Жума, 26.04.2024, 9:56:07

Вы вошли как Mehmon | Группа "Mehmon"Приветствую Вас Mehmon | RSS
Бош сахифа | Ар-раҳиқ ал-махтум - Страница 5 - Форум | Мой профиль | Регистрация | Выход | Вход
[ Новые сообщения · Участники · Правила форума · Поиск · RSS ]
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
Ар-раҳиқ ал-махтум
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:23:31 | Сообщение # 41
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ибн Ҳишом ёзишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари намоз вақтларида тоғ-тошларга чиқиб кетиб, қавмларидан яширинча намоз ўқишган. Бир сафар Абу Толиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Али розияллоҳу анҳуларнинг намоз ўқишаётганини кўриб, у ҳақда сўраб-суриштиради. Намознинг нималигини билгач, уларга намозда собит туришни буюради.[15]

Мўминларга буюрилган ибодат шу эди. Уларга намозга таллуқли бу ҳукмдан бошқа бирон бир ибодат ёки буюрилган ва қайтарилган ишлар бўлгани маълум эмас. Нозил бўлаётган ваҳийлар уларга тавҳиднинг турли қирраларини баён қилиб берар, нафсларини поклашга тарғиб қилар, макорими ахлоққа буюрар, жаннат ва дўзахни кўз билан кўргандек қилиб сифатлаб берар, дилларини очадиган ва руҳларини озиқлантирадиган етук панд-насиҳатлар билан насиҳат қилар, уларни ўша даврдаги инсоний жамият яшаб турган муҳитдан бутунлай бошқача бир муҳит сари етакларди.

Шундай қилиб, уч йил ўтди. Даъват эса ҳануз якка шахсларга чекланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали уни йиғин ва мажлисларда ошкор қилмаган эдилар. Бироқ, содир бўлган турли воқеалардан хулоса қилинадиган бўлса, даъват - ўзининг ана шу босқичида - яширинча ва якка тартибда олиб борилган ҳолатида ҳам Қурайшдан махфий қолмаган. Маккада Исломнинг хабари ёйилган, одамлар у ҳақда гапиришар, айримлар гоҳо уни инкор ҳам қилишар, баъзи бир мўминларга тажовузлар ҳам қилишган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг динларига тегинмаганлари ва олиҳалари ҳақида бирон сўз айтмаганлари учун Қурайш Ислом даъватига ортиқча эътибор бермади.

[1] Саҳиҳул Бухорий (3-ҳ), Ибн Ҳишом (1/235) ва бошқа тафсир, суннат ва сийрат китоблари асосида.

[2] Ибн Ҳажар «Фатҳ»да ёзади: «Байҳақий рост тушлар олти ой давом этганини айтади. Шунга кўра Нубувватнинг тушлар билан бошланиши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга тўлганларидан кейин - У кишининг туғилган ойлари Рабиъул-аввалда, уйғоқликда ваҳийнинг келиши эса Рамазон ойида бўлган.»

[3] Нубувват ва ваҳийнинг нозил бўлиши айнан қайси ойда бошлангани хусусида муаррихлар турлича фикр билдиришган. Уламоларнинг катта бир гуруҳи Рабиъул-аввал ойини айтган бўлса, бошқалари Рамазон ойини кўрсатишган. Ражаб ойи деганлар ҳам бўлган. Биз Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига асосланиб, иккинчи фикр эгаларига қўшиламиз ва Рамазон ойини нубувват ва ваҳий нозил бўлган ой деб кўрсатамиз: «Рамазон ойики, унда Қуръон нозил қилинган». (Бақара:185). «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик.» (Қадр:1). Маълумки, Қадр кечаси Рамазон ойида бўлади. «Албатта Биз Уни бир муборак-барокатли кечада нозил қилдик.» (Духон:3). Муборак-барокатли кечадан мурод Лайлатул Қадр кечасидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро ғорига Рамазон ойида чиққанлар. Жибрийлнинг тушиши ҳам ўшанда бўлган эди.

Ваҳийнинг нозил бўлиши Рамазонда бошланган, дегувчи уламолар айнан қайси кунда ваҳий бошлангани хусусида ихтилоф қилишган. Еттинчи, ўн еттинчи ва ўн саккизинчи кунлари айтилган. Ибн Исҳоқ ва бошқалар унинг ўн еттинчи кун бўлганини таъкидлаган. Биз эса йигирма биринчи кун деган фикрга тўхтадик. Чунки барча сийрат уламолари ёхуд уларнинг аксарият қисми Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нубувват билан юборилишлари душанба куни бўлганини айтишган ва бу фикрни ҳадис имомлари ривоят қилган Абу Қатода ривояти ҳам қўллаб-қувватлайди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душанба кунининг рўзаси ҳақида сўрашди. «Ўша куни туғилдим, ўша куни менга ваҳий туширилди», дедилар. Бошқа бир лафзда шундай дейилган: «Ўша кунда туғилдим, ўша кунда (Пайғамбар қилиб) жўнатилдим ёки ўша кунда менга нозил қилинди.» (Муслим, Аҳмад, Байҳақий ва Ҳоким ривоятлари). Ўша йилнинг Рамазон ойидаги душанба куни еттинчи, ўн тўртинчи, йигирма биринчи ва йигирма саккизинчи кунларга тўғри келади. Саҳиҳ ривоятларда Лайлатул Қадрнинг Рамазондаги охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида бўлиши ва у мана шу кечалар ўртасида кўчиб юриши нақл қилинган. «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» ояти, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари душанба кунида бўлгани ҳақидаги Абу Қатоданинг ривояти ва ўша йилнинг Рамазондаги душанба куни нечанчи кунларга тўғри келиши хусусидаги илмий тақвим ҳисоб-китоблари бир-бирига солиштирилса, қуйидаги хулоса келиб чиқади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг йигирма биринчи куни тунда Пайғамбар қилиб юборилганлар, валлоҳу аълам.

[4] Саҳиҳул Бухорий: 3-ҳ; Саҳиҳ Муслим: 25-ҳ.

[5] Табақоту Ибн Саъд: 1/196.

[6] «Саҳиҳ ул-Бухорий, китоб ут-таъбир» (6982-ҳ).

[7] «Фатҳ ул-Борий» 1/27.

[8] Имом Бухорий (8/445-447) ва имом Муслим (1/144) ривоятлари.

[9] Албоний, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 6/865.

[10] Зодул-маъод: 1/18.

[11] Зайд ибн Ҳориса асир олиниб, қул қилинган киши эди. Хадича розияллоҳу анҳо қули Зайдни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тортиқ қилади. Вақт ўтиб Зайднинг отаси ва амакиси уни ўз қавм-қариндошлари олдига олиб кетиш учун келганида, Зайд отаси ва амакиси билан кетишдан бош тортиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлайди. Ана шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам арабларнинг одатига мувофиқ Зайдни ўзларига ўғил қилиб оладилар. Шунинг учун уни Зайд ибн Муҳаммад дейишарди. Ислом келиб, бундай ўғил қилиб олишни бекор қилганидан сўнг у яна Зайд ибн Ҳориса исмини олди. Саккизинчи ҳижрийнинг Жумодул-увло ойида бўлиб ўтган Муъта жангида мусулмон лашкарининг амири бўлган ҳолида шаҳид бўлган.

[12] Ушбу лақаб билан номланиши ҳақида «Саҳиҳул Бухорий»нинг «Абу Убайда ибн Жарроҳнинг маноқиби» бобига қаранг.

[13] Батафсил маълумот олиш учун «Сийрату Ибн Ҳишом»га қаранг: 1/245-262.

[14] Шайх Абдуллоҳ ан-Наждий : «Мухтасар ас-сийра».

[15] «Сийрату Ибн Ҳишом» : 1/247.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:25:50 | Сообщение # 42
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
ИККИНЧИ БОСҚИЧ


ОШКОРА ДАЪВАТ

Даъватни ошкор қилиш ҳақидаги биринчи илоҳий амр

Уч йил давом этган даъватнинг яширин босқичи мобайнида биродарлик ва ҳамжиҳатлилик асосига барпо бўлган, рисолатни етказиш ва уни мустаҳкамлаш юкини кўтара оладиган бир жамоат вужудга келди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ваҳий нозил қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга даъватни ошкор этишни, ботилга яхшилик билан юзланишни буюрди.

Бу хусусда биринчи нозил бўлган оят: «Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг» ояти бўлди (Шуаро - 214).

Мазкур оят ворид бўлган «Шуаро» сурасида аввал Мусо алайҳис-саломнинг Пайғамбар қилиниши, Бану Исроил билан ҳижратга чиқиши, уларнинг Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот топишлари ҳамда Фиръавннинг ўз қўшини билан ғарқ этилиши ҳикоя қилинган. Ушбу ҳикояда Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн ва унинг қавмини даъват қилиш давомида бўлиб ўтган барча босқичлари тасвирланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз қавмини Аллоҳга даъвт қилиш буюрилган пайтда Мусо алайҳис-саломнинг қиссаси батафсил зикр этилишида, менимча, ўзгача бир маъно бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар очиқ даъват йўлига чиққанларида қандай туҳмат ва тазйиқларга учрашлари, даъватнинг дастлабки кунларидан нималарга рўпара бўлишлари Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн билан бўлган қиссасида айтиб қўйилмадими?!

Бошқа томондан «Шуаро» сураси Фиръавн ва унинг қавмига етган ҳалокат тафсилоти билан биргаликда Пайғамбарларни ёлғончи қилган Нуҳ қавми, Од қавми, Самуд қавми, Иброҳим қавми, Лут қавми ва (Шуайб қавми бўлмиш) дарахтзор эгаларининг оқибатини ҳам ҳикоя қилган. Токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилган кимсалар ўзларини нима кутаётганини билиб қўйсинлар. Агар ана шу ёмон ишларида давом этсалар, Аллоҳнинг қаттиқ азобини кутсинлар. Токи мўминлар ҳам аниқ билсинларки, хайрли хотима мушрикларга эмас, албатта мўминларга аталган.
Яқин қариндош-уруғларни даъват қилиш

Юқоридаги оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Ҳошимни тўпладилар. Улар билан бирга Муттолиб ибн Абду Маноф уруғининг кишилари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қирқ беш киши тўпланди. Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин гап бошлади:

- Булар сенинг амакиларинг ва амакиларингнинг болалари. Қани гапир, диндан қайтганларни тарк қил! Шуни билки, қавминг бутун арабларга қарши тура олмайди. Мен сени тутганлардан ҳақлироқмон. Агар сен шу ҳолатингда турадиган бўлсанг, сенга қарши ота Уруғларинг ўзи кифоя қилади ва бу улар учун сенинг устингга Қурайшнинг бошқа Уруғлари ташланишидан енгилроқ бўлади! Уларни араблар ҳам қўллаб-қувватлайди. Ота уруғининг бошига сендек ёмон иш олиб келган бирон кимсани кўрмадим!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилдилар ва бу йиғинда ҳеч нарса деб гапирмадилар.

Сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни иккинчи марта тўплаб, шундай сўз бошладилар:

- Алҳамдулиллаҳ, Унга ҳамдлар айтаман, Ундан мадад тилайман, Унга иймон келтириб, Унга таваккул қиламан. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир! – сўнг сўзларида шундай давом этдилар: - Йўлбошчи ўз аҳлига ёлғон гапирмайди. Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, мен сизларга хос, одамларга эса умумий суратда Аллоҳнинг Пайғамбариман. Аллоҳга қасамки, ухлаганингиз каби жон таслим қиласизлар, уйғонганингиз каби албатта қайта тириласизлар ва қилган амалларингизга қараб ҳисобга тортиласизлар. Албатта унинг натижаси абадий жаннат ёки абадий дўзах бўлади.

Абу Толиб шундай деди:

- Сизга ёрдам беришни истаймиз. Сизнинг насиҳатингизга иқбол қилдик. Сизнинг сўзларингиз ҳаққу рост. Мана, отангизнинг Уруғи йиғилган. Мен ҳам уларнинг бириман. Фақат мен улар ичида сиз яхши кўрган нарсага энг шошилувчироқман. Сиз ўзингизга буюрилган ишни давом эттираверинг. Аллоҳга қасамки, ҳамиша сизни ҳимоя қилиб, ёнингизни олиб тураман. Фақат нафсим Абдул Муттолиб динидан ажралишни истамайди.

- Аллоҳга қасамки, бу яхшилик келтирмайди, - деди Абу Лаҳаб - Бошқалар тутмасдан туриб, сизлар унинг қўлидан тутиб, тўхтатиб қолинг.

- Аллоҳга қасамки, то тирик эканмиз, уни ҳимоя қиламиз, - деди Абу Толиб.[1]
Сафо тоғи устида

Одамларни Аллоҳ йўлига чақираётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Толибнинг у кишини ҳимоя қилиш ҳақидаги сўзларини эшитганларидан сўнг бир куни Сафо тоғига кўтарилиб, баланд овозда қавмини чорладилар. Қурайш уруғлари у кишининг олдига йиғилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тавҳидга, ўз рисолатлари ва охират кунига иймон келтиришга чақирдилар. Имом Бухорий мазкур воқеани Абдуллоҳ ибн Аббос ривоятида шундай нақл қилади:

«Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғига чиқиб «Эй Бану Фиҳр, эй Бану Адий, эй Бану Абдуманоф, эй Бану Абдулмуттолиб, эй Бану Фулан!» дея Қурайш уруғларини чақира бошладилар. Қавм йиғилиб келди. Келолмаганлар нима гаплигини билиш учун одам жўнатди. Абу Лаҳаб Қурайш билан бирга келди. Ҳамма йиғилгач:

- Агар мен сизларга шу тоғнинг этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келмоқчи бўлиб турибди, десам, менга ишонар эдингизми? - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Ҳа! - дейишди улар. Биз сизнинг ёлғон сўзлаганингизни билмаймиз, сиздан фақат рост сўз эшитиб келганмиз.

- Мен сизлар учун қаттиқ азоб олдидан огоҳлантирувчиман. Мен билан сизларнинг мисолимиз душманнинг (бостириб келаётганини) кўриб, баландликка кўтарилган ва душман ундан олдинроқ етиб боришидан қўрқиб, қавмига қараб қичқира бошлаган бир кишининг мисолига ўхшайди - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Сўнг уларни ҳаққа чорладилар, Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирдилар, умумий ва хусусий равишда даъват қилдилар:

«Эй Қурайш жамоаси, ўз жонингизни Аллоҳдан сотиб олингиз, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Зеро, мен Аллоҳ томонидан сизларга келувчи бирон зарар ёки фойдани даф қилишга эга эмасман. Мен Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада сизларга асқота олмайман.

Эй Бану Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Мен сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир эмасман.

Эй Бану Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз!

Эй Бану Қусай жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Мен сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир эмасман.

Эй Бану Абдуманоф, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Зеро, мен Аллоҳ томонидан сизларга келувчи бирон зарар ёки фойдани даф қилишга эга эмасман. Мен Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада сизларга асқота олмайман.

Эй Бану Абдушшамс, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз!

Эй Бану Ҳошим, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз!

Эй Бану Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқарингиз! Зеро, мен Аллоҳ томонидан сизларга келувчи бирон зарар ёки фойдани даф қилишга эга эмасман. Мен Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада сизларга асқота олмайман. Мол-давлатимдан истаганингизча сўранг, аммо сизларга Аллоҳ томонидан келувчи бирон нарсани тўсишга қодир эмасман.

Эй Аббос ибн Абдулмуттолиб, мен сизга Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада асқота олмайман.

Эй Расулуллоҳнинг аммаси Софийя бинти Абдулмуттолиб, мен сизга Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада асқота олмайман.

Эй Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммаднинг қизи Фотима, мол-давлатимдан истаганингча сўра, бироқ мен сенга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир эмасман. Мен сенга Аллоҳ тарафидан келувчи бирон нарсада асқота олмайман.»


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Чоршанба, 20.05.2009, 9:29:03
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:31:13 | Сообщение # 43
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Ушбу огоҳлантирув тамомига етгач, одамлар тарқалдилар, уларнинг ҳеч бирларидан бирон жавоб айтилгани маълум эмас, фақат Абу Лаҳаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмон муомалада бўлди ва: «Ҳе, қуриб кетгур, бизни шунинг учун тўпладингми?», деди. Ана шунда Аллоҳнинг қуйидаги каломи нозил бўлди: «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай - ҳалок бўлгай!». (Масад сураси.) [2]

Бу олий нидо бағоят тушунарли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг энг яқин кишиларига ўзи билан улар ўртасидаги алоқага ҳаёт бағишлаб турадиган нарса бу - рисолатни тасдиқлаш эканини, араблар ўртасида жуда кучли бўлган қариндош-уруғчилик таассуби Аллоҳ ҳузуридан келган ана шу огоҳлантиришнинг ҳароратида эриб кетишини очиқ-ойдин баён қилдилар.

Ана шу овоз Макканинг тўрт томонида акс-садо бериб турар экан, Аллоҳ таолонинг: «Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) ошкор қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг!» ояти нозил бўлди (Ҳижр - 94). Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг йиғин ва мажлисларида Исломга очиқ-ошкор даъват қила бошладилар, уларга Аллоҳнинг Китобини тиловат қилар ва барча пайғамбарлар ўз қавмларига айтган: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир» деган сўзларни айтар эдилар, уларнинг кўз олдида Аллоҳга ибодат қилардилар, куппа-кундузлари Каъбанинг олдида ошкора намоз ўқирдилар.

У кишининг даъватларига қулоқ солувчилар кўпая бошлади, одамлар битта-битта Аллоҳнинг динига кира бошладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк хурофотлари ва унинг тўқималарига қарши гапира бошладилар. Бут-санамларнинг аслида нималигини, уларнинг ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмаслигини баён қилдилар. Сохта олиҳаларнинг ҳеч нарсага ярамаслигини мисоллар орқали тушунтириб, ушбу олиҳаларга сиғинган ва уларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилган кимсаларнинг очиқ-равшан залолатини исботлаб бердилар.

Макка қаҳр-ғазабдан ёрилиб кетай дерди. Мушриклар ва бутпарастларнинг залолати ҳақида очиқ айтилган сўзларни эшитганида Макка аҳли ҳангу-манг бўлиб қолди. Гўё кўкда чақмоқ чаққандай бўлди. Момақалдироқ гулдираб, яшин чақнаб, тинч-сокин муҳит зилзилага тушди. Қурайш бехосдан бош кўтарган ва унинг урф-одатларига ҳамда ота меросларига таҳдид солаётган бу қўзғолонни бостиришга уринди. Чунки улар иймон калимасининг маъноси Аллоҳдан ўзганинг илоҳлигини инкор қилиш эканини, рисолат ва охират кунига ишонишнинг маъноси эса бошқалар нари турсин, ҳатто ўзларининг молу жонларида ҳеч қандай ихтиёр қолмасдан буткул Аллоҳ ҳукмига тобе ва таслим бўлиш дегани эканини яхши билардилар. Бинобарин, уларнинг дин номи билан ўзга араблардан юқори туришлари ҳам барҳам топиб, Аллоҳ ва Расули розилиги қаршисида Қурайшнинг розилиги ҳеч нарса бўлмай қоларди. Шунингдек, уларнинг ҳимоясиз кишилар устидан қилаётган зўравонликлари ва эрта-ю кеч асосий юмушлари бўлган ёмонликлар силсиласига ҳам чек қўйиларди. Ана шу маъноларни англаб етган Қурайш бундай «шармандали ҳолат»га асло рози бўлолмасди. Хайр ёки мукаррамлик учун эмас, «Балки инсон олдинда (келгуси ҳаётида ҳам) фисқ-фужур (гуноҳ амалларни) қилмоқни истар!» (Қиёмат-5).

Қурайш юқоридагиларнинг ҳаммасига жуда яхши тушуниб турса-да, ота-боболарининг узоқ тарихи давомида на мисли ва на назири кўрилмаган, гўзал ҳулқлар ва инсоний қадриятларнинг олий намунаси бўлган содиқ ва амин кишига қарши нима қилар эди?! Хўш, улар қандай йўл тутсинлар?! Қарши кураш масаласида Қурайшнинг боши қотди. Дарҳақиқат, вазият бошни қотириб қўядиган эди.
Ҳожиларни даъватга қулоқ солишдан тўсиш учун маслаҳат мажлиси

Шу кунларда бошқа бир масала Қурайшнинг бошини қотирарди. Даъват ошкор қилингандан сўнг бир неча ой ўтиб ҳаж мавсуми яқинлашиб қолди. Қурайш ҳаж зиёратига чор-атрофдан араблар келишини яхши биларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари ҳожиларга таъсир қилмаслиги учун Қурайш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида бирон нарса ўйлаб топиши керак эди. Улар Валид ибн Муғийранинг ҳузурига маслаҳат учун йиғилишди.

- Унинг хусусида бир гапга келишиб олинглар. Тағин ҳаммангиз ҳар хил гапириб бир-бирингизни ёлғончига чиқариб, бирингизнинг гапи иккинчингизникига тўғри келмай юрмасин, - деб маслаҳат берди Валид.

- Сиз бирон гап айтинг, бизга бирон жўяли йўл кўрсатинг - дейишди Валидга.

- Йўқ, сизлар гапиринглар, мен эшитаман.

- Биз уни коҳин, фолбин деймиз.

- Йўқ, Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Биз коҳинларни кўрганмиз. Бу коҳиннинг замзамалари ва қофияли сўзлари эмас, - деб инкор қилди Валид.

- Мажнун деб айтамиз.

- Йўқ, у мажнун эмас. Биз мажнунлик нималигини яхши биламиз, мажнунликни кўрганмиз. Бу мажнуннинг талвасалари, телбаликлари ёки васвасалари эмас.

- Шоир деб айтамиз.

- Йўқ, у шоир эмас. Биз шеърни; унинг ражази-ю, ҳажазини (шеър баҳрлари), назмини, унинг катта-ю кичигини жуда яхши биламиз. Бу шеър эмас.

- Сеҳргар деб айтамиз.

- Йўқ, у сеҳргар эмас. Биз сеҳргарларни ҳам, сеҳрни ҳам кўп кўрганмиз. Бу сеҳргарларнинг куф-суфлари ёки тугун тугишлари эмас.

- Унда нима деймиз?

- Аллоҳга қасамки, унинг сўзида ҳаловат бор. Унинг асли бир-бирига боғланган, шохчалари эса серҳосил. Сизлар нима десангизлар ҳам, ёлғонлиги билиниб қолади. Яқинроқ келадигани сеҳргар деб айтишингиздир. У шундай бир сўзни олиб келдики, бу сеҳр ота-ўғил, оға-ини ва эр-хотин ва киши билан қавми ўртасини ажратиб юборади, - деди Валид.

Қурайш шу қарорга келиб тарқалди.[3]

Баъзи ривоятларда қуйидагича қўшимча бор: «Валид ибн Муғийра қавми таклиф қилган барча гапни инкор қилгач, Қурайш унга деди:

- Унда ҳеч қандай нуқсони бўлмаган фикрингизни айтинг.

- Менга муҳлат беринглар, ўйлаб кўрай.

Валид ибн Муғийра ўйлай-ўйлай юқоридаги қарорга келди. Аллоҳ таоло «Муддассир» сурасида Валид ибн Муғийра хусусида ўн олти оят (11-26) нозил қилди. Уларда Валиднинг қандай фикр қилганлари ҳам баён этилган:

«Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу Илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва афтини буриштирди. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг Сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди.»


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:33:02 | Сообщение # 44
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Хуллас, Қурайш маслаҳатни бир жойга қўйиб, ишга киришди. Улар ҳажга келганлар ўтадиган йўл бўйига ўтириб олиб дуч келган йўловчига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларини бериб, уни огоҳлантирар эдилар.[4] Бу ишда Абу Лаҳаб қаттиқ жонбозлик кўрсатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг қўнган манзилларига, Укоз, Мажанна ва Зул-мажоз каби бозорларга бориб одамларни даъват қилсалар, Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларидан юриб: «Унга эргашманглар, у диндан қайтган ёлғончи» дерди.[5] Бунинг натижаси шу бўлдики, ҳаж мавсумида араблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабарларини олиб қайтишди ва бутун араб ерларига Пайғамбар чиққанлиги ҳақидаги хабар тарқалди.
Қурайшнинг даъватга қарши қўллаган турли услублари

Қўллаган чора-тадбирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватдан тўхтата олмаганини кўриб, Қурайш яна бир бор фикр қилиб кўрди. Улар даъватга қарши турли услубларни ўйлаб топишди. Қуйида уларнинг қисқача баёни билан танишамиз:
1. Масхаралаш, ҳақоратлаш, истеҳзо, ёлғонга чиқариш

Мушриклар ана шу тариқа мусулмонларни заифлаштириб, уларнинг маънавий қувватларини синдирмоқчи бўлишди. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турли масхараомуз лақаблар тўқиб, ҳақоратлашга тушди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мажнун деб аташди: «Улар (яъни, Макка кофирлари Муҳаммад алайҳис-саломни масхара қилишиб): «Эй ўзига эслатма-Қуръон нозил қилинган, (деб даъво қилаётган) киши, дарҳақиқат, сен мажнунсан, дедилар.» (Ҳижр - 6-7).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳргар ва ёлғончи дейишди: «(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи - Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир.» (Сод - 4).

Мушриклар қаҳр-ғазабга тўлиб, оч ва адоватли кўзлари билан еб қўйгудек бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қарши олишар, кузатиб қолишарди. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта кофир бўлган кимсалар Эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз, мажнундир, дерлар.» (Қалам-51).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағал-бечора асҳоблари билан ўтирганини кўришса: «Бизларнинг орамиздан ана ўшаларга Аллоҳ инъом қилган эмишми?!» (Анъом-53) дейишарди мушриклар. Аллоҳ таоло уларга шундай жавоб берди: «Ахир шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?!» (Анъом-53).

Қуръони Карим мушрикларнинг мўминларга қилган ёмон қилмишларини қуйидагича ҳикоя қилади: «Дарвоқеъ, жинояткор-кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қиладилар. Қачон уйларига қайтсалар, (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) шодланиб қайтардилар. Қачон (мўминларни) кўрсалар: «Ана улар шак-шубҳасиз, йўлдан озувчи кимсалардир», дердилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар.» (Мутоффифун - 29-33).

Уларнинг масхараю истеҳзолари, таънаю озорлари кундан-кун зиёдалашиб, охир-оқибат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига ўз таъсирини кўрсатди. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз» (Ҳижр-97) оятини нозил қилди, сўнг у зотнинг дилларига таскин бериб, бу сиқилишни кетказадиган нарсага буюрди: «Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур! Шунингдек) то сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр-98, 99). Илгарироқ эса у масхараловчиларга Ўзи кифоя қилишини хабар берганди: «Албатта, Биз Ўзимиз сизни масхара қилувчиларни (ҳалок этиш учун) кифоя қиламиз. Улар Аллоҳга яна бошқа «илоҳ»ларни (шерик) қиладилар. Яқинда (Қиёмат Кунида бу қилмишларининг оқибатини) билиб оладилар» (Ҳижр-95, 96), шунингдек уларнинг бу қилмишлари охир-оқибат ўз бошларига бало бўлишини хабар берди: «Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни ҳалок қилган.)» (Анъом-10).
2. Шубҳалар қўзғаш, ёлғон даъволарни кўпайтириш

Мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган илоҳий таълимотни қоралаб, у ҳақда турли бўҳтонлар ва шубҳа-гумонлар тарқатишди. Халқни даъватдан ва даъват моҳияти ҳақида тафаккур юритишдан буткул тўсиш учун қўлларидан келган ҳамма чораларни кўришди. Улар Қуръон ҳақида:

«(Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар – кечаси уйқусида кўриб, кундузи тиловат қилаётган) – алоқ-чалоқ тушлардир» дейишди;

«Балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олган» (Анбиё-5) дейишди;

«Албатта унга (Қуръонни) бирон одам ўргатмоқда» (Наҳл-103) дейишди;

«(Бу Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (айрим аҳли китоблар) ёрдам қилган», дейишди» (Фурқон-4);

«(Бу) аввалгиларнинг афсоналаридир, (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур», дедилар.» (Фурқон-5).

Гоҳо улар: «Муҳаммаднинг ҳам бошқа коҳин-фолбинларга ўхшаб ўз жини ё шайтони бор», дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларини рад қилиб, шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушади.» (Шуаро-221,222). Яъни, улар гуноҳлар билан булғанган, фожир ва каззоб кимсага тушади, сизлар менинг на бирон ёлғон сўз айтганимни биласиз ва на менда бирон фисқу фужурни кўргансиз. Шундай экан, қандай қилиб Қуръонни шайтонлар туширган деб айтасиз?!

Гоҳо улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида: «Унга жунун етган, шоирлар каби хаёлига келган нарсаларни чиройли ва жозибадор сўзларга айлантириб ўқийди, у шоир, айтаётган сўзлари эса шеър» дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларини ҳам рад қилди: «Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?!» (Шуаро - 224-226). Шоирларда бўладиган мазкур учта сифатдан бирортаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламда кузатилмаган эди: у зотга эргашган кишилар ҳидоятланган ва ўзгаларни ҳам ҳидоятга бошловчи, тақводор, динда ҳам, хулқ-атворда ҳам, иш-ҳаракатларида ҳам солиҳ зотлар эди, уларда залолатнинг асари ҳам йўқ эди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шоирларга ўхшаб ҳар водийда дайдимас, фақат ягона Аллоҳга, битта дин ва битта йўлга даъват қилардилар. Яна У зот фақат ўзлари амал қиладиган сўзларни айтардилар, айтганларига амал қилардилар. Шундай экан, у зот қаердалар-у, шеър ва шоирлар қаёқда?!

Ҳоказо, Аллоҳ таоло мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Қуръонга ва Исломга қарши ўйлаб топаётган ҳар қандай шубҳаларини шу каби қаноатлантирарли жавоблар билан парчалаб ташлади.

Уларнинг асосий шубҳалари аввало тавҳид ҳақида, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари ҳақида, сўнгра ўлгандан сўнг Қиёматда қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб учун жамланиш ҳақида эди. Қуръон уларнинг тавҳид борасидаги барча шубҳаларига жавоб айтибгина қолмай, бу масалани ҳар томонлама изоҳлаб берадиган қўшимчаларни зиёда ҳам қилди, уларнинг олиҳаларининг нақадар ожиз эканини баён қилди. Мушрикларнинг қаҳр-ғазаблари алангаланишига сабаб шу бўлса ажаб эмас.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:33:52 | Сообщение # 45
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари хусусидаги шубҳаларига келсак, улар у зотнинг ростгўй, омонатдор, ғоятда солиҳ ва тақводор эканларини эътироф қилишса-да, бироқ нубувват ва рисолат мансабини инсон зотига берилишдан улуғ ва юқори нарса деб эътиқод қилишарди. Уларнинг эътиқоди бўйича, одамзот расул-элчи бўлолмас, расул инсон зотидан бўлиши мумкин эмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликларини эълон қилиб, ўзларига иймон келтиришга чақиргач, улар ҳанг-манг бўлиб қолдилар ва у зот ҳақларида: «Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди ва бозорларда юради?!» (Фурқон-7) дейишди;

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир инсон, Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас», дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларига жавобан деди: «Айтинг: «Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган... Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?!» (Анъом-91) Улар Мусонинг инсон эканини билишар ва эътироф этишарди. Уларга яна шундай жавоб бердики, ҳар бир қавм ўзларига келган пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор этаркан: «Сизлар ҳам ҳудди ўзимизга ўхшаган одамларсиз» дейишганди, шунда «Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам ҳудди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур» (Иброҳим-10, 11). Демак, пайғамбар ва расуллар одамлардан бўлади, пайғамбарлик билан инсонлик ўртасида зиддият йўқ.

Улар Иброҳим, Исмоил ва Мусо алайҳимус-саломнинг пайғамбар ва инсон бўлганликларини эътироф этишлари боис бу шубҳаларида қайсарлик билан қаттиқ тураверишдан наф йўқлигини тушуниб, бошқа томондан шубҳа қўзишди: «Аллоҳ ўзининг элчилигига шу бир етим ва мискиндан бошқасини тополмабдими, Макка ва Тоифнинг зодагонлари қолиб, шу мискинни элчи қиладими?! «Бу Қуръон икки қишлоқ(яъни Макка ва Тоифнинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар» (Зухруф-31). Аллоҳ таоло уларга жавобан нозил қилди: «Парвардигорингизнинг раҳматини ўшалар тақсимлайдиларми?!» (Зухруф-32). Яъни, рисолат ва ваҳий Аллоҳнинг раҳмати, «Аллоҳ Ўз рисолатини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом-124).

Шундан сўнг бошқа бир шубҳани ўртага ташлашди: Дунё подшоҳларининг элчилари дабдаба-ю асъасалар ичра, бир гуруҳ хизматкорлар ҳамроҳлигида юришади, ҳаётнинг ҳамма қулайликлари улар учун муҳайё, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси бўлса, унда нима учун тирикчилик ғамида бозорларга чиқади?! «Нега бу пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди ва бозорларда юради?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай, ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар» (Фурқон-7,8). Уларнинг бу шубҳаларига жавобан айтилдики: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчидир, яъни унинг вазифаси Аллоҳнинг рисолатини катта-ю кичик, кучли-ю кучсиз, бою камбағал, озоду қулга, ҳамма-ҳаммага етказишдир, агар у дунё подшоҳларининг элчилари каби дабдаба ва ҳашаматлар билан, хизматкору қўриқчилар орасида юрса, заиф ва бечора кишилар унинг ҳузурига етиб боришолмас ва ундан фойдаланиша олмас эди, ҳолбуки халқнинг асосий қисми ўшандай кишилар бўлади, демак у ҳолда рисолат-элчиликдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмай қолар ва у деярли фойда келтирмас эди.

Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилишлари ажабланиш, узоқ санаш ва ақлга сиғдиролмаслик жиҳатидан эди. Айтишардики:

«Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилар эканмизми?! Аввал ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам-а?!» (Соффат-16,17).

«Бу жуда узоқ (ақл бовар қилмайдиган) қайтишдир!» (Қоф-3) дейишарди.

Қайта тирилишни узоқ санаб: «Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шабҳасиз яна янгитдан яратиласизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми? У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?» - дедилар (Сабаъ-7,8).

Мана бундай мазмунда шеър ҳам айтишганди:

Ўлгандан сўнг тирилиш?!

Маҳшаргоҳда терилиш?!

Бу гаплар бари чўпчак,

Эски афсона, эртак!

Бу шубҳаларига дунёда жорий бўлаётган ишларни уларнинг кўз олдиларига олиб келиш билан жавоб берди. Чунончи, золим ўзи қилган зулмлар жазосини кўрмай ўлмоқда, мазлум ўзига зулм қилган кишидан интиқом ололмай ўлиб кетмоқда, муҳсин, солиҳ инсон солиҳлиги ва эҳсонининг мукофотини кўрмай дунёдан ўтмоқда, фожир, ёмон кимсанинг қилган ёмонликлари жазосиз қолмоқда. Агар ўлимдан сўнг қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, дунёда қилинган ҳар бир ишнинг жазо ва мукофотини бериш бўлмаса, ҳамма баробар қолаверар, балки золим ва фожир кимсалар мазлум ва солиҳ инсонлардан кўра бахтлироқ бўлган бўлур эдилар. Бу эса мутлақо ақлга тўғри келмайдиган бир иш. Аллоҳ таоло Ўзи яратган халқларнинг низомини бундай фасод устига бино қилиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтди:

«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қиламизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам-35,36).

«Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод-28).

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қиладилар-а?!» (Жосия-21).

Қайта тирилишни ақлга сиғдиролмасликларига жавобан Аллоҳ таоло шундай оятлар нозил қилди:

«(Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?!»(Ван-нозиот-27).

«Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилувчи кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот — Оллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Оллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир.» (Аҳқоф-33).

«Дарвоқеъ сизлар дастлабки пайдо бўлишларингиз (қандай бўлгани)ни билдинглар-ку! Бас, эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Воқеа-62).

Ақлий ва урфий жиҳатдан маъруф бўлган нарсани баён қилди, яъни қайта тирилтириш аввал бошда яратишдан кўра осондир:

«У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир.» (Рум-27).

«Биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз.» (Анбиё-104).

«Ахир Биз аввалги яратишга (яъни йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак тупроққа айланган жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожизлик қилмаймиз)» (Қоф-15).

Ҳоказо, уларнинг барча шубҳаларига ақли бор ҳар қандай одамни қаноатлантирадиган мана шундай кучли ва мантиқий жавоблар билан раддиялар берди. Бироқ, улар ер юзида зулму зўравонлик қилишни ва халқларга ўз фикрларини мажбуран ўтказишни истайдиган жанжалкаш, мутакаббир кимсалар бўлганидан ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрганча қолаверишди.
3. Одамларни Қуръонга қулоқ солишдан тўсиш ва аввалгиларнинг афсоналарини Қуръонга қарши қўйиш

Мушриклар шубҳалар қўзиш билангина чекланиб қолмай, балки қўлларидан келган ҳар қандай йўл билан одамларни Қуръонга ва Ислом даъватига қулоқ солишдан тўсишга уринишарди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъват қилишга ҳозирланаётганларини ёки у зотнинг намоз ўқиётганларини ва Қуръон тиловат қилаётганларини кўришса, одамларни узоқроққа ҳайдашар, шовқин-сурон кўтаришар, куй-қўшиқлар билан ўйин-кулгилар бошлаб юборишар эди. Аллоҳ таоло айтади: «Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», дедилар.» (Фуссилат-26). Ҳатто, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг йиғин ва мажлисларида уларга Қуръон оятларини тиловат қилишга фақатгина бешинчи йилнинг охирларига келибгина қодир бўлдилар. Шунда ҳам уларга ўз қасдларини олдиндан билдирмасдан, бирданига бошлаб юборардилар.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:35:06 | Сообщение # 46
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Қурайш шайтонларидан бири бўлган Назр ибн Ҳорис Ҳийрага бориб, у ердан форс шоҳлари ҳақидаги, Рустам ва Исфандиёр ҳақидаги ривоятларни ўрганиб келди. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Аллоҳни эслатиб, уларни Аллоҳ азобидан огоҳлантирмоқчи бўлсалар, Назр ибн Ҳорис ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан етиб келарди.

- Аллоҳга қасамки, Муҳаммад менчалик яхши гапира олмайди,- деб одамларга форс шоҳлари, Рустаму Исфандиёр ҳақида гапира бошларди. Сўнг «Муҳаммад нимаси билан мендан яхшироқ гапиради?!», дерди.[6]

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоятида айтилишича, Назр ибн Ҳорис қўшиқ айтадиган жория сотиб олиб, кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мойиллик билдирганини эшитиб қолса, уни етаклаб жориясининг ёнига олиб келар, жорияси ҳалиги одамга таом узатиб, шароблар қуйиб бериб, қўшиқлар куйлаб, унинг Исломга мойиллиги йўқолмагунга қадар машғул бўларди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти Назр ибн Ҳорис хусусида нозил бўлган: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг Йўлидан оздириш учун ва у (Йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур.» (Луқмон-6).[7]

[1] Ибн Асир, «Комил»: 1/584, 585.

[2] Саҳиҳул Бухорий (2753, 3525-3527, 4771-ҳ), Саҳиҳ Муслим (1/114), Жомеут-Термизий: Шуаро сураси тафсири.

[3] Ибн Ҳишом : 1/271, Байҳақий, Абу Нуайм ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар.

[4] Ибн Ҳишом: 1/172.

[5] Муснаду Аҳмад: 3/294, 4/341, Ал-бидая ван-ниҳая: 5/75, Канзул-уммал: 12/449, 450.

[6] Ибн Ҳишомдан қисқартирилган ҳолда келтирилди.

[7] «Ад-дуррул-мансур»: Луқмон сурасининг тафсири.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:36:20 | Сообщение # 47
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Мўминларга қилинган зулмлар

Нубувватнинг тўртинчи йили бошларидан ошкор қилинган даъватга қарши Қурайш мушриклари юқоридаги услубларни бирма-бир қўллаб кўрдилар. Ҳафталар, ойлар шу зайлда ўтди. Мушриклар ҳали таъқиб ва тазйиқ йўлига ўтишмаган эди. Бироқ улар юқоридаги чора-тадбирлари даъватга қарши ҳеч қандай фойда бермаётганини кўргач, яна бир бор маслаҳат учун йиғилдилар. Ўзаро маслаҳат ва мунозарадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳобларига қарши қатъий қарорга келишди. Улар Исломга қарши кураш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш, динга кирганларни қийноққа солиш ва уларга қарши турли жазо чораларини қўллаш йўлида ҳеч нарсани аямасликка қарор қилишди.

Қурайш ана шу қарорнинг татбиқига киришди. Ҳар бир қабила бошлиғи ўз қабиласидан Исломни қабул қилган кишиларини ўзи турли-туман қийноққа сола бошлади. Ҳар бир саййид ўзининг иймон йўлини танлаган қулига азоб берарди.

Табиийки, зодагон ва оқсоқолларнинг думлари ва малайлари ҳам ўз хожаларини рози қилиш учун ҳар қандай разилликдан қайтишмасди, мусулмонларга, айниқса, улар ичидаги ожизу нотавон кишиларга нисбатан даҳшатли азобларни қўллашар, улар қилган ваҳшийликларни эслашдан кишининг эти сесканади.

Абу Жаҳл бирон-бир обрўли ва ҳимоячилари бор одамнинг Исломга кирганини эшитиб қолса, унга қаттиқ дашномлар бериб, обрўсини тўкар ва мол-давлати ҳамда обрў-эътиборини йўқотиб юбориши билан таҳдидлар қиларди. Агар Исломга кирган киши заиф-ҳимоясиз мўминлардан бўлса, уни урар, бошқаларни ҳам унга қарши гиж-гижларди.[1]

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ўзининг амакиси хурмо баргларидан тўқилган бўйрага ўраб, тагидан тутун тутатарди.[2]

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг онаси ўғлининг мусулмон бўлганини билгач, унга овқат бермай қўйди ва уйидан ҳайдаб чиқарди. Илгари яхши еб-ичиб юрган Мусъаб розияллоҳу анҳунинг терилари қуруқшаб, илон терисига ўхшаб қолди.[3]

Суҳайб ибн Синон ар-Румий ўзига берилган азобнинг зўридан ҳушидан айрилиб, нима деяётганини билмай қоларди.[4]

Билол розияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули эди. Умайя унинг бўйнига арқон боғлаб, ёш болаларнинг қўлига бериб қўяр, улар Билол розияллоҳу анҳуни Макка тоғларида арқон билан етаклаб юришар, у эса “Аҳад! Аҳад!” дерди. Қаттиқ тортишганидан бўйнида арқон излари кўриниб турарди. Умайя Билол розияллоҳу анҳуни маҳкам боғлаб қўйиб калтаклар, қуёшнинг тиғида ўтиришга мажбур қилар ва оч қолдирар эди. Энг қаттиқ азоби-айни кун қизиган пайтда Билол розияллоҳу анҳуни Макка дараларига олиб чиқиб, ерга ётқизар ва устидан катта тошни бостиришга амр қиларди. «Аллоҳга қасамки, ё шу ҳолатда ўлиб кетасан ёки Муҳаммадга куфр келтириб, Лот ва Уззога ибодат қиласан», деб зуғум қиларди Аллоҳнинг душмани. Кўкрагидан улкан тош босиб ётган Билол розияллоҳу анҳу эса: «Аҳад! Аҳад!», яъни Аллоҳ бир, ягона дер, «Агар бундан кўра ҳам ғазабингизни қўзғовчироқ бирон сўз билсам, албатта айтган бўлардим», деб қўшиб қўярди.

Бир куни Билол розияллоҳу анҳуни яна шундай қийнаб турганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Сиддиқ розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни бир қора қул бадалига сотиб олди. Баъзилар беш ёки етти уқия кумуш эвазига сотиб олиб, озод қилган дейишади.[5]

Бану Махзумнинг мавлоси (озод қилинган қули) бўлган Аммор ибн Ёсир[6] розияллоҳу анҳу ота-онаси билан биргаликда Исломни қабул қилган эди. Мушриклар Абу Жаҳл бошчилигида бу мўмин оилани кун қизиган пайтда Макка дараларига олиб чиқиб, унинг қайноқ ҳарорати билан азобларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азобга солинган Аммор ва унинг ота-онаси ёнидан ўтар эканлар, шундай дедилар: «Эй Ёсир оиласи, сабр қилинглар, сизларга ваъда қилинган жой жаннатдир!» Ёсир қийноқ остида жон берди. Амморнинг онаси Сумайяни эса Абу Жаҳл остидан найза тиқиб ўлдирди. Сумайя Исломдаги энг биринчи шаҳида саналади. У Сумайя бинт Хайёт Абу Ҳузайфа ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ Махзумийнинг озод қилган чўриси бўлиб шаҳид қилинганда ёши улуғ, нимжон аёл эди. Мушриклар Аммор розияллоҳу анҳуга бир сафар қаттиқ иссиқ билан, бошқа сафар кўкрагига қип-қизил тош бостириб ва яна бир гал эса сувга пишиб, қаттиқ азоблар беришди. «Муҳаммадни ҳақорат қилмагунингча ёки Лот ва Уззо ҳақида яхши гап айтмагунингча сени тинч қўймаймиз», дейишарди мушриклар. Қийноқ остида уларнинг айтганларини қилишга мажбур бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу кўзларидан ёш оқизиб, узр сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» (Наҳл-106).[7]

Абу Фукайҳа - исми Афлаҳ - Бану Абдуд Дорнинг мавлоси, асли Азддан эди. Мушриклар унинг оёқларига темир кишан солиб, кун қизиб авжига чиққан пайти олиб чиқишар, кийимларини ечиб, ёткизиб, устига катта харсангтошни қўйиб қўйишар, қимир этолмасдан шу ҳолда ётавериб, ҳушини йўқотар эди. Бир марта оёғини арқон билан боғлаб, судрадилар, сўнг қизиган қум-тошлар устига ташлаб, қаттиқ бўғдилар, ҳатто ўлди деб гумон қилишганди, ўлмай қолган экан. Шу пайт Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтиб қолиб уни сотиб олдилар ва Аллоҳ йўлида озод қилдилар.[8]

Хаббоб ибн Арат Умму Анмор бинти Сибаъ Хузоийянинг қули эди. У темирчи бўлган, исломни қабул қилгач, хожаси унга ўт билан азоб берди, қиздирилган темирни унинг орқаларига ва бошига босиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга куфр келтиришга мажбурлар, бу эса унинг иймон ва Исломига заррача путур етказолмас эди. Мушриклар ҳам уни жуда қаттиқ қийнашди. Сочларидан ушлаб куч билан тортишди, бўйнини бураб-бураб қийнашди. Бир марта ёниб турган ўт устига ётқизишди, сўнг устидан тош бостиришди, ҳатто баданидан эриб оққан ёғ ўтни ўчириб қўйди.[9]

Зиннира румлик жория эди. У ҳам исломи сабабли қаттиқ азобга дучор бўлиб, кўзи кўрмай қолди. Мушриклар унга: «Лот ва Уззо сени кўзингдан маҳрум қилишди», дейишганда: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас, бу Аллоҳ тарафидандир, агар Аллоҳ истаса Ўзи шифо беради», деди. Эртаси эрталаб кўзи тузалган ҳолда уйғонди. Шунда Қурайш: «Бу Муҳаммаднинг сеҳрларидан биттаси», дейишди.[10]

Бану Зуҳранинг жорияси Умму Убайс Исломни қабул қилганди. Мушриклар, хусусан ўзининг хожаси Асвад ибн Абду Яғус уни қийноққа соларди. Бу кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ашаддий душманлардан ва у зотни масхара қилувчилардан бири бўлган.[11]

Бану Адий уруғидан бўлмиш Умар ибн Муаммалнинг жорияси Исломни қабул қилганди, ўша кунларда мушрик бўлган Умар ибн Хаттоб уни чарчагунга қадар урарди. Уриб чарчагач, «Сени инмондан ноумид бўлмагунингча тек қўймайман», дерди. Шунда у: «Раббинг сени ҳам худди шундай қилади», дерди.[12]

Наҳдия ва унинг қизи ҳам Исломни қабул қилгани туфайли азобга йўлиққан жориялардан эди. Улар Бану Абдуддорлик бир аёлнинг чўрилари эди.[13]

Қийноққа солинган қуллардан бири Омир ибн Фуҳайра эди. У ҳам қийноқнинг зўридан ўзидан кетиб, нима деяётганини билмай қоларди.[14]

Мазкур жория ва қулларни Абу Бакр — Аллоҳ уларнинг ҳаммаларидан рози бўлсин — мушриклардан сотиб олиб озод қилди. Отаси Абу Қуҳофа уни бу иши учун койиб: «Сен фақат заиф қул-чўриларни озод қилаяпсан, бунинг ўрнига куч-қувватли эркакларни озод қилсанг, ўзингни ҳимоя қилишар эди», деганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Мен бу ишим билан Аллоҳ юзини истаяпман» деб жавоб берди. Аллоҳ таоло Абу Бакрни мақтаб, душманларини эса маломат қилиб, қуйидаги оятларни туширди:

«Бас, (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан - дўзахдан огоҳлантирдим. Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур!» (Вал-лайл: 14-16 оятлар). Бу кимса Умайя ибн Халаф ва унинг ҳамтовоқларидир.

«Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор киши у (дўзах)дан йироқ қилинур. У (тақводор киши) ҳузурида - зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди). У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини истаб (мол-давлатини сарф қилур). Ва яқинда (Парвардигори унга ато этадиган мукофот - жаннат неъматларидан) рози бўлур.» У Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудир. (Вал-лайл: 17-21 оятлар).


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
abdullohДата: Чоршанба, 20.05.2009, 9:37:31 | Сообщение # 48
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзига ҳам озорлар етди. Навфал ибн Хувайлид ал-Авфий у билан Талҳа ибн Убайдуллоҳни намоздан ва диндан тўсиш учун иккисини бириктириб битта арқонга боғлаб қўйди, бироқ бунинг фойдаси бўлмади. Улар ундан қўрқмадилар, шу ҳолатда ҳам биргаликда намоз ўқийвердилар. Мана шу воқеа сабабли бу икковлари қаринайн (боғланганлар) деб аталдилар. Баъзи ривоятларда уларни боғлаб қўйган одам Талҳанинг акаси Усмон ибн Убайдуллоҳ эди, дейилади.[15]

Хуллас, мушриклар бирон кишининг Исломга кирганини билишди дегунча унга озор ва қийноқларни ёғдиришар, бу иш мусулмонларга, хусусан, уларнинг заиф-бечораларига нисбатан жуда осон эди. Зеро, уларнинг тарафини оладиган ва ҳимоялайдиган киши йўқ эди. Аммо Исломни қабул қилган бообрў ва эътиборли кишиларга нисбатан иш бироз қийинроқ эди. Чунки, улар қавмлари тарафидан ҳимоя ва кучга эга эдилар. Шу боис уларга озор етказиш учун қавмнинг оқсоқолларигина журъат қила олар, бу ҳам қаттиқ эҳтиёткорлик билан бўларди.

Мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабатлари

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан аҳвол қандай эди?! Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўсту-душман ҳурмат кўзи билан қарайдиган, нодир табиатли, ажиб виқорли улуғ инсон эдилар. Фақат ҳурмат ва иззат-икромга муносиб бўлган бундай Зотга қарши разиллик қилмоқ ёлғиз нодон ва ўта паст кимсаларнинг қўлидан келарди. Бунинг устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макканинг таниқли кишиларидан бўлмиш Абу Толибнинг ҳимоясида эди. Насл-насаб ва одамлар ўртасидаги ҳурмат-эътибор борасида юқори мавқега эга бўлган Абу Толибдек кишининг ҳимоясини бузиб, унинг жигарига қарши қўл кўтаришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Шунинг учун Қурайш нима қилишни билмай қолди. Юзага келган вазият уларни бу боши берк кўчадан оқибати ёмон бўлмайдиган равишда чиқиб кетишлари учун соғлом фикр юритишга мажбур қилди. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят энг катта масъул шахс – Абу Толиб билан келишув йўлини тутишга, бироқ у билан сўзлашувда ғоят ҳикмат ва жиддийликни лозим тутишга, шу билан бирга уни ўз фикрларига бўйсиндириш учун бироз махфий таҳдиду пўписа билан чўчитишга қарор қилишди.

Қурайш вакиллари Абу Толиб ҳузурида

Ибн Исҳоқ ёзади: «Қурайш улуғларининг бир неча нафари Абу Толибнинг олдига келиб шундай дейишди:

- Эй Абу Толиб, жиянингиз олиҳаларимизни ҳақорат қилди, динимизни ёмонлади. Бизни нодонга чиқариб, ота-боболаримизни адашганлардан деди. Сиз жиянингизни тўхтатинг ёки у билан бизнинг ўртамизни очиб қўйинг. Ахир сиз ҳам худди биз каби унинг йўлига юрмагансиз-ку! Ўзимиз сизга уни тинчитиб берамиз!

Абу Толиб уларга юмшоқ гапириб, чиройли муомала қилди. Қурайш вакиллари қайтиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз йўлларида собит туриб, Аллоҳ динини ёйиш ва унга даъват қилишда давом этдилар.[16]

Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз даъватларида давом этаверишларини кўргач, бунга узоқ чидаб туролмади ва Абу Толибга иккинчи маротаба мурожаат қилишга, бу сафар аввалгисидан қаттиқроқ муомала қилишга қарор қилди.

Қурайш Абу Толибга пўписа қилади

Қурайш улуғлари Абу Толибнинг олдига келиб, шундай дейишди:

- Эй Абу Толиб, сиз бизнинг ёши улуғ, обрўли, эътиборли кишимизсиз. Биз сиздан жиянингизни тийиб қўйишингизни талаб қилдик, сиз ундай қилмадингиз. Аллоҳга қасамки, биз энди оталаримизнинг ҳақорат қилинишига, муқаддас туйғуларимизнинг топталишига, олиҳаларимизнинг айбланишига сабр қила олмаймиз. Ё сиз уни тўхтатасиз, ёки унга қўшиб сиз билан ҳам уришамиз. Майли, икки томоннинг бири ҳалок бўлсин.

Бу таҳдид ва қаттиқ талаб Абу Толибни ғамга солди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиртириб келиб деди:

- Эй жияним, қавмингиз келиб менга шундай-шундай деб кетди. Менга ҳам, ўзингизга ҳам раҳмингиз келсин. Мен кўтара олмайдиган нарсани устимга юкламанг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, амаким мени ҳимоясиз қолдирмоқчи, у менга ёрдам беришдан ожиз қолибди, деб ўйладилар.

- Эй амаки, Аллоҳга қасамки, шу ишни тарк қилгин, деб эвазига ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни қўйсалар ҳам, то Аллоҳ шу динни ғолиб этгунга қадар ёки шу йўлда ҳалок бўлгунимгача уни тарк қилмасман.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлиб кетиб, йиғлаб юбордилар ва ўрниларидан турдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бурилиб кетар эканлар, Абу Толиб у кишини чақириб ўзига қаратди ва шундай деди:

- Боринг эй жияним, хоҳлаган гапингизни гапиринг. Аллоҳга қасамки, сизни ҳеч қачон ҳеч нарса учун ташлаб қўймайман.[17]

Сўнг қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

То тупроқни ёстиқ қилиб, қаро ерни қучгунча,

Қасам ичиб айтаманким, мен уларни тўсгайман.

Ошкор айтинг сўзингизни, маҳзун бўлиб юргунча

Қувнанг, токи кўзингизда доим шодлик кўргайман.[18]


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Душанба, 25.05.2009, 10:51:48
 
abdullohДата: Душанба, 25.05.2009, 10:53:11 | Сообщение # 49
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Қурайш яна Абу Толиб ҳузурида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват йўлида давом этаётганларини кўрган Қурайш Абу Толибнинг ўз жиянидан воз кечмаганини тушунди. Демак, у жиянини деб қавмидан ажралишга ва улар билан душман бўлиб қолишга рози. Шундан сўнг Қурайш Валид ибн Муғийранинг Аммора исмли ўғлини олиб Абу Толибнинг олдига келди.

- Эй Абу Толиб, мана бу Қурайшнинг энг етук ва кўркам йигити. Сен шу йигитни ол. Унинг ақли ва кучи сеники. Уни ўзингга фарзанд қилиб ол, у сеники бўлади. Сенинг ва оталарингнинг динига қарши чиққан, қавмингнинг бирлигига путур етказган ва уларни нодонга чиқарган анави жиянингни эса бизга топшир. Биз уни ўлдирамиз. Ўшанда жон бошига жон бўлади.

- Аллоҳга қасамки, сизлар менга нақадар ёмон таклиф айтдингиз. Сизлар менга фарзандингизни берасизлар, мен уни сизларнинг ўрнингизга едириб-ичирайин-да, сизларга ўз ўғлимни берайин, сизлар уни ўлдиринглар?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, бу ҳеч қачон бўлмайдиган иш.

Шунда Мутъим ибн Адий ибн Навфал ибн Абдуманоф гапга аралашди:

- Эй Абу Толиб, Аллоҳга қасамки, қавмингиз сизга инсоф қилди. Улар сиз ҳам ёмон кўрадиган нарсадан қутилишмоқчи. Сиз эса, кўриб турибманки, уларнинг ҳеч бир таклифини қабул қилмоқчи эмассиз.

- Йўқ, Аллоҳга қасамки, улар менга нисбатан инсоф қилишмади. Бироқ сен мени кўмаксиз қолдиришни ва менга қарши уларнинг ёнини олишни истаяпсан. Бор, билганингни қил! - деб жавоб берди Абу Толиб.[19]

Қурайшнинг Абу Толиб билан олиб борган ҳар икки музокараси муваффақиятсиз тамомлангач ва Абу Толибни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъватларидан тўсишга кўндириша олмагач, Қурайш шу пайтгача қўл уришга ботинмай келган ишни қилишга – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши очиқдан-очиқ тажовуз йўлини тутишга қарор қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши тажовузлар

Қурайш Ислом даъвати майдонга чиққанидан бери ўзи улуғ санаб ва эҳтиром қилиб келган одобу андишаларнинг ҳаммасини бир чеккага суриб қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши ўзининг тажовузкорона ҳаракатларини бошлади. Албатта бу разилликнинг бошида ҳам Абу Лаҳаб турарди. Аслида Абу Лаҳаб ҳали Қурайш бундай қарорга келишидан анча илгари ўз «фаолият»ини бошлаган эди. Биз унинг Бану Ҳошим йиғинида ва Сафо тоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай муносабатда бўлганини юқорида айтиб ўтдик. Бир ривоятда Сафо тоғида Абу Лаҳабнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уриш учун қўлига тош олганлиги нақл қилинган.

Абу Лаҳаб Утба ва Утайба исмли икки ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизи - Руқайя ва Умми Кулсумга уйлантирган эди. Рисолатдан кейин Абу Лаҳаб ўғилларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларини талоқ қилишни қаттиқ туриб талаб қилди. Утба ва Утайба Руқайя ва Умми Кулсумнинг жавобини берди.[20]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккинчи ўғиллари Абдуллоҳ вафот этганида Абу Лаҳаб қувончга тўлиб, ўз ҳамтовоқларидан «Муҳаммад абтар-насли давом этмайдиган бўлди!» деб суюнчи олиш учун югурганди.[21]

Абу Лаҳаб ҳаж мавсумида ва бозорларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан изма-из юриб у кишини нафақат ёлғончига чиқарарди, балки Ториқ ибн Абдуллоҳ Муҳорибий ривоят қилишича, тош отиб Пайғамбаримизнинг товонларини қонга бўярди.[22]

Абу Лаҳабнинг хотини – Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглиси Умму Жамил Арво бинти Ҳарб ибн Умайя – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилишда эридан қолишмасди. У кечаси тикан ташиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига ва эшикларининг олдига сочиб кетарди. Умму Жамил тили ёмон хотин бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турли бўҳтон ва туҳматларни тўқир, фитна оловига мой сепиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши имкони борича одамларни қайрарди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бу аёл «حمالة الحطب», яъни «тинмай ўтин орқалайдиган аёл» деб таърифланди. Умму Жамил ўзи ва эри ҳақида нозил бўлган илоҳий оятларни эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни излаб келди. Пайғамбаримиз Масжидул Ҳаромда Абу Бакр билан ўтирган эдилар. Қўлини тошга тўлдириб олган Умму Жамил у иккисининг олдига келиб тўхтади. Аллоҳ таоло унинг кўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмайдиган қилиб қўйди. Мушрика аёл фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳунигина кўрарди.

- Эй Абу Бакр, соҳибинг қани? Эшитишимча, у мени ҳажв қилибди. Аллоҳга қасамки, агар уни топсам, оғзига мана шу тош билан ураман. Мен ҳам шоираман, - деди-да, Умму Жамил қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

Музаммамга осий бўлдик,

Унинг ишин инкор қилдик,

Динини ҳам ёмон кўрдик.

Сўнг Умму Жамил кетди. «Ё Расулуллоҳ - деб сўради Абу Бакр, - у сизни кўриб турувди-ку?

- У мени кўрмади, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Аллоҳ унинг кўзини мендан тўсди.[23]

Абу Бакр ал-Баззор ривоятида мазкур қисса қуйидагича берилган:

- Эй Абу Бакр, соҳибинг мени ҳажв қилибди, - деди Умму Жамил.

- Асло ундай эмас! Мана шу уйнинг Эгасига қасамки, у шеър тўқимайди, шеър ўқимайди.

- Сен ростгўй одамсан, - деди Умму Жамил.[24]

Абу Лаҳаб расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси ва ён қўшниси бўла туриб худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа қўшнилари каби у кишига уйларида турган ҳолларида озор берарди.

Ибн Исҳоқ ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз уйларида ҳам озор берувчилар - у кишининг қўшнилари бўлган Абу Лаҳаб, Ҳакам ибн Абул Ос ибн Умайя, Уқба ибн Аби Муийт, Адий ибн Ҳамро Сақафий ва Ибнул Асдо Ҳузалийлар эди. Улардан фақатгина бир нафари - Ҳакам ибн Абул Ос кейинчалик Исломни қабул қилди.[25] Бу кимсаларнинг бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида у кишининг устиларига қўйнинг бачадонини олиб келиб ташласа, бошқаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун осилган қозонга уни ташлаб кетарди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида улардан сақланиш учун тўсиқ қилиб оладиган бўлдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларига қўйнинг бачадонини ташлаб кетишса, уни бир чўпга илиб олиб чиқардилар-да, эшикларининг ёнида туриб: «Эй Бану Абду Маноф, бу қандай қўшничилик бўлди?!» дердилар. Сўнг уни бир четга ташлаб юборардилар.[26]

Айниқса Уқба ибн Аби Муийт ўзининг бадбахт ва ярамаслиги билан ажралиб турарди. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбада намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл ва унинг ҳамтовоқлари ҳам шу ерда ўтирганди. Улар: «Қай бирингиз фалончи сўйган туянинг қоғоноқ[27]ини олиб келиб Муҳаммад сажда қилганда унинг устига ташлайди?» - дейишди бир-бирига. Шунда қавмнинг энг бадбахти - Уқба ибн Аби Муийт ўрнидан қўзғалиб, ўша нарсани олиб келди ва кутиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида уни икки елкалари ўртасига ташлади. Мен ҳаммасини кўриб турсам-да, ҳеч нарса қилолмасдим. Қанийди, менинг ҳимоям бўлганида! Улар бундан роҳатланиб кулганларидан бир-бирларига суяниб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамон сажда қилиб турардилар. Фотима келиб елкаларидан ўша нопокликни олиб ташлагунга қадар саждадан бош кўтармадилар. Сўнг бошларини кўтардилар.

- Эй Аллоҳим, Қурайшнинг жазосини Ўзинг бергин! - деб уч марта дуоибад қилдилар. Бу уларга оғир келди. Чунки улар бу шаҳарда қилинган дуо ижобат бўлади, деб билишарди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Аллоҳим, Абу Жаҳлни, Утба ибн Рабиани, Шайба ибн Рабиани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Аби Муийтни Ўзинг жазолагин!», деб номма-ном санадилар - Еттинчисининг исмини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам санаганлар, лекин саҳобий уни эслай олмади - Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номма-ном санаган кишиларнинг жасадини Бадр чоҳига ташланганини аниқ кўрдим.»[28]

Умайя ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганида ҳақоратлаб, айбларди. Қуйидаги оятлар унинг ҳақида нозил бўлди: «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай». («Ҳумаза»-1).

Ибн Ҳишом ёзади: Ҳумаза - кишини ошкора ҳақорат қилиб, кўзларини қисиб, ғамза-ишоралар қилувчи кимса. Лумаза эса одамларга орқаваротдан айблаб, озор берувчи кимса.[29]

Умайя ибн Халафнинг укаси Убай ибн Халаф Уқба ибн Аби Муийт билан қалин дўст эди. Бир сафар Уқба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтириб, у кишини тинглаганида, бундан хабар топган Убай Уқбани қаттиқ койиди ва ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига туфлашни талаб қилди. Уқба унинг талабини адо этди. Убай ибн Халафнинг ўзи эса чириган суякни майдалаб, сўнг уни шамолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон учирди.[30]

Ахнас ибн Шариқ Сақафий ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмонлик қилувчилар сафида эди. Қуръони Карим уни тўққизта сифат билан сифатлади. Бу сифатлар унинг қандай ярамас кимса бўлганлигини кўрсатиб туради: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна Сиз ҳар бир тубан, қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!» (Қалам-10-13).

Баъзида Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Қуръон эшитарди. Сўнг иймон келтирмасдан, итоат қилмасдан, одоб олмасдан, Аллоҳдан қўрқмасдан кетарди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тили билан озор бериб, Аллоҳ йўлига тўсқинлик қилиб, боз устига гўё зўр иш қилган кишидек ана шу қилмишидан ғурурланиб, қўл урган гуноҳидан фахрланиб юрарди. Қуйидаги оятлар унинг хусусида нозил бўлди: «На (Қуръон ва Пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди! Балки у (Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди! Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди!...» (Қиёмат-31-33).


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.


Сообщение отредактировал abdulloh - Душанба, 25.05.2009, 10:54:05
 
abdullohДата: Душанба, 25.05.2009, 10:56:29 | Сообщение # 50
Master
Группа: Проверенные
Сообщений: 167
Статус: Offline
Абу Жаҳл Ҳарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётганини кўрган илк кунлариданоқ у зотни намоздан қайтармоқчи бўларди. Бир сафар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мақоми Иброҳимда намоз ўқиб турганларида Абу Жаҳл «Эй Муҳаммад, сени бундан қайтармаганмидим?!» деб таҳдидлар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қаттиқ гапириб уришиб бердилар.

- Эй Муҳаммад, нимангга ишониб менга таҳдид қилаяпсан? Аллоҳга қасамки, мен шу водийнинг энг ёрдамчиси-жамоаси кўп кишиси бўламан - деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил этди: «Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!» (Алақ-17).

Яна бир ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Жаҳлнинг бўйнидан ушлаб, силкитиб шундай деганлар: «Ўлим бўлсин сенга, ўлим! Сўнгра яна ўлим бўлсин, ўлим!» (Қиёмат-34,35).

Шунда Аллоҳ душмани деди: «Эй Муҳаммад, менга таҳдид қилаяпсанми? Аллоҳга қасамки, сенинг ҳам, Робингнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ахир мен Макканинг икки тоғи ўртасида юрган кишиларнинг энг қудратлиси бўламан.»[31]

Ана шу қайтариқдан кейин ҳам Абу Жаҳл эсини йиғиб олмади. Аксинча, унинг бадбахтлиги яна ҳам зиёда бўлди. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Жаҳл: - Муҳаммад сизларнинг олдингизда ҳам юзини тупроққа белайдими? - деб сўради.

- Ҳа! - дейишди.

- Лот ва Уззога қасамки, агар уни кўрсам бўйнидан босиб, юзини ерга ишқайман! - деди Абу Жаҳл. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида у кишининг бўйинларини оёғи билан босиш учун келди. Бирдан орқасига тисланиб, қўллари билан ўзини ҳимоя қилди.

- Сенга нима бўлди, Эй Абул Ҳакам! - сўрашди мушриклар.

- У билан менинг ўртамда оловли чоҳ ва даҳшатли қанотлар (пайдо бўлди)! - деди Абу Жаҳл.

- Агар менга яқинлашганида, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - фаришталар уни бўлак-бўлак қилиб ташларди.»[32]

Бу айтиб ўтилганлар ўзларини Аллоҳнинг хос бандалари ва Унинг Ҳарами аҳли ҳисобловчи золим мушриклар тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар устига ёғдирилган азобу уқубатларнинг кичик бир парчаси эди.

Тўхтовсиз давом этаётган ана шундай тазйиқлар мусулмонларни бошларига ёпирилиб келаётган бу балодан қутқариб қолиш ва имкон қадар унинг босимини камайтириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатъий чоралар ихтиёр қилишларига сабаб бўлди. У зот даъватни ўз йўлида давом этишига катта таъсир кўрсатган иккита ҳикматли режани қабул қилдилар:

1) Арқам ибн Абу Арқам ал-Махзумийнинг ҳовлисини даъватнинг маркази ва тарбия ўчоғи қилиб танладилар;

2) Мусулмонларни Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрдилар.

Арқам ҳовлиси

Мазкур ҳовли Сафо тоғи этагида жойлашган бўлиб, ёмонларнинг назаридан четда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар билан яширинча учрашув жойи қилиб танладилар. У зот бу ерда мусулмонларга Аллоҳнинг оятларини ўқиб берар, уларни тарбиялар, Қуръону Суннатни ўргатар, мусулмонлар у ерда ибодатларини адо этишар, Аллоҳ пайғамбарига нозил қилган ваҳийни у зотдан хотиржам ва хавф-хатардан холи қабул қилиб олишар, Исломни қабул қилишни истаганлар золимларга билдирмай, шу ерга келиб қабул қилишар эди.

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Исломни ошкор қилмасликни буюришлари ва улар билан фақат яширинча учрашишлари айни ҳикмат эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар билан ошкора учрашсалар, мушриклар албатта у кишининг кўзлаган мақсадларига - мўминларни поклаш, уларга Қуръон ва суннат таълимини бериш ишларига тўсқинлик қилган бўлишарди. Эҳтимол бу икки томоннинг тўқнашувига ҳам олиб келиши мумкин эди. Ҳатто худди шундай бир иш бўлиб ҳам ўтди: Саҳобалар тоғ этакларида тўпланиб, яширинча намоз ўқишарди. Қурайш кофирларининг бир нечтаси уларни кўриб қолиб, ҳақоратлар қилди ва уришди. Шунда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу бир мушрикни уриб, қонига бўяди. Бу Ислом йўлида тўкилган биринчи қон эди.[33]

Маълумки, бу хил тўқнашувларнинг такрорланиши мусулмонларнинг мағлубияти ва ҳалокатига олиб борарди. Бинобарин, ҳикмат тақозоси билан даъват махфий тутиларди. Саҳобаларнинг аксарияти ўзларининг Исломларини, ибодатларини, даъватларини ва йиғилиб туришларини яширишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса мушрикларнинг орасида даъватларини ва ибодатларини ошкора қилардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлидан ҳеч нарса тўса олмасди. Бироқ Пайғамбаримиз саҳобалар ва Исломнинг фойдасини ўйлаб, мусулмонлар билан яширинча учрашардилар.

[1] Ибн Ҳишом: 1/320.

[2] «Раҳматан лил-аламийн»: 1/57.

[3] «Усдул-ғоба»: 4/406, «Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар»: 60-с.

[4] «Ал-исоба»: 3,4/255, Ибн Саъд: 3/248.

[5] Ибн Ҳишом: 1/317,318. Ибн Касир тафсири: «Наҳл» сураси 106-ояти тафсири. Бир уқия 37.44 гр га тўғри келади.

[6] «Усдул-ғоба» да Аммор ибн Ёсирнинг ҳақларида шундай дейилади: Ёсир ибн Омир Ансий икки оғаси билан Ямандан ўз акасини излаб Маккага келади. Икки оға Яманга қайтади Ёсир эса шу ерда қолиб Бану Махзумдан бир чўрига уйланади. Ундан Амморни кўради. Кейинчалик чўрининг саййиди Абу Ҳузайфа ибн Муғийра чўрисини озод қилиб юборади. Аммор онаси Сумайяга қўшилиб озод бўлади. Шундай қилиб Бану Махзум Амморнинг валийсига, Ёсирнинг эса иттифоқчисига айланиб қолади.

[7] Ибн Ҳишом: 1/139,320. Табақоту Ибн Саъд: 3/248,249. Ад-дуррул-мансур: «Наҳл» сураси 106-ояти тафсири.

[8] Усдул-ғоба: 5/248, Ал-Исоба: 7,8/152.

[9] Усдул-ғоба: 1/591, 592. Талқиҳул-фуҳум: 60-с.

[10] Табақоту Ибн Саъд: 8/256, Ибн Ҳишом: 1/318.

[11] Ал-исоба: 7,8/258.

[12] Ибн Ҳишом: 1/319, Табақоту Ибн Саъд: 8/256.

[13] Ибн Ҳишом: 1/318, 319

[14] Табақоту Ибн Саъд: 3/248.

[15] Усдул-ғоба: 2/468.

[16] Ибн Ҳишом: 1/256.

[17] Ибн Ҳишом 1/165, 166.

[18] Далоил ун-нубувва лил-Байҳақий: 2/188.

[19] Ибн Ҳишом: 1/266, 267.

[20] Табароний Қатодадан ривоят қилган. Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, Қурайш ҳам бунга қаттиқ уринган. Ибн Ҳишом: 1/652.

[21] Атодан ривоят қилинган, Ибн Касир тафсири: Кавсар сураси.

[22] Канзул-уммол: 12/449.

[23] Сийрату Ибн Ҳишом: 1/335, 336. Муҳаммад-мақталган, Музаммам эса қораланган дегани. Мушриклар адоватлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларининг тескарисини айтиб, у зотни ўзларича пастга урардилар (Ат-Тарих лил-Бухорий: 1/11, Саҳиҳул-Бухорий маъал фатҳ: 7/162, Муснаду Аҳмад: 2/244, 340, 369.)

[24] Бу қиссани Ҳоким, Табароний, Абу Яъло, Абу Нуайм ва бошқалар бироз фарқли кўринишда ривоят қилганлар.

[25] У Умавий халифа Марвон ибн Ҳакамнинг отаси эди.

[26] Ибн Ҳишом: 1/416.

[27] Қоғоноқ – бачадонда болани ўраб турадиган парда, йўлдош.

[28] Саҳиҳул Бухорий: Китобул вузуъ: 1/37ҳ. (Еттинчиси Аммора ибн Валид экани 520-ҳадисда очиқ айтилган).

[29] Ибн Ҳишом: 1/356, 357.

[30] Ибн Ҳишом: 1/361, 362.

[31] Ибн Жарир тафсирида, шунингдек, Термизий (5/414ҳ) ва бошқаларда келтирилган.

[32] Саҳиҳул Муслим: 4/2145, 38-ҳ.

[33] Ибн Ҳишом: 1/263.


Қаламим шоввоз бўл, касб-коринг кўрсат,
тарихим парданг оч, рухсоринг кўрсат.
эртак, афсоналар меъдага тегди,
Ҳақиқат ошкор эт, асроринг кўрсат.
 
Форум » Islomiy Bo'lim / Исломий булим » Пайғамбарингизни танинг » Ар-раҳиқ ал-махтум (Пайғамбар (с.а.v) сийратларига бағишланган асар)
Поиск:

Copyright MyCorp © 2024