Жума, 26.04.2024, 2:52:02

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Ар-раҳиқ ал-махтум - Страница 3 - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
  • Страница 3 из 8
  • «
  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5
  • 7
  • 8
  • »
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
Ар-раҳиқ ал-махтум
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:43:55 | Сообщение # 21
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
6. Уларнинг яна бир одати баҳийра, соиба, васийла ва ҳомийларни жорий этиш бўлди.

Саид ибн ал-Мусайяб айтадилар: «Баҳийра – сути фақат бутларга аталган, ҳеч ким соғиши мумкин бўлмаган туя, Соиба – олиҳаларга атаб қўйиб юборилган, устига юк ортилмайдиган туя, Васила - кетма-кет иккита урғочи бўталоқ туққан туя, уни ҳам бутларига атаб қўйиб юборишарди, Ҳомий – пуштидан ўн бўталоқ туғилган эркак туя, уни ҳам ўз ишини қилиб бўлган деб ҳисоблаб, бутларга атаб қўйиб юборишар эди.»

Ибн Исҳоқ ёзади: «Агар туя кетма-кет ўнта урғочи бўталоқ туғса ва уларнинг орасида биронта эркаги бўлмаса, уни бўш қўйиб юборишарди. Бу туяни минишмасди, жунини олишмасди, сутини ҳам меҳмондан бошқага ичиришмасди. Ана шундай туя «соиба» дейиларди. Соиба туя кейин яна урғочи бўталоқ туғса, бўталоқнинг қулоғини кесиб онаси билан бирга қўйиб юборишарди. Энди уни ҳам миниш, жунини олиш ва сутини меҳмондан ўзга кимсанинг ичиши мумкин бўлмай қоларди. Бундай туя «баҳийра» деб аталарди. Демак, баҳийра соибанинг боласи экан. Васийла: Агар қўй кетма-кет беш марта эгиз туғиб, қўзичоқларининг ҳаммаси урғочи бўлса, уни етди, деб «васила» қилиб қўйишарди. Василанинг кейин туққан болалари аёлларга ҳаром бўлиб, фақат эркакларга ҳалол ҳисобланарди. Агар ўлик бўлса, унинг гўштини аёллар ҳам ейиши мумкин бўларди. Ҳомий: Пуштидан кетма-кет ўнта урғочи бўталоқ бўлган эркак туяни «ҳомий» аташар, уни ҳам минишни, жунини олишни ман қилишар эди. Ҳомий туяларнинг ичига қўйиб юборилар ва ундан фақат насл қолдиришдагина фойдаланишар эди. Аллоҳ таоло Қуръонда бу ҳақда шундай дейди:

«Оллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар.» (Моида : 103).

«Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни, ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни, эркак-хотин ҳаммалари ейишаверади).» (Анъом : 139).

Юқорида номи зикр қилинган ҳайвонларга бошқача изоҳлар ҳам берилган.

Саид ибн ал-Мусайяб бу ҳайвонлар арабларнинг тоғутлари-санамлари учун бўлганини айтган, Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Луҳайни жаҳаннамда ичакларини судраб юрганини кўрганларини айтганлар. Чунки у энг биринчи бўлиб Иброҳим алайҳис-саломнинг динини ўзгартирган, бутларни ўрнатган, соиба, баҳийра, васийла ва ҳомийларни қўйган одамдир.

Араблар бу ишларини санамлар учун қилар эканлар, санамлар бизларни Аллоҳга яқинлаштиради, етказади, деган эътиқодда бўлганлар. Қуръонда айтилганидек:

«Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз,» (дерлар).» (Зумар : 3).

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади», дейдилар.» (Юнус : 18).

Араблар азлом (камон чўплари) билан фол кўришар, бу ўқлар уч турли бўларди:

1. Бир чўпга «Ҳа», иккинчисига «йўқ» деб ёзилган учинчисига ҳеч нарса битилмаган уч хил чўплар. Улар ана шу чўплар билан ўзлари хоҳлаган бирон ишни - масалан, сафар ёки никоҳни - қилиш-қилмасликни ҳал этишарди. Агар «ҳа» чиқса, ўша ишни қилардилар, «йўқ» чиқса, бу йилча тўхтатиб, келгуси йили яна бир фол очиб кўришарди. Бўши чиқса, то «ҳа» ё «йўқ» чиққунича қайта фол очаверишар эди. Бу турдаги фолчўплари ҳар бир хонадонда бўлиши мумкин эди.

2. Бу хилида сувлар, товонлар ва хун пулларининг ечими бўларди.

3. «Сизлардан», «сизлардан эмас» ва «ёпишган» деган ёзувли чўплар. Бу турдаги фолчўплар фақат ҳокимлар ё коҳинларда бўлар, араблар кимнингдир насл-насабида шубҳаланиб қолишса, ўша киши билан бирга юз дирҳам ва битта туяни Ҳубалнинг олдига олиб келиб, пул ва туяни фолчўплар эгасига беришарди. Агар «сизлардан» чиқса, ҳалиги одам уларнинг ўзидан ўртачаси бўларди. «Сизлардан эмас» чиқса, уларга ҳалиф-иттифоқдош бўларди. Агар «ёпишган» чиқса, қавм орасида тутган мартабасида қолар, на насаб ва на иттифоқдошлик зикр қилинмасди.

Қиморнинг бир кўриниши бўлган майсир ва қидоҳ чўплари ҳам шунга ўхшаб кетарди. Улар қиморга тикилган туя гўштини шу чўплар ёрдамида тақсимлаб олишарди. Бунинг сурати шундайки, кўплашиб бир туяни насияга сотиб олишар ва унинг гўштини 28 ёки 10 бўлакка бўлишар, сўнгра фолчўпларни тортишар, кимга «ютди» ёзувли чўп чиқса, улушига эга бўлар, бўш чўп чиққан одам пулига куйиб, маҳрум қолаверарди.

Улар коҳин, арроф-фолбин ва мунажжимларнинг хабарига ишонишарди. Коҳин-келажакда бўладиган ишларни, махфий сирларни биламан, деб даъво қилувчи кимса. Баъзи коҳинлар: «Менинг хабар ташувчи жиним бор» дейишса, баъзилари: «Мен ғайбни идрок қиладиган фаҳмга эгаман», дерди. Яна кимлардир ўзларича турли сабаб ва ишоралар орқали махфий ишларни билишини даъво қиларди. У сўровчининг сўзи, феъли ёки ҳолатини асос қилиб оларди. Халқ тилида бундайларни арроф деб аташарди. Аррофлар одатда ўғирланган ёки йўқолган нарсаларнинг қаердалигини айтиб бериш даъвосини қилишарди. Келажакда бўладиган ҳодиса ва ҳолатларни билиш учун юлдузларнинг ҳаракати ва чиқиш-ботиш вақтларига қаровчи кимсаларни мунажжим дейишарди.

Мунажжимларнинг хабарларини тасдиқлаш моҳият эътибори билан юлдузларга иймон келтиришнинг ўзгинасидир. Шунинг учун жоҳиллар: «Кўкдаги фалон-фалон юлдузлар сабабли бизга ёмғир ёғди»[2], дейишарди.

Арабларда бир нарсадан шумланиш одати ҳам кенг тарқалган эди. Унинг асли қуйидагича бўлган: Улар қуш ёки кийикни қўйиб юбориб, қараб туришарди. Агар ўша қуш ёки ҳайвон ўнг томонга йўналса, буни яхшилик аломати ҳисоблаб, қасд қилган ишларига киришардилар. Агар чап томонга юрса, буни ёмонлик аломати санаб, кўзлаган ишларидан воз кечардилар. Шунингдек, улар йўлларида учраган ҳайвон ёки қушларга қараб, ёмон ёки яхши аломат топишарди.

Айрим кунлар, ойлар, жониворлар, уйлар ва аёлларни бехосият санаш ва бойўғли ҳақидаги эътиқодлар ҳам ана шулар сирасига кирарди. Уларнинг эътиқодига кўра, мақтул-ўлдирилган кишининг руҳи то қасоси олинмагунича ором топмайди. Унинг руҳи бойўғлига айланиб, саҳроларда учиб юради ва «Ташнаман, ташнаман» ёки «Мени қондиринглар, мени қондиринглар» деб қичқиради. Ўчи олингандан кейингина мақтулнинг руҳи ором топади.

Жоҳилият аҳлида Каъбани улуғлаш, уни тавоф қилиш, ҳаж, умра, Арафа ва Муздалифада туриш, қурбонликлар келтириш каби Иброҳим алайҳис-салом динининг айрим кўринишлари сақланиб қолганди. Улар бу амалларга ҳам бидъатлар киритган эдилар. Қуйида ана шу бидъатларни баён қилиб ўтамиз:

1. Қурайш аҳли ўзларини «Ҳумс» дейишарди, «Биз Иброҳим болаларимиз, Ҳарам аҳлимиз, Каъбанинг эгалари ва Маккада яшовчилармиз, арабларнинг ҳеч бири ҳақ-ҳуқуқ ва мартабада бизга тенг эмас, бинобарин, бизнинг Ҳарамдан ташқарига чиқмоғимиз номатлубдир!» деб (бошқалар қатори Ҳарамдан ташқарида жойлашган) Арафада турмасдилар, Арафадан тушмасдилар. Улар (Ҳарам ҳудудидаги) Муздалифадан тушишарди. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилди: «Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар» (Бақара : 199).

2. Ҳил аҳли, яъни Ҳарамдан ташқарида яшовчилар ҳаж ёки умра зиёратига келсалар, Қурайш қонунига кўра ўзлари билан Ҳарам ташқарисидан олиб келган егуликларни ейишлари мумкин эмасди.

3. Эҳромдалик пайтларида Ҳумс кишиларига пишлоқ қилишлари, ёғ эритишлари, жундан қилинган чодирга киришлари жоиз эмас, дейишарди. Эҳромда эканликларида улар фақат теридан тикилган чодирлар билан сояланар эдилар.

4. Қурайш талабига кўра Ҳарам ташқарисидан келганлар биринчи тавофларини албатта ҳумснинг кийимида қилишлари шарт эди. Эркаклари эркакларга, аёллари аёлларга кийимларини беришар, шу билан тавоф қилишарди. Агар ҳеч нарсалари бўлмаса, эркаклар ялонғоч тавоф қиларди. Аёллар эса ҳамма кийимларини ечиб ташлаб, фақат битта этаги йирмочли либосда тавоф қилар ва шундай дерди:

اليوم يبدو بعضه أو كله ** وما بدا منه فلا أحله

Бугун унинг ҳаммаси ё бир бўлаги фош бўлади

Фош бўлганин кўрганларнинг кўзларига тош бўлади

Аллоҳ таоло қуйидагича амр қилди: «Эй одам болалари ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, авратларни беркитингиз!).» (Аъроф : 31).

Агар бирон эркак ёки аёл олийжаноблик қилиб ҳарам ташқарисидан кийиб келган кийими билан тавоф қиладиган бўлса, тавофдан кейин кийимларини ечиб ташлар ва ҳеч ким улардан бошқа фойдаланмасди.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:44:41 | Сообщение # 22
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
5. Улар эҳромдалик пайтларида уйларига эшиклардан киришмасди. Уйнинг орқасини тешиб, ўша ердан кириб чиқишарди. Ўзларича шу аҳмоқликларини яхши иш деб билишарди. Қуръон уларни бундан қайтарди: «Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилувчидир.» (Бақара : 189).

Ана шу — ширк, бутпарастлик, турли хурофот ва тўқима эътиқодлардан таркиб топган дин аксарият арабларнинг дини эди. Яҳудий, насроний, мажусий ва собиий динлари ҳам Араб ерларига кириш учун йўл топдилар.

Араб жазирасида яҳудийларнинг пайдо бўлиши камида икки босқичга бўлинади:

Биринчи босқич: Фаластиндаги Ошурий ва Бобилийларнинг фатҳлари замонида яҳудийларнинг кўчиши. Милоддан аввалги 587-йилда Бухтунассар қўшини яҳудийлар юртини хароб қилиб, уларни таъқиб остига олди. Кўпчилигини Бобилга ҳайдаб кетди. Ўшанда яҳудийларнинг бир қисми Фаластин ерларини ташлаб Ҳижозга кўчди ва унинг шимолий ҳудудларида яшаб қолди.

Иккинчи босқич: Милодий 70-йилда румликларнинг Фаластинга бостириб кириши билан бошланади. Яҳудийлар юрти яна талон-тарож қилиниб, харобага айлангач, бир қанча яҳудий қабилалар Ҳижоз ерларига кўчишди Ясриб, Хайбар ва Таймога ўрнашиб, ўзларининг қишлоқлари, қўрғонлари ва қалъаларини бино қилишди Шу тариқа араблар орасида яҳудий дини ҳам тарқалди.

Ислом келишидан олдин ва Ислом даврида кўп сиёсий ҳодисаларда уларнинг иштироки бўлди. Ислом келганида араб ерларида яҳудийларнинг қуйидаги машҳур қабилалари бор эди: Хайбар, Назийр, Мусталақ, Қурайза ва Қайнуқоъ. Самҳудий «Вафоул-вафо» асарида: Ясрибда вақти-вақти билан яшаган яҳудий қабилаларининг сони йигирмадан ортиқ эди, дейди.

Яман ерларига яҳудийлик Туббон Асъад Абу Караб орқали кириб келди. У Ясрибга уруш қилиб борганида ўша ерда яҳудийликни қабул қилади ва Яманга Бану Қурайзанинг икки диний олимини олиб келади. Оқибат, бу ерларда ҳам яҳудийлик томир отиб, кенг тарқала бошлайди. Абу Карабдан кейин Яман тахтига ўтирган унинг ўғли Юсуф Зу-Нувос Нажрон аҳли насронийларига ҳужум қилиб, уларни яҳудий динига киритмоқчи бўлди. Бош тортишгач, мўминлар учун оловли чуқурлар тайёрлатиб, уларни ўтда ёқди. На аёл, на эркак, на гўдак ва на кексага раҳм қилмади. Айтишларича, ўшанда ҳалок бўлганларнинг сони 20.000 билан 40.000 киши ўртасида бўлган экан. Бу воқеа милодий 523-йилнинг октябрида юз берган. Қуръони Каримнинг «Буруж» сурасида мазкур воқеага ишора қилиб ўтилган:

«(Ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли олов - (ўша олов ловуллаб ёнаётган) чоҳ эгалари лаънат қилингайлар! Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар.» (Буруж : 4-7).

Насроний дини араб ерларига Ҳабаш ва Рим босқинчилари орқали кириб келган. Ҳабашларнинг Яманни биринчи марта босиб олишлари милодий 340-йилга тўғри келади. Улар 378-йилгача Яманни мустамлака қилиб турдилар. Шу муддат давомида Масиҳийлик Яманга кириб келди. Ана шу даврга яқин фурсат ичида дуолари ижобат, ўзи соҳиби каромат бўлган Фемион исмли бир зоҳид Нажронга келди ва одамларни Ийсо Масиҳ динига тарғиб қила бошлади. Ийсо Масиҳ динининг ҳақлигини, зоҳиднинг ростгўйлигини кўрган Нажрон эли масиҳийликни қабул қилди.

Зу-Нувоснинг қилмишига жавоб қабилида ҳабашлар Яманни иккинчи марта эгаллаб, Абраҳа ҳукумат тепасига келгач, қуйидаги воқеалар юз берди:

Абраҳа барча имкониятини ишга солиб жон-жаҳди билан масиҳийликни тарғиб қилишга тушди. Унинг масиҳийлик учун куйиб-пишиши шу даражага етдики, у Яманда Ямоний Каъба номли бир муҳташам черков бино қилди ва арабларнинг ҳаж зиёратини Каъбадан ана шу черковга кўчиришни ҳамда Маккадаги Аллоҳ уйини вайрон қилишни хоҳлади. Аллоҳ таоло уни дунё ва охират азоби билан ушлади.

Ғассон араблари, Тағлиб, Той ва румликларга қўшни бўлган бошқа қабилалар, шунингдек, Ҳийранинг айрим ҳокимлари насроний динига ўтишди.

Мажусийлик арабларда асосан форсларга қўшни ерларда тарқалди. Араб Ироқида, Баҳрайнда, Ҳажар ва унга қўшни бўлган Араб кўрфази соҳилларида мажусийлик ақидаси бор эди. Форслар мустамлака қилган даврда яманлик одамлар ҳам мажусийликни қабул қилишди.

Собеийлик юлдузларга сиғиниш ва юлдузларнинг коинот ишларига таъсир ўтказишига эътиқод қилишга асосланган дин бўлиб, Ироқ ва бошқа ерлардаги қазилма ишлари далолат қилишича, у Иброҳим алайҳис-саломнинг қавми саналмиш Калдонийларнинг дини бўлган. Қадим замонда Яман ва Шом аҳлининг аксарият қисми ана шу динга эътиқод қилган. Яҳудий ва насроний динлари пайдо бўлгач, одамлар ўртасида собеий динига бўлган қизиқиш йўқолди. Бироқ Араб кўрфази соҳиллари ва Араб Ироқида, мажусийларга аралашиб ёки уларга қўшни бўлиб собеийларнинг қолдиқлари яшаб қолди.

Баъзи арабларда даҳрийлик ҳам бўлган, бу уларга Ҳийра орқали етиб келган. Шунингдек форслар билан тижорат алоқасида бўлгани боис Қурайшда ҳам оз-моз даҳрийлик бўлган.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:45:21 | Сообщение # 23
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Диний аҳвол:

Ислом келганида арабларнинг динлари юқорида зикр қилинган динлар эди. Бу динлар аслидан мутлақо бузилиб, йўқолиш арафасида турарди. Ўзларини Иброҳим алайҳис-салом динида деб билувчи мушриклар аслида Иброҳим шариатининг кўрсатмаларидан анча йироқ ва унинг гўзал ахлоқларига буткул беэътибор эдилар. Маъсиятга берилган қавм орасида йиллар ўтиши билан бутпарастларнинг одатлари ва диний маросимлари пайдо бўлди. Мазкур хурофотлар ижтимоий, сиёсий ва диний ҳаётда ғоят катта таъсир қолдирди.

Яҳудийлик эса риё ва мансабпарастлик динига айланди. Дин кишилари худо даражасида бўлиб халқ устидан ҳукмронлик қилар ва одамларни қалб кечинмалари-ю лабнинг пичирлашигача сўроқ-савол қилишар эди. Уларнинг асосий мақсади мол-дунё ва мансаб-мартаба бўлиб, Аллоҳ таоло тарғиб қилган ва ҳар бир шахс муқаддас деб билиши лозим бўлган таълимотлар беэътибор ташланса ҳам, дин зое бўлиб, куфр ва даҳрийлик чор-атрофга ёйилса ҳам улар учун бунинг қизиғи йўқ эди.

Насроний дини бутпарастликка юз буриб, Аллоҳ билан инсон ўртасидаги ғалати қоришиқ бир ҳолатни вужудга келтирди. Аслида араблар насронийликдан унчалик ҳам таъсирланишмаган. Чунки араблар кўниккан ва воз кечишлари жуда оғир бўлган уларнинг ҳаёт тарзлари бу дин таълимотларидан жуда узоқ эди.

Араблар орасида тарқалган ўзга динлар хусусига келсак, бу динларга эътиқод қилувчи кимсалар мушрикларга ўхшаб кетарди. Қалблар бир-бирига ҳамоҳанг, ақидалар бир-бирига ўхшаш, урф-одат ва маросимлар ўзаро муштарак эди.

[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Имом Бухорий ривояти.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:46:33 | Сообщение # 24
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Жоҳилиятдаги араб жамиятининг кўринишлари

Араб ярим оролидаги сиёсат ва динлар таърифидан сўнг у ердаги ижтимоий, иқтисодий ва хулқий аҳвол хусусида бироз тўхталиб ўтамиз:
Ижтимоий аҳвол:

Арабларнинг ичида турли доиралар мавжуд бўлиб, улар бир-бирларидан анча фарқ қиларди. Юқори табақа вакиллари ўз аҳли аёлига нисбатан жуда маромига етказиб муомала қиларди. Мазкур табақа аёллари ўз хоҳиши ва ўз сўзларига эга бўлиб, зарурат туғилса бу муҳтарама хоним ҳимояси учун қиличлар қинидан суғурилиб, қонлар тўкиларди. Ўзининг фазли-карами ва шижоати билан қавм ичида мақтов қозонмоқчи бўлган киши аксарият ҳолатларда аёлга мурожаат қиларди. Кўпинча бир аёлнинг хоҳиши билан қабилалар тинч-тотувликка эришар ва баъзан аёлнинг қўли билан қавмлар ўртасида уруш гулханлари ёқиларди. Шунга қарамасдан оила бошлиғи ва унда ҳал қилувчи сўз эгаси ҳеч шубҳасиз эр киши саналарди. Аёллар валийлари назорати остида турмушга узатиларди. Аёл валийларга қарши чиқмасди.

Бироқ бунинг ҳаммаси юқори табақа ичидаги гаплар. Арабларнинг орасидаги айрим доиралар ичида аёл билан эркакнинг шундай бир алоқалари мавжуд эдики, бу алоқаларга бузуқлик, беҳаёлик, шармандалик ва юзсизликдан ўзга ном бериш қийин. Абу Довуд ривоятида Оиша розияллоҳу анҳо жоҳилиятдаги никоҳнинг қуйидаги тўрт кўринишини санаб берган:

Биринчи: Бугунги кундаги никоҳ каби никоҳлар. Яъни, йигит қизнинг валийси ҳузурига одам жўнатиб, белгиланган маҳрни бериб қизни никоҳига олади.

Иккинчи: Киши ҳайздан покланган хотинини бировнинг олдига жўнатиб, ундан бола орттиришни буюрарди. Хотини ўша кимсадан ҳомиладор бўлмагунга қадар унга яқинлашмасди. Ҳомиладорлиги аниқ бўлганидан кейингина хоҳласа, яқинлик қиларди. Мазкур никоҳ тури аслзодалардан фарзанд кўриш учун қилинар ва у «истибзоъ никоҳи» деб аталар эди.

Учинчи: Беш-ўн киши бирикиб бир аёлнинг олдига кириб, у билан яқинлик қиларди. Аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, бир неча кунни ўтказиб ҳалиги кишиларни чақиртирарди. Уларнинг ҳеч бири келишдан бўйин товлай олмасди. Ҳамма йиғилгач, аёл: «Сизлар нима иш қилганингизни биласиз. Мана, энди бола туғилди. Бу сенинг ўғлинг, эй фалончи» деб, ўзи хоҳлаган бир кишининг номини айтарди ва бола ўшаники бўлиб қоларди.

Тўртинчи: Бир аёлнинг тўшагига кўп киши кириб чиқарди. Аёл ҳам кирган кишига йўқ демасди. Бундай аёллар фоҳишалар бўлиб, хоҳловчилар учун белги бўлсин деб, эшикларига байроқ қадаб қўйишарди. Аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, ҳалиги кимсалар йиғилар ва қофа - қиёфага қараб ҳукм чиқарувчини чақириб келинар эди. Қофа кимни айтса, бола ўшаники бўлиб қоларди ва ҳеч ким бундан ўзини четга тортолмасди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ислом рисолати билан жўнатгач, мазкур жоҳилият никоҳларини йўқ қилиб, фақат бугунги ислом никоҳини қолдирди.[1]

Баъзида аёлнинг қайси эркак қўлида қолишини қиличлар тиғи-ю, найзаларнинг ўткир учлари ҳал қиларди. Қабилалар ўртасидаги урушларда ғолиб томон мағлубнинг аёлларини чўри қилиб, уларнинг тўшагини ҳам ўзига ҳалол санарди. Бироқ бу аёлдан туғилган болаларга бир умрлик номус тамғаси ёпишган бўларди.

Жоҳилият аҳли ўртасида хотинлари сонини истаган миқдорга етказиш, опа-сингилни бир кишининг никоҳида жамлаш, оталари вафот этса ёки хотинларини талоқ қилса, улар (дан ўз онаси бўлмаганлари) га уйланиш маълум ҳол эди. Эркакларнинг қўлида бўлган талоқ ҳуқуқи ҳам ҳеч қандай сон билан чекланмаган эди.[2]

Зинокорлик жамиятнинг барча доирасида кенг тарқалган эди. Бу ерда бирон-бир синфни мазкур иллатдан холи деб бўлмасди. Фақат бундай разолатдан нафрат қилган айрим эркак-аёлларгина ўзларини пок тутишарди. Албатта озод аёлларнинг аҳволи яхшироқ бўлиб, мусибатнинг асосий қисми чўриларда эди. Маълум бўлишича, жоҳилиятда жуда кўпчилик ўзининг ана шу бузуқликка мансуб этилишидан ор ҳам қилмаган. Абу Довуд Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: «Бир киши туриб деди:

- Ё Расулуллоҳ! Фалончи менинг ўғлим бўлади. Жоҳилиятда мен бир чўри билан бузуқ ишни қилган эдим!

- Исломда (бировни ўз отасидан бошқага нисбатлашга) чақириқ йўқ! Жоҳилият иши ўтиб кетди. Бола тўшакники, бузуқлик қилганга эса тош!- дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам».

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг Абдуллоҳ ибн Замъа билан Замъанинг чўриси туққан бола - Абдураҳмон ибн Замъа хусусида даъволашгани тарихдан яхши маълум.

Кишининг болаларига нисбатан муносабати ҳам турлича эди. Кимдир фарзандига муносабатини қуйидагича ифодаларди:

Шак йўқким, ана шу болаларимиз

Ерда юрган жигар пораларимиз.

Кимдир келажакда уятга қолмаслик ва тарбия қилмаслик учун қизларини кўмиб ташларди. Айримлар фақирлик ва йўқчиликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдирарди. (Қуръондаги Анъом сураси 151-оят, Наҳл сураси 58-59 оятлар, Исро сураси 31-оят ва Таквир сураси 8-оятлар).

Бироқ бу ёмон одат араблар ўртасида кенг тарқалмаган бўлиб, ҳамма ҳам шундай қилавермасди. Ахир улар душманда ҳимоялашиш учун ҳам фарзандга жуда муҳтож эдилар.

Кишининг ўз оға-инилари, амакиваччалари ва қавми билан бўлган алоқасига келсак, арабларда бу алоқа жуда кучли бўлган. Улар қон-қариндошларини деб ҳатто ўлимга ҳам тайёр эдилар. Қабила ичида кучли бўлган бирдамлик руҳи қабилавий мутаассиблик билан яна кучайган эди. Уларнинг ижтимоий низомининг асоси қабилавий ва қариндошлар ичидаги бирдамлик саналарди. Араблар «Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унинг ёнини ол» жумласига тўғридан-тўғри амал қилишарди. Ислом уларнинг ана шу шиорига ўзгартириш киритиб, золимга ёрдам бермоқ деганда зулмдан тўсиш тушунилиши лозимлигини ўргатди. Афсуски, саййидликка кўтарилиш ёхуд шараф топиш учун бир отадан тарқалган қабилалар ўртасида қонли урушлар қилинарди. Авс билан Ҳазраж, Абс билан Зубён, Бакр билан Тағлиб ўртасида кечган жанглар бунга мисол бўла олади.

Қабилаларнинг бир-бирлари билан бўлган алоқалари жуда заиф эди. Уларнинг бутун куч-қувватлари ички урушларда йўқ бўлиб кетарди. Фақат дин билан хурофот аралашмасидан ташкил топган айрим урф-одат ва маросимлардан чўчишгина ўртадаги вазиятни бироз юмшатарди. Баъзи ҳолатларда иттифоқдошлик, ўзаро дўстлик ёки қарамлик турли қабилаларнинг бирлашишига сабаб бўларди. Уруш харом қилинган ойларнинг ҳурматига қаттиқ риоя қилганларидан бу ойлар уларнинг ҳаёт кечиришлари ва тирикчилик қилишлари учун чиндан-да раҳмат ойлари эди.

Хуллас калом, ижтимоий аҳвол заифлик ва кўрликнинг энг авж нуқтасида турарди. Жаҳолат ҳукмрон, хурофот кучга тўлган, халқ чорвалар каби кун кечирар, аёл сотилар, сотиб олинар ва ҳатто унга жонсиз буюм каби муомала қилинар, кишилар ўртасида муносабатлар тарқоқ ва узуқ-юлуқ, мавжуд ҳукуматларнинг ягона қайғуси раъиятини талаб хазинасини тўлдириш ёхуд рақибларига қарши қўшин тортиш эди.
Иқтисодий аҳвол:

Иқтисодий аҳвол ўз ривожи йўлида ижтимоий ҳолатга тобе эди. Биз арабларнинг тирикчилик сабабларига қарасак, буни янада очиқроқ кўрамиз. Уларнинг энг асосий тирикчилиги тижорат саналган. Бироқ тижорат учун тинчлик-хотиржамлик керак. Араб жазирасида эса фақат уруш харом қилинган ойлардагина тинчлик деган неъматни топиш мумкин бўлар ва ўшанда арабларнинг Укоз, Зулмажоз, Мажанна ҳамда бошқа машҳур бозорларига жон кириб қоларди.

Ишлаб чиқариш масаласига келсак, араблар бу соҳадан анча йироқ бўлишган. Улардаги тўқимачилик, тери ошлаш ва бошқа ҳунарлар ҳам асосан Яман, Ҳийра ва Шом томонларда учрар эди. Тўғри, ярим орол ичкарисида ҳам деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишар, араб аёлларининг деярли ҳаммаси ип йигирарди. Лекин одамларнинг қўлидаги нарсалар урушларга нишон бўлиб, эл орасида фақирлик, очлик ва ялонғочлик ҳукм сурарди.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:47:44 | Сообщение # 25
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Хулқий аҳвол:

Жоҳилият аҳлида соғлом ақл инкор қиладиган, тоза виждонни нафратлантирадиган паст ва жирканч одатлар билан биргаликда шундай мақтовли сифатлар ҳам бор эдики, уларни кўриб ҳар қандай инсон ҳайратга тушиши, лол қолиши шубҳасиз эди. Қуйида ана шундай мақтовли хислатлар хусусида сўз юритамиз.

Биринчи: сахийлик. Араблар қўли очиқликда ўзаро мусобақа қилиб, ана шу хислатлари билан фахрланишган. Улар битган шеърларнинг ярми саховат ҳақида экани ҳам бежиз эмас. Бу ишларда умуман айтганда саховат ва сахий кишилар улуғланган. Қаттиқ совуқ ва муҳтожлик кунларида меҳмон эшик қоқиб келса-ю, уй соҳибининг туясидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса ва унинг ҳамда оиласининг асосий тирикчилик манбаи ана шу туя бўлса ҳам, саховат туйғуси билан тўлиб-тошган мезбон ўша ягона туясини сўйиб, қўноғига таом ҳозирлаб келарди. Арабларнинг қон тўкилмаслиги учун катта-катта хун пулларини ва оғир қарзларни зиммаларига олишлари ҳам уларнинг қўли очиқлигидан эди. Қабила оқсоқоллари ва саййидлар ўртасида бу хислат мақтанишга, фахр қилишга арзигулик иш саналарди.

Арабларнинг бўзахўрлик билан мақтанишлари ҳам уларнинг саховатига бориб тақалади. Улар хамр-шаробнинг ўзи билан эмас, балки унинг саховатга ундаши ва катта сарф-харажатни осон қилиб қўйишни назарда тутишган. Шунинг учун узум дарахтини карм, узум шробини эса бинту карм (кармнинг қизи) деб аташган ва уни карам-саховатга боғлашган. Сиз жоҳилият шеърлари тўпланган девонларни варақласангиз, ана шу нарсанинг фахр ва мақтов бобларидан бир боб бўлганини кўрасиз.

Қимор ҳам худди шу туфайли машҳур эди. Араблар қиморни саховат йўлларидан бири деб билиб, ютиб олган фойдалари ёки ютганларининг тегишидан ортганлари билан оч-яланғочларнинг қорнини тўйғазишарди. Қуръони Карим хамр ва қиморнинг араблар наздидаги ана шундай манфаатини назарда тутган эди: «Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир.» (Бақара : 219).

Иккинчи: аҳдга вафодорлик. Араблар берган сўзларини жуда муҳим деб билганларидан аҳдга вафодорлик йўлида ҳатто ўз фарзандларининг ўлимига, юртларининг хароб қилинишига ҳам рози эдилар. Ҳоний ибн Масъуд Шайбоний, Самавъал ибн Одиё ва Ҳожиб ибн Зирора Тамимийлар қиссаси бу масалада уларнинг не чоғлик эътиборли бўлганларини билишга кифоя қилади.[3]

Учинчи: мағрурлик ва ўз шаънини қаттиқ ҳимоя қилиш. Улар ҳақорат ва камситишга асло сукут қилмаганликлари туфайли ҳам ҳаддан ташқари жасур, жўшқин ва ғайрат-шижоатли эдилар. Ҳақорат ёҳуд хорлик ҳидини сезишлари билан қўллари беихтиёр қилич-найзаларга югурарди. Оқибат, қонли жанглар бошланарди. Улар шаънларини ҳимоя қилиш йўлида бемалол жонларини қурбон қилардилар.

Тўртинчи: кўзлаган мақсадидан чекинмаслик. Араблар бир ишда фахр ва улуғлик бор деб билсалар ва унга қасд қилсалар, жонларини хатарга қўйиб бўлса ҳам мақсадлари сари олға юрардилар. Уларни энди ҳеч нарса тўхтата олмасди.

Бешинчи: ҳалимлик, мулойимлик ва сабр-бардош. Араблар ана шу сифатлари билан мақтанишар эди. Бироқ ўзлари ғоят шижоатлик, қўллари жуда югурик бўлганлиги боис ҳалимлик каби ҳислатлар уларнинг орасида нодир саналарди.

Олтинчи: саҳройи соддалик, тараққиёт кирликлари ва унинг макрларидан саломатлик. Шунинг учун ҳам араблар ўзларининг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва алдов-ғирромликлардан нафрат қилишлари билан танилганлар.

Арабистон ярим ороли дунёнинг кесишган нуқтасида жойлашиши билан бир қаторда юқоридаги қимматли хислатлар ҳам рисолат юкини кўтариш ва инсоният етакчилигини қўлга киритиш масаласида арабларнинг танланишига сабаб қилинган бўлса, ажабмас. Чунки мазкур хислатларнинг айримлари ёмонликка олиб бориб, аламли ҳодисаларга сабаб бўлса-да, моҳият эътибори билан улар қимматли хислатлар саналиб, агар бир оз ислоҳ қилинса, башариятга улкан фойдалар келтирар эди. Худди ана шу ислоҳни Ислом амалга оширди.

Мазкур хислатлар ичида аҳдга вафодорликдан кейин энг қимматбаҳоси, эҳтимол, мағрурлик ва кўзланган мақсаддан чекинмаслик бўлгандир. Зеро, ёмонлик ва фасоднинг олдини олиб, адолат ва хайр низомини ўрнатмоқ учун мана шундай қоҳир қувват ва метин қатъият зарур эди!

Албатта, арабларда юқорида зикр қилинганлардан бошқа мақтовли сифатлар ҳам топиларди. Биз улардан айрим мисоллар келтириш билан кифояландик.

[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Муфассирлар «Талоқ икки мартадир» (Бақара:229) ояти шунинг учун нозил бўлган, дейишади.

[3] Ҳонийнинг ҳикояси «Ҳийра ҳокимлиги» бўлимида ўтди.

Самавъал воқеаси қуйидагича бўлган: Имруул-Қайс унинг ҳузурида бир қанча совутларни омонат қолдирган, Ҳорис ибн Абу Шаммар ал-Ғассоний уларни ундан олиб қўймоқчи бўлганида беришдан бош тортиб, ўзининг Таймодаги қасрига маҳкам ўрнашиб олган, Ҳорис унинг қаср ташқарисида қолган бир ўғлини ўлдириш билан таҳдид қилганда ҳам совутларни топширишдан бош тортган, шунда ўғли кўз олдида ўлдирилган эди.

Ҳожиб воқеаси тафсилоти: Ҳожибнинг қавмига қурғоқчилик етганида у Кисродан изн сўраб қавмини унинг ерларига олиб келганида Кисро уларнинг ғорат ва бузғунчиликка қўл уришларидан хавфсираб кафолат талаб қилади. Ҳожиб кафолатни бўйнига олиб, камонини гаровга қолдиради. У ваъдаси устида туриб, вафот этади. Қурғоқчилик ўтиб, қавми ўз ерларига қайтгач, унинг ўғли Уторуд ибн Ҳожиб розияллоҳу анҳу Кисродан отасининг камонини қайтаришини сўрайди, Кисро ҳам Ҳожибнинг аҳдга вафосини қадрлаб, камонини ўғлига топширади.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:53:23 | Сообщение # 26
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Р а с у л у л л о ҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам
- Насаблари
- Туғилишлари
- Улғайишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насл-насаблари ва оилалари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам насаблари

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабларини уч қисмга бўлиш мумкин: Муаррихлар ва насабшунослар билиттифоқ тўғри деб топган қисм (Аднонгача бўлган шажара), саҳиҳлиги хусусида кимдир сукут қилиб, кимдир салбий фикр билдирган қисм (Аднондан Иброҳим алайҳис-саломгача бўлган шажара) ва орасида носаҳиҳ ўринлар борлиги шубҳасиз бўлган қисм (Иброҳим алайҳис-саломдан Одам алайҳис-саломгача чўзилган шажара). Биз юқорида уларнинг баъзиларига ишора қилиб ўтган эдик. Қуйида мазкур қисмларни тўлиқ санаб ўтамиз:

Биринчи қисм: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолиб (исми Шайба) ибн Ҳошим (исми Амр) ибн Абдуманоф (исми Муғийра) ибн Қусой (исми Зайд) ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр (Қурайш унинг лақаби бўлган ва қабила Фиҳрнинг ана шу лақаби билан аталиб кетган) ибн Молик ибн Назр (исми Қайс) ибн Кинона ибн Ҳузайма ибн Мудрика (исми Омир) ибн Илёс ибн Музор ибн Низор ибн Маъад ибн Аднон.

Иккинчи қисм: Аднон ибн Удад ибн Ҳамайсаъ ибн Саламон ибн Авс ибн Бувз ибн Қомвол ибн Убай ибн Аввом ибн Ношид ибн Ҳаззо ибн Балдос ибн Ядлов ибн Тобих ибн Жоҳим ибн Ноҳиш ибн Мохий ибн Ийз ибн Абқар ибн Убайд ибн Даъа ибн Ҳамдон ибн Санбар ибн Ясрибий ибн Яҳзан ибн Ялҳан ибн Аръаво ибн Ийз ибн Дийшан ибн Айсар ибн Афнад ибн Айҳом ибн Муқсир ибн Ноҳис ибн Зориҳ ибн Самий ибн Музий ибн Авза ибн Аром ибн Қайдор ибн Исмоил алайҳис-салом ибн Иброҳим алайҳис-салом.

Учинчи қисм: Иброҳим алайҳис-салом ибн Торах (исми Озар) ибн Ноҳур ибн Соруъ (ёки Соруғ) ибн Роуъ ибн Фолах ибн Обир ибн Шолах ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис-салом ибн Ломик ибн Матушалха ибн Ахнух (Ахнухни Идрис алайҳис-салом деювчилар ҳам бор,) ибн Ярд ибн Маҳлаил ибн Қайнон ибн Онуш ибн Шис ибн Одам алайҳис-салом.
Пайғамбар хонадони:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боболари Ҳошим ибн Абду Маноф номидан олинган Ҳошимийлар сулоласига мансубдирлар. Бинобарин, биз Ҳошим ва ундан кейингилар ҳаётига ҳам бир қур назар ташлаб ўтамиз.
1) Ҳошим:

Бану Абду Маноф билан Бану Абду-д-Дор Байтуллоҳга тегишли хизматларни ўзаро тақсимлаб олишгач, Абду Маноф тасарруфига ўтган рифодат ва сиқоятга Ҳошим эгалик қиладиган бўлди. Қавми орасида обрў-эътибори кучли ва бадавлат киши бўлган Ҳошим Маккада биринчи бўлиб ҳожилар учун сарид[1]тайёрлатди. Ана шу егуликни тайёрлатиш учун нонни майдалагани боис Ҳошим (майдаловчи) номини олган. Унинг асл исми Амр эди. Қурайш ичида машҳур бўлган қиш ва ёз сафарини ҳам Ҳошим жорий қилган. (Қурайш қишда Яманга, ёзда Шомга тижорат сафарига чиқарди).

Шомга тижорат сафарига чиққан Ҳошим Мадинага келгач, Бану Адий ибн Нажжор қабиласидан Салмо бинти Амрга уйланди. Салмонинг олдида бироз тургач, уни ота-онасининг қарамоғида қолдириб ўзи Шомга йўл олди. Ўшанда Салмо Абдул Муттолибга ҳомиладор эди. Ҳошим Фаластиннинг Ғаззо деган ерида вафот этади. 497 милодийда Салмонинг кўзи ёриб, Абдул Муттолиб дунёга келди. Гўдакнинг бошида оқ соч борлиги учун унинг исмини Шайба (оқлик, қарилик) деб қўйишди. Шайба Ясриб (Мадина)да бобоси Амрнинг уйида тарбия топди. Шайбанинг Маккадаги ота уруғлари у ҳақда ҳеч нарса билмасди. Ҳошимнинг Шайбани қўшиб ҳисоблаганда тўрт ўғли ва беш қизи бор эди. Ўғиллари: Асад, Абу Сайфий, Назла ва Шайба (Абдул Муттолиб). Қизлари: Шифоъ, Холида, Заифа, Руқайя ва Жанна.[2]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Жума, 30.01.2009, 4:54:34
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:55:13 | Сообщение # 27
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
2) Абдул Муттолиб:

Сиқоят ва рифодат Ҳошимдан кейин унинг укаси Муттолиб ибн Абду Маноф қўлига ўтди. Муттолиб қавми ичида жуда катта обрў-эътиборга эга бўлиб, одамлар уни очиқ қўллиги учун Файёз (тўлиб-тошган) деб атарди. Шайба Мадинада улғайиб, етти ё саккиз яшар бўз бола ёшига етганида Муттолиб унинг борлигидан хабар топди. У акасининг ўғлини излаб йўлга отланди. Муттолиб жияни Шайбани кўрганида кўзларида ёш билан уни бағрига босди ва туясига ўтиргизди. Шайба онасидан бесўроқ Маккага кетолмаслигини айтди. Муттолиб Салмодан Шайбани Маккага олиб кетишга изн сўради. Она рози бўлмади. Муттолиб: «У отасининг мулкига, Аллоҳнинг ҳарамига боради!» дегандагина Салмо розилик берди. Муттолиб жияни Шайбани туясининг орқасига ўтқизиб Маккага келганида одамлар: «Бу Абдул Муттолиб (яъни, Муттолибнинг қули)», дейишди. У: «Ҳой, ғам ютгурлар, ахир бу акам Ҳошимнинг ўғли-ку!», деди. Шундай қилиб, Абдул Муттолиб Маккада яшаб қолди. Муттолиб Ямандаги Радмон деган жойда ҳаётдан кўз юмгач, унинг ўрнига Абдул Муттолиб ўтирди. Оталари ишини давом эттирган Абдул Муттолиб шаън-шарафда барча аждодларидан ўзиб кетди. Қавми уни яхши кўрар ва қаттиқ ҳурмат қиларди.[3]

Муттолибнинг вафотидан кейин Навфал Абдул Муттолибнинг қўлидагиларни куч билан тортиб олди. Абдул Муттолиб амакисига қарши Қурайшдан ёрдам сўради. Қурайшликлар: «Биз сен билан амакинг ўртасига тушмаймиз», дейишди. Абдул Муттолиб Бану Нажжорлик тоғаларига байтлар битиб, улардан кўмак сўради. Унинг тоғаси Абу Саъд ибн Адий саксонта суворий ҳамроҳлигида йўлга чиқди. Улар Абтоҳга етиб келишганда Абдул Муттолиб пешвоз чиқиб, отдан тушишга таклиф қилди. «Йўқ», - деди Абу Саъд - «Аллоҳга қасамки, Навфал билан кўришмагунимча тўхтамайман». Абу Саъд Навфални Ҳижрда, Қурайш улуғлари билан ўтирган ерида топди ва қиличини суғуриб шундай деди:

- Каъбанинг Эгасига қасамки, тортиб олганларингни синглимнинг ўғлига қайтариб бермасанг, мана шу қилич билан чопиб ташлайман!

Навфал «Қайтариб бердим!», деди ва ўз сўзига Қурайш улуғларини гувоҳ қилди. Абу Саъд Абдул Муттолибникида уч кун турди, сўнг умра қилиб Мадинага қайтиб кетди. Ана шу воқеалардан кейин Навфал Абду Шамс ибн Абду Маноф уруғи билан Бану Ҳошимга қарши иттифоқ тузди. Бану Нажжорнинг Абдул Муттолибга ёрдам берганини кўрган Хузоа «Абдул Муттолиб сизларга қандай фарзанд бўлса, бизларга ҳам худди шундай фарзанд, биз унинг ёнини олишга ҳақлироқмиз!», дейишди. Чунки Абду Манофнинг онаси Хузоадан эди. Шундай қилиб, Хузоа Дорун-Надвага кирди ва Абду Шамс ҳамда Навфал Уруғига қарши Бану Ҳошим билан иттифоқ тузди. Айнан мана шу иттифоқ кейинчалик Макка фатҳига сабаб бўлдики, бу ҳақда ўз ўрнида тўхталамиз.[4]

Абдул Муттолиб даврида Каъба ишига боғлиқ икки муҳим воқеа бўлиб ўтди:
Биринчиси: Зам-зам қудуғининг қазилиши
Иккинчиси: Фил воқеаси

Биринчи воқеанинг қисқача баёни: Абдул Муттолибга тушида Зам-замнинг ўрни кўрсатилади ва уни қазишга буюрилади. Қазишга киришган Абдул Муттолиб у ерда Журҳум қабиласи Маккани ташлаб чиқишларидан олдин кўмиб кетган нарсаларни: қиличлар, совутлар ва олтиндан ясалган икки кийикни топади. Абдул Муттолиб қиличларни Каъбанинг эшигига ишлатди. Тилла кийикларни эса Каъбанинг эшигига қоплама қилдирди. Ҳожиларга Зам-зам сувидан улашишни йўлга қўйди. Зам-зам қудуғи қазилгач, Қурайш Абдул Муттолибга «Бизни ҳам шерик қиласан» деб даъво қилди. Абдул Муттолиб: «Бундай қилмайман, бу иш менга хослаб берилди», деди. Қурайш уни тинч қўявермаганидан кейин ҳаммалари муҳокама учун Бану Саъднинг коҳини ҳузурига йўл олишди. У Шомда эди. Йўлда борарканлар, сувлари тугаб қолди. Шунда Аллоҳ таоло Абдул Муттолибни ёмғир билан сийлади, Қурайшга эса бир томчи ҳам сув тушмади. Улар буни Зам-замнинг фақат Абдул Муттолибга тегишли эканини билдирувчи аломат деб кўриб, ортларига қайтишди. Ана шунда Абдул Муттолиб «Аллоҳ менга ўнта ўғил берса ва улар мени ҳимоя қиладиган ёшга етишса, уларнинг бирини Каъба олдида қурбонлик қилиб сўяман», деб назр қилди.[5]

Иккинчи воқеанинг қисқача баёни: Нажошийнинг Ямандаги ноиби ҳабаш Абраҳа ибн Саббоҳ арабларнинг Каъбага ҳаж қилишларини кўриб, Санъода улкан черков қурди ва арабларнинг ҳажини шу ерга кўчирмоқчи бўлди. Бундан хабар топган Бану Киноналик бир киши тунда черковга кириб, унинг меҳробини нажосат билан булғаб кетди. Ана шу ишдан кейин Абраҳа дарғазаб бўлиб, олтмиш минг кишилик улкан қўшин билан Каъбани вайрон қилишга отланди. Унинг ўзи энг катта филни танлаб олганди. Абраҳа қўшинида тўққиз ёки ўн учта фил бор эди. Абраҳа Муғаммасга етиб келгач, қўшинни кўздан кечирди, филини ҳозирлади ва Маккага киришга шайланди. Муздалифа билан Мино ўртасидаги Муҳассир (яйдоқ) водийсида фил чўккалаб олди ва Каъба томон юришдан бош тортди. Филни жануб, шимол ёки шарққа қаратсалар, у ўрнида туриб югуришга тушарди. Каъбага бурганларида эса чўкиб оларди. Абраҳанинг одамлари фил билан машғул пайтларида Аллоҳ таоло уларнинг устига тўп-тўп қушларни жўнатди. Сополдан бўлган тошларни қушлар қўшинга қарата отди. Аллоҳ таоло Абраҳанинг лашкарини чайнаб ташланган сомон каби қилиб ташлади. Қалдирғочдек келадиган бу қушларнинг ҳар бири тумшуғида битта ва панжаларида иккита нўхотдек тошни кўтариб олган эди. Кимга тош келиб тегса, ўша кимсанинг аъзолари узилиб туша-туша ҳалок бўларди. Тош уларнинг ҳаммасига келиб тегмаган. Абраҳанинг қўшини бир-бирини босиб, янчиб қочишга тушди. Улар йўлларда қолдиқларини қолдириб, ҳар ерда жонсиз жасадларини ташлаб кетардилар. Аллоҳ таоло Абраҳага шундай бир дард бердики, бу дард туфайли унинг бармоқ учлари узилиб туша бошлади. Санъога етмасларидан Абраҳанинг жуссаси жўжадек бўлиб қолди. Охири кўкси ёрилиб, жон таслим қилди.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 4:55:57 | Сообщение # 28
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Абраҳанинг қўшинидан қўрқиб тоғ дараларига тарқалиб кетган, баланд-баланд жойларга чиқиб олган Қурайш лашкар ер билан яксон бўлгач, тинч-омон ўз уйларига қайтиб келди.[6]

Мазкур воқеа муҳаррам ойида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларидан 50 ёки 55 кун олдин бўлиб ўтди. Бу милодий 571-йилнинг феврал ойи охирларига ёки мартнинг бошларига тўғри келади. Аллоҳ таоло ўзининг Пайғамбари ва Уйига ана шундай марҳамат кўрсатди. Байтул Мақдис атрофида мусулмонлар яшаса-да, Аллоҳ душманлари бўлган мушриклар у ерга бостириб киришган. Милоддан аввал 587-йилда Бухтунассар қўшини ва милодий 70-йилда румликлар Байтул Мақдисни босиб олишган. Бироқ Каъбанинг атрофида мушриклар яшаса ҳам, ўша пайтнинг мусулмонлари саналмиш насороларни Аллоҳ таоло Каъбага қўймади.

Мазкур воқеа овозаси ўша кунлардаги вазият эътибори билан ҳам олис-олисларга етиб борарди. Чунки ҳабашларнинг румликлар билан алоқаси жуда кучли бўлгани боис, форслар улардан кўз узмай туришарди. Форслар учун румликлар ва уларнинг иттифоқдошлари бошига тушган ҳар бир нарса муҳим эди. Шунинг учун мазкур воқеадан кейин форслар тезда Яманга етиб келишди. Аслида бу икки кучли давлат - Рум ва Форс империяси ўша пайтда тараққий топган дунёнинг асосий қисми саналарди. Бинобарин, Фил воқеаси бутун оламни Байтуллоҳнинг муқаддас ва шарафли жой сифатида танланганига амин қилди. Демак, ҳамманинг кўз ўнгида турган ана шу Каъба аҳлидан кимдир пайғамбарлик даъвоси билан чиқса, бу айнан Фил воқеаси тақозо қилган ва иймон аҳли бўлган насороларга қарши араб мушриклари учун нима сабабдан фавқулодда илоҳий нусрат берилганини изоҳлайдиган ҳақиқат бўлар эди.

Абдул Муттолибнинг ўнта ўғли бўлган: Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Абдуллоҳ, Ҳамза, Абу Лаҳаб, Ғайдоқ, Муқаввим, Зирор ва Аббос. Баъзилар ўғиллар сонини ўн битта деб, Қусамни ҳам киритишган. Ўғилларни ўн учта деювчилар эса Абдул Каъба ва Ҳажлни ҳам қўшишган. Абдул Каъба деб Муқаввим, Ҳажл деб Ғайдоқни айтилган, Абдул Муттолибнинг Қусам исмли ўғли бўлмаган, дейилади. Абдул Муттолибнинг қизлари олтита бўлган: Уммул Ҳаким - яъни Байзо, Барра, Отика, Софийя, Арва ва Умайма.[7]

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари бўлмиш Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолиб

Унинг онаси Фотима бинти Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқзо ибн Мурра эди. Абдуллоҳ Абдул Муттолибнинг энг яхши, покиза ва суюкли ўғли эди. Ўғилларининг сони ўнтага етиб, уларнинг ҳимоясига таяниш мумкинлигига амин бўлгач, Абдул Муттолиб ўғилларига ўзининг бир вақтлар қилган назрини маълум қилди. Ўғиллар отанинг иродасига бўйсунишди. Абдул Муттолиб ўғилларининг исмларини қуръа ташланадиган ўқларга ёзиб Ҳубал ходимига берди. Қуръа ташланганида Абдуллоҳнинг номи чиқди. Абдул Муттолиб қўлига ўткир тиғ олиб, Абдуллоҳни етаклаб Каъба томон юрди. Бироқ Абдуллоҳнинг сўйилишига Қурайш, хусусан, унинг Бану Махзумлик тоғалари ва оғаси Абу Толиб қарши чиқди.

- Ахир, мен назр қилганман-ку?! - деди Абдул Муттолиб. Улар Абдул Муттолибга аррофа – коҳин аёл олдига боришни маслаҳат беришди. Абдул Муттолиб аррофанинг ҳузурига келди. Коҳин аёл унга Абдуллоҳ ва ўнта туяга қуръа ташлашни, агар Абдуллоҳнинг номи чиқса, то Робби рози бўлгунга қадар туялар сонини ўнтага ошираверишни маслаҳат берди. Абдул Муттолиб қайтиб келиб аррофа ўргатганидек иш тутди. Бироқ қуръа ҳар сафар Абдуллоҳга чиқарди. Ота ҳар гал туялар сонига ўнта туя қўшиб бошқатдан қуръа ташларди. Ниҳоят, туяларнинг сони юзтага етганида, қуръа Абдуллоҳга эмас, туяларга чиқди. Абдул Муттолиб ўғлининг эвазига юзта туя қурбонлик қилди-да, уларни на бир инсон ва на бир ҳайвон ман қилинмайдиган гўшт сифатида ташлаб кетди. Дия, яъни хун пули шу пайтгача Қурайшда ҳам, бошқа арабларда ҳам ўнта туя эди. Абдуллоҳ воқеасидан кейин хун пули юзта туяга чиқди ва буни Ислом ҳам ўз ўрнида қолдирди. Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исмоил алайҳис-салом ва оталари Абдуллоҳни назарда тутиб: «Мен икки қурбоннинг ўғлиман», деганлари ривоят қилинган.[8]

Абдул Муттолиб ўғли Абдуллоҳга Омина бинти Ваҳб ибн Абду Маноф ибн Зуҳра ибн Килобни келин қилиб танлади. Отаси Бану Зуҳранинг бообрў саййиди бўлган Омина Қурайшнинг насл-насабда ва фазл-фазилатда энг олди қизи эди. Абдуллоҳ Омина билан Маккада қовушди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Абдул Муттолиб Абдуллоҳни хурмо ғамлаш учун Мадинага жўнатди. Баъзилар Абдуллоҳ Шомга тижорат сафарига чиққан эди, дейишади. Қурайш карвони билан йўлга чиққан Абдуллоҳ касал ҳолида Мадинага кириб келади ва шу ерда вафот этади. Уни Нобиға Жаъдийнинг ҳовлисига дафн қилишади. Ўшанда Абдуллоҳнинг ёши йигирма бешда эди. Аксарият муаррихлар Абдуллоҳ вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали туғилмаган эдилар, дейишади. Баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ойлик чақалоқ эканликларида оталари вафот этган, деб айтишади.[9] Абдуллоҳнинг вафоти ҳақидаги хабар Маккага етиб келганида Омина унга атаб дилларни эзадиган марсиялар айтди:

Ҳайҳот, Батҳо водийлари бугун ундан йироқларда

Ибн Ҳошим лаҳаддан жой топди, юриб фироқларда.

Ўлим келмиш хитоб айлаб, олиб кетмиш шитоб айлаб,

Борми унингдек бир йигит, куярман мен сўроқларда.

Тунда тобутин дўстлари издиҳомда узатдилар,

Кузатдилар уни, аммо зикри қавму қўноқларда.[10]

Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолибдан бор-йўқ қолган нарса бешта туя, бир қанча қўйлар ва Барака исмли ҳабаший жория бўлди. Умму Айман куняси билан танилган бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энагалик қилди.[11]



Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Жума, 30.01.2009, 5:00:39
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 5:02:29 | Сообщение # 29
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари ва рисолатгача бўлган қирқ йил
Таваллудлари:

Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Кисро Ануширвон ҳукмронлигига қирқ йил тўлганида, Фил ҳодисасининг биринчи йилида робийъул аввал ойининг тўққизинчи куни душанба тонгида Маккада, Бану Ҳошим оиласида дунёга келдилар. Улкан олим Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий аниқлашига кўра, бу мелодий 571-йилнинг йигирманчи ёки йигирма иккинчи апрелига тўғри келади.[12]

Ибн Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Оминанинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Уни туққанимда (тушимда) фаржимдан бир нур чиқиб, Шом қасрларини ёриштириб юборди». Имом Аҳмад ҳам Ирбоз ибн Сориядан шунга ўхшаш ривоятни нақл қилган.[13]

Нубувватдан дарак берувчи аломатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган пайтларида ҳам рўй берган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Кисро кўшкининг ўн тўртта улкан устуни қулаб тушган, мажусийлар сиғинадиган олов ўчиб қолган ва Сова кўли қуриб қолгач, унинг атрофидаги канисалар қулаб тушган. Табарий, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар.[14] Бироқ бу ривоятларнинг исноди собит эмас, ёзиб қолдирилишга лойиқ ушбу воқеалар ҳақида мазкур халқлар тарихида бирон нарса ёзилмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида оналари Омина боболари Абдул Муттолибга севинч хабарини жўнатди. Набирасининг дунёга келганидан қувонган Абдул Муттолиб келиб гўдакни Каъбага олиб кирди. Аллоҳга дуо қилиб, шукроналар айтиб набирасига Муҳаммад деб исм қўйди – Араблар одатда бундай исм қўйишмасди – Абдул Муттолиб араблар одатига кўра, набирасини еттинчи куни хатна қилдирди.[15]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни оналаридан бир ҳафта кейин энг биринчи эмизган аёл Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба бўлган. Ўша пайтда унинг ҳам Масруҳ исмли гўдаги бор эди. Сувайба бунгача Ҳамза ибн Абдул Муттолибни ва кейин Абу Салама ибн Абдул Асад Махзумийни эмизган.[16]
Бану Саъдда:

Арабларда шундай одат бор эди: Шаҳар аҳли болалари соғлом, бақувват, шаҳар касалликларидан саломат бўлиши ва тоза араб тилига бешикданоқ тиллари ўрганиши учун гўдакларига саҳройи аёллардан эмизувчилар қидиришарди. Абдул Муттолиб ҳам набираси Муҳаммадга эмизувчи қидирди. Унинг набирасини Бану Саъд ибн Бакр қабиласидан Ҳалима бинти Абу Зувайб эмизишга олди. Ҳалиманинг эри ҳам мазкур қабиладан бўлиб, унинг исми Ҳорис ибн Абдул Уззо, куняси эса Абу Кабша эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бану Саъддаги эмикдошлари: Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Аниса бинти Ҳорис ва Ҳузофа ёки Жузома бинти Ҳорис. (Унинг Шаймо деган лақаби исмидан кўра машҳурроқ бўлган.) У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у кишининг амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдул Муттолибни катта қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдул Муттолиб ҳам Бану Саъдлик бир аёлга эмизишга берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эмизувчи оналари Ҳалиманинг қўлида эканликларида Ҳамза розияллоҳу анҳунинг Бану Саъдлик онаси бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизади. Шу сабабли Ҳамза розияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки томонлама - Сувайба ва Бану Саъдлик аёл томонидан сутдош ҳисобланади.[17]

Ҳалима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тарбия қилар экан, бу муборак гўдакнинг баракоти ва шарофатига кўп бора гувоҳ бўлди. Келинг, ана шу ҳақиқатни Ҳалиманинг ўзидан эшитайлик:

Ибн Исҳоқ ёзади: Ҳалима шундай ҳикоя қилади: «Мен эмизикли боламни олиб, эримнинг ҳамроҳлигида Бану Саъдлик аёлларга қўшилиб эмизишга бола олгани йўлга чиқдим. Ўша йили қурғоқчилик бўлиб, бизнинг ҳеч вақомиз қолмаганди. Мен оқиш эшагимни миниб олгандим. Бизнинг бир қари туямиз ҳам бўлиб, унинг елини бўм-бўш эди. Гўдакларимизнинг очликдан чирқирашлари сабабли тун бўйи ухлаёлмасдик. Кўкрагимда уни жим қиладиган, туямизда эса тўйдирадиган ҳеч нарса йўқ эди. Биз ёмғир ёғиб, аҳволимиз ўнгланишини умид қилардик. Хуллас, ўша эшагимда имиллаб юриб, ҳолсизлик ва очлик сабабли ҳамроҳларимнинг ҳам жонига тегиб кетдим. Ниҳоят, Маккага етиб келдик. Биз билан келган ҳар битта аёлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизишга олишни таклиф қилишди. Бироқ ҳамма бу болани олишдан бош тортди. Чунки у етим эди. Биз асосан, боланинг отасидан бирон нарса ундиришни умид қилардик. «Бу бола ўзи бир етим бўлса, унинг онаси билан бобоси нима ҳам қилиб берарди», деб уни олишни истамасдик. Мен билан келган ҳамма аёл эмизишга бола олди. Битта ўзим қолдим. Қайтиб кетмоқчи бўлганимизда, хўжайинимга шундай дедим: «Аллоҳга қасамки, ҳамроҳларимнинг ичида ёлғиз ўзим боласиз қайтишни истамайман. Энди бориб, ўша етим болани оламан.» У: «Шундай қила қол. Эҳтимол, Аллоҳ ўша болани бизга баракотли қилар!», деди. Бориб ўша болани эмизишга олдим. Мен фақат бошқа бола топа олмаганим учунгина шу ишга жазм қилдим. Болани олиб нарсаларимиз ёнига қайтдим. Уни бағримга олишим билан икки кўкрагимга тўлиб сут келди. Бола тўйгунича эмди. Кейин унинг эмикдоши ҳам тўйгунича эмди. Сўнг ҳар иккиси ухлаб қолишди. Шу пайтгача боламиз туфайли ухлаёлмасдик. Эрим туямизнинг олдига бориб унинг елини сутга тўлиб турганини кўрди. У сут соғиб келди. Иккаламиз ҳам сут ичиб, тўйиб-қониб, тунни яхши ўтказдик. Тонг отгач, хўжайиним деди:

- Билгинки, эй Ҳалима, Аллоҳга қасамки, сен бир муборак болани олдинг.

- Мен ҳам шундай деб умид қиламан.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 5:03:57 | Сообщение # 30
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Сўнг эшагимга миниб, болани қўлимга олиб йўлга тушдим. Аллоҳга қасамки, эшагим шундай йўрғалашга тушдики, ҳамроҳларимдан биротасининг эшаги ундай юра олмасди. Хатто улар менга бақира бошлашди:

- Эй Абу Зувайбнинг қизи! Ҳолингга вой бўлгур, бизни ҳам кутиб тур! Бу уйингдан миниб чиққан ўша эшагингми?!

- Ҳа, ўша, ўша! - дедим.

- Аллоҳга қасамки,унга бир нарса бўлибди!

Сўнг Бану Саъд ерларига - ўз уйимизга келдик. Мен Аллоҳ ерининг бирон бир қисми мана шу ер каби қуриб-қақшаган эканини билмайман. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Бану Саъдга олиб келганимиздан кейин қўйларимиз кеч кирганда қоринлари тўйиб, елинлари сутга тўлиб қайтиб келарди. Биз уларни соғиб ичардик. Бошқа ҳеч ким бир томчи сут соғмас, елинларда сут ҳам топмасди. Ҳатто қавмдагилар ўз қўйчивонларига: «Ҳой ғам юткурлар, сизлар ҳам Абу Зувайб қизининг чўпони қўйларни боқадиган ерга ҳайдасаларинг-чи?», деб тайинлашарди. Барибир уларнинг қўйлари оч қайтиб, бир томчи ҳам сут бермас, бизнинг қўйларимиз эса тўйиб, сутга тўлиб келарди. Аллоҳнинг ана шундай фазлу-баракотлари билан икки йил ўтди. Мен болани сутдан ажратдим. У бошқа болаларга ўхшамасди. Икки ёшга тўлмасидан аломат бола бўлди. Болани онасининг олдига олиб келдик. Биз унинг баракотини кўрганимиз учун уни ўзимизда олиб қолишни истар эдик. Онаси билан гаплашиб, унга шундай дедим: «Ўғлимни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) катта бўлгунга қадар бизда қолдирсангиз. Мен унга Макканинг вабоси тегишидан қўрқяпман.» Хуллас, охири онасини кўндирдик ва у болани бизга бериб юборди.»[18]

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Саъдда қолдилар.
Кўксининг ёрилиши:

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларининг тўртинчи ёки бешинчи йилида «Шаққу содр» (кўксининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг улушини чиқариб ташланиши) воқеаси бўлиб ўтди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалар билан ўйнаб юрганларида, Жибрийл келиб у кишини ерга ётқизади ва кўкракларини ёриб юрагини чиқариб олади. Юракдан бир қуюқ қонни олиб ташлаб: «Бу шайтоннинг сиздаги улуши эди», дейди. Сўнг тилла тоғорадаги Зам-зам суви билан юракни ювиб, ўнглаб-яхшилаб кейин жойига солиб қўйди. Болалар онанинг, яъни, Ҳалиманинг олдига югуриб келиб: «Муҳаммадни ўлдиришди», дейишди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаршилаганларида, у зотнинг ранглари ўзгариб кетган эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотнинг кўксиларида ўша тикилган ип изларини кўрар эдим».[19]
Мушфиқ она бағрига:

Ана шу воқеадан кейин қўрқиб кетган Ҳалима бу муборак болани онасига олиб бориб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олти ёшларигача оналарининг бағрида яшадилар. Омина эрининг хотирасига вафо қилиб, Ясрибга, унинг қабрини зиёрат қилишга отланди. Маккадан тақрибан беш юз километрлик масофага сафар қилар экан, унинг ёнида етим ўғли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ходимаси Умму Айман ва қаровчиси Абдул Муттолиб бор эди. Омина Ясрибда бир ой тургач, изига қайтди. Йўлда касалга чалиниб, сафарининг бошларидан дарди оғирлашди ва Макка билан Мадина оралиғидаги Абво деган жойда вафот этди.[20]
Меҳрибон бобо қарамоғида:

Абдул Муттолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Маккага олиб келди. Эски жароҳатлари яна бир мусибат билан тирналган бу етим набирага нисбатан Абдул Муттолибнинг қалби меҳрга тўла эди. Бинобарин, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳеч қайси фарзандига қилмаган меҳрибонликларини қиларди. Етим набирасини кутилганидек ёлғизликка ташлаб қўймасдан, ҳатто ўз болаларидан ортиқ кўрарди.

Ибн Ҳишом ёзади: Каъба соясига Абдул Муттолиб учун тўшак тўшаб қўйиларди. Абдул Муттолиб чиққунга қадар фарзандлари тўшакнинг теварагидан жой олар ва отасининг ҳурмати учун ҳеч бири тўшакка ўтирмас эди. Ўша пайтда ёшгина бола бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, тўшакка ўтириб олардилар. Амакилари пайғамбаримизни тўшакдан четлаштирмоқчи бўлишарди. Агар Абдул Муттолиб буни кўриб қолса: «У ўғлимга тегинманглар. Аллоҳга қасамки, у улуғ одам бўлади!» дер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёнига ўтирғизиб, елкаларини силар ва қилаётган ишидан қувонар эди.[21]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларидан саккиз йил, икки ой ва ўн кун ўтгач, Абдул Муттолиб Маккада вафот этди. Ҳаётдан кўз юмар экан, Абдул Муттолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарашни Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолибнинг туғишган акаси Абу Толиб ибн Абдул Муттолибга васият қилиб кетди.[22]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Жума, 30.01.2009, 5:04:20
 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
  • Страница 3 из 8
  • «
  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5
  • 7
  • 8
  • »
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024