Жума, 29.03.2024, 4:33:34

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Ар-раҳиқ ал-махтум - Страница 4 - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
Ар-раҳиқ ал-махтум
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 5:06:35 | Сообщение # 31
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ғамхўр амаки хонадонида:

Абу Толиб укасидан қолган ёдгорга астойдил ғамхўрлик қилди, уни ўз болалари қаторига қўшиб, улардан-да муқаддам қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоҳида бир меҳр-муҳаббат билан қараган Абу Толиб қирқ йилдан зиёдроқ вақт мобайнида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, ёнларини олиб ва Пайғамбаримизни деб кимнидир дўст, кимнидир душман тутиб яшади. Иншааллоҳ, бу ғамхўрликнинг айрим кўринишлари билан ўз ўрнида танишиб ўтамиз.
Хосиятли бола:

Ибн Асокир Жалҳума ибн Урфутадан ривоят қилади: Қурғоқчилик йили Маккага келган эдим. Қурайш Абу Толибга шундай деди:

- Эй Абу Толиб, водийлар қақшаб, бола-чақа сувсиз қолди. Кел, ёмғир тилагин.

Абу Толиб бир болани етаклаб келди. Бамисоли қуёшдек бўлган бу боладан кучли нур тараларди. Унинг атрофида ёш болалар бор эди. Абу Толиб болани олиб, елкасини Каъбага қилиб қўлларини болага чўзди. Осмонда бир парча ҳам булут йўқ эди. Бирдан ҳар ер, ҳар ердан булут йиғилиб келиб қаттиқ ёмғир қуйди. Водийлар тўлиб-тошиб чор-атроф кўм-кўк бўлди. Абу Толиб ана шу воқеага ишора қилиб қуйидаги байтни айтган эди:

Порлоқ юзин восита қилиб

Булутлардан ёмғир сўралур.

Етимларнинг суянчиғию

Беваларнинг ҳомийси эрур.
Роҳиб Баҳийро:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн икки ёшга кирганларида — баъзилар 12 ёш, икки ой ва ўн кун бўлган дейишади — Абу Толиб у зотни олиб Шомга тижорат сафарига чиқди. Улар Бусрога етиб келишди. Бусро Шом ерларидаги Ҳавроннинг бош шаҳри. Ўша пайтларда у румликлар ҳукми остидаги араб ерларига кирувчи қасаба-шаҳар саналарди. Хуллас, ўша шаҳарда Баҳийро номи билан танилган Георгий исмли роҳиб яшарди. Қурайш карвони келиб қўнгач, роҳиб уларнинг олдига чиқди. Баҳийро авваллари уларнинг олдига чиқмасди. Карвон аҳлини оралаб, улар ичидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва у кишининг қўлларидан тутиб: «Бу оламларнинг саййиди, Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб жўнатади!» деди.

- Сиз буни қаердан биласиз? - сўрашди.

- Сизлар тепаликдан ошганларингизда барча тош ва дов-дарахтлар сажда қилди. Улар фақат пайғамбарларгагина сажда қилишади. Мен уни кураги остидаги нубувват муҳридан танийман. Биз уни китобларимизда ўқиганмиз.

Баҳийро карвон аҳлини меҳмон қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Шомдаги яҳудийлар ва румликлар зарар етказишидан қўрқиб Абу Толибдан уни Шомга олиб бормасликни ва орқага қайтариб юборишни ўтинди. Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғуломларидан бирига қўшиб Маккага қайтариб юборди.[23]
Ҳарбул фижар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма ёшга кирганларида Қурайш — Киноналиклар улар билан бирга эди — билан Қайс Айлон ўртасида Сувқи Укозда уруш бўлиб ўтди. Урушнинг сабаби – Киноналик Барроз исмли бир киши Қайс Айлонлик учта одамни ўлдириб қўйган эди. Қурайш ва Кинонанинг саркардаси қавмнинг ёшда ва шарафда улуғи саналмиш Ҳарб ибн Умайя бўлди. Эрталаб Қайснинг қўли баланд келса-да, кун ўрталарига бориб зафар Кинона қўлига ўтди. Сўнг Қурайшнинг ташаббуси билан икки тараф сулҳга чорланди. Сулҳ шартига кўра, икки томоннинг ҳам ўликлари санаб чиқилиб, ортиқчасига хун пули тўланадиган бўлди. Уруш ҳаром қилинган ой поймол этилгани боис, бу уруш «Ҳарбул фижар», яъни қонунсиз уруш номини олди. Ана шу жангда пайғамбаримиз ҳам қатнашганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларига камон ўқи ҳозирлаб бериб турганлар.[24]
Хайрли иттифоқ:

Ҳарбул фижардан сўнг Зул-қаъда ойида хайрли бир иттифоқ тузилди. Мазкур иттифоққа Қурайшнинг қуйидаги уруғлари бош қўшди: Бану Ҳошим, Бану Муттолиб, Асад ибн Абдул Уззо, Зуҳра ибн Килоб ва Тайм ибн Мурра. Улар ёши ва обрў-эътибори улуғ бўлгани учун Абдуллоҳ ибн Жудъон ат-Таймийнинг ҳовлисида тўпланишди. Иттифоқ аъзолари Маккада шу ерлик ёки бошқа жойдан келган бирон кишига зулм қилинса, унинг ёнини олишга ва ҳақини ундириб беришга ўзаро аҳд қилишди. Мазкур иттифоқда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бўлганлар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни рисолат билан мукаррам этганидан кейин У зот шундай деган эдилар: «Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг ҳовлисида шундай бир иттифоқнинг гувоҳи бўлган эдим-ки, бу иттифоқнинг эвазига мен учун қизил туялар берилишини-да истамасдим. Агар унга исломда чақирилсам ҳам, албатта жавоб берардим!»[25]

Аслида бундай иттифоқ руҳи қавмпарастликни тарғиб қиладиган жоҳилий ҳамиятга мутлақо тўғри келмасди. Ушбу иттифоқнинг тузилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган дейишади: Зубайдлик бир киши Маккага мол олиб келади. Унинг нарсаларини Ос ибн Воил Саҳмий сотиб олади-ю, лекин ҳақини ушлаб қолади. Зубайдий ёрдам сўраб Абдуд Дор, Махзум, Жумаҳ, Саҳм ва Адий уруғларига мурожаат қилади. Бироқ улар қулоқ солишмайди. Шунда у Абу Қубайс тоғига чиқиб, кўрган зулмини баён қилиб баланд овозда шеър ўқийди. Зубайр ибн Абдул Муттолиб Зубайдийнинг додига қулоқ тутиб, унга ёрдам беришга киришади. Оқибат юқорида зикр қилинганлар ана шундай иттифоқ тузишади ва Ос ибн Воилнинг олдига бориб, Зубайдлик кишининг ҳақини олиб беришади.[26]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 5:07:59 | Сообщение # 32
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Оғир ҳаёт:

Улғайгунларига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тайин бир ишлари бўлмаган. Ривоятларнинг бир овоздан таъкидлашига қараганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўй боққанлар. Аввал Бану Саъдда, кейинчалик эса маълум ҳақ эвазига Маккада Макка аҳлининг қўйларини боққанлар. Улғайганларидан кейин тижорат билан шуғулланганлар. Ривоятларда айтилишича, Соиб ибн Абу Соиб ал-Махзумий билан шерик бўлиб тижорат сафарларига чиққанлар. Бу одам ҳалол-тўғри шерик бўлган экан. Фатҳ куни Соиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келганида уни чиройли кутиб олдилар ва: «Марҳабо, биродарим ва шеригим», деб саломлашдилар.[27]

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма беш ёшларида Ҳадича розияллоҳу анҳонинг молларини олиб Шомга тижорат сафарига чиққанлар.

Ибн Исҳоқ ёзади: Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бообрў ва бадавлат савдогар аёл эди. У одамларни ёллаб ишлатар, маълум ҳақ эвазига улар Хадича розияллоҳу анҳонинг савдосини юргизишарди. Умуман, Қурайш тижоратчи қавм саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва гўзал ҳулқларидан хабар топган Хадича розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатди. Хадича розияллоҳу анҳо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Майсара исмли ғуломи ҳамроҳлигида Шомга тижорат сафарига чиқишни ва эвазига бошқа савдогарларга берадиган маблағдан ошириб ҳақ беришини таклиф қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадичанинг таклифини қабул этдилар ва унинг молини олиб, Шомга тижорат сафарига чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Хадича розияллоҳу анҳонинг Майсара исмли қули ҳамроҳ бўлди.[28]
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадича розияллоҳу анҳога уйланишлари:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомдан Маккага қайтиб келдилар. Молида авваллари кўрилмаган омонатдорлик ва бараканинг гувоҳи бўлган, ғуломи Майсарадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ажиб садоқатлари, карим хислатлари, ўткир фикрлари, рост сўзлашлари ва ҳалол иш юритишлари ҳақида эшитган Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо кўнгилдагидек одамини учратганига амин бўлди. Кўп саййид ва улуғ кишилар Хадича розияллоҳу анҳога уйланишга орзуманд бўлсалар-да, аёл уларга розилик бермай келарди. Хадича розияллоҳу анҳо юрагидаги гапни дугонаси Нафиса бинти Мунаббиҳга сўзлаб берди. Нафиса эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, У кишига Хадича розияллоҳу анҳога уйланишлари ҳақида гап очди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам розилик бердилар ва бу ҳақда амакилари билан сўзлашдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Хадича розияллоҳу анҳонинг амакиси олдига совчиликка боришди. Шундай қилиб никоҳ бўлди. Никоҳ аҳдида Бану Ҳошим кишилари ва Музор оқсоқоллари иштирок этишди. Бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомдан қайтиб келганларидан сўнг икки ой ўтгач амалга ошди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳонинг маҳрига йигирмата ёш урғочи туя бердилар. Ўшанда Хадича розияллоҳу анҳонинг ёши қирқда бўлиб, қавмининг энг оқила, насл-насабли ва бой аёли эди. Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи уйланган аёлларидир. У вафот этгунга қадар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа аёлга уйланмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Иброҳимдан бошқа барча фарзандлари Хадича розияллоҳу анҳодан туғилган. Қосим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўнғичи эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу ўғиллари номи билан Абул Қосим деб куняланганлар. Қосимдан кейин Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима ва Абдуллоҳлар дунёга келишди. Абдуллоҳни Тоййиб ва Тоҳир деб ҳам аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари гўдаклигида вафот этиб кетишган. Қизлари эса Исломгача яшаб, Исломни қабул қилиб, ҳижрат ҳам қилишган. Бироқ Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа барчалари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётликларида вафот этганлар. Фотима розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиздан кейин олти ой яшаб вафот этган.[29]
Каъбанинг қайта қурилиши:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларининг ўттиз бешинчи йили Қурайш Каъбани қайтадан қуришга киришди. Шу пайтгача Каъба одам бўйидан баландроқ қилиб тошлардан тикланган, Исмоил алайҳис-салом замонидан буён баландлиги тўққиз зироъ[30] эди. Каъбанинг томи йўқ эди. Ўғрилар Каъба ичидаги хазинасини ўғирлаб ҳам кетишди. Шунингдек, узоқ йиллардан буён турганидан турли ҳодисалар унинг биносини анча тўкиб қўйган, деворларига ёриқлар туширган эди. Рисолатдан беш йил олдин Маккага кучли сел келиб, Байтул Ҳаромгача кирган эди. Шу боис, Каъба қулай-қулай деб қолганди. Каъбанинг қадрини яхши билган Қурайш энди уни бузиб, янгидан қуришга мажбур эди. Улар Каъба қурилишига фақат ҳалол молларидан ажратишга, фоҳишаликдан, рибодан ҳамда бировга зулм қилиб топилган маблағдан Каъба қурилиши учун ишлатмасликка қарор қилишди. Қурайш Каъбани бузишдан қўрқарди. Каъбани бузишни Валид ибн Муғийра Махзумий бошлаб берди. У чўкични қўлига олиб: «Парвардигоро, бизнинг ниятимиз фақат яхшилик» деди ва икки рукн ўрнашган томонни бузишга киришди. Валидга ҳеч нарса қилмаганини кўргач, эртасига бошқалар ҳам унга эргашишди. Улар Иброҳим алайҳис-салом қурган пойдеворгача етишди. Кейин қурилишни бошлашди. Қурайш Каъбани қисмларга бўлиб олиб, ҳар бир уруғ ўзига тегишли бўлган қисмни қуриш учун алоҳида тош тўплаб, девор тиклашга киришди. Каъбанинг қурилишига Боқум исмли румлик уста раҳбарлик қилди.

Каъбанинг тикланиши Ҳажарул асвад ўрнига етганида, қора тошни жойига қўйиш шарафига ким ноил бўлиши хусусида тортишиб қолишди. Тортишув тўрт ёки беш кунга чўзилди. Вазият тобора таранглашиб, Ҳарамда қонли уруш бошланишига бир баҳя қолди. Абу Умайя ибн Муғийра Махзумий қонли низонинг олдини олди. У Байтул Ҳаром эшигидан биринчи бўлиб кирган кишини ўзларига ҳакам қилишни таклиф этди. Қурайш бу таклифга рози бўлди. Аллоҳнинг хоҳиши билан ана шундай ҳакам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб чиқди. Қавм Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришлари билан: «Бу Муҳаммад, бу Амин (ишончли киши). Биз унга розимиз!» деб хитоб қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб ўтган гаплардан хабар топганларидан кейин бир ридо сўраб олиб, Ҳажарул Асвадни унинг устига қўйдилар. Сўнг талашиб-тортишаётган уруғларнинг оқсоқолларини чақириб, уларга ридонинг четларидан ушлаб кўтаришни буюрдилар. Ҳаммалари биргаликда кўтариб қора тошни олиб келганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қўйдилар. Қавм бундай муросали ечимдан рози бўлди.

Қурайшнинг қурилишга ажратган маблағи камлик қилиб қолгач, улар шимолий тарафдан тахминан олти зироъни қурилишдан чиқариб ташлашди. Мазкур қисм Ҳижр ва Ҳатим номини олди. Каъбага фақат ўзлари хоҳлаган кишиларни киритиш мақсадида Қурайш унинг эшигини баланд қилиб қурди. Каъбанинг баландлиги ўн беш зироъга етгач, олтита устун ўрнатиб, томини ёпишди.

Қайта қурилгандан кейин Каъба тўрт бурчак шаклида бўлиб, баландлиги тахминан 15 метр, Ҳажарул асвад турган томон билан унга қарши томонининг узунлиги 10 метр, қора тош тавоф қилинадиган ердан бир ярим метр баландликда эди. Каъба эшиги ўрнатилган томон билан унинг қаршиси 12 метр, эшикнинг ердан баландлиги 2 метр эди. Уни ташқаридан пастак девор ўраб туриб, ўртача баландлиги 25 см, кенглиги эса 30 см эди. Шозурвон деб аталувчи бу қисм ҳам Байтул Ҳаромдан бўлса-да, Қурайш уни чиқариб ташлаганди.[31]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 5:09:54 | Сообщение # 33
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатдан аввалги умумий сийратлари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз давридаги энг яхши хислатларни жамлаб улғайдилар. Ўткир фикрли, тўғри назарли бу инсон закийлик, тафаккур, восита ва мақсаднинг тўғрилиги борасида кўп насибадор эди. У зотнинг узоқ сукут қилишлари тааммул ва тафаккур юритиб ҳақиқатнинг аслини топишлари учун хизмат қиларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг оқилликлари ва тоза табиатлари билан ҳаёт саҳифаларни, инсонларнинг ишлари ва ҳолатларини мутолаа қилиб, ўзга хурофотлардан йироқ юрганлар. Одамлар орасида ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам кузатиб яшар эканлар, уларнинг яхши ишларига шерик бўлдилар, ёмон ишлардан узоқ турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хамр ичмасдилар, бут-санамларга атаб сўйилган жонлиқлар гўштидан емасдилар, санамларга аталган маросим ва тантаналарда иштирок этмасдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларидан бу ботил маъбудларни ёмон кўриб, улардан қаттиқ нафрат қилганлар. Сохта маъбудларни жуда ёмон кўрганликлари боис, Лот ва Уззо номига ичилган қасамни эшитишга тоқатлари йўқ эди.[32]

Ҳеч шубҳасиз Аллоҳнинг белгилаган тақдири ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ана шундай ёмонликлардан тўсарди. Баъзан нафс дунё матоларига бўйлашни хоҳлаб қолса, номаъқул тақлидларга тақлид қилмоқчи бўлса, Аллоҳнинг илоҳий инояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бундай хоҳишларнинг ўртасига тўсиқ бўлиб тушарди. Ибнул Асир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Жоҳилият аҳли қиладиган ишларга фақат икки марта майл билдирганман. Ҳар сафар Аллоҳ мен билан ўша ишлар ўртасини тўсган. Шундан кейин Аллоҳ мени рисолат билан мукаррам этгунга қадар уларга майл билдирмаганман. Бир кеча Макка юқорисида бирга қўй боқадиган болага «Қўйларимга қараб турсанг. Мен ҳам Маккага бориб тунни ёшлар каби ўтказардим», дедим. «Майли, бора қол», деди у бола. Йўлга чиқиб Макканинг биринчи уйига етганимда, куй-қўшиқ овозини эшитдим.

- Бу нима? - деб сўрадим.

- Фалончи билан фалончихоннинг тўйи, - дейишди. Эшитмоқчи бўлиб ўтирдим. Шунда Аллоҳ таоло қулоқларимга урди, ухлаб қолдим. Мени қуёшнинг тафти уйғотди. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Сўраган эди, (бўлган воқеани) гапириб бердим. Сўнг яна бир кеча шундай деб Маккага кирдим. Яна аввалги кечадаги нарса юз берди. Шундан кейин номаъқул ишга майл билдирмадим.»[33]

Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Каъба қурилаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Аббос тош ташишарди. «Изорингизни бўйнингизга ташлаб олинг, тошнинг ботишидан сақлайди», деди Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилгандилар ерга йиқилдилар ва кўзлари осмонга қараб қолди. Сўнг ўзларига келиб: «Изорим, изорим» дедилар ва изорларини маҳкамлаб тақиб олдилар.» Яна бир ривоятда шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авратлари кўрилмагани айтилган.[34]

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг ичида ўзларининг мустаҳкам садоқатлари, гўзал ҳулқлари ва мукаррам сифатлари билан ажралиб турганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмнинг энг мурувватли, чиройли ҳулқли, кўп иззатли, ҳалим, ростгўй, азиз, мулойим, покиза, карим, саховатли, солиҳ, вафодор ва омонатдор кишиси эди. Шунинг учун қавми у кишини “Амин” деб атарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳо айтганларидек, йиқилганни суяйдиган, йўқнинг ҳолидан хабар оладиган, меҳмонни иззат-икром қиладиган, мусибатланганларга ёрдам берадиган бағри кенг инсон бўлганлар.[35]

[1] Қайнатилган гўшт сувига нон бўлаклари солиниб тайёрланадиган овқат тури

[2] Ибн Ҳишом: 1/107.

[3] Ибн Ҳишом: 1/137, 138.

[4] Қаранг: Тарихут-Табарий: 2/248-251.

[5] Ибн Ҳишом: 1/124, 147.

[6] Ибн Ҳишом: 1/43, 56.

[7] Ибн Ҳишом: 1/108, 109. Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 8, 9-с.

[8] Ибн Ҳишом: 1/151, 155. Тарихут-Табарий: 2/240-243.

[9] Ибн Ҳишом: 1/156, 158. Тарихут-Табарий: 2/246.

[10] Табақот Ибн Саъд: 1/ 100.

[11] Саҳиҳу Муслим: 3/1392 (1771-ҳ).

[12] Эски мелодий тақвим бўйича 20 апрел, янги мелодий тақвим бўйича 22 апрел. Батафсил маълумот учун қаранг: «Раҳматан лил-Оламийн» : 1/38, 39, 2/360, 361.

[13] Муснаду Аҳмад: 4/127, 128, 185, Сунануд-Доримий: 1/9, Ибн Саъд: 1/102.

[14] Байҳақий, «Далоилун-нубувват»: 1/126, 127; Тарихут-Табарий: 2/166, 167; Ал-Бидая ван-Ниҳая: 2/268, 269.
[15] Баъзи муаррихлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хатна қилинган ҳолда туғилганлар, дейишади. Ибн Қаййим «Зодул-маод»да: «Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис собит эмас» дейди.
[16] Саҳиҳул Бухорий: 2645, 5100, 5101, 5106, 5107, 5372- ҳадислар; Тарихут-Табарий: 2/158.
[17] Зодул-Маод: 1/19.
[18] Ибн Ҳишом: 1/162-164; Тарихут-Табарий: 2/158, 159; Ибн Саъд: 1/111.
[19] Саҳиҳу Муслим: 1/147 (261-ҳадис).
[20] Ибн Ҳишом: 1/168; Талқиҳул-фуҳум: 7-саҳифа.
[21] Ибн Ҳишом: 1/168.
[22] Ибн Ҳишом: 1/169; Талқиҳул-фуҳум: 7-с.
[23] Жомеут-Термизий: 5/550, 551 (3620-ҳ); Тарихут-Табарий: 2/278, 279; Ибн Аби Шайба: 11/489.
[24] Ибн Ҳишом: 1/184-187; Ибнул Асир, Ал-Комил: 1/468-472.
[25] Ибн Ҳишом: 1/154, 155.
[26] Табақот Ибн Саъд: 1/126-128.
[27] Сунан Абу Довуд: 2/611; Ибн Можа: 2/768; Муснад Аҳмад: 3/425.
[28] Ибн Ҳишом: 1/187. 188.
[29] Ибн Ҳишом: 1/189-191; Фатҳул Борий: 7/105.
[30] Бир зироъ - тирсакдан ўрта бармоқ учигача бўлган узунлик, 46.2 см.
[31] Ибн Ҳишом: 2/192-197; Тарихут-Табарий: 2/289; Саҳиҳул Бухорий: «Макканинг фазли ва қурилиши ҳақидаги боб» : 1/215
[32] Ибн Ҳишом: 1/128; Тарихут-Табарий: 2/161.
[33] Табарий ривоят қилган, Имом Ҳоким ва Заҳабий ушбу ҳадисни саҳиҳ деб топган бўлсалар, аллома Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя» асарида уни заиф деган.
[34] Саҳиҳул Бухорий: 1582-ҳ; Фатҳул Борий: 3/513.
[35] Саҳиҳул Бухорий: 3-ҳ.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Жума, 30.01.2009, 5:11:17 | Сообщение # 34
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Нубувват, рисолат ва даъват ҳаёти
Макка даври

Даъват даврлари ва уларнинг босқичлари
Макка даври

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло нубувват ва рисолат билан мушарраф этганидан кейинги ҳаётлари бири биридан тамомила фарқли бўлган икки даврга бўлинади. Улар:

1) Макка даври – тақрибан 13 йил;

2) Мадина даври – тўла 10 йил.

Ҳар икки давр бир неча босқичларга бўлинади ва ҳар бир босқичнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, улар даъватнинг ҳар икки босқичини чуқур ўрганиб чиқилса, янада равшанроқ кўринади.

Макка даврини уч босқичга бўлиш мумкин:

1) Яширин даъват босқичи – 3 йил;

2) Макка аҳлига даъватни ошкор қилиш босқичи – нубувватнинг тўртинчи йилидан тортиб Мадинага ҳижрат қилгунларигача бўлган давр;

3) Даъватнинг Макка ташқарисига ёйилиш босқичи – нубувватнинг ўнинчи йили охирларидан бошланиб Мадина даврини ҳам ўз ичига олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охиригача уланиб кетган.

Мадина даври босқичлари ўз ўрнида батафсил баён қилинади.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Жума, 30.01.2009, 5:13:14
 
bahrДата: Шанба, 14.03.2009, 12:33:04 | Сообщение # 35
Yangilardan
Группа: Foydalanuvchi
Сообщений: 1
Статус: Offline
Assalamu alaykum. Islomga hizmat qilayotganlardan Alloh rozi bo'lsin

IYMON
 
abdullohДата: Шанба, 16.05.2009, 10:41:43 | Сообщение # 36
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Нубувват ва рисолат сояларида

Ҳиро ғорида:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари қирқни қоралар экан, йиллар давомида кўрган-кечирганлари у киши билан қавми орасидаги маънавий жарликни яна ҳам кенгайтирган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғизликни хуш кўрар, толқон билан сув олиб, Маккадан икки мил узоқликда жойлашган Нур тоғидаги Ҳиро ғорига чиқиб кетардилар. Бу бир кичик ғор бўлиб, узунлиги тўрт зироъ, кенглиги эса салкам икки зироъ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Ҳиро ғорида туриб, вақтларини ибодат билан, мавжуд борлиқ ва унинг ортидаги ажиб бир ижодкор қудрат хусусида тафаккур қилиб ўтказардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмларининг йиртиқ-ямоқ ширк эътиқодларидан ва уларнинг ожиз-тўқима тасаввуротларидан қониқмасдилар. Бироқ узотнинг ўзларида ҳам на равшан йўл, на маълум дастур ва на кишини қаноатлантирадиган, рози қиладиган очиқ-ойдин йўналиш йўқ эди.

Аслида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узлатга чекинишларида ҳам у зотни кутиб турган улуғ иш учун муқаддима бўлажак Аллоҳнинг бир тадбири бор эди. Чунки башарият ҳаётига чуқур таъсир кўрсатиб, унинг воқелигини ўзга томонга буриб юборадиган азим руҳ учун маълум вақт хилват, узлат, одамларнинг майда-чуйда ташвишлари-ю, ҳаётнинг икир-чикирларидан узилиш зарур саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улкан омонатни кўтаришга, ер юзини ўзгартиришга ва тарих ғилдирагини буриб юборишга тайёрлаш учун Аллоҳ таоло ана шундай тадбир қилди. Шу тариқа рисолат омонати юкланишидан уч йил олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узлатга чекинишлари бошланди. Мазкур бир ойлик узлатларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркин руҳ билан яшаб, мавжуд борлиқ ортидаги сирли ғайб хусусида фикр қилардилар. Ушбу ҳолат Аллоҳ изни билан ўша ғайб эшиклари очиладиган соатга қадар давом этди.[1]

Жибрийл ваҳий олиб тушди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камолот ёши - қирқ ёшга тўлганларида ҳаёт уфқлари ортидан нубувват шуълалари кўрина бошлади. Айтишларича, пайғамбарлар ана шу ёшда юборилар эканлар. Бу шуълалардан бири Маккадаги бир тошнинг у зотга салом бериши бўлса, яна бири рост тушлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида тонг ёришишини кўрар эдилар. Ана шу ҳолат олти ой давом этди. Нубувват муддати йигирма уч йил бўлиб, мазкур тушлар унинг қирқ олтидан бир бўлаги эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳиро ғоридаги узлатларининг учинчи йилида Рамазон ойида Аллоҳ таоло ер аҳли устидан Ўз раҳматини мўл-кўл сочиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нубувват билан мукаррам этди ва Жибрийл Қуръон оятларини олиб тушди.[2]

Ривоят ва далилларни таҳлил ва тадқиқ қилиб Қуръон оятлари нозил бўла бошлаган кунни қуйидагича белгиладик. Бу Рамазон ойининг йигирма биринчи кечаси, душанба куни бўлиб, милодий 610 йилнинг 10 августига тўғри келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларига қамарий ҳисоб билан 40-йил, 6 ой ва 12 кун, шамсий ҳисоб билан эса 39 йил, уч ой ва 20 кун бўлган эди.[3]

Мазкур илоҳий нурнинг ерга тушиши ҳақидаги ҳикояни Сиддиқа Оиша розияллоҳу анҳодан эшитайлик. Куфр ва залолат зулматларини ёриб ташлаб, ҳаёт йўналишини ўзгартирган ва тарих ғилдирагини буриб юборган ушбу воқеани онамиз шундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийнинг даставвал бошланиши уйқудаги солиҳ тушлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай туш кўрсалар, ўша тушлари бамисоли тонг ёришишидек ўнг келарди (ёки тушларида тонг ёришаётганини кўрардилар, уйқуларидан турганларидан кейин ҳам шундай ёруғликни кўрардилар). Аҳли оиласининг олдига келиб, хилватлари учун озиқ-овқат ғамлаб олардилар-да, Ҳиро ғорида ёлғиз қолиб бир қанча тунларни таҳаннус - яъни ибодат билан ўтказардилар. Сўнг Ҳадичанинг ёнига қайтиб, яна шунча кунга етарли озиқ-овқат олардилар. Бу ҳолат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорида эканликларида У Зотга ҳақ келгунга қадар давом этди. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:) Фаришта келиб «Ўқинг!» деди. «Мен ўқишни билмайман» дедим. У мени ушлаб қисди, ҳатто менга қийинчилик етказди. Сўнг қўйиб юбориб, «Ўқинг» деди. «Мен ўқишни билмайман» дедим. У мени ушлаб қисди, ҳатто менга қийинчилик етказди. Сўнг қўйиб юбориб, «Ўқинг!» деди. «Мен ўқишни билмайман» дедим. У учинчи марта мени ушлаб қисди, сўнг қўйиб юбориб шундай деди: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўзингизга нозил бўладиган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни-хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди.» (Алақ : 1-5 оятлар). Бу воқеадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юраклари титраб, уйларига қайтдилар. Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кириб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўрқувлари тарқагунга қадар У Зотни ўраб қўйишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга нима бўлди ўзи?» деб, Хадича розияллоҳу анҳога бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар ва «Ўзимдан қўрқдим!», дедилар. «Ҳаргиз! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймас! Ахир Сиз яқинларингиз билан силаи раҳм қиласиз, оғирликни кўтарасиз, йўқсилнинг ҳолидан хабар оласиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, мусибатдорларга ёрдам берасиз!» - деди Хадича розияллоҳу анҳо.

Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдул Уззонинг ҳузурига бошлаб борди. Жоҳилиятда насроний динини қабул қилган Варақа иброний (қадим яҳудий) ёзувидан хабардор бўлиб, ибронийчада Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганча ёзарди. Варақа кекса ёшли бўлиб, кўзлари кўр бўлиб қолганди.

- Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг ўғлига қулоқ беринг, - деди Хадича розияллоҳу анҳо Варақа ибн Навфалга.

- Эй жиян, нималарни кўрдингиз? - сўради Варақа.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрган нарсаларини гапириб бердилар.

- Бу Аллоҳ таоло Мусога туширган Номус (Жибрийл). Қанийди, ёш бўлганимда, қанийди, қавмингиз сизни хайдаб чиқарганида тирик бўлсам.

- Нима, улар мени ҳайдаб чиқарадиларми?

- Ҳа. Сиз келтирган каби нарсани олиб келган кишига албатта тажовуз қилинган. Агар сизнинг кунларингизгача яшасам, сизга ёрдам берган бўлардим.

Сўнг кўп ўтмай Варақа вафот этди, ваҳий эса узилиб қолди.» [4]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Шанба, 16.05.2009, 10:42:48
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:16:54 | Сообщение # 37
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ваҳийнинг тўхтаб қолиши:

Ваҳийнинг узилиб қолиш муддати ҳақида бир неча хил ривоятлар айтилган. Ибн Саъд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда ваҳийнинг узилиб қолиш муддати бир неча кун деб кўрсатилган[5] ва бу гап, агар атрофлича таҳлил қилиб чиқилса, саҳиҳ қавлдир. Ваҳийнинг тўхтаб қолиши икки ярим йил ёки уч йилга чўзилган деган гаплар саҳиҳ эмас.

Ривоятлар ва аҳли илмларнинг сўзларини текшириб чиққанимдан сўнг менга қизиқ бир нарса равшан бўлди. У ҳам бўлса, бу ривоят ва сўзларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳирода ҳар йили бир ой – яъни Рамазон ойида турардилар. Бу эса нубувватдан олдин қаторасига уч йил давом этган. Нубувват йили мазкур уч йилнинг охиргиси эди. У зотнинг ғорда туришлари Рамазон ойи тамом бўлиши билан ниҳоясига етар ва шундан сўнг Шаввол ойининг биринчи куни тонг пайтида уйларига қайтардилар.

«Саҳиҳайн»да келган ривоятда айтилишича, ваҳий узилиб қолганидан сўнг яна қайта нозил бўлиши у зот ғорда бир ой турганларидан сўнг уйларига қайтаётганларида содир бўлган.

Демак, бундан келиб чиқадики, ваҳийнинг узилиб қолганидан сўнг яна қайта тушиши у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувват билан мушарраф бўлган Рамазон ойининг ниҳоясида, Шаввол ойининг биринчи куни бўлган. Чунки, бу у зотнинг Ҳирода охирги йил туришлари эди. Агар ваҳий илк бор Рамазон ойининг йигирма биринчиси, душанба кунида тушган десак, бу дегани ваҳийнинг узилиб қолиши фақат ўн кун давом этганини англатади. Ваҳийнинг қайта тушиши нубувватнинг биринчи йили, биринчи Шаввол, пайшанба кунига тўғри келади. Рамазон ойининг охирги ўн кунини эътикофга хосланиши, шунингдек Шавволнинг биринчи кунини ийд-байрам қилиб белгиланишининг сири ҳам шу бўлса ажаб эмас, валлоҳу аълам.

Ваҳий тўхтаб қолган кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайрат ва даҳшат ичра ғам ютиб, маҳзун бўлиб юрдилар. Имом Бухорий ривоят қилади:

«Ваҳий бир муддат узилиб қолди. Бизга маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп сиқилиб, ҳатто тоғ чўққисидан ташлаб, ўзларини ҳалок қилиш учун бир неча маротаба йўлга тушганлар. Ҳар сафар тоғ тепасига кўтарилганларида Жибрил кўриниб, «Эй Муҳаммад, сиз чиндан-да Аллоҳнинг Расулисиз!» дерди. Шундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари ором олиб, хотиржам тортар ва ортларига қайтардилар. Бироқ ваҳийнинг узилиш муддати у кишига узоқ бўлиб кетса, яна шундай қасд билан йўлга чиқардилар. Тоғ тепасига кўтарилганларида, яна Жибрил кўриниб юқоридаги сўзларини такрорларди.»[6]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Чоршанба, 20.05.2009, 9:17:24
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:18:27 | Сообщение # 38
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Жибрил иккинчи марта ваҳий олиб тушди:

Ибн Ҳажар ёзади: «Бу иш (яъни, ваҳийнинг бир неча кун тўхтаб қолиши) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда пайдо бўлган қўрқувни тарқатиш ва у кишида ваҳийнинг қайтишига соғинч уйғотиш учун қилинди.[7] Ҳайрат булутлари тарқалиб, ҳақиқат нишоналари равшанроқ кўринди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг Улуғ ва Олий Аллоҳнинг элчиси қилиб танланганликларига, у кишининг олдига Келувчи эса само хабарини олиб тушадиган ваҳий элчиси эканлигига амин бўлдилар. Бинобарин, ваҳийни соғиниш, уни орзиқиб кутиш ҳисси кейинги сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг собит туришлари ва тўғри қабул қилишларига сабаб бўлди. Жибрил иккинчи марта ваҳий олиб келди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ваҳийнинг тўхтаб қолиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари ривоят қилинган:

«Ҳирода бир ой турганимдан сўнг, тушиб келаётиб, водийга етганимда мени чақирган бир бир овозни эшитдим. Ўнг томонимга ҳам, чап томонимга ҳам, олдимга ҳам, орқамга ҳам қараб, ҳеч кимни кўрмадим. Тепага қарасам, Ҳиро ғорида олдимга келган фаришта осмон билан ер оралиғида курси устида ўтирибди. Қаттиқ қўрққанимдан ерга ётиб қолдим. Сўнг Хадичанинг олдига келиб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар, бошимдан муздек сув қуйинглар» дедим. Мени ўраб қўйишди, бошимдан муздек сув ҳам қуйишди. Шунда: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Роббингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!» оятлари (Муддассир : 1-5) нозил бўлди. Бу намоз фарз бўлишидан олдин эди. Сўнг ваҳий кўпайиб, кетма-кет туша бошлади.»[8]
Аллоҳ даъвати билан қоим бўлишга буйруқ ва унинг асослари:

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча илоҳий амрларни қабул қилиб олдилар:

«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг! (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг! Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!» («Муддассир» : 1-7).

Бир қарашда соддагина бўлиб кўринган мазкур буйруқлар, аслида, жуда чуқур ва кенг маъноли, қудратли таъсир ва амал кучига эга бўлган илоҳий амрлар эди.

1. Барча-барчани огоҳлантириш. Борлиқда Аллоҳ таоло розилигига хилоф юрадиган биронта кимсани қолдирмасдан, уни кутаётган ҳалокатли оқибатдан огоҳ этмоқ лозим эди. Токи, бундай кимсалар қалбига титроқ ва зилзилалар кириб борсин!

2. Фақат Аллоҳ таолони улуғламоқ. Ер юзида кибр қилиб, ўзларича ғурурга кетган кимсаларнинг ғурурларини синдириб, кибр салтанатларининг оёғини осмондан қилиб, чин улуғликни фақат ва фақат Аллоҳ таолога мансуб деб билмоқ!

3. Либосларни пок тутмоқ ва нопокликлардан-ширкдан йироқ бўлмоқ. Аллоҳ таоло раҳматининг қуюқ сояси, ҳифзи-ҳимояти, нури ва тарбияти остида бир инсон қанчалик камолга етиши мумкин бўлса, ўша даражада жами кирлик ва нопокликлардан нафсни пок тутмоқ лозим эди. Токи у инсоний жамиятда энг олий намуна бўлсин, соғлом қалблар унга интилиб, адашган нафслар унинг ҳайбати улканлигини ҳис қилсин, токи дунё ҳар қандай ҳолатда тамомила унинг атрофида жамлансин.

4. Ҳеч қачон хайрли амални кўп санамаслик. Ўз фаолияти ва меҳнат-машаққатига урғу бермасдан, тўхтовсиз амал кетидан амалга киришмоқ, заҳматларга рози бўлиб, фидойилик билан қурбонликлар бериб, сўнг дарҳол уларнинг барчасини унутмоқ, янада аниқроғи Аллоҳни ўйлаганда қилган ва сарфлаган барча-барча нарсалари хотиридан ўчиб кетадиган бўлиши лозим эди.

5. Охирги оятда қайсар мушриклар томонидан етадиган озорлар, истеҳзолар, масхаралар бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у кишининг асҳобларига суиқасдлар қилинишига, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида тўпланган мўминларни тарқатиб юборишга уринишлар бўлишига ишора қилинган. Аллоҳ таоло мазкур машаққатларнинг барчасига бирон бир дунёвий манфаат учун эмас, балки фақат Аллоҳ розилигини истаб сабр-тоқат қилишга буюрди.

Аллоҳу Акбар! Бу илоҳий амрлар зоҳирий суратида қанчалар оддий, сокин ва соҳир оҳанглари билан қанчалар мафтункор, иш-амал майдонида қанчалар улкан, буюк ва қаттиқ! Уларнинг таъсирида қўзғалган қудратли шамол борлиқнинг тўрт томонини қамраб олиб, уни бир-бирига қориштириб юборди.

Мазкур оятлар даъват ва ҳақни кишиларга етказиш моддаларини ўз ичига олган. Биргина охират азобидан огоҳлантиришнинг ўзи унинг ортидан келадиган ва даъват эгаларининг бошларига ёғиладиган таъна-маломатлар, хунук аломатлардан дарак бермоқда. Унутманг, демоқда у, бу дунё барча амалларга мукофот бериладиган жой эмас ва кўпинча бунинг имконияти ҳам йўқ. Охират азобидан огоҳлантириш тушунчаси жазо мукофот учун бошқа бир Кун белгилаб қўйилганини тақозо қилади. У Кун Қиёмат кунидир, жазо ва ҳисоб кунидир. Бинобарин, биз яшаб турган дунёдан ўзга бир дунё - Охират дунёси ҳам бўлиши керак.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:20:22 | Сообщение # 39
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Кейинги оятлар инсонлардан соф тавҳидни, барча ишларни Аллоҳ ҳукмига топширишни ва нафс розилигини - одамларнинг розилигини Аллоҳ розилиги йўлида бир четга суриб қўйишни талаб қилмоқда. Демак, ушбу асослар қуйидагиларда ўзининг қисқа ифодасини топган.

а) тавҳид;

б) охират Кунига иймон;

в) ўзни покламоқ. Яъни, ёмон оқибатларга олиб борадиган мункар ва нопок ишлардан четланмоқ, яхшилик, хайр ва фазл амаллари билан машғул бўлмоқ;

г) барча ишларни Аллоҳ таоло ҳукмига ҳавола қилмоқ;

д) юқоридагиларнинг ҳаммасини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларига иймон келтиргандан кейин, У Зотнинг раҳбарликлари ва тўғри кўрсатмалари остида амалга оширмоқ.

Оятлар аввалида баланд пардада айтилган бир илоҳий нидо бор. Бу илоҳий нидо мазкур улуғ иш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг танланганликларини, У Зотнинг иссиқ ўриндан, либосларга бурканиб ётишдан ва уйқудан суғуриб олиниб, жиҳод, машаққат ва меҳнат майдонига ташланганликларини маълум қилмоқда:

«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!»

Мазкур оятлар замирида гўё шундай бир нидо бор; Фақат ўзи учун яшайдиган кимсаларгина роҳат қучоғида ётишлари мумкин. Бироқ мана шундай улкан вазифани елкасига олган сиздек инсон учун ғафлатда ухлаб ётиш мумкинми?! Роҳат мумкинми?! Иссиқ тўшак, тинч турмуш, кишига хуш ёқадиган дунё матолари мумкинми?! Туринг, сизни кутиб турган улуғ вазифани қаршиланг, сиз учун тайёрланган оғир юкни елкангизга олинг. Туринг, машаққат, меҳнат, қийинчилик ва заҳмат сари юринг. Туринг, уйқу вақти, роҳат-фароғат даври ўтди. Бугундан бошлаб сиз учун узлуксиз бедорлик, оғир ва узоқ жиҳод даври бошланди. Туринг, ана шу иш учун ҳозирлик кўринг, ўзингизни шайланг.

Бу жуда қўрқинчли ва улкан сўз эди. Ана шу сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғавғолар ва савдолар гирдобига, инсонлар қалбида ҳам, ҳаёт воқелигида ҳам бирдек оғир курашлар бўронига ташлаш учун тинч уйларидаги иссиқ тўшакларидан, тафтли оғушлардан суғуриб олди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар ва йигирма йилдан зиёдроқ вақт мобайнида қоим бўлдилар. Роҳат кўрмасдан, тиним билмасдан, на ўзлари ва на аҳли аёллари учун яшамасдан ўтдилар. Турдилар, Аллоҳга даъват учун бел боғладилар. Чарчоқ нималигини билмасдан ана шундай оғир, залворли Юкни, ер юзидаги энг улкан Омонат юкини, бутун башарият юкини, Ақида юкини, турли майдонлардаги турли курашлар ва машаққатлар юкини елкаларига олдилар. Йигирма йилдан зиёдроқ вақт давомида узлуксиз ва кескин муҳорабалар ичида умр кечирдилар. Ана шундай узоқ йиллар мобайнида ҳам ҳеч нарса у кишини чалғитиб қўймади. Улуғ илоҳий нидони эшитган соатларидан бошлаб, беҳад оғир масъулиятни зиммаларига олганларидан буён худди шундай тик туриб ўтдилар. Аллоҳ таоло У Зотни ўзлари учун ҳам, бутун башариятга қилган хизматлари учун ҳам энг яхши мукофотлар билан сийласин.

Келгуси варақлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма йилдан зиёдроқ вақт давомида комил суратда адо этган мазкур оғир ва узоқ меҳнатнинг энг кичик ва оддий лавҳаси, холос.



ДАЪВАТ ЖИҲОДИНИНГ БИРИНЧИ БОСҚИЧИ

Ваҳийнинг турлари:

Ушбу жиҳод мавзусига киришишдан олдин ваҳийнинг турлари ва босқичлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ ушбу босқичларни қуйидагича санаб ўтади:

Биринчи: Рост (яъни ўнгидан келувчи) тушлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий ана шу тарзда бошланганди.

Иккинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларига кўринмаган ҳолда фаришта ваҳий олиб келиб, у кишининг диллари ва кўнгилларига солиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтганларидек: «Руҳул Қудус дилимга солдики, ҳеч бир жонзот ўзининг ризқини тўла қилиб олмагунча асло ўлмас. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ризқ) талаб қилишда ўртача бўлинглар! Ризқнинг кечикиши уни Аллоҳнинг маъсияти билан талаб қилишингизга олиб бориб қўймасин! Зеро, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга фақат Унинг тоати билангина эришилади»[9].

Учинчи: Фаришта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга инсон суратида кўриниб, хитоб қилар ва у киши унинг сўзларини ёдда сақлаб қоларди. Ваҳийнинг бу турида баъзан уни айрим саҳобалар ҳам кўришарди.

Тўртинчи: Ваҳий у кишига худди қўнғироқ жарангидек овоз билан келарди, бу ваҳийнинг энг оғир тури бўлиб, фаришта у кишидан ажралмас, қаттиқ совуқ кунда ҳам ваҳийнинг зўридан пешоналаридан тер оқиб кетарди. Агар туяга минган ҳолда бўлсалар, туялари ҳам чўкиб қоларди. Бир марта ана шундай ваҳий келганида у кишининг тиззалари Зайд ибн Собитнинг тиззаси устида бўлиб, оғирликдан Зайднинг тиззаси узилиб кетгудек бўлган эди.

Бешинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фариштани ўзининг асл суратида кўрардилар ва фаришта у кишига Аллоҳ истаганича нарсани ваҳий қиларди. Бу ҳолат «Нажм» сурасида зикр қилинганидек, у кишида икки бор содир бўлган эди.

Олтинчи: Аллоҳ таоло меърож кечаси у кишига самовот олами узра ваҳий қилган намоз ва бошқа нарсалар.

Еттинчи: Аллоҳ таолонинг у кишига худди Мусо ибн Имрон алайҳиссаломга сўзлагани каби бевосита сўзлаши. Ваҳийнинг бу тури Мусо алайҳиссаломга Қуръон ояти билан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эса «Исроъ» ҳадиси билан собит бўлган.

Айримлар саккизинчи турни ҳам зиёда қилиб, Аллоҳ таоло у киши билан юзма-юз ва ҳеч қандай пардасиз сўзлашган, дейдилар. Бироқ, бу салаф ва халаф уламолари ўртасида ихтилофли масалалардан саналади.[10]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:22:05 | Сообщение # 40
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Махфий даъватнинг дастлабки уч йили:

«Муддассир» сурасининг юқоридаги оятлари нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога даъват қилишни бошладилар. Қавмлари бут-санамларга сиғинишдан бошқа динни билмайдиган ва ота-боболаримиз қилиб келган ишни маҳкам ушлаймиз, дейишдан бошқа далил-ҳужжатлари бўлмаган тўпори ва дағал кишилар эди. Уларнинг бор ахлоқлари ҳамият ва ғурурни маҳкам тутишдангина иборат бўлиб, муаммоларини фақат қилич ёрдамида ҳал қилиб ўрганишган эди. Шу ҳолда яна улар Араб жазирасида диний жиҳатдан етакчиликни даъво қилишар ва асосий диний марказни қўлларида сақлаб туришарди. Ана шундай шароитда Макка аҳлининг ғалаёнига сабаб бўладиган ишни бирданига ошкор этмасдан, даставвал даъватни махфий суратда олиб бориш ҳикматдан бўлар эди.
Биринчилар:

Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни аввало ўзларининг яқинларига, аҳли оилаларига ва ёр-дўстларига таклиф қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари яхши биладиган ва у кишини ҳам яхши танийдиган, хайр-яхшиликлари кўриниб турган кишиларни даъват қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу инсонларда Аллоҳнинг ҳақ муҳаббати ва хайр бор деб билсалар, ўз навбатида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ростгўй ва солиҳ киши сифатида танирдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғликларига, жалолатларига ва хабарларининг ростлигига асло шубҳа қилмаган ана шу инсонларнинг бир гуруҳи Исломни қабул қилди ва Ислом тарихида “Ас-собиқийна ал-аввалийн” “Пешқадам Собиқлар” номини олди.

Уларнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи муҳтарамалари, мўминларнинг онаси Ҳадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари, яъни, озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил Калбий[11], ўша кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларида бўлган ёшгина бола – у зотнинг амакиваччалари Али ибн Аби Толиб ва чин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумлар турарди. Улар даъватнинг биринчи кунида иймон келтиришди.

Исломни қабул қилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ислом даъвати йўлида кўп жонбозликлар кўрсатди. Суюкли, киришимли, муомалали, таниқли ва гўзал хулқли Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига яхши суҳбати, илми ва тижорати учун кўп кишилар келиб, яқин бўлишни истарди. Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурига келган қавми орасидаги ишонган кишиларини иймонга даъват қиларди. У кишининг даъватлари сабабли Усмон ибн Аффон ал-Умавий, Зубайр ибн Аввом ал-Асадий, Абдураҳмон ибн Авф аз-Зуҳрий, Саъд ибн Аби Ваққос аз-Зуҳрий ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ ат-Таймийлар Исломни қабул қилишди. Исломга биринчилардан бўлиб кирган мазкур саккиз нафар инсон Исломнинг биринчи қалдирғочлари, Собиқийнлар эди.

Кейин ушбу умматнинг амини[12] Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ (Ҳорис ибн Фиҳр Уруғидан), Абу Салама ибн Абдуласад ал-Махзумий, Арқам ибн Абу Арқам ал-Махзумий, Усмон ибн Мазъун ал-Жумаҳий ва унинг Қудома ҳамда Абдуллоҳ исмли икки иниси, Убайда ибн Ҳорис ибн Муттолиб ибн Абдуманоф, Саид ибн Зайд ал-Адавий ва унинг хотини Умар ибн Хаттобнинг синглиси Фотима бинти Хаттоб ал-Адавийя, Хаббоб ибн Арат ат-Тамимий Жаъфар ибн Аби Толиб ва унинг аёли Асмо бинти Умайс, Холид ибн Саид ибн Ос ал-Умавий, унинг аёли Амина бинти Халаф ва иниси Амр ибн Саид ибн Ос, Ҳотиб ибн Ҳорис ал-Жумаҳий, унинг аёли Фотима бинти ал-Мужаллал ва иниси Хаттоб ибн Ҳорис, унинг аёли Фукайҳа бинти Ясор, яна бир иниси Муаммар ибн Ҳорис, Муттолиб ибн Азҳар аз-Зуҳрий, унинг аёли Рамла бинти Аби Авф, Нуайм ибн Абдуллоҳ ибн Наҳҳом ал-Адавий иймон келтирганлар сафига қўшилишди. Ана шулар энг биринчи собиқлар бўлиб, улар Қурайшнинг ҳамма уруғларидан эди.

Қурайшдан бошқалардан Исломга энг биринчи бўлиб кирганлар Абдуллоҳ ибн Масъуд ал-Ҳузалий, Масъуд ибн Рабиъа ал-Қорий, Абдуллоҳ ибн Жаҳш ал-Асадий, унинг иниси Абу Аҳмад ибн Жаҳш, Билол ибн Рабоҳ ал-Ҳабаший, Суҳайб ибн Синон ар-Румий, Аммор ибн Ёсир ал-Ансий, унинг отаси Ёсир ва онаси Сумайя, Омир ибн Фуҳайра бўлдилар.

Юқорида зикри ўтган аёллардан ташқари яна Умму Айман Барака ал-Ҳабашийя, Аббос ибн Абдулмуттолибнинг аёли Уммул Фазл Лубоба ал-Кубро бинти Ҳорис ал-Ҳилолийя, Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ ҳам Исломни илк қабул қилган аёллар бўлдилар.[13]

Мазкур зотлар “Аввалийн” ва “Собиқийн” номи билан маъруфдирлар. Чуқур текшириб, ўрганишлардан сўнг маълум бўлишича, собиқийнлар адади эркак-аёл бўлиб бир юз ўттиз нафарга етади. Бироқ, уларнинг ҳаммаси даъватнинг яширин пайтида Исломни қабул қилганми ёки айримлари даъват ошкор қилингандан сўнг қабул қилганми, буниси аниқ маълум эмас.
Намоз:

Энг аввал нозил қилинган ҳукмлардан бири намозга буюриш бўлди. Ибн Ҳажар Асқалоний ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исроъдан олдин ҳам аниқ намоз ўқиганлар. Асҳоби киромлар ҳам шундай қилишган. Бироқ беш вақт намоздан олдин ҳам бирон намоз фарз қилинганми ёки йўқми, шу масалада турлича фикрлар айтилган. Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқиш фарз бўлган, дейилади.»

Ҳорис ибн Аби Усома Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган илк ваҳийда Жаброил тушиб, у кишига таҳоратни ўргатди. Таҳорат қилиб бўлгач, бир ҳовуч сув олиб фаржига қуйди. Ибн Можа ҳам шу мазмундаги ривоятни келтирган. Бароъ ибн Озиб ва Ибн Аббосдан ҳам шунга ўхшаш ривоятлар бор. Бу дастлабки фарз амал эди.[14]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024