|
Ар-раҳиқ ал-махтум
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:08:32 | Сообщение # 11 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Адноннинг авлодлари кўпайгач, серёмғир, серўт яйловларни қидириб, араб ерларининг турли бурчакларига ёйилиб кетишди. Абдул Қайс, Бакр ибн Воил ва Тамим уруғлари Баҳрайнга кўчиб, ўша ерда яшаб қолишди. Бану Ҳанифа ибн Али ибн Бакр Ямомага кўчиб, Ҳужр қасабасига қўнди. Бакр ибн Воилнинг қолганлари Ямомадан Баҳрайнга, Козима соҳили бўйларидан денгизга ва Ироқ атрофларигача чўзилган узундан узоқ жойларни сўнгра Убулла ва Ҳийтни макон тутишди. Тағлиб Фуротия оролида яшаб қолди. Унинг айрим уруғлари Бакр билан бирга яшади. Бану Тамим Басра чўлини макон тутди. Бану Салим Мадина яқинида Водиюл Қуродан Хайбаргача, Мадинанинг шарқигача, Жабалайн чегараларигача, Ҳарра ҳудудларигача бўлган масофада яшарди. Сақиф Тоифда, Ҳавозин Макка шарқидаги Автос томонларда яшаб қолди. Автос - Макка билан Басра ўртасидаги йўл устида жойлашган. Бану Асад Таймо шарқи ва Кўфа ғарбини макон тутди. Улар билан Таймо ўртасида Тойнинг Буҳтур ери бор эди. Улар билан Кўфа ўртаси беш кунлик йўл бўлган. Зубён Таймо яқинидан Ҳавронга қадар бўлган ерларда яшарди. Тиҳомада Кинона уруғлари яшаб қолди. Макка ва унинг атрофини Қурайш уруғлари ватан тутишди. Қурайш уруғлари бирлашмасдан, алоҳида-алоҳида яшашарди. Сўнг Қусой ибн Килоб чиқиб уларни бирлаштирди. Қурайш уруғлари бирлашганларидан кейин уларнинг обрўси ва қадр-қиймати ошди. [1] Арабларнинг насаб тартиби қуйидагича: Шаъб (халқ, миллат яъни бош) - қабила (бош суягининг бир-бирига киришган бўлаклари) - амора (кўкракдаги аъзолар улардан бири юрак)-батн (қорин) -фахиз (сон) -фасийла (тизза) - ашийра (тиззадан қуйиси). Улар насабларини худди инсон танаси каби тақсимлаганлар. Шундай бўлсада, қабила катталашиб уруғларга бўлиниб кетгани сайин ҳар бир уруғ ўзидан кейингиларга нисбатан қабила ва ундан таралганлар уруғлар деб аталаверади. Яъни ҳар бир уруғ ўз ҳолида қабила, ўзидан аввалгиси билан зикр қилинганда уруғ деб аталади. Китобларда буни фарқламасдан ҳаммасини қабила ҳам дейилади. Масалан, Қурайш қабила унинг уруғларидан бўлган Бану Тайм, Бану Ҳошим, Бану Умайялар буларнинг ҳар бири қабила деб аталади. [2] 15. Аниқки Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида Аллоҳнинг фазлу-марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга) «Парвардигорингиз (берган) ризқу-рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килувчи Парвардигордир», (деган эдик). 16. Улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўқиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик. 17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз. 18. Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва, улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-яқинлаштириб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик). 19. Улар эса (бу неъматларга ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга сабр-қаноат қилувчи, неъматларга) шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир. [3] Албатта, қавмларнинг кўчган пайтлари ва кўчиш сабаблари манбаларда турлича берилган. Биз манбаларни ўрганиб чиқиб юқоридаги тўхтамга келдик. Тўғрисини билувчи Аллоҳдир. [4] Манбаларда мазкур зўравон ҳукмдор Миср фиръавнларидан бири бўлиб, Ҳожар унинг чўриси бўлгани айтилади. Бироқ машҳур аллома, қози Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий “Раҳматан лил-оламийн” асарида аҳли китоб тадқиқотчиларнинг ёзганларига суяниб, Ҳожарнинг чўри эмас, балки озод аёл ва Фиръавннинг қизи бўлганлигини таъкидлаган. Шунингдек Ибн Халдун “Тариху ибн Халдун” асарида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу билан Миср аҳли ўртасида бўлиб ўтган бир суҳбатни келтиради. Унда айтилишича, мисрликлар унга: “Ҳожар бизнинг подшоҳларимиздан бирининг аёли бўлган, биз билан Айнишамс аҳли ўртасида бўлиб турадиган урушлардан бирида уларнинг қўли баланд келиб, подшоҳни қатл қилиб, Ҳожарни асира қилишган, охир-оқибат у боболарингиз Иброҳимнинг чўрисига айланган” дейишади. [5] Қаранг: “Саҳиҳул Бухорий: Пайғамбарлар китоби” (2217, 2635, 3357, 3358, 5084, 6950) Саҳиҳу Муслим (2371). [6] Саҳиҳул Бухорий (3364, 3365). [7] Саҳиҳул Бухорий (3364). [8] Саҳиҳул Бухорий, «Китобул-анбиё» (3364, 3365). [9] Саҳиҳул Бухорий, «Китобул-маноқиб» (3507-ҳ). [10] Тарихут-Табарий, 2 : 272-276с. [11] Ибн Саъд Табақотул Кубро, 1:56, Тарихут-Табарий, 2:272, 273, Масъудий Муружуз-заҳаб, 2:273, 274. [12] Имом Муслим: 4/1782, Имом Термизий: 5/544. [13] Имом Термизий: 5/545.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:10:17 | Сообщение # 12 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Арабларда ҳукм ва бошқарув сиёсати Арабларнинг исломдан аввалги ҳаёти ҳақида сўз юритар эканмиз, уларнинг ҳукумати, бошқарув тизими, миллатлари ва динлари хусусида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмас. Фикри ожизимизча, ана шунда Ислом зоҳир бўлган фурсатда юзага келган вазиятларни тушунишимиз янада осонроқ кечади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватлари бошланганида Арабистон ярим оролининг ҳукмдорлари икки қисмдан иборат эди: 1. Тож кийган ҳукмдорлар. Бироқ бу тождорлар аслида мустақил ҳукмдорлар эмасди. Улар Яман ҳукмдорлари, Ғассон шоҳлари ва Ҳийра ҳокимлари эди. 2. Қабила ва уруғларнинг бошлиқлари. Улар худди шоҳлар каби ҳукм ва имтиёзларга эга бўлишган. Қабила оқсоқолларининг аксарият қисми томомила мустақил ҳаракат қилишарди. Фақат айримлари тождор ҳукмдорларга тобе эдилар. Яман, Ғассон ва Ҳийра шоҳларидан ўзга барча бошлиқлар қабила оқсоқоллари - тож киймаган ҳукмдорлар эди. Яман шоҳлиги Ориба арабларидан Яманда умргузаронлик қилган энг қадимий қавм Сабаъ қавмидир. Ур шаҳрида олиб борилган қазилма ишлари натижасида Сабаъ қавмининг милоддан аввалги 15-асрдаги излари топилди. Сабаъ қавмининг нуфузи кучайиб, ҳукмронлиги кенгайиб, маданияти гуллаб-яшнаган даври милоддан аввалги 11-асрларга тўғри келади. Қавм тарихини қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин: 1. Милоддан аввалги 1300 - 650 йиллар оралиғидаги давр: Бу даврларда уларнинг давлатлари «Маийнийлар давлати» деб аталар, Нажрон ва Ҳазрамавт оралиғидаги Жавф текисликларида жойлашган эди. Сўнг улар тараққий этиб, ҳукмронликлари кенгайиб, сиёсий нуфузлари Ҳижознинг шимолидаги Уло ва Маонгача етиб борди. Айтишларича, Сабаъ салтанати шунчалик кучайганки, ҳатто улар араб ерларининг ичкарисида ва унинг ташқариларида ўз мустамлакаларига эга бўлган. Асосий тирикчиликлари тижорат бўлган. Яман тарихида муҳим ўрин тутган, кейинчалик уларни Ердаги ноз-неъматларнинг аксари билан таъмин этган Маъриб тўғони ўша пайтда қурила бошлаган. У пайтларда Сабаъ ҳукмдорлари «Сабаъ Макраби» деб аталган. Уларнинг пойтахти Сирвоҳ шаҳри бўлган. Пойтахт харобалари Маъриб шаҳрининг шимолий ғарбий қисмидан 50 км, Санъо шарқидан 124 км узоқликдаги масофада учрайди ва «Хурайба» деб аталади. Ҳукмдорларининг сони 22 билан 26та ўртасида бўлган дейилади. 2. Милоддан аввалги 650-115 йиллар оралиғидаги давр: Бу пайтга келиб уларнинг давлати «Сабаъ давлати» аталиб, Сабаъ ҳукмдорлари Сабаъ шоҳлари номини олишди ва Сирвоҳ ўрнига Маърибни пойтахт қилишди. Маъриб шаҳри қолдиқлари Санъо шарқидан 192 км узоқликдаги масофада учрайди. 3. Милоддан аввалги 115-йилдан милодий 300-йилга қадар бўлган давр: Бу даврда Ҳимяр қабиласи Сабаъ мамлакатини босиб олиб, пойтахтни Маърибдан Райдонга кўчирди ва давлат «Ҳимярийлар давлати» номини олди, подшоҳлари эса «Сабаъ ва Зу-Райдон шоҳлари» деб аталадиган бўлди. Кейинроқ Райдон шаҳри Зуфар номини олди. Шаҳар қолдиқлари Ярийм яқинидаги Мудаввар тоғида учрайди. Айнан ана шу муддатда уларнинг салтанатида емирилиш ва таназзул бошланди. Аввало Ҳижоз шимолида Нобитийларнинг ҳукмронлиги кенгайгани, иккинчидан Румликлар Миср, Сурия ва Шимолий Ҳижоз ерларини қўлга киритганидан сўнг денгиз савдо йўлларини эгаллаб олишгани ва учинчидан қабилаларнинг ўзаро қирпичоқ бўлишлари сабабли уларнинг савдо ишларига путур етди. Ана шундай сабаблар оқибатида Қаҳтонийлар узоқ-узоқ ерларга бош олиб кетиб, чор-атрофга сочилиб кетишди. 4. Милодий 300-йилдан Яманга Исломнинг кириб келгунига қадар бўлган давр Бу даврда давлат «Иккинчи Ҳимярийлар давлати» номини олди, ҳукмдорлари эса «Сабаъ, Зу-Райдон, Хазрамавт ва Ямант шоҳлари» деб аталди. Бу давлат бошига турли-туман ҳодисалар, эврилишлар, инқилоблар ва ички урушлар кетма-кет ёғилди. Оқибат миллат чет эл босқинчиларига нишон бўлиб, мустақиллигидан айрилди. Румликлар Аданга кириб келишди. Ҳамадон ва Ҳимяр қабиласи ўртасидаги низодан фойдаланиб, ҳабашлар румликлар ёрдамида милодий 340-йилда Яманни биринчи марта босиб олишди. Улар милодий 378-йилгача мамлакатни эгаллаб туришди. Сўнг Яман яна мустақилликка эришди. Лекин бу пайтга келиб Маъриб тўғонида ёриқлар пайдо бўлган эди. Милодий 450 ёки 451-йилда Қуръони Каримда «Арим сели» деб айтилган улкан тошқин юз берди. Бу сел мамлакатни хароб қилиб, аҳолисини чор-атрофга сочиб юборган даҳшатли зарба бўлди. Милодий 523-йилда яҳудий Зу-Нувос Нажрон элидаги масиҳийлар бошига қирғин солиб, уларни куч билан ўша пайтдаги соф масиҳийликдан чиқармоқчи бўлди. Улар бўйин товлашгач, Зу-Нувос чуқурлар қаздириб, уларнинг ичини ўт-олов билан тўлдирди ва мўминларни ана шу чуқурларга ташлашга буюрди. Қуръони Каримнинг «Буруж» сурасидаги: «чоҳ эгалари лаънат қилингайлар» оятида мазкур воқеага ишора қилинган. Бу ҳодиса насронийларнинг Рум ҳукмдорлари раҳнамолигида араб ерларига интиқом юришини уюштиришларига сабаб бўлди. Насронийлар ҳабашларни гиж-гижлаб, улар учун денгиз қўшинлари тузиб беришди. Оқибатда, ҳабашларнинг етмиш минг кишилик қўшини соҳилга тушиб, Яманни иккинчи маротаба босиб олишди. Бу воқеа милодий 525-йилда ҳабашларнинг Арёт исмли қўмондони бошчилигида амалга оширилди. Арёт Абраҳа ибн Сабоҳ ал-Ашрам исмли бир ҳабаш саркардаси томонидан 549-йилда хиёнаткорона ўлдирилгунга қадар Ҳабашистон шоҳининг Ямандаги ноиби бўлиб турди. Абраҳа Ҳабашистон шоҳининг ризолигини олиб, Арётнинг ўрнига тахтга ўтирди. Каъбани вайрон қилиш учун Маккага қўшин тортиб келган ҳам шу Абраҳа эди. Абраҳа ва унинг қўшини Қуръони Каримда «Асҳабул фил», яъни «Фил эгалари» деб зикр қилинган. Санъога қайтганидан кейин Аллоҳ уни ҳалок қилди ва ўрнига ўғли Яксум тахтга ўтирди. Кейин эса иккичи ўғли Масруқ ҳоким бўлди. Айтишларига қараганда улар яманликларни эзиш ва ҳорлашда оталаридан кўра ёмонроқ бўлишган экан. Машҳур «Фил» воқеасидан кейин яманликлар форслардан мадад сўрашди ва ҳабашларга қарши курашиб, ниҳоят уларни ўз ерларидан қувиб чиқаришди. Улар милодий 575-йилда Маъдийкариб ибн Сайф Зу-Язин Ҳимярий бошчилигида мустақилликка эришди. Яманликлар уни тахтга ўтқизишди. Маъдийкариб ўзининг хизматкорлари ва хос навкарлари сафида бир гуруҳ ҳабашийларни ҳам сақлаб қолган эди. Ана шу ҳабашийлар бир куни унга суиқасд қилишди. Маъдий Карибнинг ўлими билан Зу-Язин хонадони ҳукмронлиги ҳам барҳам топди. Шундан кейин Яман форсларнинг мустамлакасига айланди ва унга форсий ноиблар тайинланди. Уларнинг биринчиси Ваҳраз кейин Марзубон ибн Ваҳраз кейин унинг ўғли Тийнжон кейин Хисрав ибн Тийнжон. Уларнинг охиргиси милодий 628-йилда Исломни қабул қилган Бозон эди. Бозоннинг Исломга кириши билан форсларнинг Яман ерларига ҳукмронлик қилиши ниҳоясига етди.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 01.01.2009, 2:15:37 |
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:14:09 | Сообщение # 13 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Ҳийра ҳокимлиги Милоддан аввалги 557-529 йилларда ҳукм юритган Буюк Қуруш форсларни бирлаштиргандан буён улар Ироқ ва унга чегарадош ерларга эгалик қилиб келишарди. Форсларнинг кучли давлатига ўз даврида ҳеч ким бас кела олмасди. Фақат милоддан аввалги 326-йилда тарих саҳнасига чиққан Искандар Мақдуний (Александр Македонский) форсларнинг шоҳи Доро биринчини мағлубиятга учратиб, уларнинг шавкатини синдирди. Пировардида форс ерлари бир неча бўлакларга бўлиниб, бир неча ҳокимлар қўлида қолди. Ана шундай тарқоқ ҳукмронлик милодий 230-йилгача давом этди. Тарқоқ ҳукмдорлар даврида Қаҳтонийлар кўчиб келиб, Ироқнинг чегара ўринларидан бирини эгаллаб олишди. Кейин Аднонликлар кўчиб келишди. Улар Қаҳтонийлар билан рақобатга киришиб, охир-оқибат Фурот оролининг бир қисмини қўлга киритишди. Форсларнинг иккинчи маротаба кучга тўлиши милодий 226-йилда Сосонийлар давлатига асос солган Ардашер ибн Бобак даврига тўғри келди. Ардашер форсларни бирлаштирди ва мамлакати ҳудудида яшовчи арабларни бўйсундирди. Бу Қузоанинг Шомга бош олиб кетишига сабаб бўлди. Ҳийра ва Анбор аҳли эса Форс ҳукмдорига тобе бўлди. Ардашер Ҳийра ва Ироқ саҳросининг аҳолиси ҳамда ярим оролдаги Рабиъа ва Музор қабилалари устига Жузайма Ваззоҳни ҳоким қилиб тайинлади. Ардашер арабларни тобе қилиб туриш ва ўз чегараларини уларнинг ғоратидан сақлаш учун арабларнинг устига қавм-қариндоши қўллаб-қувватлайдиган ва ҳимоя қиладиган араб кишисини ҳоким қилиб қўйишни маъқул кўрди. Боз устига унинг давлатига ҳамиша хавф солиб турадиган румликларга қарши араблардан фойдаланмоқчи эди. Ардашернинг тахминига кўра, Ироқ араблари румликларнинг қаноти остига кирган Шом арабларига қарши қўйиларди. Ардашер Ҳийра ҳокими қўли остида форс қўшинининг бир бўлагини қолдирди. Мазкур қўшин ҳокимга қарши чиққан саҳройи арабларни тинчитиш учун керак эди. Жузайма тахминан милодий 268-йилда вафот этди. Унинг вафотидан кейин Ҳийра ва Анбор ҳокимлигини Амр ибн Адий ибн Наср Лахмий (268-288) эгаллади. Бу Кисро Собур ибн Ардашер ҳукмронлиги даврида юз берди. Амр ибн Адий Лахмий ҳокимларнинг биринчиси эди. Шундан кейин то форс тахтига Қубоз ибн Файрўз (448-531) келгунга қадар Ҳийрага Лахмий ҳокимлар ноиб бўлиб туришди. Собур ибн Ардашер даврида Маздак деган кимса чиқиб, ўзининг бузуқ ғоясини тарғиб қила бошлади. Унинг ғояси ҳар қандай бузуқлик, ярамас иш ҳалол деган ақида асосига қурилган эди. Форсийларнинг аксарият қисми каби Қубоз ҳам Маздак ғоясини қабул қилди. Сўнг у Ҳийра ҳокими Мунзир ибн Маус-Самога (512-554) маздакийликни қабул қилишни буюриб чопар жўнатди. Бироқ Ҳийра ҳокими форс шоҳининг динига киришдан ор қилиб ва ҳамияти келиб, унинг кўрсатмасини рад этди. Натижада Қубоз Мунзирни Ҳийра ҳокимлигидан четлаштирди. Унинг ўрнига Кисронинг таклифини қабул қилиб маздакийлик йўлини тутган Ҳорис ибн Амр ибн Ҳажар Киндийни ҳоким этиб тайинлади. Қубоздан кейин форс тахтига Кисро Ануширвон (531-578) ўтирди. У маздакийларни жуда ёмон кўрарди. Ануширвон Маздакни ва унинг издошларининг кўпчилигини қатл қилди. Мунзирни Ҳийра ҳокимлигига қайтарди ва Ҳорис ибн Амрни тутиб келишни буюрди. Ҳорис Калбийлар ерига қочиб кетди ва вафотига қадар ўша ерда яшади. Мунзир ибн Моус-Самодан кейин Ҳийра ҳокимияти Нўъмон ибн Мунзирга (583-605) қадар унинг авлодида қолди. Зайд ибн Адий Ибодий уюштирган туҳмат сабабли Нўъмон ибн Мунзир форс шоҳининг ғазабига йўлиқди. Кисро Нўъмонни ўз ҳузурига чорлади. Нўъмон форс шоҳи ҳузурига йўлга чиқди. Бироқ у йўлда яширинча Шайбон уруғининг саййиди Ҳоний ибн Масъуднинг манзилига қўниб, аҳли-оиласи ва мол-давлатини унинг олдида қолдириб кетди. Кисро Нўъмонни зиндонбанд этди. Нўъмон тутқунликда ўлди. Ҳийрага унинг ўрнига Иёс ибн Қобиса Тоий ҳоким қилиб тайинланди. Кисро Иёсга Ҳоний ибн Масъуднинг қўлида қолдирилган Нўъмоннинг омонатини талаб қилиб олишни буюрди. Ҳоний Нўъмоннинг омонатини уларнинг қўлига топширишдан бош тортди. Икки ўртада уруш бошланди. Иёсга кўмак бериш учун Кисронинг волийлари ва лашкарлари етиб келди. Зу-Қорда рақиблар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтди. Жангда Шайбон уруғи ғалаба қозониб, форсларни шармандали мағлубиятга учратди. Бу арабларнинг ажамлар устидан қозонган биринчи ғалабаси эди. Мазкур воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларидан озгина фурсат ўтиб юз берган эди. Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иёс ибн Қабисанинг Ҳийрага ҳокимлигининг саккизинчи ойида таваллуд топганликлари айтилади. Бу жанг пайғамбарликдан бироз аввал дейилган қавл ҳам бор, мана шу ҳақиқатга яқинроқ. Кисро Иёсдан кейин Ҳийрага Озодбаҳ ибн Моҳбиён ибн Маҳробандод исмли бир форсни ҳоким қилиб тайинлади. У 17 йил (614-631) ҳокимлик қилди. Милодий 632-йилда Ҳийра ҳокимлиги Яна Лахмийлар қўлига ўтди. Лахмийлардан «Маърур» лақабли Мунзир ибн Нўъмон исмли киши ҳоким бўлди. Унинг ҳокимлигига саккиз ой тўлмасдан Ҳийрага Ислом лашкари билан Холид ибн Валид ташриф буюрди.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 01.01.2009, 2:14:37 |
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:18:32 | Сообщение # 14 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Шом подшоҳлиги Араб қабилалари чор-атрофга кўчишга тушган даврда Қузоъа уруғлари Шом тепаликларига келиб ўрнашиб қолди. Улар Бану Сулайҳ ибн Ҳулвон қавмидан эдилар. Тарихда (الضجامعة) Дажъамийлар номи билан танилган Бану Дажъам ибн Сулайҳ қавми Сулайҳ ибн Ҳулвон қавмига мансуб саналади. Саҳройи араблар босқинидан сақланиш ҳамда форсларга қарши қўшимча кучга эга бўлиш мақсадида румликлар уларни ўз қанотлари остига олишди. Улар қавмнинг ўзидан бир кишини ҳоким қилиб қўйдилар. Йиллар давомида қавм устида ана шундай ҳокимлик ҳукм юритди. Уларнинг энг машҳур ҳокимларидан Зиёд ибн Ҳабулани зикр қилиш мумкин. Қавмнинг ҳокимияти тахминан милодий иккинчи асрнинг бошларидан аср ниҳоясига қадар давом этди. Ғассон сулоласи уларнинг ҳокимиятига чек қўйди ва ерларини босиб олди. Румликлар энди бу қавмни Шом араблари устига ҳоким қилиб тайинлашди. Ғассонийлар Бусро шаҳрини пойтахт қилишди. Ғассонийлар Рум шоҳларининг ноиби сифатида Шом ерларига ҳижратнинг 13 йили бўлиб ўтган Ярмук жангига қадар эгалик қилиб келишди. Уларнинг сўнгги вакили Жабала ибн Айҳам амирул мўъминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Исломга бўйсунди. Ҳижоз амирлиги Исмоил алайҳис-салом Макка ҳокимиятини ва Каъбага эгадорликни вафотларига қадар ўз қўлларида ушлаб турдилар. У киши 137 ёшда вафот этдилар.[1] Сўнг у кишининг ўғилларидан иккитаси – Нобит, кейин Қайдор бошлиқ бўлишди. Айримлар аксинча бўлган дейишади. Бу иккисидан кейин Макка ҳукмдорлиги уларнинг боболари (яъни, Исмоил алайҳис-саломнинг қайнотаси) Музоз ибн Амр Журҳумий қўлига ўтди. Макка ҳокимияти ана шу тарзда журҳумларга ўтди ва уларнинг қўлида қолиб кетди. Оталари Байтуллоҳни қургани учун Исмоил алайҳис-салом авлодлари иззат-эътибор эгалари бўлсалар-да, ҳеч қандай мансаб-ҳукм қўлларида йўқ эди. Узоқ давр Исмоил алайҳис-салом авлодларининг айтарли ҳеч қандай имтиёз-имконияти бўлмай келди. Бухтунассар чиқишидан бироз олдин Журҳумнинг иши орқага кета бошлади. Ана шу асрдан Макка осмонида Адноннинг юлдузи порлашга тушди. Бунга далил шуки, Бухтунассар арабларга қарши Зоту Ирқда юриш қилганида арабларнинг лашкарбошиси журҳумлардан эмас, Адноннинг ўзи эди. Милоддан аввалги 587-йилда Бухтунассар иккинчи маротаба қўшин тортиб келганида Аднон қавми Яманга сочилиб кетди. Армиё пайғамбарнинг саҳобаси бўлган Бархиё Адноннинг ўғли Маъадни ўзи билан бирга Шомдаги Ҳаррон шаҳрига олиб кетган эди. Бухтунассар босқини тугагач, Маъад Маккага қайтиб келди. У шаҳарда журҳумлардан фақат Жавшам ибн Жулҳумани топди. Маъад унинг қизи Муъонага уйланди ва уларнинг никоҳидан Низор дунёга келди. Шундан сўнг Журҳумнинг Маккадаги ишлари ёмон томонга юз бурди. Аҳволи танг бўлган Журҳум Маккага келганларга зуғум ўтказди, Каъбанинг молига хиёнат қилди. Албатта бу ишлар Аднонийларни ғазаблантирарди. Марруз-Заҳронга келиб қўнган Хузоа Аднонийларнинг Журҳумга нисбатан нафратларини кўриб, бу қулай фурсатдан фойдаланиб қолди. Улар Аднонийларнинг Бакр ибн Абдуманоф ибн Кинона уруғи ёрдамида Журҳумга қарши уруш очиб, Журҳум қабиласини Маккадан ҳайдаб чиқаришди ва милодий 2-аср ўрталарида Макка ҳокимиятини қўлга киритишди. Маккани ташлаб чиқишга мажбур бўлган Журҳумийлар кетишларидан олдин Зам-зам қудуғини кўмиб, ўрнини яшириб кетишди. Улар шу ерга бир қанча нарсаларни ҳам беркитиб қўйишди. Ибн Исҳоқ ёзади: Амр ибн Ҳорис ибн Музоз Журҳумий (бу Исмоил алайҳис-салом қиссасида зикр қилинган Музоз эмас) Каъбанинг икки (олтиндан ясалган) кийигини ва Ҳажарул-асвадни олиб чиқиб Зам-зам қудуғига кўмиб ташлади[2]. Журҳумийлар Яманга йўл олишди. Улар Макка ҳукмдорлигидан маҳрум бўлганларига жуда қаттиқ куйдилар. Ана шу ғам ҳақида Амр қуйидаги мазмунда шеър айтган эди: «Гўё бу атрофда бир меҳрибон дўст бўлмагандек. Гўё Маккада тонгга қадар чўзилган суҳбатлар қурилмагандек. Ҳа, биз унинг эгалари эдик, бироқ тунларнинг алмашиши ва кунларнинг адолатсизлиги бизни ҳалокатга маҳкум этди.» Исмоил алайҳис-салом даври тахминан милоддан аввалги йигирманчи асрларга тўғри келади. Демак, Журҳумийлар Маккада йигирма бир аср яшашган ва йигирма асрга яқин вақт мобайнида у ерга эгалик қилиб келишган. Хузоа Маккага эгалик қилишда Бану Бакрни бир четга суриб қўйди. Бироқ, Мудар қабилаларининг учта имконияти бор эди: Биринчи: Одамларни Арофатдан Муздалифага йўналтириш ва Нафр (Минодан тушиш) куни уларга ижозат бериш. Бу ҳуқуқ Илёс ибн Мудар қавмига мансуб бўлган Бану Ғавс ибн Мурра уруғига тегишли эди. Бану Ғавс «Сувфа» деб аталарди. Ижозатнинг маъноси шуки, нафр куни то Сувфадан бир киши тош отмагунга қадар одамлар тош отишмасди. Тош отиш тугаб одамлар Минодан кетиш тараддудига тушганларида Бану Ғавс тоғдаги тушиш йўлининг ҳар икки четини эгаллаб оларди. То улар ўтиб бўлмагунича ҳеч ким ўтмасди. Бану Ғавсдан кейин бу имтиёз Тамим қабиласига мансуб Бану Саъд ибн Зайд Манотга ўтди. Иккинчи: Наҳр (қурбонлик) куни тонгида Муздалифадан Минога қараб юриш. Бу ҳуқуқ Бану Адвонда эди. Учинчи: Уруш харом қилинган ойларни кечиктириш. Бу ҳуқуқ Бану Кинонага мансуб Бану Фуқайм ибн Адий уруғида эди. Хузоанинг Макка ҳокимиятини эгаллаб туриши уч юз йилга чўзилди. Хузоа ҳукмронлиги даврида Наждда, Ироқ ва Баҳрайн тарафларда Аднонийлар тарқалди. Макка теварагида Қурайш уруғлари тарқоқ ҳолда яшаб қолди. Қусой ибн Килоб келгунга қадар на Макка ишида ва на Каъба ишида Қурашийлар ҳеч нарсага эга эмас эдилар.[3] Айтишларича, Қусой онасининг қўлида эканида унинг отаси вафот этади ва Бану Узралик Рабиъа ибн Ҳаром деган киши унинг онасини никоҳига олиб, Шом теварагидаги ўз юртига кўчириб кетади. Қусой ибн Килоб улғайганидан сўнг Маккага қайтиб келади. Бу пайтда Макканинг волийси Хузоалик Ҳулайл ибн Ҳабшийя эди. Қусой Ҳулайлнинг қизи Ҳуббага оғиз солади. Ҳулайл рози бўлиб, қизини унга турмушга беради. Ҳулайлнинг вафотидан кейин Хузоа билан Қурайш ўртасида уруш бошланади ва бу уруш Қусойнинг Макка ва Каъба эгалигини қўлга киритиши билан ниҳояланади. Мазкур урушнинг сабаби хусусида уч хил ривоят бор: Биринчи ривоят: Фарзандлари ва мол-давлати кўпайиб, эл ичида обрў қозонган Қусой Ҳулайлнинг ўлимидан кейин Каъба ва Макка эгалигига Хузоа ҳамда Бану Бакрдан ўзини ҳақлироқ деб билади. Ахир Қурайш Исмоил алайҳис-салом авлодининг энг тоза, бош бўғини ҳисобланарди. Қусой Қурайш ва Бану Кинона кишиларига Хузоа ҳамда Бану Бакрни Маккадан чиқариб юбориш ҳақида гап очди. Улар Қусойнинг таклифини маъқул кўришди.[4] Иккинчи ривоят: Хузоанинг даъвосича, Ҳулайл Каъба ва Макка эгалигини Қусойга васият қилиб кетган. Бироқ, Хузоа бу васиятни амалга оширишдан бош тортгани боис икки ўртада уруш чиқди.[5]
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 01.01.2009, 2:19:02 |
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:33:48 | Сообщение # 15 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Учинчи ривоят: Ҳулайл Каъба эгалигини қизи Ҳуббага бериб, Абу Ғубшон Хузоийни қизининг вакили қилган. Абу Ғубшон Ҳуббанинг вакили сифатида Каъба хизматига бош бўлди. Бироқ, у ақли норасороқ одам эди. Ҳулайлнинг ўлимидан кейин Қусой Абу Ғубшонни алдаб, ундан Каъба эгалигини бир нечта туяга ёки бир меш шароб эвазига сотиб олди. Бундай битимдан норози бўлган Хузоа Қусойнинг йўлини тўсишга уринди. Натижада Қусой Хузоани Маккадан қувиб чиқариш учун Қурайш ва Бану Кинона кишиларини тўплади. Улар Қусойнинг таклифини қўллаб-қувватлашди.[6] Хуллас, нима бўлганда ҳам Ҳулайл вафот этиб, Сувфа қиладиганини қилгач, Қусой Қурайш ва Бану Кинона кишилари билан Ақабага келди ва уларга: «Биз бу ишга сизлардан кўра ҳақлироқмиз!» деди. Сувфа Қусойга қарши урушди. Уруш Қусойнинг ғалабаси билан тугади. Ўша пайтларда Хузоа ва Бану Бакр Қусойдан ўзини тортди. Қусой ўз тарафдорларини тўплаб, уларга қарши жангга чиқди. Икки ўртада қаттиқ уруш бўлди ва ҳар икки томондан бир қанча қурбонлар берилди. Сўнг томонлар сулҳга рози бўлиб, Бану Бакрлик Яъмур ибн Авфни ўзларига ҳакам қилишди. Ҳакамнинг чиқарган ҳукми қуйидагича бўлди: Каъба ва Макка эгалигига Қусой Хузоадан ҳақлироқ. Қусой тўккан қонлари учун товон тўламайди. Хузоа ва Бану Бакр тўккан қонлари учун хун тўлайди. Қусойга Каъба топширилади. Яъмур ўша кундан Шуддох деб атала бошлади.[7] Шундай қилиб, Хузоанинг Каъбага эгалиги 300 йил давом этгач, милодий 5-аср ўрталарида, яъни 440-йилда Қусой Макка ва Каъба эгалигини қўлга киритди. Қусойдан кейин бу эгалик ҳуқуқи Қурайшга ўтди. Ярим оролнинг тўрт томонидан араблар зиёратга келадиган Каъбанинг диний бошлиғи Қурайш бўлиб қолди. Қусой қавмини Маккага кўчириб келиб, Маккани уларнинг ўртасида тақсимлаб чиқди. Қурайшнинг ҳар бир уруғини уларнинг ўзлари қўнган ерга жойлаштирди. Насъа, Савфон, Адвон ва Мурра ибн Авфларни ўз мансабларида қолдирди. Чунки Қусой юқоридаги ишларни ўзгартириш мумкин бўлмаган дин деб биларди.[8] Қусой амалга оширган тарихий ишлардан бири – Каъбанинг шимолий қисмида Дорун-Надва (йиғин ўтказиладиган бино)га асос солди ва унинг эшигини масжидга қаратди. Энди бу уй Қурайш тўпланиб, муҳим ишларни ҳал қиладиган йиғин жойига айланди. Дорун-Надва Қурайш учун хайрли бўлди. Чунки ана шу йиғин уйи гапларнинг бир жойдан чиқишини ва муаммоларнинг чиройли ечилишини таъмин этарди. Қусой қуйидаги шарафли раҳбарлик кўринишларига эга эди: 1. Дорун-Надва раислиги. Қурайш ўзининг муҳим масалаларини ана шу уйда муҳокама қилар ва шу ерда қизларини турмушга берар эди. 2. Ливоъ (байроқ). Қурайшнинг ҳарб байроғи фақат Қусойнинг қўли билан тикиларди. 3. Қиёдат (карвонларни бошқарув). Қурайшга тегишли ҳар қандай карвон фақат унинг ё фарзандларининг бошқаруви билан йўлга чиқарди. 4. Ҳижобат (эшик оғаси). Каъба ҳижобатига Қусой масъул эди. Каъба эшигини очиш, унинг ишларини саришта қилиш Қусойнинг вазифаси эди. 5. Сиқоят (Ҳожиларни сув билан таъминлаш). Яъни, ҳожилар учун ҳовузларни сувга тўлдириб, ширин қилиш учун сувга хурмо ва майиз ташлаб қўйишарди. Маккага келган ҳожилар ана шу ҳовузлардан сув ичишарди. 6. Рифодат (Ҳожиларни егулик билан таъминлаш). Ҳожилар учун меҳмондорчилик сифатида егулик ҳозирланар эди. Қусойнинг буйруғига кўра, Қурайш ҳаж мавсумида мол-давлатидан бир улуш ажратиб, унга топширарди. Ана шу йиғилган нарсалар асосида ҳожилар учун егулик ҳозирланарди. Егулиги ва мол-давлати йўқ бўлган ҳожилар мазкур егуликлардан қорин тўйдиришарди.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 01.01.2009, 2:37:15 |
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 01.01.2009, 2:39:19 | Сообщение # 16 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Юқоридаги шарафли вазифаларнинг ҳаммаси Қусойники эди. Абдуманоф ибн Қусой отаси ҳаётлигидаёқ обрў-эътибор топиб, саййидлар сафига қўшилди. Абдуддор Қусойнинг тўнғичи эди. Қавм сендан шарафда ўзиб кетган бўлсалар ҳам, албатта сени уларнинг мартабасига етказиб қўяман, дерди Қусой ўғли Абдуддорга. Қусой ана шу ўғлига ўзининг шарафли вазифаларини васият қилди. Энди Дорун-Надва, ҳижобат, ливоъ ва ҳожиларни едириб-ичириш вазифалари Абдуддорники эди. Қусой қавмида шунчалик обрў-эътиборли эдики, ҳеч ким унга қарши чиқмас, гапини икки қилмас ва унинг буйруғини хатто ўлимидан кейин ҳам муқаддас деб биларди. Қусойнинг ўлимидан сўнг фарзандлари рози-ризолик билан унинг васиятини адо этишди. Лекин Абдуманоф вафот этгач, унинг болалари амакиваччалари Абдуддорнинг фарзандларидан юқоридаги мансабларни талаша бошлади. Қурайш иккига бўлиниб, хатто уруш чиқишига оз қолди. Охир-оқибат сулҳ тузилди ва юқоридаги мансаб-вазифалар тақсимлаб олинди. Тақсимотга кўра сиқоят, рифодат ва қиёдат Абдуманоф уруғига берилди. Дорун-Надва, ливоъ ва ҳижобат Бану Абдуддорда қолди. Абдуманоф уруғи сиқоят ва рифодатни Ким олиши масаласида қуръа ташлашди. Қуръа Ҳошим ибн Абдуманофга чиқди. Ҳошим вафотига қадар ана шу икки мансабнинг эгаси бўлиб турди. Ҳошимдан кейин укаси Муттолиб ибн Абдуманоф, ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ва ундан кейин Абдулмуттолибнинг болалари сиқоят ва рифодатга масъул бўлиб келишди. Ислом келганида бу ҳуқуқ Аббос ибн Абдулмуттолибда эди. Қурайшнинг ичкарисида юқоридагилардан бошқа вазифа-мансаблар ҳам бўлган. Улар ана шу тартиботлари билан кичкина давлат тизимини, аниқроқ айтганда кичкина демократик давлат тизимини вужудга келтиришган. Бугунги кунда парламент ва унинг мажлислари ролини уларда маълум ташкилот ва йиғинлар бажарган. Қуйида уларнинг айримларини келтириб ўтамиз: 1. Ийсор: Ниманидир тақсимлашда ишлатиладиган санамларнинг фолчўпларига эгалик қилиш. Бу ҳуқуқ Бану Жумаҳда эди. 2. Таҳжирул амвол: Санамларга қилинган қурбонлик ва назрларни тартиблаш, шунингдек хусуматлар ва шикоятларни ажрим қилиш. Мазкур ишлар Бану Саҳмнинг зиммасида эди. 3. Шўро: Маслаҳат ва кенгашлар ўтказиш. Бу Бану Асадда эди. 4. Ашноқ: Хун пули ва жарима-товонларни тартибга солиш. Бу Бану Таймда эди. 5. Уқоб: Миллий байроқни кўтариш. Бу ҳуқуқ Бану Умайяда эди. 6. Қубба: Аскар тартиботи ва отлиқ қўшин етакчилиги. Бу ҳуқуқ Бану Махзумда эди. 7. Сифорат: Элчилик. Бу вазифа Бану Адийга тегишли эди.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 29.01.2009, 4:58:29 | Сообщение # 17 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Бошқа арабларнинг ҳукм юритиш тизими Биз Адноний ва Қаҳтоний қабилаларнинг кўчишлари, уларнинг араб ерларини ўзаро тақсимлаб олганликлари ҳақида юқорида сўз юритган эдик. Ана шу қабилаларнинг Ҳийрага яқин жойлашганлари Ҳийрадаги араб шоҳларига, Шом соҳросида жойлашганлари эса Ғассонийларга тобе бўлишган. Бироқ бу тобелик номига бўлиб, амалда ҳеч нарсага дахл қилмасди. Ярим орол ичкарисидаги саҳроларда яшовчи араблар эса тамомила эркин эдилар. Саҳро ичкарисидаги қабилаларни қабила оқсоқоллари бошқарарди. Қабила ўзига хос кичик бир ҳукумат бўлиб, уни тутиб турадиган нарса қавмпарастлик, ўз ерини ҳимоя қилиш ва ундан душманни даф этишдаги муштарак манфаатлар эди. Қабила оқсоқолларининг қавмдаги мавқеи шоҳларнинг мавқеига тенг саналарди. Қабила тинчлик пайтида ҳам, уруш пайтида ҳам саййидининг сўзига бўйсунар ва ҳеч қачон унинг гапини икки қилмас эди. Ҳукм ва сўзини ўтказиш масаласида қабила оқсоқоллари бамисоли кучли диктаторга ўхшаб кетишарди. Ҳатто уларнинг дарғазаб бўлиши минглаб қиличларнинг чақинига сабаб бўлар ва оқсоқолнинг нима учун ғазаблангани ҳатто суриштирилмасди. Бироқ, амакиваччалар ўртасида саййидлик мартабаси талаш бўлгани боис улар одамлар билан чиройли муносабатда бўлишда, саховатда, меҳмоннинг иззатини жойига қўйишда, фазлу карамда, ҳалимликда, мардлик-шижоатда ва бировларни ҳимоя қилишда бир-бирлари билан мусобақалашар эдилар. Албатта, бундан кўзланган мақсад одамларнинг, хусусан, ўша даврда қабиланинг тили ҳисобланган шоирларнинг кўзига яхши кўриниш бўларди. Ана шунда улар саййидликка номзод саналган бошқа рақибларидан ўзиб кетган ҳисобланарди. Саййидлар ва оқсоқоллар хос имтиёзларга эга эдилар. Мирбоъ, сафийй, нашийта ва фузул каби ўлжадан олинадиган имтиёзлар бошқаларда йўқ эди. Мирбоъ - ўлжанинг тўртдан бири, сафийй - қабила оқсоқли ўлжа тақсимланишидан олдин ўзига танлаб оладиган нарса, нашийта - қўшин юришга чиққанида қавм қароргоҳига етгунга қадар йўлда қабила оқсоқолининг қўлга киритган нарсалари, фузул - ўлжа тақсимотидан ортиб қолган ва барча аскарларга тарқатиб беришнинг имкони йўқ бўлган туя, от ва ҳоказо нарсалардир.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
Сообщение отредактировал abdulloh - Пайшанба, 29.01.2009, 5:02:30 |
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 29.01.2009, 5:03:18 | Сообщение # 18 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Сиёсий аҳвол Араб ҳокимлари ҳақида маълум тасаввурга эга бўлганимиздан кейин энди уларнинг сиёсий аҳволига назар ташлаш фурсати етди. Ажнабийларга қўшни бўлган уч тараф - ҳудудда сиёсий аҳвол беҳад ёмон эди. Бу чиндан-да емирилиш ва таназзул ҳолати дейиларди. Одамлар хожалар ва қулларга ёхуд ҳокимлар ва маҳкумларга ажралган эди. Хўжайинлар, айниқса, ажнабийлари ёғ ютиб, қора халқ қон ютиб яшарди. Бошқача айтганда раъият ҳукуматга маҳсулот етиштириб берувчи экин майдони ўрнида кўриларди. Ҳукмрон табақа оддий халқ етиштириб берган маҳсулотларни ўзининг айш-ишрати, инжиқликлари ва жабру-зулми йўлида исроф қиларди. Раъият эса ҳеч қандай ёруғлик кўрмай, тўрт томонини ўраган қуюқ зулмат ва зулм ичида яшарди. Улар ҳеч кимга шикоят ҳам қила олмасдилар. Мудом ғам-алам ва жабр-зулм чекиб, турли азобларга нишон бўлиб унсиз ҳаёт кечирарди. Ҳукмронлик зўравонларники, ҳақ-ҳуқуқлар поймол эди. Мазкур ҳудудларга қўшни қабилалар эса беқарорлик, турли мақсад ва ҳавойи хоҳишлар ичида адашиб-улоқиб яшарди. Гоҳ Ироқ аҳлига қўшилсалар, гоҳ Шом аҳли таркибига кирардилар. Ярим орол ичкарисидаги қабилалар ўзаро низо, жанжал, диний ва қавмий ихтилофлар гирдобида тарқоқ ҳолда кун кечиришарди. Ўша замон кишиларидан бири ўзининг дунёқарашини қуйидагича баён қилади: Ғазийя нима бўлса, мен ҳам айни ўшаман У тузалса тузалиб, адашса адашаман. Уларнинг мустақилликларини таъминловчи ўз ҳукуматлари ёки оғир кунларда эътимод қилинадиган, куч олинадиган асл асослари йўқ эди. Ҳижоз ҳукуматига келсак, араблар бу ҳукуматга эҳтиром кўзи билан қараб, уни етакчи ва диний марказ ҳимоячиси сифатида кўришарди. Аслида бу ҳукуматда дунёвий, давлатий ва диний жиҳатлар қоришиб кетган эди. У араблар ўртасида диний етакчи исми билан, Ҳарам ва унинг теварагида Каъба зиёратига келувчиларнинг таъминотини назорат қилувчи ҳукумат исми билан ҳукм юритарди, Иброҳим алайҳис-салом шариатининг ҳукмини жорий этарди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг ҳудди парламент мажлислари каби йиғинлари, ташкилотлари бор эди. Лекин бу ҳукумат оғир кунларга чидаш бера олмайдиган заиф ҳукумат эди. Унинг заифлиги ҳабашлар босқинида шундоқ сезилиб қолди. [1] «Сифрут Таквин» ва «Тарихут Табарий» асарлари. [2] Масъудий ёзади: Форслар ўша пайтларда Каъбага турли ҳадя ва жавҳарлар жўнатиб туришган. Сосон ибн Бобак Каъбага олтиндан ясалган икки кийик, жавоҳирлар, қиличлар ва кўп олтин ҳадя қилган эди. Амр уларни Зам-зам қудуғига ташлаб юборди. («Муружуз заҳаб»). [3] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/117. [4] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/117, 118, Табарий: 2/255, 256. [5] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/118. [6] Тарихул-яъқубий: 1/239, Фатҳул борий: 6/634, Ал-Масъудий: 2/58. [7] Ибн Ҳишом: 1/123, 124. [8] Ибн Ҳишом: 1/124, 125.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Пайшанба, 29.01.2009, 5:04:31 | Сообщение # 19 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Арабларнинг динлари Арабларнинг аксарияти одамларни Иброҳим алайҳис-саломнинг динига чақираётган Исмоил алайҳис-саломнинг даъватини қабул қилишди. Улар Аллоҳга ибодат қилиб, Уни бир деб ва Унинг динига итоат қилиб яшашар эди. Бироқ орадан йиллар ўтиши билан ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан кўп қисмини унутишди. Ана шу ҳолатда ҳам то Хузоанинг оқсоқоли Амр ибн Луҳай чиққунга қадар араблар тавҳид устида туриб, Иброҳим алайҳис-салом динининг бир қанча кўрсатмаларига амал қилишарди. Амр ибн Луҳай яхшилик, хайр-садақа ва диний ишларга муҳаббат руҳида вояга етган, одамларнинг муҳаббатини қозонган ва халқ назарида улкан уламо, машҳур авлиё бўлиб танилган киши эди. У Шомга сафар қилиб, ўша ерда одамларнинг бут-санамларга ибодат қилаётганини кўрди. Мазкур ширк Амр ибн Луҳайнинг кўзига кўп яхши ва ҳақ нарса бўлиб кўринди. Ахир Шом пайғамбарлар ва илоҳий китоблар юрти эди-да! Хуллас, Амр ибн Луҳай Шомдан Ҳубал номли бутни кўтариб келди ва уни Каъба ичкарисига ўрнатиб қўйди. Амр Макка аҳлини Аллоҳга ширк келтиришга чақирди, улар унинг чақириғини қабул қилдилар. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ҳижоз аҳли Макка арабларига тақлид қилишга тушди. Чунки Макка аҳли Каъбанинг эгалари ва Ҳарам аҳли ҳисобланарди. Ҳубал инсон суратида қизил ақиқдан ясалган бўлиб, унинг ўнг қўли синган эди. Қурайшликларга у шу ҳолда келган, улар унга тиллодан қўл қилишган. Бу мушрикларнинг энг биринчи ва энг буюк ҳамда муқаддас бути эди. Уларнинг энг биринчи санамларидан бўлган Манот Қизил денгиз соҳилида жойлашган Қудайд яқинидаги Мушаллал деган тепаликда эди. Сўнг Тоифда Лотни бут қилиб олишди. У Сақифга тегишли бўлиб, Тоиф масжидининг чап минорасининг ўрнида бўлган. Нахла водийсида Уззо пайдо бўлди. У Қурайш, Баун Кинона ва бошқа кўплаб қабилаларинг бути эди. Мазкур уч санам уларнинг энг катта бутлари саналарди. Кейин ширк томир ёйиб, Ҳижоз бутларга тўлиб кетди. Айтишларича, Амр ибн Луҳайнинг бир жини бўлиб, унга Нуҳ қавми сиғинган - Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср номли - санамлар Жиддага кўмилганини хабар қилган эмиш ва Амр ўша ерга бориб бутларни қазиб олиб, Тиҳомага келтирган экан. Ҳаж мавсумида санамларни қабилаларга тарқатган, қабилалар уларни ўз юртларига олиб кетишган экан. Вадд – Шомнинг Ироқ тарафидаги Давматул-Жандал деган жойидаги Калб қабиласининг бути эди. Сувоъ – Ҳижознинг Маккага яқин соҳил қисмидаги Руҳот деган жойда яшовчи Ҳузайл ибн Мудрикага тегишли, Яғус – Сабаъдаги Журф деган жойдаги Бану Мурод қабиласидан бўлган Бану Ғутойф қабиласининг, Яъуқ – Яман еридаги Хайвон деган қишлоқдаги Ҳамадон қабиласининг, Наср – Ҳимяр еридаги Зул-Килоъ хонадонининг бут-санами эди. Араблар мана шу бут-санамлари учун алоҳида уйлар қуриб, уларни худди Каъбани улуғланганидек улуғлайдиган бўлишди. Бу бутхоналар учун махсус ёпқичлар, алоҳида хизматчилар тайинланар, уларга ҳам худди Каъбага қилинганидек ҳадя-қурбонликлар қилинар, шу билан бирга Каъбанинг уларга нисбатан фазлини ҳам эътироф қилишарди. Бошқа қабилалар ҳам айни шу йўлни тутиб, ўз бутлари учун махсус бутхоналар қуришди. Араб ўлкаларининг ҳар ерида ўнлаб шундай ибодатхоналар пайдо бўлди. Ана шу ибодатхоналардан Яман ерларида Давсники Зул-Халса, Хатъам ва Бужайла, Той ва уларга яқин бўлган Салмо ва Ажаъ тоғлари ўртасидаги жойлашган қабилаларники Филс деб номланарди. Яман ва Ҳимярликлар учун Санъондаги Райём, Рабийъа ибн Каъб ибн Саъд ибн Зайд учун Ризо, Воил ўғиллари Бакр ва Тағлиб қабилалари учун Каъабот ибодатхоналари бор эди. Давснинг ҳам ўзига хос бути бўлиб уни Зул-Каффайн деб аталарди. Кинона авлодлари Бакр, Молик ва Малконнинг Саъд исмли, Азраликларнинг Шамс, Хавалоннинг Умёнис отли санамлари бўлган. Шундай қилиб, аввалига ҳар бир қабиланинг, кейинчалик ҳар бир уйнинг ўз санами пайдо бўлди. Жоҳиллар Масжидул Ҳарамни санамлар билан тўлдиришди. Макка фатҳ қилинганида Каъба атрофида 360та бут-санам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни асолари билан туртиб бирма-бир ерга қулатдилар, сўнг бу санамлар ул зотнинг амрлари билан Масжидул- Ҳаромдан олиб чиқиб ёқиб юборилди. Каъбанинг ичида ҳам бут-санам ва суратлар бор эди. Ҳатто Иброҳим алайҳис-салом ва Исмоил алайҳис-саломнинг қўлларида азлом ушлаб турган ҳолдаги суратлари бор эди. Бу санам ва суратлар ҳам Фатҳ куни йўқ қилинди. Одамлар бу каби залолатларга шу қадар ботиб кетишган эдики, ҳатто Абу Ражо ал-Уторудий розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Биз бир тошга сиғиниб юриб, ундан кўра чиройлироқ бошқа тош топсак, наригисини улоқтириб, бунисига сиғиниб кетаверардик. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа эчкини соғиб, лойини қотириб, сўнгра шуни тавоф қилардик.»[1] Хуллас, ана шу тарзда ширк ва санамлар ибодати жоҳилият аҳли динининг энг асосий қисмига айланди. Ҳолбуки, улар ўзларини Иброҳим алайҳис-салом динида деб билишарди.
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
abdulloh | Дата: Жума, 30.01.2009, 4:42:59 | Сообщение # 20 |
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
| Бут-санамларга сиғиниш ва ширк кўринишларининг илк пайдо бўлиши қуйидагича бошланган эди: Одамларда қачонки фаришталар, пайғамбарлар ва Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлмиш авлиё ва тақводор зотларни Аллоҳга энг яқин кишилар, уларнинг Аллоҳ ҳузурида даражалари юксак, мартабалари олий, деган ишонч пайдо бўлгач ва улардан баъзи мўъжиза ва кароматлар зоҳир бўлганини кўришгач, Аллоҳ Ўзига хос ишлардан баъзиларининг тасарруфини уларга бўйсундириб берган, улар мана шу тасарруфлари ва Аллоҳнинг олдидаги обрў-эътиборлари туфайли Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан оддий бандалари ўртасида шафоатчи бўлишга муносиблар, ҳеч бир кимса Аллоҳга бўлган ҳожатини бевосита уларсиз арз қилмаслиги лозим, чунки улар бандаларнинг Аллоҳга воситачиларидир, Аллоҳ уларнинг воситасида қилинган дуоларни асло рад этмайди, шунингдек Аллоҳга бўлган ибодат ҳам улар воситасида адо этилиши лозим, улар юқори мартаба эгаси бўлганлари боис бандаларни Аллоҳга яқинлаштира оладилар, деган фикр ўрнашди. Мана шу эътиқодларидан келиб чиқиб уларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилдилар ва қўлларидан келганча уларга яқинлик ҳосил қилишга ҳаракат қилдилар. Кўпларининг ҳақиқий ёки хаёлий сурат ва ҳайкалларини ясаб, ибодатларида рўпараларига қўйиб оладиган бўлдилар. Мана шу сурат ва ҳайкаллар санамлар деб номланарди. Баъзан эса уларнинг ҳайкал ва суратларини ясамасдилар, балки қабр ва мозорларини, айрим қароргоҳ ва тушиб ўтган, дам олишган жойларини муқаддас санаб, у ерларга қурбонлик ва назрлар келтиришар, ҳар хил кўринишдаги ибодатлар билан сиғинишарди. Муқаддас саналувчи шундай ўринлар васанлар деб аталарди. Бут-санамлар ибодатида бир қанча маросим ва удумлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятини Амр ибн Луҳай ўйлаб чиқарган эди. Жоҳиллар Амрнинг бу ишини Иброҳим алайҳис-салом динини ўзгартириш эмас, балки бу динга яхши бир одатни қўшиш деб билишарди. Қуйида ўша маросимларнинг баъзисини айтиб ўтамиз: 1. Улар санамларга юкинишар, илтижо қилишар, муножотлар айтиб оғир кунларда улардан мадад сўрашар ва ҳожатларини раво этишини тилашар эди. Уларнинг эътиқодига кўра, бу санамлар Аллоҳ олдида шафоатчи бўлиб, одамларнинг тилакларини рўёбга чиқарар эди. 2. Ана шу бут-санамлар зиёратига келиб, уларни тавоф қилиб, олдида ўзларини хор тутиб саждалар қилишар эди. 3. Бут-санамларга атаб турли қурбонликлар қилинар, уларнинг пойқадамларида жонлиқлар сўйишар ва қаерда бўлмасин жонлиқ сўйсалар уларнинг номини зикр этишар эди. Жоҳилиятнинг ана шу икки амали Қуръонда қуйидагича зикр қилинган: «Ва бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш сизларга ҳаром қилинди).» (Моида : 3). «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом : 121). 4. Улар ўзларича санамларига атаб айрим емак-ичмакларни, шунингдек экин-тикин ва чорва молларидан ҳам маълум насибани хослаб, қурбонликнинг бир турини амалга оширишарди. Қизиғи шундаки, улар Аллоҳга ҳам юқоридагилардан маълум ҳиссани ажратиб қўйиб, кейин кўпинча қайсидир сабаб билан Аллоҳга ажратган ҳиссаларини санамларига бағишлар эдилар. Бироқ санамларига ажратилган насибани ҳеч қачон Аллоҳга атаб юбормасдилар. «(Мушриклар) Аллоҳ учун Унинг Ўзи яратган экин ва чорваларидан бир улуш ажратиб, ўзларича: «Бу Аллоҳ учун, бу (қолгани) эса шерикларимиз-бутларимиз учун», дедилар. Энди бутлари учун бўлган улуш Аллоҳ (улушига) қўшилмайди. Аллоҳ учун бўлган улуш эса бутларига қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!». (Анъом : 136). 5. Экинлар ва чорваларни ҳам назр қилиб, ўзларича санамларга қурбат ҳосил қилган бўлардилар. «Улар ўзларича: «Мана бу ҳайвон ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина (яъни бутхона хизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган», дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда) Аллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларининг номини айтадилар ва мана шу қилмишларини Аллоҳ амри деб) У зотга туҳмат қиладилар.» (Анъом : 138).
Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат, тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат. эртак, афсоналар меъдага тегди, Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
|
|
| |
Copyright MyCorp © 2024 |
|
| |
|