05:33

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr - Страница 3 - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
Страница 3 из 3«123
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Sahobalar Hayoti » Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr
Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr
abdullohДата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:35:22 | Сообщение # 21
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Hamza (RA) ning qissalarini davomi...

Уҳуд ғазоти ҳам етиб келди..
Икки қўшин учрашиб, жанггоҳда, ўлим ва уруш майдони ўртасида Ҳамза жанг либосини кийиб, одатига кўра кўксига туяқуш парини қадаб олганича жавлон ура бошлади..
У қайси томонга юриб, мушриклардан ким учрамасин, унга бас кела олмас, бошларни ўткир қиличи ила учириб, душманларни қақшатар, гўё ўлим унинг итоатида турган қулдек, кимга имо қилса, уни учираётгандек эди..
Мусулмонлар шундай ҳолда давом этиб, урушда ғалаба ҳам яқинлашиб келар эди.. Қурайшликлар тумтарақай бўлиб кетишган, кўзлари ола-кула бўлиб қочганларича уруш майдонидан чекина бошлаган эдилар..
Ўша мерганлар жамоаси (Оллоҳ уларни фирдавсга киритган бўлсин, ўзи шундай қилган ҳам) тоғ чўққисидаги ерларини ташлаб, мағлуб душман ўлжаларини йиғмоққа тушмаганларида эди... Ўз жойларини ташлаб Қурайш чавандозларига ортларидан кенг ер очиб беришмаганларида эди, уҳуд ғазоти барча Қурайш учун – эркакларию аёллари, балки отларию туялари учун ҳам мақбара бўлган бўлур эди..!! Лекин Оллоҳ ирода қилган барча ишларда унинг етук ҳикмати, баъзан инсонлар идрок эта олмаган маънолар яширинган бўлади..
Мусулмонлар қарасалар, ортларидан Қурайш чавандозлари ўзларининг чанқоқ, мажнун қиличларини ўйнатганларича от солиб келмоқдалар.. мусулмонлар қайта ўзларини ўнглагунларича, баъзилар қинларига солган қиличларини суғуриб улгургунча душманлар анча талафот еткизишга улгурдилар..
Бу талотўпни кўриб Ҳамза кучига куч қўшилди, ҳамияти янада ошиб турли томондан келаётган душманларни қилич билан чопа бошлади..
Ваҳший эса.. бу чанг-тўзон ичида уни узоқдан пойлар, бир ҳамлада ер тишлатиш учун муносиб ғаддор фурсатни кутар эди..
келинг, шу ерда Ваҳшийнинг ўзи воқеани сўзлаб берсин:
"Мен қора ҳабаш киши эдим, найзани ҳам ҳабашлардек бехато отар эдим, найзам хато кетган пайтлари жуда кам бўлган.. уруш бошланиб, одамлар қўшилиб кетгач, Ҳамзани ахтариб, уни қидира бошладим. Қарасам, кишилар орасида рўпарасига келганларни қиличдан ўтказиб, тутдек тўкиб, худди оқ туядек (арабларда оқиш кулранг туя жуда бақувват ва катта бўлади, важоҳатга минганда баҳайбат бўлиб кетади) ажралиб турарди, олдида бирон нарса туриб бера олмас эди.. худо ҳақи, мен уни пойлаб бир дарахт ортидан унга сапчиб ташланиш учун ёки сал яқинроқ келса найзамни сермаш учун пусиб турар эканман, ёнимдан унга томон Сибоъ ибн Абдиуззо юрди.. уни кўриши биланоқ Ҳамза унга қараб: эй аёллар хатначисининг боласи, қани, кел буёққа!! деб ҳайқирди.. кейин бир уришда унинг ҳам бошини учириб юборди..
Айни ўша дамда мен учун энг қулай пайт келган эди.. найзамни елкам узра бир олдинга, бир ортга силкитар эканман, унинг қилич сермаб энди қад ростлаган пайтида найзани унга қарата отдим.. у ўқдек учиб бориб унинг киндиги тепасидан кириб, икки оёғи орасидан ёриб чиқди..!! мен томонга туриб юрмоқчи бўлдию, қуввати кетиб гурсиллаб йиқилди.. кейин жон берди..
мен келиб, найзамни суғуриб олдим, сўнгра лашкаргоҳга қайтиб келдимда, ўтирдим.. зеро, менинг бошқа ишим қолмаган эди.. озод бўлишим учун уни ўлдирган эдим..".
Ваҳший ҳикоясининг давомини эшитишнинг зарари бўлмас...
у давомида шундай дейди:
"маккага келгач, озод бўлдим, анча йил маккада яшадим, фатҳи макка бўлганида маккадан тоифга қочдим.. тоифликлар мусулмон бўлиш учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон юришганда энди менга йўллар тамоман беркилган эди.. нима қилишга ҳайрон бўлиб, ўзимча: шомгами, ямангами, бошқа бирор ерга чиқсамми деб қолдим.
мен шу қайғуда ичимга чироқ ёқса ёришмайдиган ҳолда турганимда биров: эсинг ўзингдами, шомда нима қиласан.. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломга кирган бирор кишини ўлдирмайди, деб қолди..
йўлга чиқиб мадинага, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим.. менинг рўпараларида ҳақ шаҳодатини - калимаи шаҳодатни айтиб турганимни кўриб:
- Ваҳшиймисан? деб сўрадилар.
- шундай, эй росулуллоҳ..
- менга Ҳамзани қандай ўлдирганингни айтиб бер..
сўзлаб бердим.. сўзимни тугатгач, менга: шўринг қурсин.. менга қорангни кўрсатма, дедилар... Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёдан риҳлат қилгунларига қадар мен доим у кишига рўпара келмай юрдим..
мусулмонлар ямомалик Мусайлимаи каззобга қарши урушга отланганларида мен ҳам улар билан бирга чиқдим.. ёнимга Ҳамзани ўлдирган найзамни ҳам олволдим.. икки томон урушда қўшилиб кетгач, Мусайлимаи каззобни қўлида қилич ушлаб турган ҳолда кўрдим.. уни ҳам худди Ҳамзани пойлагандек пойлаб, кўзини шамғалат қилиб, найзани бир отишда ер тишлатдим..
ушбу найзам билан энг яхши кишини ўлдирган бўлсам, мана, айни ўша найза орқали энг ёмон кишини ўлдирганим учун ҳам оллоҳ гуноҳимни кечар, деган умиддаман..".


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 15.01.2009, 2:37:00
 
abdullohДата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:37:55 | Сообщение # 22
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ана шундай қилиб оллоҳ шери, пайғамбар арслони улуғвор шаҳид бўлиб йиқилдилар..
Ҳаётлари ғала-ғовурли кечганидек, ўлимлари ҳам шундай ғала-ғовурли бўлди..
Душманлари у кишини ўлдириш билан кифояланиб қолмадилар.. пайғамбар ва амакисини асосий кўзда тутган, ушбу мақсад йўлида бор пул, бор кучни тўплаганлар уни ўлдириш билан аламларидан чиқа олмадилар..
абу суфён аёли Ҳинд бинти Утба Ваҳшийга Ҳамзанинг жигарини кесиб келишни буюрди..! ушбу қутурган рағбатни ваҳший бажо келтириб, унга жигарни ўнг қўлида топширар экан, ўз вазифаси бажарилиши эвазига ваъда этилган тақинчоқларни чап қўли ила олар эди..!
Киши жоҳилиятда не-не аҳмоқлик, не-не мажнунлик қилмайди.. не-не мантиқсиз ҳаракатлар ундан содир бўлмайди..
Ҳинд ҳам жоҳилият моғорлари ҳали қалбида қурум каби ётар экан, Ҳамза жигарини чайнаб, тили бирла бир-икки айлантирди, бу бемаънилик билан вужудини қамраб ётган адоват, нафратини енгиллатмоқчи бўлди.. жигарни бир-икки бор оғзида айлантирдию, юта олмасдан чиқариб ташлаб, нарироқда турган тош устига чиқиб, қичқирди:

Бадр кунин аламин олдик беомон,
Жанг кетидан қасос уруши ёмон..
Утба, акам, ёлғиз ўғлим, амаким,
Қасосин олмоқ-чун чиққандим бу кун..
Юрагим қондирдим, назрим ушалди,
Ваҳший таскин бериб, қасдимни олди..

Уруш тугади.. мушриклар туяларига минганча, отларини сурганча маккага қайтиб кетдилар..
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан шаҳидларни кўриш, уларни дорулбақога кузатиб қўйиш учун уруш майдонига тушдилар..
У зот тоғ этагида, водийда жонларини оллоҳга сотган, буюк парвардигорларига ўзларини қурбон этган асҳобларини бирма-бир текшириб келар эканлар, тўсатдан.. тўхтаб қолдилар.. Қарадиларда, юзлари тундлашиб жим қолдилар.. тишларини тишларига босиб, кўзларини юмдилар...
Ахлоқий тубанлик шу даражада пастга эниб, бу қадар ваҳшийликка етиб, ўлик жасади бу қадар тилка-пора қилиниб ташланади деб ўйламаган эдилар.. у зот жасадлари ваҳшийлик билан тилиб ташланган амакилари оллоҳ шери ва шаҳидлар саййиди улуғ шаҳид Ҳамза ибн абдулмутталиб олдида турардилар!!
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларини очар эканлар, ғазабдан кўзлари чақнар эди.. баданлари тилка-пора қилинган амакилари жасадига кўзларини қадаганча:
- Сизга бўлган мусибатимдек энди менга ҳеч қачон мусибат етмаса керак.. ушбу ўриндагидек ғазабга, нафратга минган ўринда ҳеч қачон турмаган эдим..
Сўнгра асҳоблари томон ўгрилдиларда, дедилар:
- Сафийя (Ҳамзанинг опаси) қайғуга тушиб ҳамда мендан кейин суннатга айланишидан хавф этмаганимда йиртқичлар қорнига, қушлар жиғилдонига тушиб кетмагунча Ҳамзани шу ҳолда қолдирардим ... агар оллоҳ уруш майдонларидан бирида Қурайш устидан мени ғолиб қиладиган бўлса худо ҳақи, уларнинг ўттизтасини тиламан..!
Пайғамбар асҳоблари ҳам:
- Оллоҳга қасамки, бирор кун бизни ғолиб этса уларни шундай ёрайлик, тилайликки, арабларнинг етти ухлаб тушига кирмаган бўлсин!
Бироқ, Ҳамзани шаҳидлик билан эъзозлаган оллоҳ ушбу ўринда ҳам уни эъзозлади: унинг ваҳший суратда тилиб ташланган ҳалокатидан адолат, инсоф, тенгликни ҳимоя қилувчи бир буюк дарс олиб келди, ҳатто жазо, қасос вақтида ҳам раҳмдиллик, тенгликни фарз этувчи қонун келтирди..
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат асносида айтиб юборган юқоридаги қасамларини тугатар тугатмас, жойларидан ҳали жилиб улгурмай ваҳй келиб қолди, ўша ўриндаёқ оллоҳ томонидан ушбу оятлар нозил бўлди:

وَإِنْ عَاقَبْتُمْ فَعَاقِبُوا بِمِثْلِ مَا عُوقِبْتُمْ بِهِ وَلَئِنْ صَبَرْتُمْ لَهُوَ خَيْرٌ لِلصَّابِرِينَ (126) وَاصْبِرْ وَمَا صَبْرُكَ إِلَّا بِاللَّهِ وَلَا تَحْزَنْ عَلَيْهِمْ وَلَا تَكُ فِي ضَيْقٍ مِمَّا يَمْكُرُونَ (127) إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ (
128)

"125. (эй Муҳаммад), парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг! албатта, парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур.
126 (эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир.
127. (эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. ёлғиз аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам!
128. Зотан, аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир. ".
мазкур оятларнинг ушбу ўринда нозил бўлиши ажри оллоҳга қолиб кетган Ҳамза учун жуда улуғ бир мукофот бўлди..

* * *
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жуда яхши кўрар эдилар.. юқорида айтиб ўтганимиздек, у пайғамбарнинг амакисигина бўлиб қолмай, эмикдош акаси, гўдаклик чоғи ўртоғи, бир умрлик айрилмас дўсти эди..
Бундай видолашув лаҳзалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жуда оғир кечди.. у киши Ҳамзани охират ҳаёти сари кузатиб қўяр эканлар, дўстлари учун қиладиган энг яхши алвидоси, хайрлашуви – уҳуд шаҳидлари сонича унга жаноза ўқиш бўлди.. Пайғамбар ва асҳоблари унга жаноза ўқиганларидан кейин яна бир шаҳид келтирилди, қўшиб жаноза ўқидилар... у шаҳидни дафн этдилар.. кейин яна бир шаҳид келтирилди, унга қўшиб Ҳамзага яна жаноза ўқидилар.. шу зайлда қайси бир шаҳид келтирилса Ҳамзани жойидан жилдирмасдан шаҳидга қўшиб, Ҳамзага ҳам ўқийвердилар... барчаси бўлиб Ҳамзага етмишта жаноза ўқидилар..

__________________


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:38:45 | Сообщение # 23
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонидан уйга қараб юрдилар.. Йўлда келар эканлар, бани Абди Ашҳал қабиласи аёлларининг урушда шаҳид бўлган йигитларига уввос солиб йиғлаётганликларини эшитдиларда, Ҳамзага бўлган чексиз муҳаббатлари, юраклари сув бўлиб оқаётганликлари туфайли:
- Лекни Ҳамзага йиғловчилар йўқ.., дедилар.
Бани Абди Ашҳал қабиласи сардори Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳу буни эшитиб, аёллар пайғамбар амакисига йиғи қилиб берса Росулуллоҳга ёқар экан деб тушуниб, аёлларга Ҳамзани айтиб йиғланглар, деб буюрди..
Пайғамбар буни эшитиб, дарҳол аёллар томонга бордиларда, уларни йиғлашдан қайтариб дедилар:
- Мен буни назарда тутмаган эдим, қайтинглар.. Бугундан бошлаб ҳеч ким ўлганга йиғи (маросими) қилмасин, дедилар..
Шундай қилиб, шаҳидлар саййида асҳоблар орасидан охират томон кетди..
Пайғамбар асҳобларига ҳам бу воқеа қаттиқ таъсир қилиб, Ҳамзани ёдлаб, унинг хислатларини эслаб марсиялар ёздилар..
Ҳассон ибн Собит р.а. ўзининг марсиясида жумладан ушбуларни ёзган эди:

Оҳори тўкилган уйлардан эниб,
Очиққўл Ҳамзага йиғлагил бироз..
Тисланган, пишқироқ отларга миниб,
Ўрмон шери каби ўкирган шоввоз..

Ҳошим авлодидан кўзга илинган,
Ҳақиқат йўлида янчган ботилни..
Шамширлар тиғи-ла шаҳид қилинган...
Оллоҳ шал айласин Ваҳший қотилни..

Абдуллоҳ ибн Равоҳа р.а. эса бундай дейди:

Ўзум йиғлаб, кўзум йиғлаб, ёшимни жолалар қилдим,
Фиғондин тортиб оҳ-зорлар, самоға нолалар қилдим..

Кишилар тарқатуб ахбор, "Йиқилди Шери Ҳақ" дерлар,
Мусулмонларға кўп қайғу, паямбар куйганин билдим..

Або Яъло, куюб борлиқ, фиғондин титради ерлар,
Сенингдек эзгу, чин эрнинг рисойинг* қилғали келдим..

Сафийя бинти Абдулмутталиб – пайғамбар аммаси, Ҳамзанинг опаси эса, узун марсия ёзган бўлиб, жумладан қуйидагиларни айтади:

Ҳамзани ҳақ Илоҳи, Қудратли Ҳақ таоло,
Жаннат сари чақирди, унда тирик, хуш бўлар..
Ушбу дамни орзиқиб кутар эди доимо...
Ҳамзани маҳшар куни неъматдан сархуш қилар..

Қасам ичиб айтаман: унутмасман сени ҳеч!
Токи ҳар тонг ғириллаб эсаркан майин шамол..
Мудом ёдда тутаман, йиғи бирла эрта кеч..
Сафарда ҳам, уйда ҳам, умрим бўлгунча завол..

Ҳақнинг жасур Арслони, қавмим саййиди бўлиб,
Қалқон қилиб кўксини, ҳар ёвга бўлди қўрғон..
Жарчилар ўлимини юраркан эълон қилиб,
Дерман: Оллоҳ ёрлақаб, рози бўлсин, укажон!

Юқоридаги марсиялар нақадар холис, нақадар ажойиб бўлсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган видолашув сўзлари, жасади тепасида турар эканлар, шаҳидлар орасида кўриб айтган сўзлари унинг учун энг афзал марсия ўрнида бўлган эди:
- Сизга Оллоҳнинг раҳмати бўлсин.. Доимо қариндошлик ришталарини боғлаб юрувчи дилкаш, барча ўринларда яхшилик қилиб юрувчи яхшилик кони эдингиз..

* * *

Дарҳақиқат, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу мусибати жуда катта бўлиб, бунга тассалли топиб кетиш анчагина қийин эди.. Лекин йўлда тақдир Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ажойиб бир тасаллини бекитиб турар эди..
Уҳуддан маҳаллалари томон кетар эканлар, йўлда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Динор қабиласидан бир аёл ҳовлиси ёнидан ўтдилар.. Унинг Уҳуд жангида отаси, эри, укаси шаҳид бўлган эди.. Ғазотдан қайтиб келаётган мусулмонларни кўриши билан улар томон югуриб жанг тафсилотини сўрай бошлади.. Шунда улар бироз сўзлашганларидан сўнг унга эри, дадаси, укаси учун таъзия билдирдилар.. Ушбу ўринда бу аёлнинг жавобига эътибор беринг.. Аҳволига бир назар ташланг.. Шартта йиғи келиб, оҳ-воҳ қилиб қолиш ўрнига бесабрлик билан:
- Росулуллоҳ нима қилдилар?
- Тинч.. Қўрқманг, у киши сиз кутгандек, соғлар..
- Мен аввал бир кўрай.. Кўрсатинглар менга!
Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келишини кутиб турдилар.. Узоқдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриши билан югуриб, яқинлашганда йиғлаб ушбу сўзларни деди:
- Сиз омон экансиз, барча мусибат биз учун енгил..!!

* * *
Ҳа... Ушбу аёлнинг бундай фидойилиги унга билдирилган барча таъзиялардан афзал, барча тасаллилардан устун эди..
Бундай тенги йўқ ҳолат ўзни қурбон этиш, фидокорлик дунёсида ҳали ўтмаган бўлса керак.. Бир бечора аёл бир куннинг ўзида, балки бир лаҳзада ҳам дадаси, ҳам эри, ҳам укасидан ажрайдида, юраги тоғдек келадиган кишини ҳам гурсиллатиб йиқитадиган ушбу хабарни айтувчига "Росулуллоҳга нима бўлди?" деб сўрайди..!!
Шубҳасиз, ушбу ҳолат Оллоҳ шери ва шаҳидлар саййидига таъзия ва тасалли сифатида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тақдирнинг гўзал услубда чизиб қўйган, вақтини чиройли белгилаган бир туҳфаси эди..

==============
* Рисойинг - марсиянг.

Tugadi. Kelgusi tarjimai hol ulug' sahobalardan yana biri Abdulloh ibn Mas'ud radiyallohu anhu haqlarida bo'ladi inshoolloh.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Пайшанба, 15.01.2009, 2:41:10 | Сообщение # 24
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Бисмиллаҳ..
Барча оламларни гўзал, бетакрор услубда яратган, инсонларни ақлу ҳуш неъмати ила зийнатлаган Холиқи Яктога ҳамду санолар бўлсин.. Осмондаги юлдузлар, ёмғир томчилари сонини, ердаги тупроғу қумлар, зарралар ададини билувчи, бир қил ҳаракатидан, бир барг тушишидан бехабар қолмайдиган Хабардор зотга мақтовлар, олқишлар бўлсин.. Қоронғилигу ёруғлик, сирлару ошкоралар унинг учун баробардир...
Башариятни зулмат қаъридан чароғон нурли йўлга олиб чиққан, инсоният муаллими бўлган суюкли пайғамбари бўлмиш саййидимиз Муҳаммад Мустафога беҳисоб дуруд ва саломлар бўлсин.. У зотга барча ишларда эргашган, ортдагиларга гўзал намуна бўлган содиқ саҳобаларига, уларга пайравлик бахтли инсонларга қиёматга қадар саломлар ёғилсин..
Муҳтарам дўстлар, "Гулшан (саҳобалар ҳаёти) бўйлаб сайр" номли мавзуимизнинг азиз мухлислари..
Бугун саҳобалар боғидан яна бир ифорли гулшан ила, саҳобаларнинг ўчмас тарихидан яна бир ёрқин намуна ила танишиб чиқамиз.. Бугунги дастуримиз қаҳрамони Қуръонни баралла ўқиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳазратларидир...

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу

Қуръонни биринчи баралла ўқиган зот

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқам уйига (ўша уйни кенгашхона қилиб) киришларидан илгариёқ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у зотга иймон келтиришга улгурган, пайғамбарга эргашиб, мусулмон бўлган олтитанинг олтинчиси бўлишга муваффақ бўлган эди..
Демак, биз Исломга биринчилардан бўлиб кирган улуғлардан бирининг қаршисида турибмиз.
У ўзининг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган дастлабки учрашуви ҳақида бундай дейди:
"Уқба ибн Абу Муайтга қарашли қўйларни боқиб юрадиган ўспирин эдим.. Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абубакр келиб қолиб, мендан:
- Эй бола, сенда сут борми, чанқадик, деб сўрашди.
- Менга бу қўйлар амонат қилиб берилган, сут бера олмайман, дедим.
Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қараб:
- Қўчқор яқинлашмаган тусоқ* борми? дедилар.
- Ҳа.. дедим. Кейин уни олиб келдим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир ерга боғлаб, елинини силаб Парвардигорга дуо қилдилар.. Кўз ўнгимда елин шишиб, тўлди. Абубакр бир ичи ковак тош олиб келиб, унга сутни соғди.. Абубакр ҳам ичди, менга ҳам беришди.. Кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам елинга қараб: "Тортил" деди.. Елин кичрайиб, тортилиб кетди..
Шундан сўнг пайғамбар ёнига келиб "менга ўша сўздан ўргатинг", дедим. Менга қараб: "сен ўрганувчан боласан", дедилар".

* * *

Абдуллоҳ ибн Масъуд Оллоҳнинг солиҳ бандаси ва унинг амонатли пайғамбарининг Рабб таолога дуо ила ёлвориб ҳали сут келмаган елинни силаганини, шунда пучайиб ётган елин шишиб, ичгувчилар учун жуда ёқимли бўлган, хуштаъм, беғубор сут келаётганини кўрганда бениҳоя таажжубга тушиб, мафтун бўлган эди..
Исломнинг ўша илк кунларида бу киши билмас эдики, кўраётган бу мўъжизаси ўшал улуғ пайғамбар қўлида содир бўлаётган энг оддий мўъжизадир.. Билмас эдики, бу улуғ пайғамбар қўлида ҳали дунёни зир титратиб, оламни ҳидоятга, нурга тўлдирувчи мўъжизалар келади..
Билмас эдики, бўлиб ҳам ўзи – Уқба ибн Абу Муайт қўйларини боқиб юрадиган нозиккина, кучсиз, камбағал бир мардикор бола ҳали ўша мўъжизаларнинг бирига айланажак..! Бу мўъжиза Ислом уни тарбиялаб, ўшандай заиф, ночор боладан ўз иймони орқали барча Қурайш ғўдайганларини, зодагонлар тумшуғини ерга ишқайдиган киши қилиб етиштирганда юз беради..! Ўшанда Макка зодагонлари ёнидан ўтишга журъати етмайдиган, ўтса ҳам доим боши эгик, тез-тез қадам босиб ўтиб кетадиган йигит мусулмон бўлганидан кейин Каъба ёнидаги зодагонлар йиғини ёнига бориб Қурайшнинг барча саййидлари, зодагонлари ўтирганда улар тепасида туриб ўзининг таъсирли, ширин овозини Оллоҳ Қуръонининг оятлари ила баралла қилади!!
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ الرَّحْمَنُ (1) عَلَّمَ الْقُرْآَنَ (2) خَلَقَ الْإِنْسَانَ (3) عَلَّمَهُ الْبَيَانَ (4) الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ (5) وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ يَسْجُدَانِ (6)
Бениҳоя раҳмли, беҳад меҳрибон Оллоҳ номи билан бошлайман. Бениҳоя раҳмли зот бўлмиш Оллоҳ Қуръонни ўргатди. Инсонни яратиб, унга (ўзаро бир-бирини англаб тушуниши учун) баён – нутқни ўргатди. Қуёш билан ой Оллоҳ ўлчаган ҳисоб бўйича юради. Самодаги юлдуз ҳам, ердаги ўт-ўлану дов-дарахт ҳам барчалари Оллоҳга сажда қиладилар.
Ибн Масъуд юқоридаги оятларни ўқир экан, Қурайш катталари карахт ҳолга келган, на кўриб турган кўзларига ишонар, на эшитаётган қулоқларига инонар эдилар.. Уларнинг барчаси қаршисида барчасига "кўриб қўй" дегандек иш қилаётганини ҳеч ақлларига сиғдира олмас эдилар. Наҳотки шу рўпараларида турган йигит зодагонларидан бирининг қўйини боқиб юрадиган мардикор чўпон камбағал Ибн Масъуд бўлса!!!
Шу ерда ўша ҳаяжонли воқеани ўз кўзи билан кўрган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга қўйиб берайлик, айтиб берсин..
"Маккада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг Қуръонни овозини баралла қўйиб ўқиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд бўлади.. Бир куни саҳобалар тўпланишиб ўзаро суҳбат вақтида:
- Худо ҳақи, Қурайш ҳалигача Қуръонни овоз чиқариб ўқиётган кишини эшитгани йўқ, уларга эшиттириб қўядиган одам бормикин.. дейишди.
- Мен, деди Абдуллоҳ ибн Масъуд.
- Сенга қўрқамиз, бўлса ҳам улардан қутқара олишга қурби етадиган қабиласи бор одам бўлиши керак, дейишди..
- Қўяверинглар, Оллоҳ ўзи қўриқлаб олади, деди Ибн Масъуд.
Эрталаб чошгоҳ маҳали ибн Масъуд мақом (Иброҳим а.с. мақомлари, Каъбани қураётганда турган ер, ҳозир қубба шаклида иҳота қилиниб, сал орқароққа суриб қўйилган) ёнига келди.. Қурайш ўзининг ўтиришида Каъба ёнида тўпланишган. Мақом ёнида тик турдида овозини баланд кўтариб ўқий бошлади:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ الرَّحْمَنُ (1) عَلَّمَ الْقُرْآَنَ....
Кейин улар томонга ўгирилиб яна ўқишда давом этди.. Улар аввалида парво қилмадилар, кейин: "Ибн Умм Абд" (Ибн Масъуднинг лақаблари) нима деяпти? Муҳаммад келтирган нарсадан ўқияптими??! дедиларда, ўрниларидан туриб келиб дўппослай бошладилар, у эса ўқишда давом этар эди..! Охирда саҳобалар олдига юз-кўзи шишиб, бадани моматалоқ бўлиб қайтиб борди..
- Худди шундай бўлади деб қўрқувдикда.. дейишди улар..
- Оллоҳ душманлари бугунгидек кўзимга ожиз кўринмаган эди.. Хоҳласаларинг эртага ҳам бу ишни такрорлайман, деди.
- Етади.. Шундоқ ҳам улар хоҳламаган нарсани эшиттирдинг, дейишди.."
Ҳа... Елин тўсатдан тўлиб, вақти келмай сут оқиб келганда ҳайрону лол қолиб, мўъжизага мафтун бўлган Ибн Масъуд унинг ўзи ҳам, ўзи каби бошқа оддий камбағаллар ҳам Оллоҳ байроғини юқори кўтарган маҳал, қуёш нури, кундуз ёғдусини доғда қолдургудек нурга тўлган маҳал пайғамбарнинг йирик мўъжизаларидан бирига айланишларини ҳали умуман билмас эди...
Билмас эдики, мазкур кунлар жуда яқин келажакда келажак!!
Дарҳақиқат, ўша кун кўз очиб юмгунча етиб келиб, камбағал, бечора бир мардикор бола мўъжизалардан бирига айланди!!

* * *

=====================
* Тусоқ қўй - ҳали қўчқор яқинлашмаган урғочи қўзи.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 15.01.2009, 2:42:33
 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Sahobalar Hayoti » Gulshan (yoxud Sahobalar hayoti) bo'ylab sayr
Страница 3 из 3«123
Поиск:

Copyright MyCorp © 2017