Чоршанба, 18.12.2024, 8:44:25

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
Сайт менюси
Yusuf (A.S)
Онлайн таржимон
Im Translator, Online translator, spell checker, virtual keyboard, cyrillic decoder
Tavsiya qiling
Bog'lanishlar
Поделиться социальных сетей
Mitti chat
SMS jo'nating
Yangilik va makola
[26.07.2012][Ислом]
Каъба ернинг маркази (0)
[01.06.2012][Ислом]
Фатх сураси (The Victory) - سورة الفتح (0)
[04.03.2012][Маколалар]
Такими будут наши халифы: Умар ибн Абдуль Азиз (0)
[02.01.2012][Маколалар]
Узбекистан: практический обзор и фотографии (0)
[06.10.2011][Маколалар]
20—30-йилларда жадид адабиёти (0)
Site map
So'rovnoma
Сайтга фикрингиз
Всего ответов: 755
Baham ko'ring
Поделиться социальных сетей
Статистика

Хаммаси булиб сайтда: 13
Мехмонлар: 13
Фойдаланувчилар: 0
Siz haqingizda
Hush Kelibsiz
Mehmon
18.118.28.89
Главная » Давлатлар хужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг КОНСТИТУЦИЯСИ
(«Халқ сўзи» газетаси, 1992 йил 15 декабрь, 243 (494)-сон; Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 1-сон, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 3-4-сон, 27-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 152-модда; 2008 й., 52-сон, 510-модда; 2011 й., 16-сон, 159-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 12/1 (1428)-сон, 343-модда)
МУҚАДДИМА
Ўзбекистон халқи:
инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб,
ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда,
ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб,
демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,
республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб,
инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,
фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида,
ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади.
БИРИНЧИ БЎЛИМ. АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАР
I боб. Давлат суверенитети
1-модда.
Ўзбекистон — суверен демократик республика. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади.
2-модда.
Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
3-модда.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади.
Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир.
4-модда.
Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунига қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.
5-модда.
Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.
 LexUZ шарҳи
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонунларга қаранг.
6-модда.
Ўзбекистон Республикасининг пойтахти — Тошкент шаҳри.
II боб. Халқ ҳокимиятчилиги
7-модда.
Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир.
Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.
Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасига қаранг.
8-модда.
Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади.
9-модда.
Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.
10-модда.
Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин.
Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.
11-модда.
Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.
12-модда.
Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.
Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.
13-модда.
Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.
14-модда.
Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.
III боб. Конституция ва қонуннинг устунлиги
15-модда.
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.
16-модда.
Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.
Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
IV боб. Ташқи сиёсат
17-модда.
Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
ИККИНЧИ БЎЛИМ. ИНСОН ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ
V боб. Умумий қоидалар
18-модда.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
19-модда.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
20-модда.
Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
VI боб. Фуқаролик
21-модда.
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир.
Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.
Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади.
22-модда.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.
23-модда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар.
VII боб. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар
24-модда.
Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
25-модда.
Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 18, 242—248 ва 558-моддаларига қаранг.
26-модда.
Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
27-модда.
Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 16, 17, 20 ва 21-бобларига қараш тавсия этилади.
28-модда.
Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
29-модда.
Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги ва «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларига қаранг.
Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
30-модда.
Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.
31-модда.
Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
VIII боб. Сиёсий ҳуқуқлар
32-модда.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.
33-модда.
Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.
34-модда.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.
35-модда.
Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
IX боб. Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар
36-модда.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимига қаранг.
37-модда.
Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46, 83 ва 88-моддаларига қаранг.
38-модда.
Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг VII («Иш вақти») ва VIII («Дам олиш вақти») бобларига қаранг.
39-модда.
Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
40-модда.
Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
41-модда.
Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.
Мактаб ишлари давлат назоратидадир.
42-модда.
Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.
Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади.
X боб. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари
43-модда.
Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
44-модда.
Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
45-модда.
Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
46-модда.
Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.
XI боб. Фуқароларнинг бурчлари
47-модда.
Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар.
48-модда.
Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
49-модда.
Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.
Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.
50-модда.
Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
51-модда.
Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.
52-модда.
Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
УЧИНЧИ БЎЛИМ. ЖАМИЯТ ВА ШАХС
XII боб. Жамиятнинг иқтисодий негизлари
53-модда.
Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 199, 202—204-моддаларига қаранг.
54-модда.
Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
55-модда.
Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
XIII боб. Жамоат бирлашмалари
56-модда.
Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонунга қаранг.
57-модда.
Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.
Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади.
58-модда.
Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.
Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
59-модда.
Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.
60-модда.
Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар.
61-модда.
Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.
62-модда.
Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади.
XIV боб. Оила
63-модда.
Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
64-модда.
Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.
65-модда.
Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
66-модда.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
XV боб. Оммавий ахборот воситалари
67-модда.
Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.
Цензурага йўл қўйилмайди.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги ва «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига қаранг.
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ. МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ВА ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ
XVI боб. Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши
68-модда.
Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.
69-модда.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ташкил қилиш ва уларни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг розилиги билан амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Вилоятлар, туманлар, қишлоқлар, овулларни тузиш ва тугатиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, қишлоқлар, овулларнинг чегараларини ўзгартириш ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, қишлоқлар, овулларнинг маъмурий марказларини белгилаш ва кўчириш Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.
XVII боб. Қорақалпоғистон Республикаси
70-модда.
Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради.
Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади.
71-модда.
Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга.
Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид бўлиши мумкин эмас.
72-модда.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам мажбурийдир.
73-модда.
Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудуди ва чегаралари унинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас. Қорақалпоғистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини мустақил ҳал қилади.
74-модда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга.
75-модда.
Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги низолар муросага келтирувчи воситалар ёрдамида ҳал этилади.
БЕШИНЧИ БЎЛИМ. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
XVIII боб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
76-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан — Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати — беш йил.
77-модда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.
(77-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-194-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 510-модда)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.
Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси бўлиши мумкин эмас.
78-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:
1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
3) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;
4) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;
5) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш;
6) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;
7) бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;
8) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш;
9) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;
10) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;
11) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;
12) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;
13) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
14) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
15) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;
(78-модда биринчи қисмининг 15-банди Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-284-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 159-модда)
16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш;
17) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;
19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
20) халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш;
21) ушбу Конституцияда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатида кўриб чиқилади.
79-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатларига:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;
2) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;
3) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
4) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.
80-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатларига:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;
2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш;
3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судини сайлаш;
4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини сайлаш;
5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
(80-модданинг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-284-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 159-модда)
7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш;
9) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;
10) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;
11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;
12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;
13) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

Тулик укинг.
Категория: Давлатлар хужжатлари | Просмотров: 3736 | Добавил: ozod | Дата: 01.10.2010 | Комментарии (0)

Форма входа

Кидириш
Quroni Karim
Qurondan 33 duo
Афзал Рафиков
Курон тиловоти

Bulutli sarlavha
Соатимиз
SMS жунатиниг
Forum yangiliklari
  • 100% взлом почтына заказ (33)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • 100% взлом почтына заказ (0)
  • Rasmlar
    Copyright MyCorp © 2024