Пайшанба, 25.04.2024, 2:50:04

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Ар-раҳиқ ал-махтум - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
  • Страница 1 из 8
  • 1
  • 2
  • 3
  • 7
  • 8
  • »
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
Ар-раҳиқ ал-махтум
muxlisДата: Пайшанба, 09.10.2008, 7:50:37 | Сообщение # 1
Ustazoda
Группа: Администраторы
Сообщений: 41
Статус: Offline
الرحيق المختوم

بحث في السيرة النبوية على صاحبها أفضل الصلاة والسلام

صفي الرحمن المباركفوري
Ар-раҳиқ ал-махтум

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган асар

Ислом Нури таржимаси


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
muxlisДата: Пайшанба, 09.10.2008, 7:51:31 | Сообщение # 2
Ustazoda
Группа: Администраторы
Сообщений: 41
Статус: Offline
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли оилалари ҳамда асҳоби киромларига беадад саловату саломлар бўлсин.

Аммо баъд...

Ақида машъаласини бошлари узра баланд кўтарган, нубувват ворислари бўлмиш барча даврдаги авлодлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари энг бирламчи тарихий манба, улар учун асосий йўл озиғи, уларнинг давомийлиги ва ҳаётийлигини таъминловчи асл асос бўлиб қолаверади.

Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихларини инсоф назари билан чуқур ўрганиб чиққан инсон қаршисида тарихнинг ажиб бир қисми намоён бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У Зотнинг этакларини тутган мукаррам мўминлар моддиятнинг қуруқ унсурлари ҳамда ернинг тортиш кучини енгиб ўтиб, шундай юксакликка кўтарилдиларки, инсоният ҳали ҳеч қачон ва ҳеч қаерда бу қадар олий мартабага кўтарилмаган эди.

Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаракатларини диққат билан кузатсангиз, У зот сизга: «Мен шундай бир умматни тарбия қиламанки, ер тарихи минбаъд унга тобе бўлиб ўтади», деяётгандек бўлади.

Балоларга сабр қилишда, ҳақ устида собит туришда, дунё силкинишларига ирода ва хотиржамлик билан жавоб беришда, меҳрибонликда, мулойимликда, нозик қалблиликда ва умуман ерга хос бўлган барча тушунчаларнинг чўққисида туришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мисли бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам воқеа - ҳодисалардан устун келиш, моддият устидан ғолиб туриш учун яратилган эдилар.

Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсоният тарихи ва унинг энг саҳиҳ фикрлари учун ҳамиша асосий манба бўлганлар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига илоҳий муҳр босиб, У Зотни ҳавойи нафснинг тойилишлари ва инсоний табиатнинг ғолибликларидан йироқ қилди. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини, сифатларини ва ҳадисларини ўқиб-ўрганаётган ҳар бир инсон ҳар бир нуқтада ўша илоҳий муҳрнинг изларини изламоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари изоҳида унга маълум бўлади-ки, дунё ўзининг олий аҳлоқ хусусидаги ғояларини фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидагина амалда кўришга муваффақ бўлган.


Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир.
 
abdullohДата: Жума, 10.10.2008, 8:10:01 | Сообщение # 3
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Инсон фарзанди бўлган бу Зот айни пайтда инсоният юксалишидаги ҳаракат ҳам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири сифатида қуйидагиларни ҳам таъкидлаш жоиз:

- Башарият бутун тарихи мобайнида ожиз қолиб келган нуқтани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз сийратларида амалда кўрсатиб кетдилар. У зотнинг барча ишлари илоҳий илҳом билан тартиб этилган бўлиб, бамисоли ҳаёт давом этмоғи учун самога қуёш илиб қўйилганидек улар ҳам ҳаёт мазмун-моҳияти учун тарихга муҳрлаб қўйилган олий сифатлардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан танишар экансиз, беихтиёр ҳаёт нафаси уфуриб турган, кўриниши хаёлни қитиқлайдиган, хуш бўйлари томирлардаги қонни гупиртирадиган ва айни пайтда ором, сакинат ва хотиржамлик туйдирадиган бир гўзал боғ кўз олдингизга келади. Сўнг сиз ҳам ана шу нурдан Аллоҳ марҳамат қилганлар қатори баҳраманд бўласиз. Ҳадислар баёнининг завқи шунчалар тотлики, гўё саҳифалар ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитгандай бўласиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломларига назар ташлаш ана шундай бўлади. Бу калом хусусида қанчалик кўп фикр қилсангиз, шунчалик кўп маъно топасиз. Бу каломнинг изоҳи дилларга яқин. Худди танадаги жон каби бизларга яқин, айни пайтда танадаги жоннинг илоҳий сирлилиги каби узоқ ҳамдир. Хуллас, сиз унга қанчалик яқин бўлсангиз, у ҳам сизга шунчалик яқин бўлади. Агар сиз маълум масофада тўхтаб қолсангиз, у ҳам тўхтайди. Унга қараб интилсангиз, у ҳам сизга қараб интилади. Сўзингиз ишингиз билан қанчалик бир эканлигига қараб, у сизга яқинлашаверади. Дунёнинг сўзга чечан бандалари одат қилган ҳуда-беҳуда гап-сўзлар, суяксиз тилнинг керак-нокерак луғатлару маъноларни қалаштириб ташлайверишлари ва ҳоказо нуқсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларига мутлақо ётдир. Чунки бу Зотнинг сўзлари маъноларни ҳақиқатга айлантириш учунгина айтилган эди. Бу сўзлар фикр, қалб, иймон ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илҳоми билан айтилган сўзлардир. Бу сўзлар мажмуаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак вужудларидан отилиб чиққан бир дунё эдики, у ўзининг ҳақ йўлида ҳеч қандай хилоф ёхуд адоватга заррача ўрин қолдирмаган.

Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва сўзлари мўминлар учун танадаги қалб вазифасини адо этишининг лозимлиги, инсон қалбининг ақлни кузатиб туришидек мўминни кузатиб туришининг зарурлиги ана шу ўринда ёрқин кўринади. Токи танлар моддиятнинг кишанларини ва ернинг тортиш кучини парчалаб ташлаб юксак-юксакларга парвоз қилсин.

Бироқ моддиятнинг таъсиридан холи бўлмаган инсонга бу юксакликка кўтарилиш маҳол саналади. Бунинг учун у ўзининг узоқ тарихий асосларига таяниб, дунёга аслида нима учун келганлигини англамоғи керак. Аслида ушбу юксак ғояни ҳали ҳеч қайси уммат ислом уммати каби амалга оширолган эмас: «Бизни Аллоҳ таоло Ўзининг ҳоҳлаган бандаларини инсонларга қуллик қилишдан инсонларнинг Раббига қуллик қилишга, ботил динларнинг жабру зулмидан Исломнинг адлу адолатига, дунёнинг танглигидан дунё-ю охират кенглигига олиб чиқмоғимиз учун жўнатди.»

Иймон билан тўлиб-тошган, нурлари кўзни қамаштирувчи мазкур жумлалар умматнинг энг биринчи устози ва раҳнамоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топган чин мўминнинг сўзлари эди. У ўзининг нима учун бу дунёга келганлигини англаган ва англаган нарсасини амалга оширишга киришган мўмин эди. Узоқ сафарда чин мўминлар карвонидан узилиб қолмасликни мақсад қилган ҳар бир киши ана шундай йўл тутмоғи керак.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Жума, 10.10.2008, 8:10:40
 
abdullohДата: Жума, 10.10.2008, 8:12:08 | Сообщение # 4
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам мусулмонлар ҳаётида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари муҳим ўрин тутгани боис, бу хусусда услублари ва йўналишлари турлича бўлган кўп асарлар битилган. Улардан баъзилари ўзининг кенг қамровлилиги, тўғри услуби ва комиллиги билан ажралиб туради.

Албатта, бундай сийрат китоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарихларини батафсил ва саҳиҳ тарзда ўрганиб чиқишда ўқувчига анча енгилликлар беради.

Ҳиндистонлик олим Софиюрраҳмон Муборакпурий қаламига мансуб ушбу «Ар-раҳиқ ал-махтум» асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаттар сийратларини чуқур ва айни пайтда енгил услубда баён қилиши, баъзи сийрат китобларида учрайдиган ботил ва асоссиз ривоятлардан холилиги билан ана шундай мумтоз асарлар сафидан ўрин олган. Мазкур асарни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи ўзи қидирган нарсасини топади, иншааллоҳ.

«Ар-раҳиқул-махтум» асари Робитатул Оламил Исломий томонидан жорий қилинган пайғамбаримиз сийратларига бағишланган мусобақада биринчи мукофот билан тақдирланган.

Биз ер юзининг машриқу мағрибидаги биродарларимизга мазкур асарни тақдим этар эканмиз, Аллоҳдан унинг фойдасини мўл-кўл қилишини сўраб қоламиз.

Ношир.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 10.10.2008, 8:13:06 | Сообщение # 5
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Муқаддима

Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган, У Зотни қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан Унинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлини кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган ҳамда Аллоҳга ва охират кунига ишонувчи ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи мўминлар учун гўзал намуна қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Эй Аллоҳим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, У зотнинг аҳли оилалари, асҳоби киромлари ва Қиёматга қадар У Зотга чиройли суратда эргашган ислом аҳлига баракотлар ато этиб, салоту саломлар ёғдиргин ва улар учун раҳмат ҳамда розилик чашмаларини оқизиб қўйгин.

Аммо баъд...

Ҳижрий 1396-йилнинг Рабиъул аввал ойида Покистонда бўлиб ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларига бағишланган анжуман сўнгида Робитатул Оламил Исломий мусулмон олами бўйлаб набавий сийрат мавзусида мусобақа уюштиришини эълон қилгани жуда қувонарли ва хайрли иш бўлди. Уламоларни руҳлантирадиган, уларнинг фикрий қувватларини маълум бир йўналишга йўналтирадиган бу хайрли баҳснинг эълон қилиниши, менимча, мақтовга сазовор ишлар сирасидан бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва ибратлари агар чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба эканлиги ойдинлашади.

Мазкур муборак мусобақада менинг ҳам иштирок этишим, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг менга кўрсатган фазлу марҳаматидир. Бироқ мен қайда-ю, аввалгилару охиргиларнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини ёритиб бера олиш қайда?! Камина токи зулматлар ичида ҳалокатга юз тутмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари сафида яшаб, умматлари сафида жон таслим қилмоқни ва Пайғамбаримиз шафоати билан Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлмоқни мақсад қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нурларидан озгина бўлса-да баҳраманд бўлмоқни тенгсиз бахт деб биладиган ожиз бир банда, холос.

Энди асарни ёзишда қандай йўл тутганим ҳақида икки оғиз гапириб ўтсам. Мен ўқувчини малоллантириб қўядиган узундан узоқ қисса қилишдан ҳам, воқеа-ҳодисаларни юмуқ қолдирадиган қисқаликдан ҳам йироқ бўлишга ҳаракат қилдим. Токи асар ўрта ҳажмда бўлсин. Бироқ воқеалар тартиби ёки уларнинг жузъий тафсилотлари борасида кўпгина манбаларда ихтилофларга дуч келдим. Ана шундай ўринларда масалани имкон қадар чуқур ва атрофлича ўрганиб, сўнг саҳиҳ деб топганим ривоятларни баён қилдим. Китобнинг ҳажми каттайиб кетмаслиги учун далилларни ва манбалар номини зикр қилмадим. Фақат ўқувчига ғариб туюладиган ёки аксарият муаллифлар ўзгача йўл тутган ўринлардагина далилларга ишора қилиб ўтдим.

Эй Аллоҳим, дунё-ю охиратда менга фақат яхшиликни тақдир этгин. Албатта, Сен улуғ Арш эгаси бўлган Кечиримли, Меҳрибон Зотсан!

Софиюрраҳмон Муборакпурий

Банорас, Ҳиндистон



Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 10.10.2008, 8:15:28 | Сообщение # 6
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline

Араблар

- Диёрлари ва қавмлари

- Ҳукумат ва иқтисодлари

- Диний ва ижтимоий ҳаётлари

Араб диёрлари ва қавмлари


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари – ҳаёт йўллари моҳият эътибори билан рисолат тарихидан иборатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу рисолатни инсонларга етказдилар ва уларни ана шу рисолат орқали зулматлардан нурга, бандаларга қул бўлишдан Аллоҳга қуллик қилишга олиб чиқдилар.

Бинобарин, рисолатнинг комил суратини тўлиқ чизиб кўрсатмоқ учун рисолатдан аввалги ва ундан кейинги ҳолатлар қиёслаб кўрилмоғи лозим. Шунинг учун даставвал арабларнинг қавмлари ва уларнинг исломдан олдинги ҳолатлари хусусида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолат нурини олиб келганларида арабларнинг қай аҳволда эканлиги хусусида сўз юритамиз.

Араб диёрлари

«Араб» калимасининг луғавий маъноси саҳролар, чўллар, гиёҳ унмайдиган, сувсиз ерлар демакдир. Худди шу ном қадим-қадимдан Араб жазираси - Арабистон ярим оролининг номи бўлиб келган. Арабистон ярим оролини ватан тутиб, шу ерда ҳаёт кечирган қавмга ҳам юқоридаги ном берилган.

Арабистон ярим ороли ғарбдан Қизил денгиз ва Сайно ярим ороли билан, шарқдан Араб кўрфази ва жанубий Ироқ ерларининг катта қисми билан, жанубдан Ҳинд денгизигача чўзилган Араб денгизи билан, шимолдан Шом ерлари ва Ироқнинг бир қисми билан чегараланган. Унинг майдони миллион мил квадратдан бир миллион уч юз минг мил квадратгача деб тахмин қилинади.

Ярим орол ўзининг табиий ва жўғрофий ўрни билан етук аҳамиятга эга. Оролнинг ичкарисига назар ташласангиз, у тўрт томондан саҳролар ва қумликлар билан қуршалган. Ана шундай табиий тўсиқлар туфайли у мустаҳкам қўрғонга айланган ва бегоналарнинг босқинчиликларидан омонликда бўлган. Шунинг учун ярим орол аҳолиси қадим-қадимдан ўзининг барча ишларида эркин бўлган. Ҳолбуки, улар икки улкан империяга қўшни яшашган. Юқорида тилга олинган табиий тўсиқлар бўлмаганида араблар бу икки империянинг ҳужумларига дош беролмасдилар.

Ташқи эътибор билан эса Арабистон ярим ороли қадимги дунёнинг маълум ва машҳур қитъалари ўртасида жойлашган ҳамда улар билан қуруқлик ва сув йўллари орқали боғланган. Ярим оролнинг шимолий ғарбий томони кўҳна Африка дарвозалари билан туташади. Шимолий шарқий томони Европа қитъасининг калити бўлса, шарқий томони Ажам – Ўрта Осиё, Жанубий Осиё ва Узоқ Шарқ дарвозаларини тақиллатади. Шунингдек, барча қитъалар ярим орол билан денгиз йўли орқали туташади. Турли давлатларнинг кемалари ярим орол бандаргоҳларида лангар ташлайди.

Ана шундай жўғрофий қулайлик боис унинг шимолий ва жанубий қисми кўп миллатлар келиб қўнадиган манзил, тижорат, маданият, илм-фан ва динлар учрашадиган ўзига хос бир марказ эди.

Араб қавмлари

Муаррихлар арабларни келиб чиқиш сулолаларига кўра уч қисмга бўлганлар:

Биринчи: Боида (йўқ бўлиб кетган) араблар. Улар батамом йўқ бўлиб кетган ва тарихлари ҳақида етарли даражада маълумотлар топиш имконсиз бўлган Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Журҳум, Ҳадур, Вабор, Абил, Жосим, Ҳазрамавт ва бошқа қадимги араб қавмларидир.

Иккинчи: Ориба (соф) араблар. Улар Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтоннинг авлодлари саналади ва Қаҳтонийлар деб аталади.

Учинчи: Мустаъраба (араблашган) араблар. Исмоил авлоди саналадиган бу араблар Аднонийлар деб аталади.

Ориба араблари ёки Қаҳтон шаъбининг[1] асл ватани Яман ерлари ҳисобланади. Улар Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтондан тарқалган ва ўндан ортиқ қабилаларга бўлинган бўлиб, улардан асосан иккитаси – Ҳимяр ибн Сабаъ ва Каҳлон ибн Сабаъ қабилалари машҳур. Сабаънинг қолган уруғларига — ўн битта ёки ўн тўртта уруғ — “Сабаийлар” дейилади, уларнинг Сабаъдан кейин қабилалари йўқ.

а) Ҳимярнинг машҳур уруғлари:

1- Қудоъа (قضاعة) уруғи: ундан Баҳроъ, Балий, Қайн, Калб, Узра ва Вабаралар тарқалган.

2- ас-Сака-а-сик (السكاسك) уруғи: улар Зайд ибн Воила ибн Ҳимярнинг авлоди бўлиб, “Сака-а-сик” Зайднинг лақабидир. У Каҳлон авлодларида келадиган Кинда Сака-а-сикидан бошқадир.

3- Зайдул Жумҳур уруғи: ундан кичик Ҳимяр, кичик Сабаъ, Ҳадур, Зу-Асбаҳлар тарқалган.



Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Жума, 10.10.2008, 8:16:36
 
abdullohДата: Жума, 10.10.2008, 8:17:50 | Сообщение # 7
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
б) Каҳлоннинг машҳур уруғлари:

Ҳамдон, Алҳон, Ашъар, Той, Мазҳиж (Мазҳиждан: Анс (عنس) ва Нахъ), Лахм (Лахмдан: Кинда, Киндадан: Бану Муовия, Сакун, Сака-а-сик), Жузом, Омила (عاملة), Хавлон, Маъофир, Анмор (Анмордан: Хасъам ва Бажила, Бажиладан : Аҳмас), Азд (Азддан: Авс, Хазраж, Хузоа ва Оли Ғассон номи билан машҳур Шом подшоҳлари бўлмиш Жафна авлоди).

Каҳлон Уруғи Яман ерларини ташлаб чиқиб Арабистон ярим оролининг турли томонларига тарқалиб кетди. Уларнинг улкан кўчишлари Арим селидан бироз олдин содир бўлган. Ўшанда Румликларнинг сиқуви ва денгиз савдо йўлига эгалик қилишлари, Миср ва Шомни босиб олганларидан сўнг қуруқлик йўлини ҳам йўққа чиқаришлари Каҳлон Уруғининг тижоратига катта зарар бўлиб тушган эди.

Баъзи муаррихлар уларнинг кўчишини ўша сел уларнинг экин-тикин ва мол-ҳолларни ҳалок қилиб, тижоратлари катта зарар кўрганидан ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлганларидан сўнг бўлганини айтадилар. Қуръон оятлари сиёқи ҳам буни қувватлайди. («Сабаъ»-15-19 оятлар)([2]).

Каҳлон ва Ҳимяр уруғлари ўртасидаги кураш Каҳлоннинг кўчишига сабаб бўлган, деган фикр ҳам тўғри бўлиши мумкин. Каҳлон кўчганидан кейин ҳам Ҳимярнинг ўз жойида қолавергани бу фикрни қувватлайди.

Кўчиб келган Каҳлон уруғларини тўрт қисмга бўлиш мумкин:

Биринчи: Азд

Уларнинг кўчиши саййидлари ва улуғлари бўлмиш Имрон ибн Амр Музайқиёъ фикрига кўра бўлди. Яман ерларида кўчиб юрар эканлар, олдинга ўз даракчиларини жўнатишарди. Сўнг шимол ва шарқ томон юрдилар. Пировардида улар қуйидаги ерларга ўрнашиб қолишди:

· Имрон ибн Амр ва унинг авлоди Умонни ватан тутди. Улар Умон Аздларидир.

· Наср ибн Азд авлоди эса Тиҳомада яшаб қолишди. Улар Шануа Аздларидир.

· Саълаба ибн Амр Ҳижоз сари юрди. У Саълабия ва Зу-Қор ўртасини ватан тутди. Фарзандлари улғайиб маълум куч қудратга эга бўлгач, Мадина томон юрди ва ўша ерда жойлашиб қолди. Авс ва Хазраж Ҳориса ибн Саълабанинг икки ўғли бўлиб Саълаба ибн Амрнинг авлодларидир.

· Ҳориса ибн Амр (у Хузоадир) ва унинг авлоди Ҳижоз ерларида кўчиб юриб, Марруз-Заҳронга қўнишди. Сўнг Ҳарамни фатҳ қилиб, Маккадан Журҳумларни қувиб чиқаришди ва шу ерда ўрнашиб қолишди.

· Жафна ибн Амр Шомга қараб юрди ва авлоди билан ўша ерда ўрнашиб қолди. У Ғассон шоҳларининг отаси ҳисобланади. Ғассонийлар Шомга кўчишларидан олдин Ҳижоздаги Ғассон номли қудуқ бўйида яшаганлари боис ана шундай номланиб кетганлар.

· Каъб ибн Амр, Ҳорис ибн Амр, Авф ибн Амр каби майда уруғлар Ҳижоз ва Шомга кўчиш асносида мазкур қабилаларга қўшилиб кетдилар.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:02:18 | Сообщение # 8
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Иккинчи: Лахм ва Жузом

Улар шарқ ва шимол тарафга кўчишди. Ҳийрадаги Мунзирий шоҳларининг отаси саналмиш Наср ибн Рабиъа ҳам Лахмий эди.

Учинчи: Бану Той

Азддан сўнг улар ҳам шимол томон юриб, Ажо ва Салмо номли икки тоғга келиб жойлашишди. Шу боис бу икки тоғ кейинчалик Той тоғлари номи билан танилди.

Тўртинчи: Кинда

Улар дастлаб Баҳрайнга қўнишди. Сўнг уни ташлаб Хазрамавтга кўчишга мажбур бўлдилар. Бироқ бу ерда ҳам Баҳрайндаги аҳвол такрорлангани боис Наждга келдилар. Кинда қавми Наждда кучли давлат тузишга муваффақ бўлсалар-да, уларнинг бу давлати узоқ турмасдан таназзулга юз тутди.

Ҳимярликларга мансублиги ихтилофли бўлган яна бир қабила – Қудоа Ямандан кўчди ва Ироқ теварагидаги Самова чўлини ватан тутди.[3] Унинг баъзи уруғлари Ҳижознинг шимоли ва Шомнинг теварагига жойлашди.

Мустаъраба араблари - уларнинг бобокалони саййидимиз Иброҳим алайҳис-салом асли Ироқнинг қадимги Ар шаҳридан бўлган. Кўфа яқинидаги бу шаҳар Фурот дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган. Мазкур ҳудудларда олиб борилган қазилма ишлари натижасида шаҳардаги диний ижтимоий ҳолат ва Иброҳим алайҳис-салом оиласи ҳақида бир қанча маълумотлар қўлга киритилди.

Иброҳим алайҳис-салом Ар шаҳридан Ҳорон ёки Ҳарронга, сўнг у ердан Фаластинга ҳижрат қилган ва Фаластинни ўз даъвати учун марказ қилиб танлаган. Иброҳим алайҳис-салом Фаластин ҳудудлари ва унинг тевараги бўйлаб сафарлар қилган. Бир сафар аёли Сора билан бирга зўравон ҳукмдорлардан бири ҳузурига келганида Соранинг соҳибжамоллигини кўрган ҳукмдор унга кўз олайтирмоқчи бўлди. Шунда Сора Аллоҳга дуо қилди, Аллоҳ золимнинг макрини даф қилди. Ҳукмдор Соранинг Аллоҳ ҳимоятидаги солиҳа аёл эканига амин бўлгач, унинг фазлу фазилатини эътироф этиб ёки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб Ҳожарни унинг ҳизматига берди.[4] Сора Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга ҳадя қилди.[5]

Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга Ҳожардан Исмоил исмли ўғил ато қилди. Соранинг рашки сабабли Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва унинг эмзикли гўдаги Исмоилни Ҳижозга олиб бориб қўйди. Ҳожар ва унинг ўғли Аллоҳнинг уйи жойлашган қуп-қуруқ водийда қолишди. У пайтда ҳали бу ерлар бир тепалик бўлиб, ўнгу сўлидан селлар келарди. Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва Исмоилни ҳозирги Масжиднинг юқори қисмида Зам-зам тепасидаги бир катта дарахт ёнида қолдирди. У пайтларда ҳали Зам-зам булоғи йўқ эди. Маккада на бир тирик жон, на бир қултум сув топилмасди. Иброҳим алайҳис-салом уларга бир халта қуритилган хурмо ва мешда сув қолдириб Фаластинга қайтиб кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳожар билан Исмоилнинг егулиги ҳам, суви ҳам тугади. Ана шунда Аллоҳнинг фазли билан Зам-зам булоғи отилиб чиқди. Зам-зам суви Ҳожар ва Исмоил учун ҳам сув, ҳам егулик ўрнини босди. Ушбу воқеалар тафсилоти ҳадис китобларида баён қилинган.[6]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:04:44 | Сообщение # 9
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Яманлик бир қабила - Иккинчи Журҳум - Маккага келиб Ҳожарнинг рухсати билан шу ерда яшаб қолишди. Айтишларича, улар шунгача Макка атрофидаги водийларда яшашган эди. Имом Бухорий ривоятларига кўра, бу қабила Маккага Исмоил алайҳис-саломдан кейин келган ва у пайтда Исмоил ҳали балоғатга етмаган. Улар авваллари ҳам бу водийдан ўтиб туришган.[7]

Иброҳим алайҳис-салом Маккада қолдириб кетган аёли ва ўғлининг ҳолидан хабар олиш учун бу ерга келиб турарди. Биз Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага аниқ неча марта келиб кетганини билмаймиз. Эътимодли манбаларда у кишининг Маккага тўрт марта сафар қилганликлари зикр этилган:

1) Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳикоя қиладики, Иброҳим алайҳис-салом тушида Исмоилни сўяётганини кўради ва ана шу ишни амалга оширишга тутинади: «Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)». (Вас-Соффат : 103-107.)

(Инжилнинг) “Сифрут-таквин” китобида Исмоил алайҳис-саломнинг Исҳоқ алайҳис-саломдан ўн уч ёш катта бўлгани айтилган. Қуръондаги қисса сиёқига қараганда юқорида зикр этилган воқеа, яъни, Исмоилнинг қурбонлик учун келтирилиши Исҳоқ туғилишидан олдин бўлган. Чунки Исҳоқнинг туғилиши ҳақидаги башорат қурбонлик воқеасидан кейин зикр қилинган.

Мазкур қисса Исмоил вояга етмасдан Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага энг камида бир марта келганлигига далил бўлади. Иброҳим алайҳис-саломнинг яна уч марта Маккага келганликлари ҳақида Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуъ ривоятлар нақл қилган. Ушбу ривоятларнинг қисқача мазмуни қуйидагича:

2) Исмоил алайҳис-салом вояга етиб Журҳум қабиласидан араб тилини ўргангач, уни ёқтириб қолган Журҳум қабиласи Исмоилни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Ҳожар вафот этди. Иброҳим алайҳис-салом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келганида, Исмоил уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳис-салом Исмоилнинг хотинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин турмушининг оғирлигидан шикоят қилди. Иброҳим алайҳис-салом аёлга: «Исмоил келса, айтинг, эшигининг остонасини ўзгартирсин» деб тайинлаб кетди. Исмоил отасининг нима демоқчи бўлганини тушуниб етди ва хотинини талоқ қилиб, бошқа аёлга уйланди. У аксар тарихчиларга кўра Журҳум қавмининг улуғи ва саййиди Мудод (مُضاض) ибн Амрнинг қизи эди.

3) Иброҳим алайҳис-салом Исмоил иккинчи марта уйланганидан кейин яна Маккага келди ва яна ўғлини топа олмади. Пайғамбар келинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин Аллоҳга шукр қабилида жавоб берди. Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтиб кетар экан, келинига қуйидагича тайинлади: «Исмоил келса, айтиб қўйинг, эшигининг остонасини мустаҳкамласин.»

4) Иброҳим алайҳис-салом Маккага тўртинчи марта келганида, ўғлини Зам-зам ёнидаги катта дарахт остида камон ўқларини учлаб ўтирган ҳолда топди. Исмоил отасининг истиқболига турди. Улар узоқ фироқдан кейин учрашган ота-болага хос равишда кўришишди. Иброҳим алайҳис-салом билан Исмоил алайҳис-саломнинг кўришмаганига кўп вақт бўлган эди. Фарзандига меҳрибон, юмшоқ кўнгил кекса ёшли отага ҳам, ота-онага ғамхўр, солиҳ ва қобил фарзандга ҳам айрилиқ кунлари осон кечмаганди. Мана шу сафар Каъба қурилди. Ота-ўғил уни тиклашди ва Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ амрига мувофиқ одамларга ҳаж ибодатини эълон қилди.[8]

Исмоил алайҳис-салом иккинчи аёлидан ўн иккита ўғил кўрди: Нобит ёки Набоют, Қайдар, Адбоил, Мибшам, Мишмаъ, Давмо, Мийшо, Ҳудад, Таймо, Ятур, Нафис ва Қайдумон.

Ўн икки ўғилдан ўн икки қабила тарқалди. Маълум муддат уларнинг барчаси Маккада яшашди. Бу қабилаларнинг асосий тирикчилиги Ямандан тортиб Шом ва Мисрга қилинадиган тижорат эди. Сўнг улар ярим оролнинг ҳар томонларига ҳатто унинг ташқарисига сочилиб кетишди. Замонлар ўтиши билан Нобит ва Қайдор авлодидан ташқари ҳаммаси тарих қоронғуликларида йўқ бўлиб кетишди.

Нобит авлоди бўлмиш Нобитийлар маданияти Ҳижознинг шимолий қисмида гуллаб-яшнади. Улар кучли давлат тузиб, қўшни ерларни ўзларига бўйсундирдилар. Нобитийларнинг пойтахти Урдуннинг жанубидаги таниқли Батроъ шаҳри эди. Улар ҳеч кимга бўйин эгмадилар. Фақат румликларгина уларнинг давлатини парчалаб ташлашга муваффақ бўлишди.

Бир гуруҳ насабшунос олимлар тадқиқотлардан сўнг қуйидаги хулосага келганлар: Ғассон сулоласининг шоҳлари, шунингдек, Авс ва Ҳазраждан бўлган ансорлар Нобит ибн Исмоил оиласи ва уларнинг шу ерларда қолган бошқа вакилларига мансубдирлар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз «Саҳиҳ»ида шу фикрга мойил бўлган ва «Яманнинг Исмоил алайҳис-саломга нисбатланиши» деган боб остида бир неча ҳадислар келтирган, Ҳофиз ибн Ҳажар бу ҳадислар шарҳида Қаҳтон Нобит ибн Исмоил авлодидан, деган фикрни тўғри санаган.[9]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:07:05 | Сообщение # 10
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Қайдор ибн Исмоил авлодлари Маккада яшаб қолишди. Уларнинг насли давом этиб, Аднон ва унинг ўғли Маадга етиб келди. Адноний араблар ўз насаблари тарихини Аднонгача тиниқ ёдда сақлаганлар. Аднон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирма биринчи боболари ҳисобланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабларини санасалар Аднонга келиб тўхтар ва: «Насабчиларнинг (Аднондан юқориси ҳақидаги) гаплари нотўғри» деб, ундан нарига ўтишдан тийилар эдилар.[10]

Мазкур ҳадисни заиф санаган айрим уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабларини Аднондан кейин ҳам давом эттириш мумкинлигини айтишган. Бироқ, улар насаби шарифнинг бу қисмида анча чигал ихтилофларга боришган. Улкан муҳаққиқ, аллома, қози Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий Ибн Саъд, Табарий, Масъудий ва бошқалар айтган фикрни – яъни, чуқур таҳлил ва тадқиқотларнинг кўрсатишича, Аднон билан Иброҳим алайҳис-салом ўртасида қирқта ота бўлган, деган фикрни тўғрироқ санаган.[11]

Маъаднинг авлоди унинг Назор исмли ўғлидан тарқалган, Маъаднинг ундан бошқа фарзанди бўлмаган ҳам дейилади.

Назорнинг тўрт фарзанди бўлиб, улардан тўртта улкан қабила тарқалган: Иёд, Анмор, Рабиъа ва Мудар (مضر).

Рабиъа ва Мударнинг уруғ-аймоғи кўп бўлди. Рабиъадан Дубайъа (ضُبَيعة) ва Асад, Асаддан Анза ва Жадила, Жадиладан Абдул Қайс, Намир, Тағлиб ибн Воил, Бакр ибн Воиллар, Бакрнинг фарзандларидан Бану Қайс, Бану Шайбон, Бану Ҳанифа ва бошқа уруғлар тарқалди.

Мудар қабилалари икки катта қисмга бўлинди: Қайс Айлон ибн Мудар ва Илёс ибн Мудар уруғлари.

Қайс Айлондан Бану Салим, Бану Ҳавозин, Бану Сақиф, Бану Саъсаъа, Бану Ғатофонлар тарқалди. Ғатофондан Абс, Зубён, Ашжаъ ва Аъсурлар тарқалди.

Илёс ибн Мудардан Тамим ибн Мурра, Ҳузайл ибн Мудрика, Бану Асад ибн Хузайма ва Кинона ибн Хузайма уруғлари тарқалди. Кинонадан Қурайш тарқалган. Улар Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинонанинг фарзандлари ҳисобланади.

Қурайш ҳам бир қанча қабилаларга бўлинади. Уларнинг машҳурлари қуйидагилар: Жумаҳ, Саҳм, Адий, Махзум, Тайм, Зуҳра ва Қусой ибн Килобнинг уруғлари. Қусой ибн Килоб уруғлари: Абдуд Дор ибн Қусой, Асад ибн Абдул Уззо ибн Қусой ва Абду Маноф ибн Қусойдан иборат.

Абду Манофдан тўрт қабила вужудга келди: Абду Шамс, Навфал, Муттолиб ва Ҳошим. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳошим оиласига мансублар: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим.

Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло Иброҳим авлодидан Исмоилни, Исмоил авлодидан Бану Кинонани, Бану Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни ва Бану Ҳошимдан Мени танлаб олди.»[12]

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларини яратиб, мени уларнинг энг яхши (яъни, инсон) жинсидан ва икки тоифанинг (яъни, араб ва ажамнинг) яхшисидан қилди. Сўнг қабилаларни танлаб, мени энг яхши қабиладан қилди. Сўнг хонадонларни танлаб, мени энг яхши хонадондан қилди. Мен уларнинг ҳам ўзи, ҳам хонадони эътибори билан энг яхшисиман.»[13]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 01.01.2009, 2:07:34
 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
  • Страница 1 из 8
  • 1
  • 2
  • 3
  • 7
  • 8
  • »
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024